currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликлар“Вакцина одамларни чиплаш учун ўйлаб топилган экан” – вакцина атрофидаги фейклар

“Вакцина одамларни чиплаш учун ўйлаб топилган экан” – вакцина атрофидаги фейклар

Ўзбекистон

calendar

10.08.2021

eye

524

Бир йил олдин кўпчиликни қизиқтирган ягона савол коронавирусга қарши вакцина қачон ишлаб чиқарилиши эди. Аммо коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш ишлари бошланиши билан бир вақтда вакцина ҳақида ёлғон хабарлар ҳам жуда кўплаб тарқалди. Кимдир «Коронавирусга қарши вакцина одамларни чиплаш орқали бошқаришга қаратилган» деса, яна кимдир «Вакцина жинсий заифликка олиб келади ва бир-икки йилдан кейин одамлар қирилиб кетади» деган гапларни айтди. Бу гаплар одамлар орасида турли хил тушунмовчиликларга сабаб бўлди. Шу каби фейк хабарлар ортидан кўпчилик инсонлар вакцина олишдан тийилмоқда ва қолганларни ҳам олмасликка тарғиб қилмоқда.

«Bugun.uz» вакцина атрофидаги жараёнларни батафсил ўрганган ҳолда бу гаплар қанчалик асосли эканини изоҳлаш мақсадида мақола тайёрлади.

«Вакцинада чип бор экан»

Асосий ва жуда кўпчилик ишонган ёлғон хабарлардан бири бу «Вакцина одамларни оммавий равишда чиплаш ва уларни кузатиш  учун Билл Гейтс томонидан ўйлаб топилган» деган хабар бўлди. Хўш, бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин? Бундай гаплар Microsoft асосчиси атрофида биринчи марта бўлиши эмас. Бундан аввал ҳам Покистон ва Нигериядаги полимиелитга қарши вакцина орқали Билл Гейтс аёлларни стериллаётгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалган эди. Шу ва шунга ўхшаш миш-мишларни миллиардер шахсан ўзи бир неча марта инкор этди ва бундай хабарлар пайдо бўлишига «Одамларнинг осон ечим излаётгани ва пандемия ортида кимдир турибдими?» деган саволларга тўхталаётгани сабаб бўлаётгани, унинг компанияси бу каби вакцина билан боғлиқ ҳолатга аввал дуч келгани ҳақида гапирди. Бундан ташқари, Microsoft асосчиси ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ўзининг вакцина олгани ҳақида маълум қилган эди.

Оммавий равишда чиплаш ва у орқали одамларни бошқариш тўғрисидаги фикрлар ҳақида кўпчилик ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди. Хусусан, М. П. Чумаков номидаги Иммунобиологик маҳсулотларни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш федерал илмий марказининг умумий вирусология бўлими бошлиғи Георгий Игнатьев вакцина ичида чип бўлиши ҳақидаги фикрларини жамоатчилик билан бўлишар экан, шундай дейди:

«Вакциналарни тайёрлаш технологияси билан таниш бўлганим учун вакцинада яшириш мумкин бўлган бу чипларни ишлаб чиқариш технологияси қай даражада бўлиши кераклигини билмайман. Яъни назорат датчиклари уни техник элемент ёки бегона элемент сифатида аниқламаслиги учун у қандай кўринишга эга бўлиши кераклигини мен билмайман. Вакцина ичида чип бўлса, бундай вакциналар текшируви вақтида механик қурилмаларни аниқлайдиган датчиклар ишлаб кетади. Менинг фикримча, вакцина ичида чип бўлиши техник жиҳатдан имконсиз».
Бундан ташқари, айни пайтда Малайзияда ахборот хавфсизлиги ва компьютер технологиялари мутахассиси сифатида фаолият кўрсатаётган ўзбекистонлик Анвар Нарзуллаев вакцина орқали оммавий равишда чиплаш ҳақидаги ваҳималар тўғрисидаги ўз видео мурожаатида одамлар онгини бошқарадиган даражадаги нанотехнологиялар ҳали ихтиро қилинмагани, бундай (автоном) чиплар мавжуд эмаслиги, инсонларни бошқариш учун чип керак эмаслиги, уни бошқариш ва кузатиш учун гаджетлар кифоя қилишини айтиб ўтади.

Кадр: Twitter

«Вакцина таркибидаги оғир металлар билан қонимизни заҳарлаб, ер юзида одамларни камайтиришар экан»

Вакцина ва оғир металлар мавзусига тўхталадиган бўлсак, умуман, вакциналарда (гепатит А, гепатит B, пневмакок вакциналарида) оғир металлар ёрдамчи модда сифатида анча аввалдан ишлатилиб келинади. Хусусан, алюминийли ёрдамчи модда вакциналарда организм иммун тизимининг жавоб реакциясини оширувчи модда сифатида ишлатилади. У организм учун хавфли эмас. Ушбу моддали вакцина организмга юборилганда, юборилган жойда қизариш, шиш, оғриқ ёки танада иситма, қалтираш, баъзида оғриқ кузатилиши мумкин, аммо ўлимга олиб бормайди. Бундан ташқари, вакциналарда симоб тутувчи ёрдамчи модда — тимеросал ҳам ишлатилади. Ушбу модда организмдаги микроблар, бактериялар, замбуруғлар кўпайишининг олдини олади. Тимеросал организм учун хавфли модда эмас, у организмда узоқ сақланиб қолмайди ва айнан шунинг учун тимеросалнинг организмдаги миқдори инсонга зарар етказувчи даражагача чиқмайди. Вакцина таркибидаги тимеросал билан боғлиқ хавфли ҳолатлар кузатилмаган. У кучли акс таъсир кўрсатмайди, баъзида вакцина қабул қилинган жойда бир оз шиш ёки қизариш кузатилиши мумкин.
Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда «оғир металлар орқали қонимизни заҳарлаб, қириб юборишади», деган гапларга умуман ишонмасангиз ҳам бўлади. Вакциналарда оғир металлар бўлган тақдирда ҳам у организм учун хавфли эмас.

Вакцина олган одамлар икки йил ичида вафот этадими?

Интернетда тарқалган яна бир фейк хабарлардан бири бу франциялик олим, Нобель мукофоти совриндори Люк Монтаненинг интервьюсидан қирқиб олиб тарқатилган парча бўлди. Бу видео асосан Telegram мессенжерида фаол тарқалди. Видеода олим вакцина олган одамлар икки йил ичида қирилиб кетиши ҳақида гапиради. Бу видеодаги гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?
«Видеонинг тўлиқроқ версиясида ‘икки йил ичида қирилиб кетади’, ‘таналарни ёқиб юборишга тайёр туриш керак’, деган гаплар йўқ. Бу гаплар бошқа бир назариётчи Долорес Кейхиллнинг баёнотларига асосланиб ёзилган. Аммо бу маълумот аллақачон барча ахборот манбаларида манипуляцияга учради» дея хабар беради Factcheck.kz сайти.
Видеога батафсил тўхталадиган бўлсак, видеода олим пандемия пайтида эмлаш нотўғрилиги, вакцина томонидан ишлаб чиқарилган антитаналар инфекциянинг кучайишига имкон яратиши ҳақида айтади ва «Буни биз антитаналарга боғлиқ кучайиш деб атаймиз», дейди. Аслида антитанага боғлиқ кучайиш кам учрайдиган ҳолатлардан бири. Антитанага боғлиқ ҳолда кучайиш коронавирусга қарши вакцинада кузатилмайди. Бу ҳақда аввалроқ Davidson Institute of Science Education сайтида мақола эълон қилинган эди. Ҳозиргача ҳайвонларда ва одамларда ўтказилган вакцина синовларида антитанага боғлиқ кучайиш ҳолати кузатилмаган. Видеода олим «Вакцина Хитой вирусига қарши антитаналар яратганда, вирус нима қилади? У ўладими ёки янги ечим топадими? Вируснинг янги вариантлари бу — вакцинанинг маҳсулоти ва натижасидир», дейди. Бу фикр хато, чунки коронавирус мутациялари коранавирусга қарши вакцина яратилишига ва вакцинани амалда қўллаш бошлангунигача бўлган даврда ҳам мавжуд эди. Мутациялар рўйхати ва уларнинг қачон пайдо бўлганини gisaid.org сайти орқали кузатиш мумкин. Бу видео бизнинг расмийлар томонидан ҳам эътиборсиз қолдирилгани йўқ. Хусусан, видеога нисбатан Нурмат Отабеков «Бу ишлаб чиқарган дориларини сотолмай қолишдан қўрқаётган, хавотирга тушаётган ташкилотларнинг ўйлаб топган фейклари бўлса керак», дея муносабат билдирди.

Вакцина жинсий заифликка олиб келадими? Вакцина олган одам ҳомиладор бўла олмайдими?

Халқ орасида кенг тарқалган ёлғон хабарлардан яна бири бу вакцинанинг репродуктив органларга ва жинсий қувватга таъсири ҳақида бўлди. Бу маълумотлар фейк экани, бу маълумотларда асос йўқлиги ҳақида экспертлар томонидан қатор фикрлар билдирилди. Хусусан, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги N.F.Гамалея номидаги миллий эпидемиология ва микробиология илмий маркази директори Александр Гинцбург вакцина эркакларнинг репродуктив органларига ҳам, жинсий қувватига ҳам таъсир кўрсатмаслигини айтиб, вакцина олганлар ўзларини яхши ҳис қилаётганлари ҳақида маълумот берган эди. Худди шу каби сўзлар Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош мустақил эпидемиологи, Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети Эпидемиология ва далилларга асосланган тиббиёт бўлими бошлиғи Николай Брико томонидан ҳам айтилган эди. Бундан ташқари, ҳозирда «Вакцина аёлларда фарзандсизликка олиб келар экан», «Вакцина орқали аёллар стерилланяпти», деган гаплар ҳам тарқалган. Вакциналар атрофида бунақа гаплар азалдан тарқалиб келган. Коронавирусга қарши вакцинадан аввал папиллома вируси вакцинасида ёки полимиелит вируси вакцинаси атрофида ҳам «Вакцина фарзандсизликка олиб келади», деган гаплар тарқалган эди. Лекин якунда бу гаплар ҳаммаси ёлғон экани ўз исботини топган. Коронавирус вакцинаси аёлларни фарзандсизликка олиб келади деган гап мутлақо нотўғри. ЖССТнинг иммунизация бўлими бошлиғи Кетрин O’Браен «Биз қилган вакциналар бепуштликка олиб келмайди. Бу каби турли хил вакциналар атрофида тарқалган миш-мишлар тўғри эмас. Бепуштликка олиб келадиган вакцина йўқ», дея жавоб берди. Ҳозирда коронавирус вакцинаси атрофида тарқалган бу гапларга нисбатан 14 июль куни Нурмат Отабеков томонидан бепуштлик ҳақида тарқалган гапларга муносабат билдириб, «Кимнингдир бепуштлигини коронавирусга боғламаслик керак»лиги айтилган эди.
2 август куни АОКАда ташкил этилган брифингда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқулова вакцина қабул қилиш инсоннинг фарзанд кўриш қобилиятига умуман таъсир ўтказмаслиги ҳақида хабар бериб, ҳозирда тарқалаётган миш-мишлар асоссизлиги ҳақида изоҳ берди.

«Вакцина инсон геномини ўзгартириб юборар экан»

Интернет оламида тарқалган навбатдаги фейк хабарлардан бирида АҚШ Олий суди оммавий эмлашни тўхтатгани, чунки Билл Гейтс, АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи ва йирик фармацевтика компаниялари судда ютқазиб, сўнгги 32 йил мобайнида уларнинг барча вакциналари соғлиқ учун хавфсиз эканини исботлай олмагани, бу даъво сенатор кичик Роберт Кеннеди  бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар томонидан илгари сурилгани, сўнгги авлод м-РНК (матрицали РНК) вакциналари беморнинг генетик материалига бевосита таъсир қилиши ва индивидуал генетик материални ўзгартириши ҳақида айтилади. Шунингдек, постда кичик Роберт Кеннеди номидан вакцина ҳар доим қўзғатувчининг ўзи экани, ўлдирилган ёки заифлашган микроб ёки вирус танага антитаналар ишлаб чиқариш учун киритилгани, вакциналар умуман мавжуд эмаслиги, вакцина инсон ҳужайрасига киргандан сўнг м-РНК  РНК/ДНКни қайта дастурлаши ва шундан сўнг улар бошқа оқсил ишлаб чиқариши ҳақидаги гаплар айтилади.
Аввало, постда айтилган «сенатор» кичик Роберт Кеннеди ҳеч қандай сенатор эмас ва ҳеч қачон сенатор бўлмаган. АҚШ нинг 35-президенти Жон Кеннедининг жияни ва эмлашга қарши ҳаракатлар фаоли кичик Роберт Кеннеди жамоатчиликка адвокатлик ва радиобошловчилик фаолияти билан танилган, лекин у сенатор эмас.
Матрицали РНК ҳақида айтилган гаплар қанчалик тўғри? Матрицали РНК оқсилларнинг асосий тузилиши, яъни аминокислоталар кетма-кетлиги ҳақидаги маълумотни ўз ичига олган РНК ҳисобланади. М-РНК транскрипция пайтида ДНКдан синтезланади, сўнгра трансляция пайтида оқсил синтези учун матрица вазифасини ўтайди. М-РНК организмдаги оқсил синтезларида муҳим роль ўйнайди, лекин м-РНК вакцина орқали организмга тушган м-РНК РНК ва ДНКни қайта дастурламайди. Вакциналар инсон геномини ўзгартирмаслиги ҳақида ЖССТнинг иммунизация бўлими бошлиғи Кетрин O’Браен ҳам маълум қилди.
Кетрин O’Браен вакцина инсон генини ўзгартирадими, деган саволга жавоб берар экан, «Биз бу миш-миш ҳақида кўп эшитганмиз. Ҳозир бизда м-РНК вакциналари деб номланган иккита вакцина бор ва м-РНК ДНКга айланиши мумкин эмас. М-РНК инсон ҳужайраларининг ДНКсини ўзгартира олмайди. М-РНК  бу – танада оқсил ишлаб чиқаришга кўрсатма вазифасини ўтайди. Вакциналарнинг аксарияти оқсил ёки биз эмлашга ҳаракат қилаётган микробнинг кичик бир қисмини юбориш орқали ишлаб чиқарилади. Бу янги ёндашувда эса кичик қисмни беришнинг ўрнига, биз ўз танамизга бу кичик қисмни ясаш бўйича кўрсатма берамиз, сўнгра бизнинг табиий иммунитет тизимимиз бунга жавоб беради», дейди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ҳозирги пандемия шароитида миш-мишларга ишониб ҳаракат қилиш ярамайди. Вакцина ҳақида асоссиз ёлғон хабарлар тарқатиш эса халқ орасида ваҳима қўзғашдан ва вакцинага нисбатан салбий кайфият уйғотишдан бошқа нарса эмас. Қатор олимлар вакцина коронавирусга қарши ягона ечим дея таъкидлаб турган бир пайтда бундай ёлғон маълумотлар тарқатиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 833

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 732

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


27-октябр 2024, 04:36
1 650

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.


13-ноябр 2024, 12:35
1 627

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.

Мавзуга доир янгиликлар: