currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларШахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳуқуқ

calendar

02.10.2026

eye

595

Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин

Бугун ижтимоий тармоқлар, Telegram каналлари ва турли интернет платформаларида одамларнинг фотосуратларини тарқатиш одатий ҳолга айланган. Бироқ расмда шахсни аниқлаш имкони мавжуд бўлса, уни интернетга жойлаштириш ёки бошқаларга юбориш айрим ҳолатларда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ҳисобланиши мумкин. Қонунчиликда шахсга доир маълумотлар билан боғлиқ муносабатлар алоҳида тартибга солинган.

Расмни эгасининг розилигисиз тарқатиш мумкинми?

Шахсга доир маълумотларни тарқатиш учун, қоида тариқасида, тегишли шахснинг розилиги ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқий асос бўлиши лозим. Шунинг учун бирор кишининг фотосуратини унинг розилигисиз ижтимоий тармоққа жойлаштиришдан олдин ушбу ҳаракат учун қонуний асос бор-йўқлигини аниқлаш муҳим. Айниқса, расм шахснинг шахсий ёки оилавий ҳаётига оид маълумотларни акс эттирса, масала янада жиддий тус олиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46¹-моддаси шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача жарима белгилайди.


Интернетга жойлаштириш ҳам тарқатиш ҳисобланиши мумкин

Шахсга доир маълумотларни тарқатиш деганда маълумотни кенг доирадаги шахсларга ошкор қилиш, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, интернетга жойлаштириш ёки бошқа усулда ундан фойдаланиш имконини бериш тушунилади. Шу сабабли шахснинг фотосуратини Telegram канал, Instagram, Facebook, TikTok, веб-сайт ёки бошқа очиқ интернет платформасига жойлаштириш ҳам ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланиши мумкин.


МЖтК 46²-моддасида қандай жарима белгиланган?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46²-моддасида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, сақлаш, улардан фойдаланиш, бериш, тарқатиш, узатиш ва бошқа ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Амалдаги нормага кўра, бундай ҳуқуқбузарлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари, мансабдор шахсларга эса 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Сунъий интеллектдан фойдаланилса, жавобгарлик янада оғир

Қонунчиликда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш билан боғлиқ алоҳида норма ҳам белгиланган. Жумладан, шахсга доир маълумотларга сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда ишлов бериш, шунингдек уларни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бунда ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари мусодара қилиниши ҳамда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солиниши мумкин.

 

Ҳар қандай фотосурат учун жарима солинадими?

Расмнинг ўзи мавжудлиги автоматик равишда ҳуқуқбузарлик содир этилганини англатмайди. Ҳуқуқий баҳо беришда расмдаги шахс аниқланиши мумкинми, уни тарқатишга розилик берилганми, қонунчиликда бунга бошқа ҳуқуқий асос борми, расм шахсий ёки оилавий ҳаётга оид маълумотни акс эттирадими ва маълумот қандай мақсадда тарқатилгани каби ҳолатлар инобатга олинади.

 

Шахсий ҳаётга оид расмлар алоҳида ҳимоя қилинади

Агар тарқатилган фотосурат шахснинг шахсий ёки оилавий сирини акс эттирса, масала фақат шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан чекланиб қолмаслиги мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46¹-моддаси айнан шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш билан боғлиқ ҳолатларни қамраб олади. 

 

Расмни интернетга жойлаштиришдан олдин нимани ҳисобга олиш керак?

Бошқа шахс акс этган фотосуратни интернетда оммага очиқ тарзда тарқатишдан олдин унинг розилиги бор-йўқлигини ва бундай маълумотни тарқатиш учун қонуний асос мавжудлигини текшириш мақсадга мувофиқ. Айниқса, шахснинг паспорт маълумотлари, телефон рақами, манзили, тиббий маълумотлари ёки шахсий ҳаётига оид бошқа маълумотлар фотосурат билан бирга эълон қилинса, ҳуқуқий хавф янада ошиши мумкин.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: