Суд очерклари
28.10.2025
129

Ривожланиш йўлидан жадал суръатлар билан бораётган ва тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашга интилаётган республикамизда бошқа соҳалар қаторида судлов тизими ҳам самарали ислоҳ қилинмоқда. Жумладан, суд тизимининг қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, суд органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этмоқда.
Судлар фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва улардан кенг фойдаланиш ҳозирги кунда мамлакатимизда суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, судларда иш юритиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерфаол хизматлар рўйхатини кенгайтириш ва сифатини яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг компьютер саводхонлиги даражасини ошириш ҳамда ишда замонавий компьютер техникаси ва АКТдан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларини такомиллаштириш, суд тизимида ахборот хавфсизлиги ҳамда ҳужжатларнинг хавфсиз айланишини таъминлашда муҳим омил бўлади.
Судлов тизимини ахборотлаштириш нафақат суд органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга, балки Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган одил судловнинг ошкоралиги ва ҳамма учун очиқлиги тамойилларини ҳаётга жорий қилиш, судлар фаолияти тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлиги ва улардан кенг фойдаланишни таъминлаш, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш ҳамда суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичига кўтаришга ёрдам беради.
Ҳуқуқий давлат – бу қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мустақиллиги билан белгиланади. Суд ислоҳотлари ҳуқуқий давлатнинг муҳим механизми ҳисобланади, чунки, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан судлар фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳолатини танқидий ўрганиш ҳамда суд тизими фаолияти самарадорлигини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ахборот тизимлари ва ресурсларини янада такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар Дастурини тасдиқлаш вазифаси белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорида ҳам Марказнинг функцияларидан бири сифатида судлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологиялари, ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш белгиланган эди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши ушбу ислоҳотларни янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи – қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг олтита устувор йўналишлари белгиланган бўлиб, улардан биринчиси – суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришдир. Ушбу йўналишда белгиланган чора-тадбирлар мажмуидан бири бу – судлар фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўлди.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 65-бандида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, хусусан: судьялар ўртасида ишларни автоматик равишда тақсимлаш тартибини жорий қилиш; судларда ўз вақтида электрон тарзда ахборот алмашувини таъминловчи корпоратив алоқани жорий этиш, суд фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация тизимини киритиш; суд қарорларининг ахборот-ҳуқуқий электрон базасини юритиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан барча суд қарорларини чоп этиш тартибини жорий қилиш (ёпиқ суд жараёнида кўриб чиқилганларидан ташқари) каби чора-тадбирлар белгиланган.
Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида 2020 йил 3 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг қуйидаги вазифалари белгиланди:
— фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;
— судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;
— махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
— суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;
— суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги Қарори билан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.
Дастурда 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;
— апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
— барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш; суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;
— суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
— суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш; судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технология-лари инфратузилмасини янада яхшилаш назарда тутилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармони билан тасдиқланган “2023 - 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси”да судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Шунингдек, Стратегиянинг 3.7.-бандида судларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш назарда тутилган бўлиб, унда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш ишларини янада жадаллаштириш; судлар фаолиятига фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш ва суд қарорларини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўриш каби чора-тадбирлар назарда тутилди.
Ўзбекистонда судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг ретроспектив таҳлили ва ҳуқуқий асосларини ўрганиш натижасида шундай хулоса қилиш мумкинки, мазкур жараён босқичма-босқич, тизимли ва ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида шаклланган. Айниқса, сўнгги ўн йилликда суд ҳокимияти фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида электрон ахборот тизимлари, видеоконференцалоқа ва суд жараёнларининг рақамлаштирилиши амалда жорий этилди.
Хусусан, “Электрон суд”, “Ишончли ҳимоя”, “E-Sud” ахборот тизимлари каби лойиҳаларнинг жорий қилиниши, жараёнда иштирок этувчи томонлар учун қулайлик яратиб, мурожаат қилиш, ҳужжатлар алмашиш, масофадан иштирок этиш имкониятларини кенгайтирди. Шу билан бирга, иқтисодий судлар амалиётида ҳам видеоконференцалоқа воситасидан фойдаланиш, электрон далилларни қабул қилиш ва таҳлил қилиш амалиёти босқичма-босқич ривожланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида суд соҳасини рақамлаштириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Фармонда суд-ҳуқуқ тизимини самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий технологиялар, хусусан сунъий интеллект ва ахборот технологияларини кенгроқ жорий этиш назарда тутилган.
Ушбу замонвий технологиялар бюрократик тўсиқларни камайтириш, сунъий интеллектга асосланган тизимлар аризаларни электрон тарзда қабул қилиш, ҳужжатларни автоматлаштирилган тарзда кўриб чиқиш ва суд қарорларининг шаффофлигини таъминлайди. Шу асосда суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилиши босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Рақамли имкониятларни ўзида мужассам этган замонавий суд заллари ташкил қилинади. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари оширилмоқда.
Сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имконияти яратилади. Суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестри юритилади.
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилади. Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модули ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади. Судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш йўлга қўйилади.
“Рақамли суд” концепцияси асосида судга ариза беришдан олдин фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларнинг ҳисобини чиқариш йўлга қўйилади. Мурожаатлар судга фақатгина электрон шаклда юборилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади.
Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади. Сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади.
Фармон билан 2025 - 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланди.
Унда сунъий интеллект ёрдамида фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратилади. “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули жорий этилади. Бунда, сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади. Фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизмат йўлга қўйилади.
Ўзбекистонда суд фаолиятини рақамлаштириш жараёни миллий қонунчиликка ва халқаро ҳуқуқий стандартларга мос равишда амалга оширилмоқда. Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш суд иш юритувининг тезкорлиги, шаффофлиги ва фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш ҳуқуқини қонунан кафолатлаш, хусусан суд муҳокамаларида техник имкониятларни таъминлаш бўйича аниқ тартиблар ишлаб чиқиш, суд жараёнларида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий ва техник механизмларини мустаҳкамлаш, судьялар ва суд ходимларининг рақамли саводхонлигини ошириш бўйича мунтазам малака ошириш курсларини ташкил этиш, аҳолининг онлайн суд хизматларидан фойдаланиш маданиятини шакллантириш учун оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали тушунтириш ишларини кучайтириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ж.Балкибаева, К.Давлетова,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг судьялари
Улашиш:
Бошқалар
Нотариус томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Қонунчиликка кўра, нотариус қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиши мумкин.
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Мукофотни ошкора ваъда қилиш: тўлаш ва бекор қилиш тартиби
Фуқаролик кодексининг 981-моддасига мувофиқ, агар бир шахс муайян ҳаракатни бажарган шахсга мукофот ваъда қилса, ва эълондаги шартларга мувофиқ ҳаракат амалга оширилса, у ҳолда мукофотни тўлаш мажбурияти юзага келади.