Ўзбекистон
01.09.2025
136
Қадриятга айланган бу таърифни Тошкент кўп бора исботлаган, оқлаган, беминнат нону тузи билан не-не давронларга ҳаёт берган азим кент. Бу меҳрибонлик ва бағрикенглик яқинда яна бир бор ўзини намоён этди.
Интернет ижтимоий тармоқлари орқали воқиф бўлганимиз, алам ва ачиниш билан кузатганимиз Ғазода бўлган хунрезликлар, фаластинлик бегуноҳ одамларнинг фарёди, шифохоналарнинг портлаши, вайроналарда ота-онасиз қолган, очликдан силласи қуриган болаларнинг аянчли аҳволини ҳар кўрганда юрагимизни ўпириб юборгани рост. Дунё шунчалар кенг бўлса-да, аммо бу Ватансиз қолган ночорлар учун бир ошиён топилмасди. Қўлини осмонга узатса етадиган давлатлар кўп эди-ю, аммо бирортасининг қўли фаластинлик хонавайрон бўлган бандаларгача етмасди...
Юртбошимиз ташаббуси билан 2024 йил 26 декабрь куни 100 нафар яраланган фаластинлик аёллар ва болалар Рафаҳдан Ўзбекистонга эвакуация қилинганди. Улар даволаниш ва саломатлигини тиклаш учун реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилиб, тиббий кўрик ва керакли дори-дармонлар билан таъминланганидан хабардорсиз.
Президентимизнинг 2025 йил 14 августдаги “Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш, муҳтожларга меҳр билан ёндашиш, эзгулик ва адолат тамойилларига содиқ қолиш динимиз, маданиятимиз ва анъаналаримизнинг ажралмас қисми ҳисобланишини яна бир карра исботлади.
Бу меҳр-мурувват анъаналарида янада яққол намоён бўлди. Жумладан, Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқароларга яъни меҳмонларга бошпана берилиши ҳамда кўмак кўрсатилиши халқимизнинг асрлар давомида шаклланган қадриятларга содиқлиги ва давлатимизнинг ҳақиқий инсонпарварлик сиёсати амалда ўз ифодасини кўрсатаётганидан далолат беради, албатта.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони меҳмонларга доимий ғамхўрлик ва ижтимоий кўмак кўрсатишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш мақсадида қабул қилинди.
Фармон билан фаластинлик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни Ўзбекистонда яшашга мослаштириш жараёнига кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди. Ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқароларга (меҳмонларга) қонунчиликда белгиланган даволаниш муддатидан қатъи назар ногиронлик белгиланади.
Меҳмонларнинг яшаш манзиллари бўйича оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳисобга қўйилади.
Меҳмонларга зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга бериладиган нафақа тайинланади. Шунингдек, ҳар бир меҳнат ёшидаги меҳмон учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси жорий этилади.
Уларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ҳамда дафн этиш учун нафақа тўлови Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган миқдорда тўланиши ҳам ўзига хос тенгликни ифодалайди.
Фаластинликларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак кўрсатиш, шунингдек, уларнинг эҳтиёжлари ва индивидуал талабларини рўёбга чиқариш мақсадида биттадан маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилиши уларнинг ўзларини бехавотир, эркин ҳаракат қилишларига ёрдам беради. Меҳмонларнинг ҳар бир оиласига яшаш манзили бўйича уй-жойнинг ижара харажатлари қоплаб берилиши эса беминнат инсонпарварлик ёрдамидир.
Фармонга кўра, яшаш манзиллари бўйича уларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштирилади. Меҳмонлар давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловидан 2028 йил 1 январгача озод этилади. Уларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатсиз “Инсон” марказлари талабномаси асосида жойлаштирилади.
Президентимизнинг 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида меҳмонларнинг фарзандларини давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида қўшимча таълимга (касб-ҳунар, ахборот технологиялари, олий таълим ташкилотларига тайёрлаш йўналишида) жалб қилиш ҳамда уларни ўқитиш харажатларининг 100 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларига ёрдам беради.
Шунингдек, меҳмонларнинг хорижий давлатда умумий ўрта махсус, касб-ҳунар (профессионал), олий таълим, қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олишни тест синовларисиз ва йиғим ундирмаган ҳолда амалга оширилиши давлатимиз бағрикенглигининг яна бир кўриниши, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон – тинчлик ва эзгулик Ватани. Бу юрт тинчлик истаганларга беминнат ошиён. Ҳаёт чорраҳаларида қувончу ташвишларда биз сизлар билан биргамиз, нонимизни сиз билан баҳам кўришга тайёрмиз, азиз замондошлар! Ҳар тонг бомбалар даҳшатидан эмас, қушларнинг чуғури билан, қуёшнинг заррин нурларидан кўзларингиз қамашиб, болангизни қучиб уйғониш бахти насиб этганига шукур!
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Сув кодекси қандай жиҳатларни ўз ичига олган. Муҳим 6 жиҳат
Кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Ким ўғри? ёхуд туғилган кунга “совға”
Телеграмимга ҳужум қилиниб, бузилса, омонатимни ишонган банкнинг ҳимоя тизими шу қадар кучсиз бўлса, ички ишлар идорасидагиларнинг иши кўп бўлса, кимдан нажот кутайлик?
Чўлни бузиб, боғ ярат, боғни бузиб, чўл эмас!
Бугун ўша боғнинг ўзига ҳаво етишмаяпти, нафаси қисаяпти, дармони қуриб бораяпти.
Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби
Қонунчиликка кўра, ертўла ёки унинг бир қисмини ертўладан фойдаланувчига бериш кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида амалга оширилади.