Ўзбекистон
11.08.2023
3 449
Кечадан бошлаб тижорат банкларидаги АҚШ долларининг курси кескин ошди – бир кунда 400 сўмдан ортиқроқ қимматлаб, сотув курси 12 135 сўмгача етди. Банклар 1 долларни 12 015 сўмдан сотиб олмоқда. Марказий банк ички валюта бозоридаги ҳолат бўйича изоҳ берди. Шунингдек, Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев ҳам тушунтириш бериб, валюта курсидаги кескин тебранишни талаб ва таклиф билан боғлади. Hudud24 мустақил эксперт билан боғланиб, вазият сабаби, бугунги ҳолат ва истиқболда бизни нима кутаётгани ҳақида сўради. Абдулла Абдуқодиров, иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори. 1. Бу нимадан дарак? Нима учун бундай бўляпти? Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курсини коррекция қилиш кўпгина фундаментал муаммоларга боғлиқ. Бу муаммолар орасида тижорат соҳасидаги ҳамкор давлатларда миллий валюталарнинг қадрсизланиши ва инфляция даражасининг кескин ошиши ҳам бор. Бундай шароитда ҳар қандай экспортчи ўз олдида турган турли рискларнинг олдини олишга ҳаракат қилиб, нархларни оширишга мажбур бўлади. Туркия, Россия ва ҳатто Хитойда иқтисодий муаммолар туфайли миллий валюталар бирмунча қадрсизланмоқда ва бу бизнинг иқтисодиётимизга негатив таъсир кўрсатади. Бизнинг ташқи савдомизда экспорт ва импорт ўртасидаги номутаносиблик ҳамда импортнинг товар структураси ўзгаришига қарасак, кўп нарса ойдин бўлади. Асосий савдо алоқаларимиз бўлган мамлакатлар орасида 2023 йилнинг биринчи ярми давомида Хитойдан 756,4 млн АҚШ доллари, Россиядан — 1006,4 млн АҚШ доллари, Қозоғистондан 311,4 млн АҚШ доллари, Туркиядан — 161,4 млн АҚШ доллари миқдоларида турли маҳсулотларни импорт қилдик. Бу импорт ичида маҳсулот сотувчиларнинг инфляцион кутилмалари ҳам ўтирибди. Боз устига биз борган сари истеъмол моллари ва хизматларни кўпроқ импорт қиляпмиз ҳамда импорт билан экспорт тушумлари ўртасидаги фарқ камаймаяпти. Иккинчи томони эса, ўзимизнинг ички макроиқтисодий муаммолар. Улар орасида давлат харажатларининг кескин ўсиши, давлат бюджети тақчиллиги даражасининг ошиши ва мавжуд давлат қарзлари юкининг ортиб бориши. Шу вақтгача Марказий банк олтин-валюта захиралари ҳисобига алмашув курсини ушлаб қолишга ҳаракат қилаётган эди. Лекин ҳозирги кундаги бюджет тақчиллиги шароитида бу омил тескари натижа беряпти. 2. Энди нима бўлади? Бу қачонгача давом этади? Қандай оқибатлар кутилади? Қисқа муддатда давлатнинг даромадлари кўпаяди ва бюджет тақчиллиги камаяди деб умид қиламиз. Лекин давлат харажатлари кўлами қайта кўриб чиқилмаса, бу қисқа муддатли натижа ҳеч бир яхши оқибатга олиб келмайди. Иккинчи томондан, импорт товарларга нархлар ошгани туфайли озиқ-овқатлар ва саноат молларига нархлар бирмунча ўсади, инфляция янада авж олади. Молиявий барқарорликда янги рисклар пайдо бўлади. Албатта, Марказий банк пул массасини чеклаш туфайли баъзи локал натижаларга эришиши мумкин, лекин иқтисодиёт ривожланиши ҳам оммавий талаб камайгани ҳисобига бирмунча секинлашади. 3. Аҳоли нима қилсин? Тавсиялар? Аҳоли жуда табақалашган. Кимлардадир 50 млн сўм ва ундан ортиқ жамғармалар бор ва улар аҳоли умумий сонининг жуда кичик қисмини ташкил этади (1% га ҳам бормайди). Пулни оз бўлсада жамғаришга ақли етган бу қатлам бизнинг маслаҳатимиз ва фикримизга муҳтож эмас, нима қилиш кераклигини жуда яхши билади. Аҳолининг энг катта қисми эса аллақачон кредитлар ҳисобига яшаяпти (ипотека, машина, уй-жиҳозлари, маориф). 3 августда МБ томонидан берилган маълумотларга кўра, “биринчи ярим йилликда банклар томонидан 116 триллион сўмлик кредитлар ажратилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробар кўп ҳисобланади. Бу ўсиш, асосан, аҳолига ажратилаётган чакана кредитлар ҳисобидан қўллаб-қувватланмоқда. Июнь ойи якунига кўра жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар 46 триллион сўмни (жами кредитларнинг 39,6 фоиз) ташкил этиб, 1,7 баробарга ошган”. Фақат шу ярим йилни ўзида аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисми ҳар бир жон бошига кредит ҳажми 6,3 млн сўмга кўпайган. Уларга нима маслаҳат бериш мумкин? Агар долларда қарзи бўлса, тезроқ тўлаш ҳаракатида бўлишсин. Лекин буни айтишга осон... Шаҳноза Соатова суҳбатлашди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.