Ўзбекистон
17.12.2021
408
OLX.uz сайтига сотиш учун мебель қўйган эдим. Ярим соат ўтар-ўтмас телеграмдан “харидор” чиқди. Савдолашмади, мебелнинг бирон сифати тўғрисида сўрамади, фақат BTS-почта орқали мебелни жўнатиб юборишим кераклигини, йўлкирани ўзи тўлаб олиб қолишини айтди. Бунинг учун BTS-почта сайтига кириб, карта рақамимни киритиб, келган СМС-кодни унга айтсам бўлди экан. Телефон қилинг, гаплашамиз, манзилни тушунтирасиз десам, аввал пулни тўлай, кейин деб туриб олди. Жуда шубҳали туюлди. Танишларга айтсам, ғирт фирибгар, умуман алоқани узинг дейишди. Фирибгар мени қай тарзда чув туширмоқчи эди? Қуйида шу ҳақида. Рақамли иқтисодиёт дедик ва ҳаётимизга рақамли муносабатларнинг фаол кириб келиши рўй берди. Бу – яхши, коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши самарали чора. Лекин рақамли муносабатларга қўшилиб рақамли фирибгарлик ҳам кириб келди. Кўпинча маълумот ва билим камлигидан одамлар интернет ҳамда телефон фирибгарларининг тузоғига тушиб, пулларидан айрилиб қоляптилар. Шу сабабли огоҳ этиш мақсадида рақамли фирибгарларнинг кенг тарқалган схемаларини баён қиламиз ва улардан огоҳлик чоралари ҳақида маълумот берамиз. Интернет фирибгарлик Унинг бир қанча кенг тарқалган турлари бор. Асосий белгиси: турли сайтлар, иловалар, сохта интернет дўконлар воситасида пуллингизни ечиб олмоқчи бўлишади. Фишинг, яъни қармоқ усули Бу қандай ишлайди: Сиз ўзингиз билмаган ҳолда фирибгарларга карта рақамингиз ва паролингизни бериб қўясиз. Масалан, бирон интернет дўкондан маиший техника сотиб олмоқчисиз. Адашиб у дўконнинг сайтига эмас, худди унга ўхшаган нусхаланган сайтга кирасиз. Товарни танлайсиз, сотиб олиш тугмасини босасиз, сайт сиздан худди ростакам интернет дўконлардаги каби карта рақамингиз ва паролингизни сўрайди, киритасиз. Тамом! Танлаган молингиз келмагани етмаганидек, карта рақам ва паролингизни олган сайт ортида турган фирибгарлар ҳисобингизни ҳам “тозалаб” қўйишади. Тавсия: ҳар доим бирон интернет дўкони сайтига кирганингизда, унинг ҳақиқийлигини текшириб кўринг. Сайт кўриниши оригинали билан бир хил бўлади одатда, сизни чалғитиш учун. Сиз унинг домен манзилини текширинг, бирон ҳарф, белги фарқ қилиши керак. Одатда, https билан бошланадиган сайтлар оригинал, http билан бошланадиганлари сохта бўлиб чиқади, шунга ҳам эътибор беринг. Фарқни сездингизми, бўлди, чиқиб кетинг у сайтдан ва браузерингиздан блоклаб қўйинг. “Бепул пишлоқ” усули (албатта, у ерда қопқон бор) Бу қандай ишлайди: кўпинча инсоннинг нафсига ҳужум қилади. Совға, бепул ё арзон буюмлар, хизматлар ваъда қилинади. Нафс етовига юрганда ақл ўчишини фирибгарлар яхши билишади-да. Фейсбукда минглаб одамларга юборилган “Нигериядан мактублар” бунга яққолш мисол. Мактубда сизни бирон лотерея ғолиби дейишади ёки катта мерос пул қолдирилганини айтишади. У пулни ҳисобингизга ўтказиш учун депозитга маълум маблағ (албатта ваъда қилинаётган ютуқ/мерос суммасидан анча кам, бироқ барибир салмоқли) ўтказиш сўралади. Олайлик, 30 миллион доллар мерос қолди, олиш учун 300 доллар ўтказинг дейилади. Пул ўтказилгач, табиийки, хатни ёзганлар йўқолиб қолишади. Айрим фирибгарлар сизни онлайн лотереянинг ғолиби деб эълон қилишади ва ютуқ пулини олиш учун карта рақамингиз ва паролингизни ё телефонингизга келган СМС-кодни сўрашади. Айтдингизми, тамом. Бир неча дақиқада ҳисобингизни бўшатиб, изсиз йўқолишади. Тавсия: ҳеч қачон ҳеч кимга карта рақамингиз, парол ё СМС-кодни айтманг. Фақатгина текширилган, синалган порталларга (таниш етказма хизмати, тўлов иловаси) паролни киритиш мумкин. Паролларни киритишдан аввал ўша ресурсни яхшилаб ўрганинг, танишлардан суриштиринг. Кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб кўринг. Интернетдан топилган иш учун тўлов Бу қандай ишлайди: интернет сайтларда уйда ўтириб тез ва осон пул топиш тўғрисида эълон берилади. Масалан, таржимонлик, SMM, тармоқли маркетинг (савдо) ва ҳ.к. Фақат маълум маблағни депозитга қўйиш сўралади. Бу ғирт қаллоблик. Иш учун пул сўралмайди, аксинча, пул тўланади. Олдиндан пул олиб иш топиб бермоқчи бўлганлар фирибгардан бошқа нарса эмас. Тавсия: ҳеч қачон ҳали сизга кўрсатилмаган хизмат учун олдиндан пул тўламанг. Иш берувчиман деганларга олдиндан пул берманг! Телефон фирибгарлари Интернет фирибгарлардан фарқли томони улар карта маълумотларингизни телефон орқали олмоқчи бўлишади. “Янги қонунлар” Бу қандай ишлайди: “Давлат доим ғамхўр” деган тушунчага ишонган одамларни алдамоқчи бўлишади. Масалан, кекса пенсионерга қўнғироқ қилиб, пенсия ҳисоблашнинг янгича усули жорий қилингани, давлат бирон байрам ё бошқа сабаб биан пенсионерларга ғамхўрлик кўрсатмоқчилиги айтилади. “Пенсиянгиз бир неча ой аввал ошган экан, сизга кам тўлашибди, қолган маблағ фалон сўм бўлди, карта рақамингиз ва СМС-кодни/паролни айтинг” дейишади. Ё бўлмаса янги солиқ ставкалари жорий қилингани, шу сабабли ортиқча ушлаб қолинган солиқларни давлат қайтариб бермоқчилиги баҳона қилинади. Хуллас, сиз хурсанд бўлиб маълумотларни берасиз ва тамом… Тавсия: давлатдан бир сўмни қайтариб олиш осон эмас, бу анчайин бюрократик машина. Шу сабабли бирданига сизга ҳеч бир маълумотномасиз, ҳисоб-китобларсиз пул қайтариб беришларига ишонманг. Маълумотларни берманг. Молия бўлими, “райсобес”, хуллас, ваколатли органларга қўнғироқ қилиб аниқлаштиринг. “Блокланган” карта Бу қандай ишлайди: банк оператори қўнғироқ қилиб, бирон баҳона билан карта маълумотларингизни сўраб олмоқчи бўлади. Масалан, дейди: “Мен банкданман, сизнинг ҳисоб рақамингиздан катта миқдорда пул ечиб олмоқчи бўлишди, биз бу ҳаракатни тўхтатиш учун картангизни блокладик. Энди карта ва ҳисобрақам ростан ҳам сизники эканини текширмоқчимиз, шундан кейин картангиздан блок ечилади. Исминнгиз, фамилиянгиз, карта рақамингиз ва паролингизни айтиб юборинг” дейилади. Сиз албатта шошиб қоласиз, картангизга дахл қилмоқчи бўлган тўқима фирибгардан ғазабланасиз, “ғамхўр банк ходими”дан миннатдор бўласиз, уни дўст билиб, маълумотларни айтиб қўясиз. Паролни айтишингиз билан фирибгар телефоннини ўчиради. Қайтиб у рақамга боғлана олмайсиз, чунки ё яширинган рақамдан, ё хорижий компания рақамидан ё интернет орқали қўнғироқ қилган бўлади. Ҳисобингиз эса, табиийки, бир неча дақиқада бўшатилади. Тавсия: банкда сизнинг шахсий маълумотларингиз бор, картани очтираётганда паспорт маълумотларигача киритгансиз. Шунингдек, карта рақамингизни ҳам билишади. Шу сабабли бунақа маълумотларни сўраганлар банк ходими бўлиши мумкин эмас. Сиз ҳам ақллироқ бўлинг, иложи борича суҳбатни чўзинг, қарши саволлар беринг, масалан, қайси филиалдан қиляпсиз, филиал рақамини бера оласизми, раҳбарингизнинг исми нима, картамни қачон очтирган эканман ва ҳк. Минг учига чиққан фирибгар бўлса ҳам, саволларингизга бирон жойда нотўғри жавоб беради ё иккинчи саволингизнинг ўзидаёқ трубкани ташлаб қочади. Телефон орқали картани блокдан ечиш мумкин эмас, бунинг учун ё иловага кириш ё банкка шахсан боришингиз керак. Ишонманг! “Фойдали омонатлар” Бу қандай ишлайди: қўнғироқ қилиб, сиз мижози бўлган (картангизни олган) банкда омонатларга катта фоизлар берилаётгани айтилади. Масалан, бугун 50 минг сўм пул қўйсангиз, уч кунда 500 минг сўм қилиб оласиз, бу байрам муносабати билан акция” дейилади. Пулни ҳозироқ бирон ҳисоб рақамига ўтказишингиз кераклиги, шунда сизга СМС-хабарнома келиши, уч кундан кейин кўпайган пулингизни шу хабарномани кўрсатиш орқали олишингизни айтишади. Албатта, карта рақамингиз сўраб олинади. Сиз 50 минг кичкина пул-ку деб ўйлаб айтилган жойга ўтказасиз. Шу пайт СМС-код келади. Фирибгар СМС-кодни сўрайди, рўйхатга киритиб қўямиз, уч кундан кейин шу кодни айтсангиз, пул тушириб берилади дейди. Айтасиз. Шу билан саноқли дақиқаларда картадан қолган пулларингизни ечиб олишади. Тавсия: ҳеч қачон банклар пулларини бунақа совуришмайди. Бир суммани олиб қисқа муддатда бир неча баравар кўпайтириб берадиган банк йўқ. Ишонманг! Умумий тавсиялар
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ўн йилда 800 миллион фойдаланувчи: Telegram машҳурлигига сабаб нима? Нега айрим давлатлар уни ёмон кўради?
Бундан ўн йил аввал, августнинг 14 санасида IT олами етакчиларидан бири, журналистларга интервью беришни хушламайдиган Павел Дуров Telegram мессенжерини оммага тақдим этганди.
Бугун Telegram'нинг туғилган куни
Ҳар куни Telegramга 2 ярим миллион янги фойдаланувчи қўшилади — Павел Дуров
Мессенжер асосчиси уй ёки самолёт сотиб олиш ўрнига Telegram ривожи учун пул сарфлашни афзал кўришини айтди.
Қашқадарёда аёлнинг беҳаё расмларини тарқатиш билан қўрқитган “куёв бола” аёл киши бўлиб чиқди