currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликларЎн йилда 800 миллион фойдаланувчи: Telegram машҳурлигига сабаб нима? Нега айрим давлатлар уни ёмон кўради?

Ўн йилда 800 миллион фойдаланувчи: Telegram машҳурлигига сабаб нима? Нега айрим давлатлар уни ёмон кўради?

Ўзбекистон

calendar

15.08.2023

eye

998

Ўн йилда 800 миллион фойдаланувчи: Telegram машҳурлигига сабаб нима? Нега айрим давлатлар уни ёмон кўради?

 

Роппа роса ўн йил аввал августнинг 14 санасида IT олами етакчиларидан бири, журналистларга интервью беришни хушламайдиган Павел Дуров Telegram мессенжерини оммага тақдим этганди.

Уни бошида кўчирмакашликда, оригинал ғоя тополмаганликда айблаганлар бўлди. Янги платформа умри узоққа чўзилмаслигини башорат қилганлар ҳам топилди. Аммо Дуров ортга қайтмади — Telegram’ни “хавфсиз, эркин ҳудуд”га айлантиришга тиришди ва шу йиллар давомида озми-кўпми бунинг уддасидан чиқди. Бугун 800 миллион киши ундан фойдаланади.

Эркин мулоқотга эҳтиёж

Ишга тушганидаёқ WhatsApp асосчиси Ян Кумнинг танқидига учраган Telegram 2022 йили энг кўп юклаб олинган 5 иловадан бири бўлди. Доимий фойдаланувчилари сони эса ўша йили 700 миллионга етди. Павел Дуровнинг сўзларига кўра, тармоқ машҳурлик бобида дунёда етакчи ва ҳар куни 2,5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтади.

Буларнинг бари мессенжер асосчисининг акаси билан бамайлихотир, бехавотир хабар алмашишга бўлган эҳтиёжидан бошланган эди. 2011 йил қишида Россия Госдумасига ўтган сайловлардан кейин оммавий норозилик, қаршилик ҳаракати бошланади.

Давлат сиёсатига қарши суҳбатларга тармоқда “ВКонтакте” майдон вазифасини ўтайди. “ВКонтакте” эса Павел Дуровники эди. Ҳукумат бош директор бщлмиш Павелдан мухолифлар гуруҳини блоклаш, ёзишмаларни ўчириб юборишни талаб қилганида, кескин рад жавобини олади. Дуров ҳеч қачон ҳукумат хизматчиси бўлмаслигини билдиради.

Telegram асосчиси Павел Дуров Фото: Google

Бундай бетгачопарликни кутмаган томон махсус кучларни Дуровнинг хонадонига тинтувга юборади. Худди шу палла қўрққанидан каловланган, чорасизлигини сезган Павел акаси билан қалтис лаҳзаларда хавфсиз хабар алмашиш учун алоҳида платформа — мулоқот воситаси зарурлигини фаҳмлайди ва бу қўрқуви уни икки йилча қийнайди.

Охири акаси Николай Дуров яратган MTProto’даги шифрланган ёзишмалар технологиясини амалда синашга киришган ука вақт ўтиб нима хоҳлаётганини узил-кесил аниқлаб олади.

Telegram ростдан ишончлими?

Ниҳоят 2013 йилнинг августида интернет фойдаланувчиларига WhatsApp’га ўхшаш, аммо хавфсизлик борасида ундан-да ишончли мессенжер тақдим этилади.

Ноябрдаёқ дастурни 1 миллион киши ўрнатиб олади. Кейин эса турли-туман янги функциялар: юборилган хабарни таҳрирлаш, овозли жўнатмалар, Telegraph блог платформасини илова қилиш, хабарни ўчириш, видоеқўнғироқ ва бошқалар қўшиб борилаверади. Жараён тўхтамаган – ҳалигача давом этмоқда.

Telegram’нинг қисқа вақтда машҳурликка эришишининг сабаби ўта жўн – айтишларича, у ишончли мессенжер. Дуров турли пиар компаниялар, омма олдидаги чиқишлари орқали бунга такрор ва такрор урғу беради. Фойдаланувчиларнинг маълумотлари ошкор этилмаслиги, иккинчи томонга берилмаслигини кафолатлайди.

2014 йилгача улоқни бошқа мессенжерларга бермай келган WhatsApp ёз ойларининг бирида 4 соатга тўхтаб қолади. Хакерлар ҳужумига учраган тармоққа ишонч суръати сониялар ичида тушиб, 5 миллионга яқин фойдаланувчи ўша куниёқ ўзини Дуровнинг майдонига “уради”. Шундан кейин Telegram ҳақиқий фаолиятини бошлайди.

2015 йил февралига келиб обрўси ошган мессенжер 48 та давлатда барқарор ишлайди.

Мессенжер энди-энди фаоллашиб, аъзоларини йиға бошлаган йиллари Дуров тақдимотларда кимки акаси Николай билан Telegram’даги ёзишмаларини бузиб кириб, маълумотларни қўлга киритса, биткоинда 200 минг доллар тўлашини эълон қилади. Ҳатто шифрланган матндан бир парчаси сайтга жойлаштирилади.

Аммо буни уддалайдиган топилмайди. Шундан кейин Павел мукофот миқдорини 300 минг долларга оширади. Бу гал ҳам уддабурро хакер топилмайди ва Telegram энг хавфсиз мессенжер мақомини олади.

Дуров ҳалигача тинмайди. “Ишончли”, “хавфсиз” деган мақом унга ҳаммасидан муҳим. Ишга тушганидан икки ярим йил ўтиб 100 миллион фаол фойдаланувчини тўплаган мессенжер ҳатто Жанубий Кореянинг KakaoTalk’ини ортда қолдиради. 2013 йилиёқ ҳукумат кузатуви ва эшитувидан қўрққан 1 миллион кореялик Telegram’дан рўйхатдан ўтволади.

Тақиқлар фойдага ишласа...

Ижтимоий тармоқларни блоклаш ёки вақтинча “овозини ўчириш” кўпинча Telegram’нинг фойдасига ишлаган. 2014 йили Эронда Viber тақиқлангач, 20 миллион фойдаланувчи Telegram’га кўчиб ўтади. Бразилияда WhatsApp икки кунга ўчирилганидан кейин илк соатларданоқ 1,5 миллион одам Дуров мессенжерига ёпишади.

Фото: linDEAL

Худди шундай ҳолат Россияда ҳам кузатилади. 2022 йилнинг мартида Instagram блоклангач, блогерлар оммавий равишда бу томонга хижрат қилади.

Индивидуал аккаунтларнинг тақиқланиши ҳам гоҳи Telegram фойдасига ишлайди. 2021 йили АҚШ президенти Доналд Трампнинг Twitter’и блоклангач, уч кун ичида мессенжер аудиторияси 25 миллион кишига кўпайди ва штатларда юклаб олишлар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллайди.

Орада Россияда Telegram’нинг ўзи ҳам тақиқланади. Тегишли ташкилотга шифрлаш калитини беришдан бош тортгани учун Дуровнинг бу “суянчиғи” 2018–2020 йиллари қора рўйхатларга тиркалади. Аммо бу тескари натижа беравергач, ҳукумат ён беришга мажбур бўлади.

Бугун Хитой, Покистон, Эрон ва Ироқ мессенжерни расман тақиқлаган. Мессенжерни аҳолини ёлғон, текширилмаган ахборот билан манипуляция қилиш баҳонаси билан айрим ҳукуматлар узил-кесил ундан қутилиш пайида. Аммо фойдаланувчиларнинг аксари VPN ёрдамида ўзига зарур маълумотга эга чиқяпти, Telegram’га етиш йўлларини топяпти.

Дунёда олтинчи, Ўзбекистонда биринчи

2021 йил ноябрида ўзимизда ҳам Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, «Одноклассники» фаолияти чекланади. Аммо орадан бир ярим соат ўтиб айрим ижтимоий тармоқларга уланиш тикланади ва “Ўзкомназорат” бошлиғи ишдан олинади.

 Шу йили россиялик Георгий Лобушкин Ўзбекистон мессенжердаги каналлар сони бўйича Россиядан кейин иккинчи ўринга чиқиб олганини маълум қилганди.

Инфографика: Telegram / Лобушкин

 «Кўпчилик билмайди, аммо бугун Ўзбекистон Telegram каналлари сони ва уларнинг аудиторияси бўйича (Россиядан кейин) иккинчи ўринда турибди. Бозор жуда яхши ривожланмоқда ва истиқболи юқори», деб ёзганди у.

Ўтган йили  Сенат ахборот хизмати тақдим этган маълумотда ҳам Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчилари биринчи ўринни эгаллаб, 18 миллионга етгани келтирилганди. Бу рақамлар ўсишдан тўхтагани йўқ.

Минг тақиқ, чекловга қарамай мессенжер энг кўп юклаб олинаётган мобил иловалар орасида йўқолиб кетмаган. Ҳозирда TikTok (672 млн), Instagram (547 млн), WhatsApp (424 млн), CapCut (357 млн) ҳамда Snapchat (330 млн)дан кейин 6-ўринда турибди.

Telegram шунчаки бизнес эмас

2021 йилгача миллионлаб долларини лойиҳасига тиккан Дуров Telegram’га бизнес деб қарамаслигини яширмайди. Гарчи охирги икки йилдан бери реклама плафтормасини тақдим этган бўлса-да, муаллиф учун унинг эркин мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши муҳим. “Айримлар шунча пулни бунга сарфлашдан кўра серҳашам уйми ёки шахсий самолёт сотиб олишни маслаҳат берарди. Бироқ мен ҳеч вақога “эгалик” қилмай (оз миқдорда Bitcoin вa Toncoinдан ташқари, албатта),  бор диққатим, кучимни ишимга бердим”, деб ёзганди каналида.

Ўтган йилнинг ўрталаридан мессенжерда премиум обуна пайдо бўлгач, хабар алмашиш имкониятлари каррасига ортди. Дуровнинг айтишича, атиги 3 фоиз премиум обуначининг бўлиши компаниянинг жамики харажатларини қоплашга етади. Forbes ҳам компания даромадини ойига 45 миллион доллар деб баҳолаганди.

Шу йилнинг июлидан Telegram’га сторислар қўйиш ва уни кўриш функцияси қўшилди. Аввалига бу фақат пулли обуначиларга мўлжаллангани айтилган бўлса, бугундан барча фойдаланувчига тақдим этилиши ваъда қилинди.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 393

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 973

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 469

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 448

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.

Мавзуга доир янгиликлар: