Ўзбекистон
06.04.2026
172

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 142-моддасига мувофиқ, айрим ҳолатларда ходимнинг ўз ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказилиши иш берувчи учун мажбурий ҳисобланади. Яъни, агар ходим асосли ва қонуний сабаблар билан мурожаат қилса, иш берувчи бу илтимосни рад этишга ҳақли эмас.
Мазкур норма ходимларнинг соғлиғи, оилавий ҳолати ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда аниқ узрли сабаблар белгилаб берилган.
Аввало, агар тиббий хулосага кўра ходим соғлиғи сабабли аввалги ишини бажаришга қийналаётган бўлса ва унга енгилроқ ёки зарарли омиллардан ҳоли иш зарур бўлса, иш берувчи уни вақтинча бошқа ишга ўтказиши шарт. Бу қоида айниқса ишлаб чиқаришдаги хавфли ёки оғир меҳнат шароитларида ишловчилар учун муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, ҳомиладор аёллар учун ҳам алоҳида кафолат мавжуд. Агар тиббий хулосага асосан ҳомиладор ходима енгилроқ ишга муҳтож бўлса ёки зарарли омиллар таъсиридан ҳимояланиши зарур бўлса, иш берувчи уни бошқа мос ишга ўтказиши мажбурий ҳисобланади.
Бундан ташқари, икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган ота-онанинг бири ёки васий ҳам аввалги ишини бажариш имконияти бўлмаганда вақтинча бошқа ишга ўтказилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бу норма ёш болали оилаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Қонунчилик яна шуни ҳам назарда тутадики, агар ходимнинг мурожаати бошқа узрли сабаблар билан асосланган бўлса ва иш берувчида мос иш мавжуд бўлса, бундай ҳолатда ҳам ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш масаласи ижобий ҳал этилиши лозим.
Мазкур жараёнда меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби ҳам муҳим ҳисобланади. Ушбу масала одатда жамоа шартномасида белгиланади. Агар корхонада жамоа шартномаси мавжуд бўлмаса, унда иш берувчи бу тартибни касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда мустақил равишда белгилайди.
Хулоса қилиб айтганда, Меҳнат кодексининг 142-моддаси ходим манфаатларини ҳимоя қилувчи муҳим нормалардан бири бўлиб, у иш берувчига айрим вазиятларда ходим илтимосини мажбурий равишда қаноатлантириш юклатилишини белгилайди. Бу эса меҳнат муносабатларида адолат ва ижтимоий ҳимоя тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби: нималарни билиш муҳим
Барча ишлардан сўнг суд ажрими чиқарилади.
Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш тартиби қандай?
Бугунги кунда кўчмас мулк бозорининг энг фаол тармоқларидан бири — бу уй-жой ижараси ҳисобланади.