Ҳуқуқ
25.09.2026
530

Мулкини расмийлаштира олмай юрган фуқаролар учун муҳим енгиллик: солиқ қарзининг маълум миқдори ҳуқуқни эътироф этиш жараёнига тўсқинлик қилмайди.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ва унда қурилган уй-жой ёки бошқа бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни қонунийлаштириш тартибига ўзгартиришлар киритилди.
Бу ўзгаришлар 2026 йил 11 июнда қабул қилинган ЎРҚ-1153-сон Қонун билан белгиланди. Мазкур қонун 15 июнда расмий эълон қилинган.
Янги тартибда «солиқ қарздорлиги» тушунчасига аниқлик киритилди.
Унга кўра, ушбу қонун доирасида ҳуқуқи эътироф этилаётган кўчмас мулк объекти учун:
— ер солиғи бўйича;
— унда қурилган бино ва иншоотлар учун мол-мулк солиғи бўйича БҲМнинг 30 бараваридан ошмайдиган қарздорлик ҳуқуқни эътироф этиш жараёнига тўсқинлик қилмайди.
Яъни фуқаронинг уйи ёки ери бўйича муайян миқдорда солиқ қарзи мавжудлиги сабабли унинг мулкка бўлган ҳуқуқини эътироф этиш жараёни автоматик равишда тўхтатилмайди.
Бунинг учун, албатта, қонуннинг бошқа талаблари ҳам бажарилган бўлиши керак.
Қонун билан ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўловни амалга оширишнинг янги тартиби ҳам белгиланди.
Ушбу тўловни бир йўла ёки бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. Энг муҳим жиҳати шундаки:
бир марталик тўловнинг 50 фоизи белгиланган муддатда тўланган тақдирда, қолган 50 фоизни тўлашдан шахс озод қилинади.
Бунда қонуннинг 19-моддасида назарда тутилган муддатга риоя қилиш талаб этилади.
Қонуннинг 23-моддасига кўра, айрим ҳолатларда бир марталик тўлов миқдори ҳудудга қараб БҲМга нисбатан белгиланади.
Жумладан:
Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 5 баравари;
Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — 3 баравари;
вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда — 2 баравари;
бошқа аҳоли пунктларида — 1 баравари.
Айрим тоифадаги шахслар бир марталик тўловдан озод этилади. Масалан, бир марталик умумдавлат акцияси доирасида тегишли йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар шулар жумласидандир.
Шунингдек, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган шахслар учун тўлов миқдори 50 фоиз этиб белгиланган.
Янги тартиб, аввало, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида уй-жой қурган ёки ер участкаси белгиланган ҳужжатлардаги майдондан ортиқча эгалланган ҳолатларда ўз ҳуқуқларини қонунийлаштириш имкониятига эга бўлган фуқаролар учун аҳамиятли.
Қонун айрим тоифадаги ер участкалари ва улардаги биноларга нисбатан ерга ижара ҳуқуқи, бинолар ва иншоотларга эса мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди.
Шу билан бирга, фақат солиқ қарзининг мавжуд эмаслиги ёки унинг 30 БҲМдан ошмаслиги мулк автоматик равишда қонунийлаштирилади, дегани эмас. Ер участкаси ва ундаги бино-иншоотлар қонунчиликда белгиланган бошқа шартларга ҳам жавоб бериши лозим.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдаларга қандай жавобгарлик белгиланган?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддасига кўра, пиёдалар ҳамда йўл ҳаракатининг айрим бошқа иштирокчилари йўл ҳаракати қоидаларини бузган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилади.