Ҳуқуқ
25.12.2024
384
Дам олиш кунлари ёки ишланмайдиган байрам кунлари учун камида икки ҳисса ҳақ тўланади. Ички ҳужжатларда икки ҳиссадан кўпроқ ҳақ тўланиши белгиланиши мумкин.
1. Шошилинч ишларни бажариш учун ходим розилиги билан дам олиш ёки байрам куни ишлашга рухсат берилади
Ташкилотнинг кейинги нормал фаолияти шошилинч бажариладиган ишларга боғлиқ бўлганида, ўша ишларни бажариш учун ходимлар уларнинг ёзма розилиги билан дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин.
Бунда шошилинч бажарилиши керак бўлган ишлар рўйхати жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси билан келишиб иш берувчи томонидан ёхуд меҳнат шартномасида белгиланади.
Шунингдек, ишланмайдиган байрамларда ишлаб чиқаришни тўхтатиб туриш имкони бўлмаган, аҳолига хизмат кўрсатиладиган ишларни, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларини амалга оширишга йўл қўйилади.
Бундан ташқари, маданий-томоша ташкилотлари, телевидение, радиоэшиттириш ва бошқа ОАВ ходимлари дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин.
2. Бахтсиз ҳодиса рўй берганда ходимни розилигисиз ишга чақириш мумкин
Қуйидаги ҳолатларда ходимнинг розилигисиз дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилади:
— табиий ёки техноген ҳалокатлар, авариялар, бахтсиз ҳодисалар (ёнғин, тошқин, зилзила, эпидемия ва бошқалар) давридаги ишларни бажариш учун;
— бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;
— иссиқ ва совуқ сув, газ, ёруғлик, иссиқлик таъминоти, транспорт, алоқанинг нормал ишлашини бузадиган ҳолатларни бартараф этиш учун;
— иш берувчи мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.
3. Ҳомиладор аёлларни ҳар қандай ҳолатда уларнинг розилигисиз дам олиш куни ёки байрам куни ишга чақириш мумкин эмас
Ногиронлиги бўлган ходимлар, ҳомиладор аёллар, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси бўлган ходимларни дам олиш куни ва ишланмайдиган байрам кунларида ишга жалб қилишга ҳар қандай ҳолатда (бахтсиз ҳодисада ҳам) фақат уларнинг розилиги билан йўл қўйилади.
18 ёшгача бўлган ходимларни эса дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.
4. Дам олиш ёки байрамдаги иш учун 2 ҳисса пул тўланади
Дам олиш кунлари ёки ишланмайдиган байрам кунлари учун камида икки ҳисса ҳақ тўланади. Ички ҳужжатларда икки ҳиссадан кўпроқ ҳақ тўланиши белгиланиши мумкин.
Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин.
Дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш учун ходимга ўзининг хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни берилиши мумкин. Бунда ходимга бир ҳисса ҳақ тўланади.
Ходим жадвалга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ умумий белгиланган дам олиш кунларида (5 кунлик иш ҳафтасида шанба ёки якшанба кунлари ёки 5 кунлик иш ҳафтасида якшанба куни) ишласа, дам олиш кунлари эса унга бошқа кунда берилса, умумий дам олиш кунларидаги иш учун бир ҳисса ҳақ тўланади.
5. Дам олиш ёки байрам кунидаги иш учун иш берувчи буйруғи керак
Дам олиш куни ёки ишланмайдиган байрам куни ишга жалб этиш иш берувчи буйруғи билан расмийлаштирилади. Ходимнинг розилиги ариза билан ёки буйруққа имзо қўйдириш орқали олинади.
Ходим розилигисиз ишга жалб этилганда буйруқда ходим розилигисиз ишга жалб қилиш асослари қўрсатилиши керак.
Hudud24.uz колумнисти
Дилмурод Ражабоев
Улашиш:
Бошқалар
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш ва уларга қўйиладиган талаблар
Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.
Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?
Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.
“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига
Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.
Энергетика бўйича компенсация ва моддий ёрдамга оид 5 саволга 5 жавоб
Компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш керак.