Ўзбекистон
29.09.2023
880
Олий Мажлис Сенатининг қирқ бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Сенаторлар кун тартибидаги масалалар муҳокамасидан аввал фуқароларнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни кўтарди. Хусусан, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов қўмитага келиб тушган мурожаат асосида “Uzbekistan Airways” АЖга қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар сабаблари дастлабки тарзда ўрганилганини маълум қилди. Унга кўра, авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Таъкидланишича, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган йўриқноманинг эскиргани, ундаги тегишли нормаларнинг такомиллаштирилмагани фуқаролар учун ўринсиз, мантиқсиз тўсиқларни юзага келтирмоқда. Мазкур йўриқноманинг тегишли бандига мувофиқ, агар фуқаролар “Uzbekistan Airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлишса, улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда. Паспортнинг асл нусхасини тақдим этмаган фуқароларга эса авиачипта сотилмаяпти. Оқибатда бу ҳолат, айниқса, яқинлари бошқа вилоятларда яшаётганлар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда ҳамда йўловчиларнинг ҳақли эътирозлари кундан кунга кўпаймоқда. Ҳолбуки, “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг uzairways.com/uz сайти орқали онлайн тарзда фуқаролик паспортининг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда авиачиптани қонуний асосларда сотиб олиш имконияти мавжуд. “Табиий савол туғилади: агар шундай имконият бўлса, нима учун “Uzbekistan Airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлган шахслардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда? Нима учун юқорида қайд этилган йўриқномага паспортнинг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган (паспорт нусхаси орқали) ҳолда авиачиптани сотиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилмаган? Зеро, авиакомпаниянинг веб-сайти ёки мобил иловаси орқали мустақил равишда зарур шахсий маълумотларини киритиб авиачипта сотиб олган фуқаро давлат чегарасини кесиб ўтишда ДХХ Чегара қўшинлари томонидан керакли база орқали текширилади ва маълумотлар нотўғри киритилгани аниқланган тақдирда, давлат чегарасини кесиб ўтишига рухсат берилмайди ва масъулият фуқаронинг ўзида қолади. Табиийки, бундай ҳолатлар авиачипталар савдосидаги коррупцияга ҳам сабаб бўлмоқда, фуқароларга енгиллик бериш ўрнига фақат ташвиш ва қийинчилик келтирмоқда. Сенат томонидан 2021 йилнинг 19 март куни “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятига юқорида қайд этилган муаммони ҳал этиш учун йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мурожаат қилинган эди. Сўров юзасидан берилган жавобда “ушбу муаммони бартараф этиш чоралари кўрилаётгани” маълум қилинган. Афсуски, бундан қарийб икки йил олдин аниқланган ва сўровда кўрсатилган муаммолар ҳозир ҳам ўз ечимини топмаган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига сенатор мурожаати такроран йўлланган ҳам эди. Ажабланарлиси, 2023 йилнинг 23 июн куни “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари имзоси билан Сенатга йўллаган жавобида ҳеч бир асоссиз бу муаммони ҳал қилиш имконсиз экани маълум қилинган. Наҳотки, ҳам фуқаролар эътирозига, ҳам коррупцияга сабаб бўладиган, очиқ-ойдин кўриниб турган бўшлиқни бартараф этиб бўлмаса?” дея таъкидлаган Қутбиддин Бурхонов.
Улашиш:
Бошқалар
Ўқишини кўчиришга оид: муҳим 7 саволга жавоб
Ўзим яшайдиган ҳудудга ўқишимни кўчирсам, ўқишни тўлов-контрак асосида давом эттираманми?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
“Жасорат мактаблари”га ўқувчилар танлаб олинади
Белгиланган квотага асосан кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда бепул ўқиш: муҳим 5 саволга жавоб
Жамғарма томонидан ҳужжатлар текширилиб, танлов талабларига тўғри келадиганлар саралаб олинади.
Ўзбекистонда уч йилда 421 киши ис газидан ҳалок бўлди — Сенат
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари йилдан-йилга ортиб бораётгани қайд этилди.
Бекзод Наримонов Ўзбекистон омбудсманининг ўринбосари бўлди
Бу борада Сенат қарори қабул қилинган.
Сенат “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
Қонун билан педагоглар касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиши, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижодий таътил олиши, ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланиш ҳамда таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишини талаб қилиш ҳуқуқларга эга бўлади.
Ўзбекистонда Қонунчилик палатаси ва Сенатга ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати берилмоқда
Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилади, Сенатнинг янги таркиби эса, 1 ой мобайнида шакллантирилади.