currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКасаначилар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Касаначилар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон

calendar

01.05.2026

eye

45

Касаначилар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Мустакиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби иқтисодиётда ҳам туб бурилишлар амалга оширилди. Эски мустабид тузум қолдиқларидан воз кечиб, бозор иқтисодиётига ўтишда танланган ўзига хос тараққиёт йўли бугун ўз ижобий натижаларини бермоқда.

Хусусан, мулкчилик шаклларининг ўзгариши, инсонларда мулкка эгалик ҳиссининг уйғониши ва замонавий бозор инфратузилмасининг яратилиши халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва оилалар даромадини кўпайтиришда касаначилик соҳасининг ўрни беқиёсдир. Ушбу соҳага давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани беъжиз эмас. Зеро, касаначилик нафақат ялпи ички маҳсулот ҳажмини оширади, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади. Айниқса, иш билан банд бўлмаган фуқаролар, кўп болали оилалар, жисмоний имконияти чекланган ва меҳнат қобилияти кам бўлган шахсларни фойдали меҳнатга жалб этишда касаначилик энг самарали усуллардан бири ҳисобланади. Бу тизим инсонларга ўз уйида туриб, оиласи даврасида даромад топиш ва жамият равнақига ҳисса қўшиш имконини бермоқда.

Ҳозирга қадар иқтисодий адабиётларда касаначилик ва унинг мазмуни, уни юритишнинг ўзига хос хусусиятларини асослаб беришга ҳаракат қилинган бир қанча қарашлар шаклланган. Баъзи адабиётларда касаначиликка “уй иши” тушунчаси билан таъриф берилган. Жумладан, “Касаначилик – “надомный труд” деб аталиб, бирор кишининг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий эҳтиёжини қондириш ҳамда маълум даражада даромад (фойда) олиш учун саноат корхоналари билан тузилган шартнома асосида уй шароитида маҳсулот ишлаб чиқариш”. Корхона ходими (ишчиси)нинг корхонада эмас, балки ўзининг уйида ёки устахонасида иш бажариши таърифланган.

Бошқа хориж адабиётларида эса “уй иши” тушунчаси илгари сурилиб, унинг ишлаб чиқариш фаолияти тушунчаси билан биргаликда мустақил тарзда яшовчи бир кишидан ёки қариндошчилик муносабатлари билан боғлиқ бўлган ёки боғлиқ бўлмаган бир неча кишиларнинг саноат корхоналари билан тузилган шартнома асосида уй шароитида маҳсулот ишлаб чиқариши ёки хизмат кўрсатиши эканлиги баён этилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 443-моддасида касаначиликка қуйидагича тариф берилган. Касаначилик тузиладиган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс (касаначи) томонидан ўз яшаш жойи бўйича ёки касаначига ёхуд унинг оила аъзоларига тегишли бўлган ёки касаначи томонидан ижарага олинган бошқа хоналарда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш борасида амалга ошириладиган ишдир. Ўн олти ёшга тўлган жисмоний шахс касаначи бўлиши мумкин. Агар касаначиликнинг хусусияти касаначи билан якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик тўгрисида шартнома тузиш заруратини тақозо этса, ўн саккиз ёшга тўлган шахсларнинг касаначиликни амалга оширишга йўл қўйилади.

Касаначиликни қўллашга, башарти агар касаначи меҳнат шартномасига мувофиқ касаначиликни бажариш учун зарур биноларга, шу жумладан турар жойларга, шунингдек ишни бажариш учун амалий кўникмаларга эга бўлса ёхуд ишни бажаришга ўқитилган бўлса, йўл қўйилади. Касаначилик амалга ошириладиган турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш талаб этилмайди. Касаначилик технология жараёни ва бошқа шарт-шароитлар уй шароитларида бутловчи буюмларнинг, ярим тайёр маҳсулотларнинг, ҳамда ишларнинг айрим турларини ишлаб чиқариш имконини берадиган саноат тармоқларида ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ташкилотлар ҳамда уларнинг буюртмалари бўйича уйда товарлар ишлаб чиқараётган ёки хизмат кўрсатаётган ходимлар ўртасидаги кооперация асосида ташкил этилади.

Бундан ташқари, бу соҳада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосида ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўгрисида” 2006 йил 5 январьдаги ПФ-3706-сон фармонини амалга ошириш юзасидан ва айниқса қишлоқ жойлардаги иш билан банд бўлмаган аҳолини уйда маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ишларини бажаришга жалб этиш учун иш берувчиларга реал рағбатлар яратиш, касаначиликнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий ва меҳнат кафолатларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2006 йил 11 январда қарор қабул қилинган. Унга кўра касанчилик меҳнатини ривожлантириш негизида саноат корхоналари ва хизматлар кўрсатиш ўртасида кооперацияни ривожлантириш бўйича фаолият мувофиқлаштиришни таминлаш ҳамда тармоқ ва ҳудудий даражаларда улар амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб бориши кераклиги ва тармоқлар хўжалик бошқарувида органлари тармоқларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда мураккаб технологиялар ва катта энергетика харажатларини талаб этмайдиган товарларни, бутловчи буюмларни ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш учун фуқароларнинг касаначилик меҳнатидан кенг фойдаланиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни назарда тутиши кераклиги тўгрисида вазифаларни Ўзбекистон Республикаси Камбагалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бажарилиши кераклиги тўгрисида қабул қилинган. Меҳнат кодексининг 446-моддасида касаначи билан тузиладиган меҳнат шартномаси касаначиликни амалга ошириш учун қабул қилинадиган жисмоний шахс билан иш берувчи ўртасида ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузилади унда 104-модда меҳнат шартномасининг мазмуни моддасидаги киритилиши шарт бўлган шартлардан ташқари бу моддада айнан касаначиларнинг ўзларигагина тегишли бўлган хомашё, материаллар ва тайёр маҳсулотларни қабул қилиш ҳамда топшириш тартиби, касаначиларга таътиллар бериш, уни ижтимоий суғурта қилиш ҳамда ижтимоий таъминот шартлари, моддий жавобгарлик шартлари киритилган.

Меҳнат шартномасига киритиладиган ушбу шартлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижтимоий-меҳнат масалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Шунингдек ушбу кодекснинг 445-моддасида касаначиликни қўллаш ёки қўлламаслик шартлари келтирилган. Унга кўра касаначиликни қўллашга, башарти агар касаначи меҳнат шартномасига мувофиқ касаначиликни бажариш учун зарур биноларга, шу жумладан турар жойларга, шунингдек ишни бажариш учун амалий кўникмаларга эга бўлса ёхуд ишни бажаришга ўқитилган бўлса, йўл қўйилади.

Ушбу фаолият амалга ошириладиган турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказиш ҳам талаб этилмайди. Бу тизимда қонунчиликда белгиланган фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия (рухсатнома) олишни, уйда куч сарфлаб ишлатиладиган, кўп энергия сарфланадиган ва техник жиҳатдан мураккаб асбоб-ускуналардан, шунингдек хавфли кимёвий компонентлардан фойдаланишни ва уй шароитларида назорат қилиб бўлмайдиган махсус техника хавфсизлигига риоя этишни талаб қиладиган ишларни бажаришга йўл қўйилмайди.

Мазкур тизим доирасида буюртмалар махсус ташкилот ҳамда корхоналар билан тузилган ўзаро келишув асосида бажарилади. Жамиятда меҳнат ресурсларидан унумли фойдаланиш, аҳолининг қўшимча даромад топиши, иш вақтининг эркинлиги ҳамда алоҳида биноларга эҳтиёж йўқлиги ушбу соҳанинг иқтисодий самарадорлигини белгилаб беради.

Касаначи иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлайди, унинг бажарган барча иши учун бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланади ва унга иш вақтидан ортиқча ишлаганлик, дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик, шунингдек тунги вақтда ишлаганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди. Касаначилик меҳнати билан шуғулланувчи фуқароларнинг ижтимоий таъминотига бўлган ҳуқуқи улар меҳнатга қобилиятсизлик даврида нафақа олишга, пенсия ёшига этганда "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунда назарда тутилган ҳолларда бошланади. Касаначи сифатида жалб этилган ўзини ўзи банд қилган шахсларга касаначилик фаолияти учун назарда тутилган имтиёз ва преференсиялар билан бирга ўзини ўзи банд этган шахслар учун белгиланган имтиёз ва преференсиялар ҳам қўлланилади.

Ҳозирда ўзини ўзи банд этган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари, жумладан, уй шароитида лойдан тандир тайёрлаш, атлас ва адрас тўқиш, уй шароитида болалар ўйинчоғини тайёрлаш каби 19 та қўшимча фаолият турлари рўйхати тасдиқланиб, бу тоифадаги ходимларнинг сони 67 тадан 86 тага етказилди.

Дунёнинг ривожланган давлатларида уйдаги меҳнатдан кенг фойдаланилади. Масалан, АҚШда бу усулда банд бўлганлар сони 5 миллиондан ошади. Японияда эса ҳатто электротехника, электроника ва туризм каби юқори технологик тармоқларда ҳам ушбу тажриба қўлланади. Касаначилик, айниқса, уй ишларидан ажрала олмайдиган, корхона ёки офисларга бориб ишлаш имконияти чекланган ҳамда қўшимча маблағга муҳтож шахслар учун жуда қулайдир. Бу жараён ўзига хос ташкилий ишларини талаб этади. Бунда хомашё ва материалларни ўз вақтида этказиб бериш, тайёр маҳсулотларни олиб кетиш ҳамда белгиланган муддатда ҳисоб-китоб қилиш асосий шартлар ҳисобланади. Қишлоқ жойларида рўзғор юмушлари ва фарзанд тарбияси билан банд бўлган аёллар, шунингдек, имконияти чекланган инсонларни меҳнатга жалб этишда мазкур соҳа катта аҳамиятга эга. У нафақат бандликни таъминлайди, балки миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва ёшларни «уста-шогирд» анъаналари асосида касбга йўналтиришда ҳам қўл келади. Бундан ташқари, мавжуд меҳнат ресурслари ва оила хўжалигининг тузилиши касаначиликни янада кенгайтириш учун қулай шароит яратади.

Айниқса, тикувчилик, каштачилик ва мебельсозлик каби йўналишларда бу тизим жуда самаралидир. Ҳозирда юртимиздаги "Маҳалла" жамғармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан ҳудудларда ушбу фаолиятни ривожлантиришга қаратилган махсус дастурлар изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг касаначилик ва ўзини ўзи банд қилиш соҳасига доир тегишли қарор ва фармонлари мамлакатимизда ушбу соҳани янги босқичга олиб чиқди. Касаначилик фаолияти турларининг 86 тага етказилиши нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки ижтимоий ҳимояни кучайтиришнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур тизим иш берувчилар учун инфратузилма харажатларини камайтириш, ходимлар учун эса мослашувчан иш графиги асосида даромад топиш имконини берди. Энг муҳими, касаначиларнинг пенсия таъминоти қонун билан кафолатлангани уларнинг келажакдаги ижтимоий хавфсизлигини таъминлайди.

Таклифлар:

1) Рақамлаштириш: Касаначилик шартномаларини "Ягона миллий меҳнат тизими" орқали тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ва меҳнат стажи ҳисобланишини автоматик назорат қилиш;

2) Малака ошириш: Янги қўшилган ҳунармандчилик йўналишлари бўйича маҳаллаларда "Уста-шогирд" мактабларини ташкил этиш ва уларга субсидиялар ажратиш;

3) Сотув бозори: Касаначилар тайёрлаган маҳсулотларни сотиш учун махсус онлайн платформаларни ривожлантириш ва маҳсулотларни экспортга йўналтиришда кўмаклашиш;

4) Молиявий қўллаб-қувватлаш: Бу соҳада ишни бошлаётган фуқароларга асбоб-ускуналар сотиб олиш учун имтиёзли ва гаровсиз микрокредитлар бериш кўламини кенгайтириш;

6) Тарғибот: Аҳоли орасида касаначиликнинг ҳуқуқий имтиёзлари ва ижтимоий таъминот олиш тартиби бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш;

Мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш бутун дунёда бўлгани каби бизда ҳам долзарб масалалардан ҳисобланади ва бу муаммоларни ҳал қилиш билан бирга, бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини яхшилаш ва қишлоқ жойларда дехқончилик ва чорвачиликни ривожлантириш учун касаначиликнинг турли шаклларини кенг жорий этиш бу муаммоларнинг яққол ечимидир. Шунингдек мамлакатнинг иқтисодиётини кўтариш меҳнат ресурслари билан бевосита боғлиқ бўлган касаначиликнинг ўзига хос бўлган ютуқлари айнан Ўзбекистон шароити учун энг мақбул бўлган соҳадир. Айнан касаначилик туфайли йўқолиб кетиш арафасида айрим кўҳна, миллий ҳунармандчилик анаъналари қайта тикланади ва шунинг асосида устоз шогирт анаъналари янада ривож топади.

 

Нуриддин Ашуров,
Тошкент давлат аграр университети “Ҳуқуқшунослик” кафедраси ўқитувчиси

                     Ўмирзақов Дилшод,
Тошкент давлат аграр университети Юриспруденция йўналиши

2-босқич талабаси

Улашиш: