Ўзбекистон
10.04.2025
573
Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодий фаолликнинг кенгайиши, янги саноат зоналари, йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши ишчи кучини вақтинча доимий яшаш жойидан узоқда фаолият олиб боришга мажбур этмоқда. Бу эса вахта усулида меҳнат қилиш шаклини ҳаётга кенг татбиқ этишга сабаб бўлмоқда. Вахта усулида ишлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 26-бобида ҳуқуқий асосланган тарзда белгиланган.
Вахта усулида ишлаш нима ва қачон қўлланилади?
Вахта усулида ишлаш — бу ходим доимий яшаш жойига кунлик қайтиш имконига эга бўлмаган тақдирда, доимий яшаш жойидан ташқарида махсус ташкил этилган шарт-шароитларда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш шаклидир.
Бу усул, қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:
— иш жойи доимий яшаш жойидан ёки иш берувчининг манзилидан анча узоқда жойлашганида;
— аҳоли яшамайдиган, табиий шароити оғир бўлган ҳудудларда иш ташкил этилганда;
— муддатни қисқартириш талаб қилинадиган қурилиш, таъмирлаш, реконструкция лойиҳаларида;
— бошқа ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш зарур бўлганда.
Вахта шароити ва яшаш жойлари
Вахта усулида ишловчи ходимлар махсус ташкил этилган вахта шаҳарчаларида, ётоқхоналарда ёки бошқа мослаштирилган турар жойларда яшайдилар. Ушбу жойлар иш вақтида ҳаёт фаолиятини таъминлаш ва дам олиш учун барча шароитлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
Кимлар вахта усулида ишга жалб қилина олмайди?
Қонунчиликда вахта усулида ишлашга рухсат этилмайдиган тоифалар аниқ кўрсатилган:
— 18 ёшга тўлмаган шахслар;
— ҳомиладор аёллар;
— 3 ёшгача бола парвариши билан шуғулланаётган ота-онадан бири;
— соғлиғи вахта усулида ишлашга мос келмайдиган шахслар (тиббий хулосага кўра).
Вахтада ишлаганлик учун тўловлар ва компенсациялар
Вахта усулида ишловчи шахсларнинг меҳнати қуйидаги асосий тўловлар билан таъминланади:
1. Иш ҳақи — бажарилган ишга мувофиқ меҳнат ҳақи.
2. Ортиқча иш учун тўлов — иш жадвали доирасидаги ортиқча вақтлар учун қўшимча дам олиш кунлари ёки қўшимча ҳақ.
3. Устама ҳақ — вахта усулида ишлаганлик учун махсус устама (суткалик ўрнида).
4. Йўлдаги вақт учун тўлов — иш жойига бориш ва қайтиш чоғидаги кунлар учун ўртача кунлик иш ҳақи асосида тўланадиган компенсация.
5. Ҳудудий коэффициентлар — агар иш ҳудудида меҳнат ҳақига ҳудудий коэффициент қўлланилса, вахтадаги ходимларга ҳам шу тартибда қўлланилади.
Вахта жадвали ва давомийлиги
— Вахта даври — иш бажариш ва дам олишни қамраб олувчи умумий даврдир.
— Вахтанинг узоқ давом этиши мумкин эмас: бир ойдан ошмаслиги шарт.
— Алоҳида ҳолларда — жамоа шартномасига асосан — вахта узоғи билан уч ойгача бўлиши мумкин.
— Иш вақти жамлаб ҳисобга олинади ва ҳисоб даври 12 ойдан ошмаслиги керак.
Ҳисоб даври қуйидагиларни ўз ичига олади:
— Вахтада бўлган иш вақти;
— Йўлда сарфланган вақт (иш жойигача ва қайтиш);
— Календарь даврдаги дам олиш кунлари.
Иш берувчи ҳар бир ходим бўйича иш вақти ва дам олиш кунларини ойма-ой ва умумий ҳисоб даврида юритиши шарт.
Таътил масаласи: қачон берилади?
Вахтада ишловчиларнинг йиллик меҳнат таътили уларнинг вахталар оралиғидаги дам олиш кунлари тугагандан сўнг берилиши керак. Агар таътил вахталар оралиғидаги дам олиш кунларига тўғри келса, иш берувчи ва ходим келишувига кўра:
— Таътилдан сўнг бошқа ишга вақтинча ўтказиш;
— Иш ҳақи сақланмаган таътил бериш;
— Бошқа сменага ўтказиш имкони мавжуд.
Вахта усулида ишлаш нафақат меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини беради, балки қонунчилик асосида ҳар бир ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда махсус тартибда ташкил этилади. Ушбу шаклда иш ташкил қилувчи иш берувчилар ходимларга муносиб шароитлар яратиш, меҳнат хавфсизлиги, иш ҳақини адолатли ва ўз вақтида тўлаш каби масъулиятларга эга.
Меҳнат кодексида назарда тутилган нормалар вахта усулида ишловчи фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, бугунги кунда барча иш берувчилар ва ходимлар томонидан тўлиқ риоя қилиниши шарт.
Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб
Аксарият учун байрам ва бошқа тадбирларнинг завқли жиҳатларидан бири совға бериш ва олиш бўлса керак.
2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Банкдаги омонат эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланадими?
Эр-хотин никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Ота уйи кенжа фарзандга қолиши керак...ми?
Нотариал идорамизга кунига мерос масаласида ўнлаб фуқаролар мурожаат қилади.