currencies image

12 855,93 UZS

11,93

usd

currencies image

13 570,72 UZS

20,30

eur

currencies image

128,16 UZS

0,14

ru



АсосийЯнгиликларСинов муддатидаги йигит жазони ўташ жараёнида яна жиноятга қўл урди

Синов муддатидаги йигит жазони ўташ жараёнида яна жиноятга қўл урди

Суд очерклари

calendar

12.06.2024

eye

338

Синов муддатидаги йигит жазони ўташ жараёнида яна жиноятга қўл урди

Маълумки, Жиноят кодексининг “Шартли ҳукм қилиш” дея номланган 72-моддасига мувофиқ, агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин.

Шаҳрихонлик Оғабек Жумаев (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2022 йилда ўғирликка қўл уради. Бинобарин, у жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг 2022 йил 29 июлдаги ҳукми асосида Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилади. Бироқ, суд кодекснинг 72-моддасини қўллаб, судланувчига 2 йил синов муддати белгилайди. Яъни суд унга ишонч билдириб, шундай қарорга келганди.

Доно халқимизда “Ишонган тоғда кийик ётмас” деган пурҳикмат ибора бор. Оғабек ўталмаган жазо муддати 7 ойу 20 кун қолганда такроран жиноят содир этдики, буни эшитиб беихтиёр ана шу ибора хаёлингизга келади.

Гап шундаки, О.Жумаев 2023 йил 8 декабрь куни хонадонида қайнотаси Давлатали Собитов ва ўртоғи Сардор Ҳожибоевлар билан бирга ароқхўрлик қилади. Оқибатда уччаласи ҳам маст бўлиб қолишади. Соат 21:30ларга яқин меҳмонлар кетишгач эса у ҳам уйда ўтиролмай, велосипедини минганча кўчага чиқади. Сархуш эмасми, қаёққа юришини билмай, дала ёқасидаги йўл бўйлаб айланиб, маҳалладоши Лутфилла Қосимов ҳовлисининг орқа томонига бориб қолади. Шу пайт кайфи ошган “қаҳрамон”имизнинг фикри бузилади.

–Бу кишида пул кўп,-дейди ўзига ўзи хонадон соҳибининг анчагина бадавлат инсон эканлигини ўйлаб. Сўнг девордан мўралаганча ҳовлини кузатади. –Агар кирсам, қуруқ чиқмаслигим аниқ. Машинаси ҳам кўринмаяпти, уйида йўқ шекилли.

У шундай дея девор оша ўша хонадонга киради. Кейин эса дарвозахона ёнидаги хонага кириб, чироқни ўчиради. Лекин қоронғуда кўзи ҳеч нарсани илғамай қолади. Шу боис яна чироқни ёқиб, дарвозахонга қайтиб чиқади.

Буни қарангки, Оғабек хонага кириб чиққан пайтда оила бекаси Нафиса Сирожиддинова эшикнинг очилиб ёпилганини эшитиб уйғониб кетади. Бу ҳолатдан шубҳаланиб дарвоза ёнидаги хонага кираркан, гиламдаги лой ва оёқ изларини кўради. Оқибатда жуда қўрқиб кетади. Бинобарин, хўжайинига қўнғироқ қилиши учун шоша-пиша ётоқхонасига қайтаётганида кийими билан бошини беркитиб олган нотаниш кимса рўпарасида пайдо бўлади. Энди ўша пайтда аёлнинг қай аҳволга тушганини тасаввур қилиб кўраверинг. Қўрқувдан юраги ёрилаёзган Нафиса бақириб юборади. Шунда нотаниш кимса – О.Жумаев унинг бўйнидан бўғиб, жим бўлишини, аксинча ўлдириб юборишини айтиб қўрқитади. Энг муҳими, Н.Сирожиддинова маҳалладоши Оғабек Жумаевни овозидан таниб қолади.

–Сизга нима керак?,-қалтираган кўйи сўрайди аёл.

Бунга жавобан босқинчи йигит пул кераклигини, агар уйидан олиб берса, чиқиб кетишини айтади. Шу билан бирга, Нафисани судраб ётоқхонасига олиб киради.

–Мана,-дейди мезбон сумкасидан 700.000 сўм пул чиқариб.

Аммо “меҳмон” бундан қониқмай, хона бурчагида турган сейфни очишни талаб қилади.

–Калити менда эмас, хўжайинимда.

Шу боис Оғабек сейфни ўзи очишга уриниб кўради. Бироқ буни уддалай олмайди. Шунга қарамай, қуруқ қайтишни хоҳламайди у. Натижада сейфни олиб чиқиб кетади. Сўнгра девордан ошириб, велосипедига юклаганча қадамини тезлатади. Бир неча метр юргандан кейин эса зовурдан нарироқдаги супурги ўтлар устига туширади сейфни. Аввал оёғини тираган ҳолда қўли билан сейф эшиги бурчагини бироз қайиради. Камига ўша ердаги ёғоч бўлагидан фойдаланади. Қарабсизки, қўл сиғадиган даражада очиб, унинг ичидан 276 миллион 866 минг сўмга тенг 22.500 АҚШ доллари, “Samsung” русумли планшет,  “RedMi-9” ва  “Novay” русумли уяли телефон аппаратлари ҳамда 7 дона кўчмас мулк объекти кадастр ҳужжатлари, хонадон соҳибининг фуқаро Д.Қосимова билан никоҳдан ажралганлик гувоҳномаси, автомашина учун ишончнома ва Лутфилла Қосимовнинг фуқаролик паспортини олади. Пулларни чўнтагига солиб, ҳужжатларни эса нобуд қилади. Лекин...

Лекин Оғабек Жумаев уйига қайтиб келиши биланоқ ортидан туман ИИБ тезкор ходимлари ҳам етиб келиб, уни қўлга олишади. Чунки у чиқиб кетган заҳотиёқ Н.Сирожиддинова ҳам хўжайинига, ҳам ИИБга қўнғироқ қилиб хабар берганди.

Шундан сўнг босқинчига маҳалладошга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Суд уни Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми “а” банди ва 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Мазкур жараёнда муқаддам суд ҳукми билан тайинланиб, синов муддатига алмаштирилган жазо ҳам инобатга олинди. Шунингдек, суд ҳукмида жабрланувчига 22.500 АҚШ долларининг ҳукм ўқилган пайтдаги миқдори эвазига 282 миллион 596 минг сўм моддий зарарни судланувчидан ундириш ҳам белгиланди.

 

Зарифжон РАҲИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шаҳрихон туман суди раиси

Улашиш:

Бошқалар

19-ноябр 2024, 12:35
1 689

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


27-октябр 2024, 06:15
1 635

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


13-ноябр 2024, 12:35
1 587

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 488

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.