currencies image

12 413,79 UZS

52,65

usd

currencies image

14 468,27 UZS

48,90

eur

currencies image

154,86 UZS

0,56

ru



АсосийЯнгиликларВатани билан фахрланмаган инсон ватансиздир

Ватани билан фахрланмаган инсон ватансиздир

Ҳуқуқ

calendar

19.08.2025

eye

76

Ватани билан фахрланмаган инсон ватансиздир

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Ватан меҳри қалбимизга она сути билан кирган, бу меҳр томиримиздаги қонимиз каби қутлуғ. Ватанни севишни, фахрланишни қалбимизга шоирларнинг бетакрор қасидалари-ю, ҳофизларнинг сеҳрли оҳанглари ҳам муҳрлагани рост. Эркин Воҳидовнинг

“Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим...

Сенга тенгдош Помиру оқсоч Тёншон ўзбегим“, Абдулла Ориповнинг

“Мен нечун севаман Ўзбекистонни?

Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё...”, Муҳаммад Юсуфнинг

“О, ота маконим онажон ўлкам, Ўзбекистон жоним тўшай пойингга...” деган сатрларини ҳар такрорлаганда юрагимиз ғурурга тўлади, тоғлар каби юксалгандек бўламиз.

Тонгнинг отишини кузатганмисиз? Қуёшнинг заррин нурлари бошимизга нур сочиб кўзимизни қамаштирганда, қушларнинг овози Тинчлик куйига жўр бўлганда, юракларимиз улуғвор мақсадларга тўлиб-тошганда, бутун дунё сайёҳлари қадим Самарқанду Бухоромизни бир кўришга ошиққанда, буюк алломаларимиз, азиз авлиёларимиз пойида таъзим қилганида, жажжи набирамиз эркаланиб, уйқусидан уйғонганида шу азиз Ватан барчамизники эканидан ғурурланиб, юрагимиз ҳаприқиб, Яратганга шукрона келтирамиз.

Ҳа, Ватан бизни аллалаган бешик! Ватан бизга куч берган табаррук Замин, Ватан бахтимизни, саодатимизни асраётган осуда Осмондир. Ватан таърифларга сиғмайдиган муқаддас макон.

Биз Озодлик сабоқларини ўрганиб улғайдик.

Гарчи Ватан озодлиги учун отилган, осилган, сургун қилинган бегуноҳ азизларимиз, буюкларимиз номи кейинчалик оқланган бўлса ҳам, уларнинг ёди Истиқлолнинг зарҳал китобидаги армонли саҳифаларда мангу қолади.

Бугун Ватан озод, юртимиз обод. Ватаннинг энг буюк тимсоли эса шу бунёдкор халқимиз, оддий одамларимиз, меҳнаткаш элимиздир.

Ёш шоир Ифтихорнинг таъбири билан айтганда:

“Тошлар бирлашганда тоққа айланар,

Дарахтлар жамланиб, боққа айланар.

Халқ тоғдек бирлашиб, боғлар яратса,

Бу юртда гадо ҳам шоҳга айланар!”

 

Шу азиз Ватан –барчамизники!

Ватан! Ватан десак, ота-боболаримизнинг ори, ғурури, аждодлардан мерос қолган бахтлар водийси деган садо келади. Оёғимиз остидаги тупроқнинг зарраси-ю, майин саболарда ҳилпираётган майсаларнинг шивиригача Ватаннинг сурати кўриниб туради, Ватаннинг юраги уриб туради. Ватан десак, кўз ўнгимизга мустақилликнинг илк йилларида Ватанимизнинг энг юксак мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган томдилик чўпон Серикбай Сағатовнинг пойтахтга Президент қўлидан олтин юлдуз нишонини олиш учун Навоий шаҳри орқали келиши ва бу шаҳарга илк бор келган замондошимизнинг “Умримда бундай чиройли қалъани биринчи марта кўришим” дея ҳайратланиши ҳар қандай кишининг қалбини тўлқинлантиради. Ватан меҳри ва ифтихори деганлари шу бўлса керак.

Ватан ифтихори деганда, ўзи ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган бўлишига қарамасдан Ватанимиз шарафини халқаро спорт майдонларида ҳимоя қилган, бир қўли билан қўлтиқтаёққа суяниб, бир қўли билан Ўзбекистонимиз байроғини баланд кўтарган такрор-такрор жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлган матонатли, мард спортчи йигитларимиз кўз ўнгимизда гавдаланади.

Истиқлол Ўзбекистонни нафақат ҳамюртларимизга балки ўлкамизга ўзга юртлардан меҳр қўйиб келган олижаноб инсонларга ҳам “Бу менинг Ватаним!” деб севишга ўргатганига гувоҳмиз. Чексиз мурувват ва афсонавий саховат эгаси, буюк ҳамдард кореялик Рональд Хонг 90 йиллик умрининг 30 йилини жисмоний имкониятлари чегараланган умидвор ҳамюртларимизга умид ва қувонч бағишлашга сарфлагани бизни қойил қолдиради. Ўзи автоҳалокат туфайли ёшлигида бир оёғидан айрилган бу инсоннинг бахтсиз тасодифлар туфайли таянч маҳсулотларига – протезларга муҳтож бўлиб қолган ўзбекистонликларга беминнат, беғараз ёрдам бераётганидан кўнглимиз ёришади.

Ватан десак, кўз ўнгимизга ўзи озарбайжонлик бўлса-да, Ўзбекистонни ватаним деб ардоқлайдиган тадбиркор йигитнинг улкан ютуқлари келади. Ота-онаси билан болалигида Зарафшон шаҳрига кўчиб келган йигитнинг “Бокуда туғилганман, лекин менинг ватаним Ўзбекистон ” деган сўзларида чексиз меҳр ва фахр борлигини ҳис этамиз.

Ватаннинг катта – кичиги бўлмайди

Чиндан ҳам Ватаннинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳатто ҳар йили уйимиз айвонида болалари учун ошиён қурадиган хосиятли қуш – қалдирғочда ҳам Ватан туйғуси бор. У ҳам уйимизга – ўзи қурган инига ҳар йил баҳор келиши билан яна қайтиб келади. Чумоли ҳам ўзига ошиён қуриш учун тиним билмай меҳнат қилади. Чумолининг уйини бузиб бўлмайди. Чунки бу унинг Ватани...

Митти юракларда катта Ватан сурати чизилганини кўрганда, Ватан ҳақида кўзида ёшлар билан гапирган йигит-қизлар билан суҳбатлашганда эса Ватаннинг тимсоли янада улуғворлик касб этади. Ўтган йили Навоийдаги “Меҳрибонлик уйи” тугатилишидан сал олдинроқ тарбияланувчилар хайрлашув кечаси муносабати билан “Катта одамлар” деб номланган кичик фильм тайёрлашди. Лавҳалардаги кўзда ёш билан айтилган сўзларни сел бўлиб тинглайсиз. Турли миллат вакилларини ўз бағрига олган бу ошиёнда тарбияланганларнинг катта Ватани ҳисобланган бу тарбия маскани ҳақидаги сўзларини тинглаб титраб кетасиз. Аслида фарзанд учун ота-она бағри энг улуғ, энг тенгсиз Ватандир. Афсуски, тақдир чорраҳасида баъзи тошбағирлар ташлаб кетган ўғил-қизлар уларнинг кўз ёшларини артган бу даргоҳни ўз ватани, ўз ошиёни деб ҳисоблаганларида тасвирга сиғмайдиган армонни ҳис этасиз. “Ота-онам болалигимда бу ерга ташлаб кетган”, “Бу ерга келганимга ўн йил бўлди”, “Кўп хўрликларни кўриб бу ерга келганман. Ҳозир ўн саккиз ёшдаман ”, “Агар бу ерга келмаганимда аҳволим нима кечарди, ким бўлардим, ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман”, “Ота-онам ажралиб кетди, мен ҳеч кимга кераксиз бўлиб қолдим, хайриятки, меҳрибонлик уйи бор экан”, “Менинг ватаним шу жой, мен шу ерда бахтлиман”, ”Бу ерда бахтиёрман, лекин ота-онамни соғинаман...” Бу изҳорларнинг, бу иқрорларнинг сохтаси йўқ, ёлғони йўқ. Улар кичиклигидаёқ катта одамга айланган, меҳрни, муҳаббатни, садоқатни, сабр ва тоқатни ўрганган кучли қалб эгалари. Уларни юракдаги Ватанлари суяб туради, яхши одамларнинг муҳаббати қўллаб туради. Ватаннинг катта-кичиги бўлмайди. Ватан юракларда туғилади.

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири

Улашиш:

Бошқалар

30-июл 2025, 12:27
1 444

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим 5 саволга жавоб

Жамғарма томонидан ҳужжатлар текширилиб, танлов талабларига тўғри келадиганлар саралаб олинади.


24-июл 2025, 11:49
1 207

Никоҳланувчилардан бири носоғлом бўлса, никоҳ тузиладими?

Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида тузилади.


8-август 2025, 06:28
1 093

Сув кодекси қандай жиҳатларни ўз ичига олган. Муҳим 6 жиҳат

Кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.


5-август 2025, 05:52
1 067

Кимга неччи соат – умумтаълим муассасаларида дарс соатлари қандай тақсимланади?

Қонунчиликка кўра, умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар умумтаълим муассасасининг дарс соатлари сеткасини шакллантиради.