Ўзбекистон
02.11.2023
2 710
Судда қатнашиш, автомобилни бошқариш, шартнома имзолаш, уй-жойни сотиш, нафақа пулини олиш... Халқ тилида “доверенность” шаклида кўп ишлатиладиган ишончнома билан яна қандай ҳаракатларни амалга ошириш мумкин? Ишончнома берган ва берилган шахс истаган пайтда уни бекор қила оладими? Hudud24.uz бугун шулар ҳақида муҳим маълумотларни тақдим этади. Ишончнома – вакиллик ҳужжати Кундалик ҳаётимизда одамлар билан турли хил ижтимоий муносабатларга киришамиз. Масалан, савдо юзасидан, таълим, ишлаб чиқариш, меҳнат ва бошқа соҳаларда. Бу бизда мазкур муносабатлар юзасидан муайян хатти-ҳаракатларни амалга ошира олиш ҳуқуқи (ваколати) мавжудлигини билдиради. Ушбу ваколатларни бевосита ўзимиз амалга оширишимиз мумкин. Шунингдек, бошқа шахсга ўзимиз номимиздан иш кўриши учун ваколат топширишимиз ҳам мумкин. Мана шу ваколат акс этувчи ҳужжат ишончномадир. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 316-моддасига кўра: “Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради”. Бошқача қилиб айтганда, ишончнома вакил учун учинчи шахслар олдида ваколат берувчининг номидан юридик ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида берилади. Дейлик, шахс ўзида мавжуд ҳуқуқларини жисмоний жиҳатдан улгуролмаслиги, узоқда эканлиги ёки бошқа сабабларга кўра амалга ошира олмайди. Бу ҳуқуқларни билвосита амалга ошириш учун вакилга ўзининг ваколатларини ишончномада аниқ белгилаб, топширади. Бунда вакилнинг ўзига нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келиб чиқмайди. Яъни вакилнинг ҳаракатларидан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва бурчлар ишонч билдирувчига тегишли бўлади. Ишончнома орқали судда қатнашиш, автомобилни бошқариш, шартнома имзолаш, уй-жойни сотиш, нафақа пулини олиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мумкин. Судда вакиллик Ҳар хил вазият бўлиб қолиб, шахс ўзи иштирок этиши керак бўлган суд ишида қатнаша олмаслиги мумкин. Масалан, судда ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга етарли ҳуқуқий билими бўлмаслиги, сафарда бўлиши ёки вақти йўқлиги ва ҳоказо. Шундай ҳолатларда вакил орқали судда иштирок этиш йўли мавжуд. Шартномавий (вакиллик) асосида судда иш кўриш учун вакил ваколатлари ишончномада кўрсатилади. Бунда вакилнинг махсус ваколатлари доираси ишончномада аниқ белгилаб қўйилиши талаб этилади. Айтайлик, ишончномада фақат судда иштирок этиш назарда тутилган бўлса, вакил суд ҳужжати устидан шикоят беришга ёки даъво предметини ўзгартиришга ҳақли бўлмайди. Чунки булар вакил ваколатларида белгиланмаган. Судда вакил орқали иштирок этиш ҳақида бу ерда батафсил ёзилган. Ишончнома орқали автомобилни бошқариш Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак. Шундан келиб чиқсак, автомобил бошқариш учун бериладиган ишончнома ҳам нотариал шаҳодатланиши керак. Бунда мулкдор (яъни автомобилини ишончнома асосида бошқага берувчи) ўзи ёки ўзининг номидан ҳаракат қилувчи бошқа шахс орқали ишончномани имзолайди. Лекин ишончномани тузиш ва тасдиқлаш учун ишончли вакилнинг, яъни автомобилни боқаришга олувчининг иштироки талаб этилмайди. Хизмат кўрсатганлик учун тўлов тўланади. Бу ерда электрон калкулятор орқали тўловлар ҳисобини чиқариш мумкин. !!! Транспорт воситасини яқин қариндошлар ўртасида мажбурий тартибда нотариал ишончномаларни расмийлаштирмасдан бошқаришга қонун ижозат беради. Яъни шахснинг автомобилини унинг фарзанди, турмуш ўртоғи ёки бошқа яқин қариндошлари нотариал ишончномаларсиз бошқариши мумкин. Бунда талаб шуки, транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари транспорт эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган бўлиши керак. Диққат: муддатлар! Қонунда ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши кўрсатилган. Айтайлик, ишончнома 20 апрел куни имзоланди, бироқ қайси вақтгача амал қилиши белгиланмаган. Бундай ҳолда ишончнома бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Ёдда тутинг! Берилган санаси кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас деб топилади. Яна бир гап: ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиш ҳуқуқига эга. Худди шу каби ишончнома берилган шахс ҳам ўзи хоҳлаган вақтда ундан воз кечиши мумкин. Аввалбошдан “Сен ҳам мен ҳам ишончноманинг муддати тугамасидан олдин воз кечишимиз мумкин эмас”, деб келишиб олишса ҳам фойдаси йўқ. Чунки бундай келишув ҳақиқий эмас, деб топилади.
Неъматулло Замонов,
hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ўтган 7 ойда Ўзбекистонда энг кўп қайси автомобиль ишлаб чиқарилган?
Статистика агентлиги январь-июль ойларида ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сонини маълум қилди.
Импорт автомобилларни фақат уларнинг расмий дилерлари томонидан сотилиш талаби бекор қилинди
Бу бўйича Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.