Life Style
16.02.2024
321
Сўнгги пайтларда айрим оилаларда аёллар ва фарзандлар, ҳатто эркаклар ҳам зўравонликка дучор бўлмоқда. Буни жабрланувчилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қилинаётган мурожаатлар ҳам тасдиқлаб турибди.
Бинобарин, 2023 йил 11 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, айни ҳужжат асосида Жиноят кодекси “Оилавий (маиший) зўравонлик” дея номланган 1261-модда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс эса худди шу номдаги 592-модда билан тўлдирилди.
Қўқон шаҳрида яшовчи Умирбек Ҳайитов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам оилавий зўравонлик қилгани боис бешинчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирди. Негаки у муқаддам талончилик, безорилик ва 2 маротаба ўғирлик жиноятини содир этгани боис судланган. Сўнгги озодликдан маҳрум қилиш жазоси аввал аҳлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган. Кейинчалик эса бу жазодан ҳам шартли равишда муддатидан олдин озод этилган. Бироқ ўзига берилмаган имкониятлардан тегишли хулоса чиқармаган У.Ҳайитов 2023 йилнинг 26 июль куни соат 13:30ларда рафиқаси Шоҳиста Бойқўзиева билан оилавий келишмовчиликлар туфайли жанжаллашиб қолади. Шунда у хотинининг бош қисмига ва юз қисмига қўллари билан уриб, қасддан тан жароҳати етказади. Оқибатда Ш.Бойқўзиева олган тан жароҳати юзасидан шифохонага мурожаат қилган.
Шундан сўнг шифокорлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришади. Айни ҳолат юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг 2023 йил 7 августдаги 5361-сонли хулосасига мувофиқ, Шоҳиста ўртача оғир тан жароҳати олгани аниқланади. Бинобарин, зўравон эрга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса Умирбек Ҳайитовни Жиноят кодексининг юқоридаги - 1261-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этади. Судланувчининг муқаддам 4 маротаба судланса-да, тузалмагани инобатга олинган ҳолда жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди. Шунингдек, жабрланувчи Шоҳиста Бойқўзиевага ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Буни қарангки, шаҳарнинг Соҳибзода Ҳазрат кўчасида юз берган оилавий зўравонликда оила бошлиғи жабрланди. Яъни, фуқаро Латофат Жарқинова 2023 йил 14 сентябрь куни турмуш ўртоғи Рамзиддин Жарқинов билан ўзаро гап талашиб қолади. Охир-оқибат оғзаки тортишув жиддий жанжалга айланиб кетади. Жанжал вақтида дастлаб Латофат ҳовлида ётган полиэтилен қувур бўлаги билан хўжайинининг бошига зарба беради. Натижада ҳушидан кетиб ерга йиқилади Рамзидин. Шунга қарамай, хотин бўлмиш уни танасининг турли қисмларига бир неча марта уриб, калтаклайди. Бу ҳам етмагандек, эрининг ўнг қўлига тергов ҳаракатлари давомида аниқлашни имкони бўлмаган кимёвий моддани сепиб юборади. Ўша кимёвий модда Р.Жарқиновнинг қўл терисини куйдириб ташлайди. Бундан хабар топган жиянлари Рамзиддинни шифохонага олиб боришади.
Таъкидлаш лозимки, судга оид тиббий экспертизасининг 2023 йил 23 ноябрдаги 36-сонли экспертиза хулосаси жабрланувчининг калтакланиши натижасида 3 ва 4-бел умуртқаси сингани, тил соҳаси тишланиб яралангани, қон қуйилгани, оёқ-қўли, елка ҳамда бошқа аъзолари қонталаш бўлиб, шилиниб, ўрта оғир тан жароҳати олганини тасдиқлади. Бинобарин, Л.Жарқиновага ҳам жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди зўравон рафиқани Жиноят кодексининг 1261-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этади. Шу боис Латофат суд залидан қамоққа олиниб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги жазони ижро этиш департаментининг 10-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилади. Қолаверса, суд ҳукмида Л.Жарқиновадан Р.Жарқинов фойдасига 6 миллион 515 минг сўм моддий зарар ундириш ҳам белгиланади.
Афсуски, бундай ачинарли ҳолатлар республикамизнинг деярли барча жойларида юз бериб туради. Олий суд маълумотларига биноан, 2023 йилда (юқоридаги қонун амалга киритилган кундан бошлаб) Жиноят кодексининг 1261-моддаси билан 203 нафар шахс судланган. Уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 144 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддасига асосан эса 8928 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқбузарларнинг 5229 нафари жарима жазосига тортилган бўлса, 3699 нафарига маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Хулоса қилиб айтганда, инсон қадри улуғланган юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатланган. Шу билан бирга, оилага жуда муқаддас даргоҳ сифатида қаралади. Шундай экан, бу қутлуғ гўшада зўравонликка асло ўрин йўқ. Зеро, оиладаги зўравонлик фарзандлар руҳиятига салбий таъсир ўтказади.
Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўқон
шаҳар судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Қашқадарёда 14 яшар қиз 7 ойдан бери жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келингани аниқланди
Вояга етмаган қиз Болалар омбудсманига бу бўйича арз қилган.
Ҳимоя ордери қанча вақт ҳимоя қилади, зўравонлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оилавий (маиший) зўравонлик қатъий тақиқланади. Хотинининг таълим олишига, саломатлигига, ишлаши ва мулкий ҳуқуқларига тўсқинлик қилиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. “Hudud24.uz” нашри мазкур жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради.