Life Style
10.03.2026
1 164

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 405-моддасига кўра, фарзанд туғилгандан кейин ота-оналар ёки бошқа яқин қариндошларга болани парваришлаш учун махсус таътил берилади. Ушбу таътил боланинг икки ёки уч ёшга тўлгунига қадар давом этиши мумкин ва у билан боғлиқ айрим ижтимоий кафолатлар ҳам назарда тутилган.
Биринчи навбатда, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагач, аёлнинг хоҳишига кўра унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилади. Ушбу давр учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда нафақа тўланади. Бу нафақа бола парвариши билан боғлиқ харажатларни қисман қоплашга хизмат қилади.
Иккинчидан, аёл ўз хоҳишига кўра боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга. Бироқ бу таътил даврида иш ҳақи сақланмайди. Шунга қарамай, ходимнинг иш жойи ва лавозими сақланиб қолади.
Учинчидан, қонунчиликка кўра болани парваришлаш таътилидан фақат она эмас, балки боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам фойдаланиши мумкин. Шунингдек, бола васийга берилган бўлса, васий ҳам ушбу таътилдан тўлиқ ёки қисмларга бўлиб фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Тўртинчидан, болани парваришлаш таътили вақтида ходим истаса, тўлиқсиз иш вақти асосида ишлаши ёки иш берувчи билан келишувга кўра уйда туриб ишлаши мумкин. Бунда болани парваришлаш учун белгиланган нафақани олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Бешинчидан, болани парваришлаш таътили даврида ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Шунингдек, ушбу таътилнинг кўпи билан олти йили умумий меҳнат стажига, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига қўшиб ҳисобланади. Бироқ жамоа шартномаси ёки ташкилотнинг ички ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, болани парваришлаш таътили вақти келгусидаги йиллик меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилмайди.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдаларга қандай жавобгарлик белгиланган?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддасига кўра, пиёдалар ҳамда йўл ҳаракатининг айрим бошқа иштирокчилари йўл ҳаракати қоидаларини бузган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилади.