Life Style
05.10.2026
49

Бугун ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Instagram, TikTok, Facebook, Snapchat ва бошқа платформаларда одамлар нафақат кундалик ҳаёти, балки ташқи кўриниши, муваффақияти, саёҳатлари, молиявий имкониятлари ва ҳатто шахсий муносабатларини ҳам намойиш этади. Бир қарашда бу оддий контентдек кўринади. Аммо экран ортидаги «идеал ҳаёт» доимо ҳам ҳақиқатнинг ўзи эмас.
Фотосуратни ретуш қилиш, юздаги нуқсонларни йўқотиш, тана шаклини ўзгартириш, терини силлиқлаш, сунъий равишда бойлик ёки бахтли ҳаёт тасвирини яратиш тобора оммалашмоқда. Натижада ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси бошқаларнинг ҳақиқий ҳаёти билан эмас, уларнинг сараланган ва таҳрирланган тасвири билан ўзини солиштира бошлайди.
Гап энди оддий «интернет маданияти» ҳақида эмас. Масала истеъмолчи ҳуқуқи, болалар хавфсизлиги, реклама шаффофлиги ва инсоннинг руҳий фаровонлигига бориб тақалмоқда.
Норвегия: «Бу сурат ҳақиқий эмас»лигини яшириб бўлмайди
Норвегия бу масалада энг кўп тилга олинаётган мамлакатлардан бири. 2021 йилда мамлакат парламенти Marketing Control Act — Маркетинг назорати тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритди.
Киритилган қоидага кўра, рекламада инсон танасининг шакли, ҳажми ёки териси ретуш ёки бошқа манипуляция орқали ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда махсус белги қўйилиши керак.
Яъни инфлюенсер ёки реклама берувчи инсоннинг юзини силлиқласа, тана шаклини ўзгартирса, терисини идеаллаштирса ёки бошқа визуал манипуляциядан фойдаланса, бу ўзгариш истеъмолчидан яширилмаслиги лозим.
Асосий мақсад — истеъмолчини чалғитмаслик ва айниқса ёшларни «идеал тана» ёки «идеал ташқи кўриниш» ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган тасаввурлар таъсиридан ҳимоя қилиш.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу ерда ретушнинг ўзи тақиқланмаяпти. Давлат «суратни таҳрирлама» демаяпти. Балки «агар таҳрирлаган бўлсанг, буни яширма» деган принципни қўлламоқда.
Франция: ретуш қилинган расм ва сунъий интеллект тасвири алоҳида кўрсатилади
Франция эса инфлюенсерлар фаолиятини тўғридан-тўғри қонун билан тартибга солиш йўлидан борди.
2023 йилда қабул қилинган қонунга кўра, тижорий таъсир ўтказувчилар — инфлюенсерлар тарқатаётган контентда инсоннинг ташқи кўриниши ёки қомати махсус технологиялар ёрдамида ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда аниқ белгилаш талаб этилади.
Бундай тасвирларга «Images retouchées» — «Ретуш қилинган сурат» деган белги қўйилади.
Агар тасвир инсоннинг юзи ёки танасини сунъий интеллект ёрдамида яратиш ёки ўзгартириш натижасида пайдо бўлган бўлса, «Images virtuelles» — «Виртуал тасвир» деган белги қўлланади.
Бу оддий техник талабдек кўриниши мумкин. Аслида эса унинг ортида муҳим ҳуқуқий принцип бор: истеъмолчи ҳақиқатни сунъий равишда ўзгартирилган тасвирдан ажрата олиши керак.
Қонун талабларини бузиш учун муайян ҳолатларда 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 4 500 евро жарима белгиланган.
Буюк Британияда ёндашув бироз бошқача. Бу ерда ҳар бир ретуш қилинган суратни алоҳида белгилаш бўйича Норвегия ёки Франциядагидек умумий талаб йўқ.
Бироқ асосий талаб реклама истеъмолчини чалғитмаслиги шарт.
Британиянинг CAP Code қоидаларининг 2.1-бандига кўра, истеъмолчига тақдим этилётган видео, ахборот материал реклама экани очиқ-ойдин маълум бўлиши керак. 2.3-банд эса маркетинг коммуникациялари тижорий мақсадини яширмаслиги ва истеъмолчини чалғитмаслиги кераклигини белгилайди.
Масалан, танани парвариш қилиш ёки терига таъсир қилувчи маҳсулот реклама қилинаётганда фильтр маҳсулот натижасини ҳақиқатдагидан яхшироқ қилиб кўрсатса, бундай реклама чалғитувчи деб топилиши ва ҳуқуқбузарга чора кўрилиши мумкин.
Буюк Британиянинг Advertising Standards Authority — ASA ташкилоти Instagram'даги beauty filter'лардан фойдаланилган косметика рекламалари бўйича ҳам қарорлар қабул қилган.
Яъни Британиянинг ёндашуви шундай: фильтрдан фойдаланишнинг ўзи эмас, фильтр орқали истеъмолчини алдаш тақиқланади.
Австралия: ижтимоий тармоқда аккаунт очишнинг ўзига ёш чегараси қўйилди
Австралия эса масаланинг бошқа томонига — болалар хавфсизлигига урғу берди.
Мамлакатда Online Safety Act 2021га киритилган қоидалар асосида айрим ижтимоий тармоқларда 16 ёшга тўлмаган болаларнинг аккаунт очишини чеклаш тизими жорий қилинди.
Бу ерда масъулият асосан боланинг ўзига ёки ота-онасига юкланмаяпти. Аксинча, ижтимоий тармоқ платформаларидан 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларнинг аккаунт очишининг олдини олиш учун «оқилона чоралар» кўриш талаб этилмоқда.
Чунки муаммо фақат боланинг телефонда қанча вақт ўтиришида эмас. Мутахассислар ва қонун ижодкорлари платформаларнинг ўзи қандай ишлашини ҳам инобатга олмоқда: алгоритмлар фойдаланувчини такрор лентага қайтариши, контентни узлуксиз намойиш қилиши, лайклар ва бошқа реакциялар орқали психологик таъсир ўтказиши, фойдаланувчини узоқроқ ушлаб туришга хизмат қилувчи хусусиятлар ҳам эътиборга олинмоқда.
Бу ёндашувда жуда муҳим фикр бор: муаммо фақат боланинг телефондан қанча вақт фойдаланаётганида эмас, балки платформа уни узоқ ушлаб туришини чеклаш мақсад қилинган.
Ирландияда ҳам ижтимоий тармоқлар ва видеоплатформалардаги зарарли контентга нисбатан давлат назорати кучайтирилмоқда.
Мамлакатнинг медиа регулятори — Coimisiún na Meán томонидан қабул қилинган Online Safety Code онлайн платформаларга болаларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятлар юклайди.
Унда болалар учун хавф туғдириши мумкин бўлган контентлар қаторида кибербуллинг, ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи материаллар, ўзини ўзи жароҳатлашни тарғиб қилувчи контентлар ва овқатланиш бузилишларини тарғиб қилувчи материаллар ҳам кўрсатилган.
Бу ерда давлатнинг ёндашуви жуда аниқ: болани интернетда ёлғиз қолдириб, «ўзинг эҳтиёт бўл» дейиш етарли эмас. Платформанинг ўзи ҳам хавфсиз муҳит яратиши керак.
Турли давлатларнинг ёндашувлари бир-биридан фарқ қилади. Норвегия ретуш қилинган рекламага белги қўйишни талаб қилади. Франция инфлюенсерларнинг тижорий фаолияти ва сунъий интеллект орқали ўзгартирилган тасвирларини ҳам аниқ белгилашга мажбур қилмоқда. Буюк Британия рекламада фильтрлар истеъмолчини чалғитмаслигига эътибор қаратади. Австралия 16 ёшга тўлмаганларнинг айрим ижтимоий тармоқларда аккаунт очишини чеклади. Ирландия эса платформалардан болаларни зарарли онлайн контентдан ҳимоя қилиш чораларини кўришни талаб қилмоқда.
Уларнинг барчасида умумий нуқта бор: давлатлар ижтимоий тармоқларни энди «оддий интернет платформаси» деб қарамаяпти. У ердаги алгоритмлар, реклама, инфлюенсерлар ва контент инсон ҳуқуқлари ва жамоат саломатлигига таъсир қилиши мумкин бўлган омил сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбекистонда ҳам ижтимоий тармоқлар аудиторияси йил сайин ортиб бораётган бир пайтда хориж тажрибаси эътиборга лойиқ. Бироқ хорижий қонунларни тўғридан-тўғри кўчириш эмас, уларнинг асосий принципларини ўрганиш муҳим.
Масалан, рекламада инсон ташқи кўринишини жиддий ўзгартирган ретуш ёки сунъий интеллектдан фойдаланилган бўлса, бу ҳақда истеъмолчини хабардор қилиш, инфлюенсерларнинг тижорий контентини аниқ белгилаш, болаларга мўлжалланган зарарли контентни чеклаш, рекламада фильтрлар орқали маҳсулот самарасини бўрттириб кўрсатишга йўл қўймаслик каби механизмлар келгусида миллий қонунчилик учун муҳокама қилиниши мумкин.
Чунки рақамли дунёда «бу шунчаки расм», «бу шунчаки блогернинг гапи» ёки «бу шунчаки фильтр» деган ёндашув етарли бўлмай қолмоқда.
Энг муҳими эса инсонни ижтимоий тармоқдаги сунъий стандартларга мослаштириш эмас, аксинча ижтимоий тармоқларни инсон манфаатларига мослаштиришдир.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Профилактика инспектори янги ваколатлари нималардан иборат?
Бу орқали профилактика инспекторининг асосий вазифаси — ҳудудда хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда
Узоқ муддатли тарифларда чегирмалар ҳам назарда тутилган.