currencies image

12 650,09 UZS

29,90

usd

currencies image

13 759,50 UZS

19,85

eur

currencies image

143,18 UZS

0,16

ru



АсосийЯнгиликларСуд буйруғини бериш ҳақидаги янги талаблардан хабардормисиз?

Суд буйруғини бериш ҳақидаги янги талаблардан хабардормисиз?

Ҳуқуқ

calendar

03.05.2024

eye

468

Суд буйруғини бериш ҳақидаги янги талаблардан хабардормисиз?

Фуқаролик процессуал кодексининг 172-моддасига кўра суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида берилади. Аризада ариза берилаётган суднинг номи, ундирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари, қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ҳамда юридик шахснинг реквизитлари, ундирувчининг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар, ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр ва арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши керак.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ундирувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан берилаётган аризага унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши керак.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади. Алимент ундириш ва ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги суд буйруқлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда фуқаролик муносабатларидан келиб чиқадиган низолар ва низосиз муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳуқуқий механизмларни ўз ичига олган.

Жумладан, фуқаролик суд ишларини юритишнинг соддалаштирилган тартиб-таомиллари ҳисобланмиш буйруқ тартибида кўриладиган ишлар кенгайтирилди, ундаги нормалар замон талабларига мослаштирилди. Эски таҳрирдаги кодексда суд буйруғи асосан 5 та талаб бўйича чиқариларди.

Эндиликда, янги Фуқаролик процессуал кодексининг

171-моддасига мувофиқ суд буйруғини бериш бўйича талабларга қуйидагилар киритилди:

  • талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;
  • талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;
  • коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
  • вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб арз қилинган бўлса;
  • ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса;
  • фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
  • ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмаганлиги сабабли ушбу тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса;
  • хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса.
  • Ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса.

Таъкидлаш жоизки, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ФПКнинг 5-бобида белгиланган судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади.

Кўриниб турибдики, юқоридаги талаблар бўйича вужудга келадиган муносабатлар айнан фуқароларнинг мулкий тусдаги эҳтиёжидан келиб чиқадиган ва албатта бундай масалани тезкорлик билан ҳал этилишини талаб қиладиган ҳуқуқий муносабатлардир.

Шу нуқтайи назардан, суд буйруғи институтининг афзалликларидан бири ҳам аризалар бўйича тарафлар суд мажлисига чақиртирилмасдан кўриб чиқилади ва бу борада судья томонидан суд мажлиси ўтказилмайди.

Чет мамлакатлар қонунчилигининг таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу институт МДҲ давлатлари ва бошқа қатор мамлакатларда судларда ишларни тез ва қонуний кўрилишини таъминлашда самарали механизм бўлиб келмоқда.

Бунга муҳим сабаблардан бири — бу суд буйруғи чиқариш муддатларидир.

Амалдаги қонунчилигимизда арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилиши ва агар белгиланган муддатда қарздордан судга эътироз келиб тушмаса, судья ундирувчига суднинг муҳри билан тасдиқланган буйруқ кўчирма нусхасини ижрога тақдим этиш учун бериши белгиланган.

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, судларга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида суд буйруқларини судларда жорий этилган «E-XSUD» электрон-ахборот судлов тизими орқали судларга суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалар тақдим этиш ва ижрога қаратиш амалиётидан фойдаланилмоқда.

Эндиликда, юқорида қайд қилинган талаблар бўйича чиқарилган суд буйруқлари судья томонидан мазкур электрон тизим орқали мажбурий ижро бюросига юборилиб, суд ҳужжатининг ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Суд буйруғи бериш бўйича суд статистикасини ўрганганимизда

2024 йил 3 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича республика судларининг биринчи инстанциясига 233 187 та суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 201 247 та аризалар бўйича суд буйруғлари берилган.

Умуман олганда, янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексининг қабул қилиниши ва ундаги суд буйруғи институтининг кенгайтирилиши судларда ишларни тез, қонуний ва ортиқ оворагарчиликларсиз кўриб чиқиш, бу билан эса фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фуқаролик ишларини ҳал этишнинг муҳим процессуал тартибларини белгилаб берди.

Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш, халқнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишга, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтиришга кўмаклашади.

Мухаммади Маматов,

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

Улашиш:

Бошқалар

6-май 2024, 13:57
1 957

Уй-жой учун субсидия олиш тартиблари ўзгартирилди. Нималарни билиш керак?

Ипотека асосида янги уй олаётганда кредитни суғурта қилиш бекор қилинди. Бир марталик субсидия миқдори 30 млн сўм этиб белгиланди.


16-май 2024, 04:11
1 908

Блогер товламачилик қилаётганда ушланди

Агар ҳаётда инсоннинг бўйни меҳнатга ёр бермаса, у бировнинг ҳақига кўз олайтира бошлайди. Яъни осон пул топишга уринади. Оқибатда ўғирлик, талончилик, фирибгарлик ёки товламачилик сингари оғир ва ўта оғир жиноятларга қўл уради.


10-май 2024, 13:12
1 848

Ҳадя шартномаси бўйича муҳим қоидалар

Кўплаб фуқаролар бир-бирига ҳадялар беришади, лекин ҳадя шартномаси шартларига амал қилишмайди. Бу эса кейинчалик ҳадя шартномасининг ҳақиқий эмаслигига ёки ҳадянинг қайтариб олинишига сабаб бўлади. Hudud24.uz ушбу мақолада ҳадя шартномаси ҳақида маълумот беради.


3-май 2024, 13:49
1 264

Талабалар учун битирув аттестацияси: муҳим 8 қоида

ОТМ битирувчилари учун якуний давлат аттестациясининг турлари битирувчиларнинг иқтидори, хоҳиши ва таълим хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Фанлардан 4 баҳо олганларга ҳам «имтиёзли» диплом берилиши мумкин.

Мавзуга доир янгиликлар: