Ўзбекистон
26.10.2023
5 232
Сўнгги йигирма йилликда Ўзбекистонда ажримлар сони мунтазам ошиб бормоқда. Масалан, 2020 йилда 28 минг, 2021 йилда 39 минг ажрим қайд этилган бўлса, бу рақамлар 2022 йилда 48 мингга етган. Кўп ҳолатда ажримлар эр ва хотин ўртасидаги мулкий низолар билан биргаликда содир бўлади. Hudud24.uz ажримдаги энг муҳим масалалардан бири бўлган эр-хотиннинг умумий ва ҳар бирининг алоҳида мулки, умумий мулкни тасарруф этиш, бўлиш ва ундаги улушларни аниқлаш хусусида сўз юритади.
1. Эр-хотиннинг умумий мулкига нималар киради?
Никоҳ давомида олинган мол-мулк эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Хусусан, бундай мулк сирасига қуйидагилар киради: – меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятидан, шунингдек, интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлар; – пенсия, нафақа, шунингдек, моддий ёрдам ва компенсация суммалари (масалан, моддий ёрдам, майиб бўлиш ёки саломатлигига етган зарар учун тўланган сумма ва бошқалар) киради.
2. Мулк эр ёки хотиннинг бирининг номида бўлса-чи?
Қуйидагилар эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади: эр-хотиннинг умумий пулига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматбаҳо қоғозлар, пайлар (акциялар), омонатлар, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда бошқа ҳар қандай мол-мулклари. Ушбу мол-мулклар эр ёки хотиндан қайси бирининг номига расмийлаштирилган, пули эр ва хотиннинг қайси бири томонидан тўланган бўлишидан қатъи назар, умумий мол-мулк ҳисобланади (масалан, уй-жой, машина, омонатлар).
3. Мулк никоҳдан олдин олинган бўлса-чи?
Нафақат никоҳ даврида олинган, балки никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий пулларига олинган буюмлар ҳам умумий мулк саналади. Аммо низо чиққан тақдирда бундай мол-мулкни биргаликда олинганлигини исботлаш керак бўлади. Бундай исботлар сифатида тўлов квитанциялари, чеклар, банк транзакциялари ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
4. Эр ёки хотиндан бири ишламаган бўлса-чи?
Айтайлик, никоҳдан сўнг аёл ишламаган, уй ишлари ва бола парвариши билан банд бўлган. Қонунчиликка кўра, эр-хотиндан бири уй-рўзғор ишлари, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
5. Умумий мулкни сотиш, бировга бериш учун эр-хотиннинг ҳар иккаласи розилиги шартми?
Умумий мулкка нисбатан эр ва хотин тенг ҳуқуқли. Умумий мулкни сотиш, бировга фойдаланишга бериш, совға қилиш ёки бошқача кўринишда фойдаланиш учун уларнинг ҳар иккаласининг розилиги керак бўлади. Масалан, эр номига расмийлаштирилган уй-жойни сотишда хотинидан нотариал тасдиқланган розилик олиши лозим. Агар бундай розиликсиз уй-жой сотилса, хотиннинг аризаси билан суд томонидан бу олди-сотди шартномаси бекор қилинади. Бунда хотин шартнома тузилганлигини билмаганлиги ёки тузишга қарши бўлганлигини исботлаб бериши керак. Бироқ шуни ёдда тутиш керакки, бундай ариза хотин уй сотилганлигини билган ёки билиши керак бўлган кундан бошлаб бир йил давомида берилиши керак.
6. Эр ва хотиннинг ҳар бирининг алоҳида мулкига нималар киради?
Эр ва хотиннинг никоҳгача ўзиники бўлган мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар билан олган мол-мулки уларнинг алоҳида мулки ҳисобланади. Бироқ бу ерда масаланинг яна бир нозик томони бор. Масалан, эрнинг никоҳгача бўлган пайтда олган уйи бор. Никоҳдан кейин хотин бу уйни қайтадан қуриши, капитал таъмирлаши ёки қайта жизоҳлаши натижасида қиймати анча ошди. Шундай ҳолатда бу уй умумий мулк деб топилиши мумкин. Шуни ҳам айтиш керакки, қимматбаҳо буюмлар ва зебу-зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийим-бош, пойабзал ва бошқа шу кабилар), никоҳ давомида эр ва хотиннинг умумий пулига олинган бўлса ҳам, улардан фойдаланиб келган эр ва хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади.
7. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки қандай бўлинади?
Умумий мулк исталган пайтда: эр ва хотиндан бирининг талаби билан никоҳдан ажрашмасдан ҳам, ажрашгандан кейин ҳам бўлиниши мумкин. Шунингдек, эр ёки хотиннинг қарзини ундириш умумий мулкка қаратилганда ҳам мулк бўлиниши мумкин. Умумий мулк ўзаро келишувга кўра бўлинади. Агар эр ва хотин келиша олмаса, бу вазифа судга қолади. Суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унинг улушидан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин. Болаларнинг эҳтиёжи учун олинган буюмлар (масалан, кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади. Шунингдек, болаларнинг номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланади ва бўлинмайди. Шуни айтиш керакки, никоҳдан ажралган кейин умумий мулкни бўлиш тўғрисидаги ариза уч йил давомида берилиши мумкин.
8. Умумий мулкда эр ва хотиннинг улуши қандай аниқланади?
Агар эр ва хотин никоҳ шартномасига бошқача келишмаган бўлса, улушлар тенг ҳисобланади. Аммо суд болалар манфаатидан ва (ёки) эр ва хотиндан бирининг эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотин узрсиз сабабларга кўра ишламаган, даромад олмаган бўлса ёки эр ва хотиннинг умумий мулкни оила манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, тенг тақсимланмаслиги мумкин. Мулкни бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзи ҳам улар олаётган улушга мос ҳажмда тақсимланади. Агар эр ва хотиндан бири умумий мулкни иккинчи томоннинг розилигисиз ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади. Хўш, никоҳ давомида ва ундан кейин пайдо бўлиши мумкин бўлган мулкий низоларни олдини олиш учун нима қилиш керак? Эр ва хотин ўртасидаги мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни никоҳ шартномасида ўзга белгилаб олиш лозим. Албатта, ҳеч ким “кун келиб, ажрашиб кетаман” деган ёмон ният билан оила қурмайди. Бироқ мақола бошида келтирилган статистик маълумотлардан ҳам кўриниб тургандек, реаллик доим ҳам ҳислар билан ҳисоблашмайди. Никоҳ шартномаси эса келгусида вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай келишмовчилик ва ноаниқликларнинг олдини олади.
Муроджон Нажмиддинов,
Hudud24.uz сайти колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.