#NoComment
10.11.2023
720
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла “Кўксарой” қароргоҳида икки томонлама музокара ўтказди. Учрашув аввалида давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, Италия Президентининг ушбу ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим воқеа эканини таъкидлади. Сержо Маттарелла Ўзбекистон етакчисига таклиф ҳамда Италия делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун дилдан миннатдорлик билдирди. Италия Президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади ҳамда мамлакатнинг Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва интеграциялашувни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. Икки томонлама стратегик шерикликни ва устувор йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Президенти жорий йил июнь ойида Италияга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбарлари парламентлар ва ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги фаол мулоқотларни давом эттириш муҳим эканини айтди. Келгуси йилда ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари даражасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди. “Марказий Осиё - Италия” мулоқоти доирасида ҳам фаол алоқалар давом эттирилади. Иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Қўшма лойиҳалар портфели 9 миллиард еврони ташкил этди. Савдо муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муваффақиятли кооперация қилинаётгани қайд этилди. Ўзбекистон миллий иқтисодиётни модернизация қилиш лойиҳаларида Италиянинг илғор ва юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор экани билдирилди. Томонлар Тошкент шаҳрида саноат кооперациясини чуқурлаштиришга хизмат қиладиган “Конфиндустрия Ўзбекистон” саноатчилар уюшмаси очилганини олқишлади. Ҳукуматлараро гуруҳ доирасида маҳаллийлаштиришнинг янги йўналишлари ва лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олинди. Италия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда киришини ҳамда Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битимнинг қабул қилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди. Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари форумини таъсис этиш ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Тошкентдаги Турин политехника университети филиалининг фаолияти бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол экани қайд этилди. Ушбу етакчи олий таълим даргоҳи негизида Италиянинг илғор технологиялари трансфери маркази ташкил этилади. Ўзбекистонда итальян тилини ўрганишга қизиқиш ўсиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Мактабларда итальян тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва уни ўқитишни босқичма-босқич жорий қилиш муҳимлиги ҳақида фикр билдирилди. Шунингдек, Италияда қўшма тасвирий санъат кўргазмаларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди. Халқлар бир-бирининг бой ва бетакрор маданий-тарихий мероси билан танишиши учун мамлакатларимизда Ўзбекистон ва Италия маданият, кино ва туризм кунлари ўтказилади. Самарқанд археология институти ҳамда Болонья ва Неаполь университетларининг қўшма гуруҳи томонидан олиб борилаётган археология изланишлари юксак баҳоланди. Давлат раҳбарлари академик алмашинувларни кенгайтириш ҳамда қўшма Таълим форумини ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот қабул қилинди. Давлат раҳбарлари ҳузурида Дипломатик паспорт эгаларини виза тартиб-таомилларидан озод этиш тўғрисида Ҳукуматлараро битим ҳамда таълим, фан, технология ва инновациялар, спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувлар имзоланди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Президент қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида қатнашди
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни. Шу муносабат билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди.
Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан телефонда гаплашди
Ўзбекистон Президенти собиқ касбдошига туғилган кун табригини йўллаган.
Президент мактаб битирувчиларини табриклади
Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан учрашди
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.