Ўзбекистон
05.09.2023
1 133
4 сентябрда Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев 77 ёшида вафот этди. Ҳофиз вафоти муносабати билан мамлакат президенти ва ҳукумат вакиллари ҳамдардлик билдирди. Ижтимоий тармоқларда эса фаоллар ва мухлислар санъаткор билан боғлиқ илиқ хотиралари, миннатдорлиги, ўлмас асарлар яратиб кетгани учун раҳматини ёзиб қолдирди. Hudud24 шундай мазмундаги постларнинг айримларини бир жойга жамлади. Фахриёр, шоир ва таржимон: “Миллат ҳофизи қандай бўлишини кўрсатган инсон” — Миллатнинг буюк ҳофизини Аллоҳ раҳмат қилсин. Жўрабек Муродов, Аҳмад Зоир ва бошқа буюк хонандалар билан муайян қўшиқларни куйлаш борасида обрў талашиб, кимлигини кўрсата олган ва миллат ҳофизи қанақа бўлишига оид “планка”ни осмон қадар юксакларга кўтариб кетган инсон ўз номи билан Шер ака бўлади. У киши билан бир кунда — 12 апрелда туғилган устоз Мурод Муҳаммад Дўст Ислом Каримовдан Шер ака тақиқда бўлган пайтлари, ҳеч бўлмаса, ашулалари радиода кетсин деб рухсат олиб беришга жазм қила олган инсон. Бу бизга байрам бўлган ва Республика радиосида ҳофизнинг қўшиқларини эфирга қўйишдан роса хурсанд бўлган эдик. Шер аканинг қўшиқларини эфирга қўйиб туришни Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбари ҳам Жиззах вилояти ҳокими бўлиб юрган кезлар илтимос қилган. Шер ака ўзбек қўшиқчилик санъатининг бутун бошли даврини ўзи билан бирга олиб кетди. Энди бу давр қайтмайди. Фақат ўша даврдан қолган ашулалар бизга таскин беради. Улар биз билан қолади ва уларни тинглаб, ўзимизга таскин берамиз. Устоз Муҳаммад Солиҳ айтмоқчи, мангулик қабрингдан бир қадам нарига ўта олишдир. Беҳзод Ҳошимов, иқтисодчи: “Балки жуда катта одам бўлгани учунам тақиқ қилишгандир…” — Шерали Жўраев, менимча, ҳамма Ўзбекистонликлар туғилганидан бери ҳаётида мавжуд бир фигура сифатида гавдаланган санъаткор эди. Буюк санъат арбобларининг бир хусусияти борки, улар қачон ҳаётимизга кириб келганини билмай яшаймиз. Улар билан замондош бўлиб қолсак ҳам, уларни худди воқеликнинг бир қисми сифатида қабул қиламиз. Улар худди ҳаводек, ҳаётимиз ва жамиятимизнинг бўлинмас бир қисми бўлиб қолишади. Ўзбек жамияти учун Қодирий ёки Муҳаммад Юсуф қанчалик муҳим бўлган бўлса, Шерали Жўраев ҳам шунчалар муҳим. Кўп адабий элементлар, жамиятда машҳур бўлган “мемлар”, жамият ишонган, севган ёки қўрқадиган нарсалар айнан шундай арбоблар томонидан яратилади. Шунинг учун Шерали Жўраев мустақиллигимиз ва давлатчилигимизнинг муҳим устунларидан эди. Ўйлайманки, Шерали Жўраев ҳам формал сиёсий карьерасини бошдан кечирган бўлса-да, унинг мамлакатчиликка ҳиссаси Олий Советдаги фаолиятида эмас, санъати орқали бўлган. Яъни унинг мамлакат учун қилган асосий “сиёсий ҳиссаси”, айнан санъати орқали ифода этилган. Инглизчада “nation-building” деган атама бор, яъни халқ/мамлакат нима ва у қандай ташкил топилади деган савол. Айнан шу нуқтаи назардан санъатдаги буюклик Шерали Жўраевни ҳақиқий ўзбек миллати оталаридан қилиб қўйган. Унга нисбатан “буюк санъаткор” деган ибора, менимча, сал адолатсизроқ, менимча, у буюк мамлакат ва давлат арбоби, ҳам мустақиллик қўрғони. Эсимни таниганимда биринчи марта Шерали Жўраевни узоқ тинглаганим, Тошкентдан Андижонга таксида борганимизда такси ҳайдовчиси фақат Жўраевни эшитиб кетганида бўлган. Ўшанда ҳамма 4 синф боласи қатори менам Шерали аканинг катта иқтидорини тушунмаганман, лекин тўхтовсиз эшитганим учун исм ва қўшиқларини яхши эслаб қолганман. Анча йил ўтиб, мусофирликда Шерали акани қайтадан кашф этдим. Шундан доимий мухлисига айланиб қолдим. Кеча Чикагода ўзбек жамияти давра ташкил этганди. Бир неча юз ўзбек йиғилиб, ош қилдик. Ўша йиғинда кўп қўшиқлар куйланди, таклиф этилган санъаткорлар ҳам куйлашди, лекин табиийки, Шерали акани қўшиқлари ҳам кўп қўйилди. Биз ўзбеклар учун Шерали Жўраевнинг санъати, мамлакатимизнинг ажралмас рамзлари, байроқ, герб, мадҳия ва ош-палов устида йиғилишдек табиий ва ажралмас бўлиб қолган. Вафотини эшитиб ўйланиб қолдим: балки шунинг учунам уни бир пайтлар тақиқ қилишган эди — жуда катта одам бўлгани учун. Катта одамларни кичик одамлар чиқиштирмайди. Ҳусан Нишонов, журналист: — Навоий, Бобур, Огаҳий, Жалолиддин Румий, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Низомий, Фузулий, Махтумқули, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон... Деярли ҳамма буюк шоирлар шеърларини қўшиқ қилган бошқа ҳофиз борми? Менимча, йўқ. Шерали Жўраев буюклигининг бир сабаби шул. Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос: “Санъат қасрларининг эшиги у учун доим ёпиқ бўлди” [caption id="attachment_19567" align="alignnone" width="300"] Фото: Facebook / Kamoliddin Rabbimov[/caption] — Шерали Жўраев кўплаб қўшиқчилар қатори жуда кўп йиллар “запрет”да бўлди. 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб 2016 йилгача Ўзбекистон жамоатчилик диққат марказида фақат битта одам бўлди: табиийки, Каримов. Қолганлар, бирин-кетин ёки ўзини сақлаш мақсадида, ёки тепадаги буйруқ сабабли халқ эътиборидан узоқлашди, узоқлаштирилди. Эътибор берсангиз, у энг сермаҳсул даврида катта концертлар бермади, у учун Халқлар дўстлиги, Туркистон ва бошқа санъат қасрларининг эшиклари доим ёпиқ эди. Шунинг учун Шерали Жўраев халққа кўринишнинг ягона усулини топган: ўз уйида концерт бериб, қўшиқларини “Шер” студиясида ёзиб, дисклар орқали халққа тарқатган. Бунга давлат ҳеч қандай монелик қила олмаган. Ҳатто адашмасам, 2001 йили “Хамза” театри қайта таъмирланиб “Миллий Академик драма театри” деб номи ўзгартирилганда, шу театрни қайта очилишига И.Каримов келади. Шунда Ш.Жўраевнинг яқин дўстлари – шоирлару адиблар у билан Каримовни яраштириш мақсадида “Шер ака, театр зинапоясида биз билан бирга туринг, Каримов ҳамма билан кўришиб келиб, сиз билан ҳам кўришиб, ярашиб кетади” деган. Шундай ҳам қилишган. Каримов ҳамма билан қўл бериб кўриша туриб, Шерали Жўраевни кўргач, қолганлар билан ҳам саломлашмай, театрга кириб кетади. Элмурод Эрматов, журналист: “Элмуродмисиз? Мен Шерали ҳожи акангизман!” [caption id="attachment_19568" align="alignnone" width="300"] Фото: «Дарё» / Фазлиддин Муқаддасов[/caption] — Менга Шерали ака қўнғироқ қилган... Одатий кунларнинг бирида мурувватим жиринглади ва мен олдим. Рақамнинг охири 00-52 эди. “Ассалому алайкум, яхшимисиз?” дейди ўта таниш товуш. Ваалайкум ассалом… “Элмуродмисиз? Мен Шерали ҳожи акангизман!”, дейди ўша болалигимдан ўта қадрдон ва лекин мен билан ҳеч сўзлашмаган овоз. “Нега бу барқут каби майин овозни эшитганману, лекин эгасини таний олмаяпман?”, дейман ўзимга-ўзим. “Шерали ҳожи Жўраевман…”. Серрайиб қолдим. “Ҳожи ака, ўтиргандим, тик туриб олай”, дея қайта-қайта салом бердим. — Сизга бир хизмат бор, — деди ҳофиз. —Кеча Андижондаги қишлоқ хўжалиги ходимлари байрамида “Ўзбегим” қўшиғини бутун зал менга жўр бўлиб айтди. Ўша ердаги дўстларимиз “Чет элда ўз миллати қўшиқларини оммавий айтишгани интернетда роса кўп. Ўзбекча қўшиқларни ҳамма айтгани эса йўқ, дейишди. Сизни рақамингизни топдим. Мана шу видеони тарқатайлик. Жаҳон кўрсин”, деди Шерали оға. Орадан бир соат ўтиб ҳофизнинг жиянлари қўшиқ видеоси ёзилган дискни олиб келиб берди (Шерали Жўраев тарқатадиган сайтларга деб 100 талик кўкидан ҳам берворган экан. Олмадим). Ўша пайтдаги машҳур “Оқ айиқ нуқта ком”дан тортиб, ҳозиргача машҳур “Водий бозор” ва бошқа ҳамма сайт, каналлар ўша куни деҳқону фермердан тортиб хизмат қилаётган официантгача бирга айтган “Ўзбегим” қўшиғини тарқатганди. Мана, бугун ўша классик қўшиқларни деҳқон тушунадиган тилда куйлаган ўша қадрдон овоз тинди… Муҳрим Аъзамхўжаев, журналист: “Шералини эшитмайдиган одамлар ҳам бор-а, тавба, қандай қилиб!” — 2012 йилгача “одамлар Шералини қандай эшитади-я, бунча эшитаверади” деб ҳайрон бўлсам (ўша йили Жамол ака “Сарбон” ва “Кема” мисолида Шерали Жўраевни қандай эшитишни ўргатган эди), ҳозир 10-15 йил аввалги ўзимга ўхшаганларни кўриб қолсам: “Шералини эшитмайдиган одамлар ҳам бор-а, тавба, қандай қилиб”, деб ҳайрон қоламан. Ҳали жуда қариб-чуриб кетганим йўқ (гарчи тунов куни Диёр ва Лазиз ўртоқлар бир-биридан бехабар ҳолда бир кунда мани чолга қиёслаган бўлса-да), лекин охирги 5-10 йилдан бери Шерали Жўраев қўшиқлари йилдан-йилга кўпроқ ёқаётганди (бундан кейин ҳам шундай бўлаверса керак). Шерали Жўраев қандай зўр санъаткор бўлганини, қандай ўлмас қўшиқлар айтганини ёш ўтгани сайин тушунаверар экансан. Қўшиқларнинг сўзлари янада ўткирроқ, мусиқаси янада таъсирлироқ туюлаверади. Кимдадир вақтлироқ, кимдадир кейинроқ. Лекин кўпчиликда шундай. Шундай бўлади, манимча. Шаҳноза Соатова, жамоатчилик фаоли: “Шунчаки ҳофиз эмасди. Ундан каттароқ, миқёслироқ шахс эди” — “Ўлтирур”ни мен Бобур ғазали билан куйланган қўшиқ деб ўйлардим. Уни Шерали Жўраев ўзи ёзган экан. Мумтоз бир асар бўлган. Қўшиқда сув бўйида сочини ёйиб ёрини кутиб ўтирган соҳибжамол ҳолати тасвирланган. Худди мусаввирнинг дурдона санъат асари кўз олдингизга келади.Беҳзод миниатюраларидан тортиб Тицианнинг “Кўзгу қаршисидаги аёл”игача. ... Ул санамнинг суйгани келмасмикан Ёки они кутганин билмасмикан Ул санамнинг суйгани бизмасмикан Деб бу ёнда қанча сарсон ўлтирур... Шерали Жўраев Сўз билан, куй билан тасвир ярата оладиган, уни кўз олдингизда худди сув юзида қалққан аксдек чизиб бера оладиган ноёб даҳо эди. Шунчаки ҳофиз эмасди. Ундан каттароқ, миқёслироқ шахс эди. Шерали ҳофизни тушуниш, севиш ва тинглаш учун қалбда алоҳида бир тор керак. Муҳрим телеграм каналида Шералини тинглагани учун дўстлари ҳазиллашиб “чол” дейишганини ёзибди. Чиндан ҳам Шералини тушуниш учун худди мўйсафидлардек ҳаётни кўриш, туртилиш, йиқилиш пешонадаги ғурралардан хулосалар чиқариш, яна анча китоб ўқиш, файласуф бўлиш керак. Саводли бўлиш, олим бўлиш кифоя эмас. Лекин кимдир 10 ёшида шундай “мўйсафид идроки”га, кимдир эса 50 ёшида ё балки ундан кейинроқ эга бўлади. Лекин ҳар бир ўзбек бир куни Шералини тинглаб мазза қиладиган кунга келади, албатта! Бугун биз тарихни адиб, бастакор ва рассомлар орқали тасаввур қилаётганимиздек, давр келиб фоноархивлар ҳам қўлёзмалар каби ноёб манбаларга айланганида, ўша узоқ келажакда бизнинг давр кишиси ҳақида Шерали Жўраевни тинглаб хулоса қилсалар керак. XX асрнинг 70-йилларидан XXI аср 20-йилларигача оралиқда яшаган зиёлининг портретини чизишда Шерали Жўраев ижодига таянишади, Шералини тинглаган, тушунган ва севган одамларни зиёли дейишади. Менимча... Қолган майда гаплар эса унутилиб кетади. Бешак! Шундай бир феномен эди раҳматлик. Шоир Муҳаммад Исмоил Фейсбукдаги саҳифасида ёзади: “Аллома Алоуддин Мансур, замонамизнинг улуғ ҳофизи Шерали Жўраев ҳақида ҳайрат билан деган эди: — У араб тилидаги исломий дуоларни мендан ўн баробар кўп билади, шу қадар кўп ёдлаган, шу қадар кўп такрорлайдики, ёдлаганлари ҳатто айтган қўшиқларидан кўп. Бу одам кечаси умуман ухламайди, кундуз кунлари саккиз соатлаб, тўхтамай қўшиқ айтади, ўн икки, бирдан то тонггача ибодатда бўлади. Унда оддий одам тоқат қила олмайдиган қудрат ва жаҳд мужассам. Дарҳақиқат инсоният энг буюк инсонлардан бирини йўқотди. Шерали Жўраев ўзбек буюклигининг тимсоли эди. Бугун буюк мотам куни... Бугун буюк тоғ қулаган кун. Бугун осмон ўпирилиб тушди. Бугун дардимиз дунёга сиғмайдиган кун”.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.