Life Style
09.01.2026
267

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халққа йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакат суд-ҳуқуқ тизимида ҳам туб ислоҳотлар даврини бошлаб берди. Унга кўра, эндиликда шов-шувли ва ўта оғир жиноятлар жамоатчилик вакиллари – халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқилади. Бу қадам англо-саксон ҳуқуқ тизимида самарали иш олиб борган "халқ вакиллари ҳайъати" (jury) институтини ватанимизга босқичма-босқич жорий этиш бошланганлигидан далолат беради.
“Халқ вакиллари ҳайъати” – суд жараёнида иштирок этиш учун танлаб олинадиган оддий фуқаролар гуруҳи бўлиб, улар ишдаги далилларни баҳолайди ва айбланувчининг айбдор ёки айбдор эмаслиги бўйича хулоса чиқаради. Судья эса қонунни қўллаш, жараённи бошқариш ва жазо масаласини ҳал этиш ваколатини сақлаб қолади. Бундай ҳайъат оддий фуқаролардан тасодифий танлаш орқали шакллантирилади. Улар махсус ҳуқуқий таълимга эга бўлмаслиги мумкин, аммо жамиятнинг адолатга бўлган қарашини ифода этади.
Халқ вакиллари ҳайъатиниг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- судланувчининг айбдор ёки айбсизлигини аниқлаш;
- тергов ва суд жараёнида тақдим этилган далилларни холисона баҳолаш;
- гувоҳлар кўрсатмаларини тинглаш ва таҳлил қилиш;
- мустақил фикр асосида хулоса чиқариш.
Судья суд жараёнини назорат қилади, қонунни қўллайди ва агар ҳайъат айб исботланган деб топса, жазо турини белгилайди.
Мазкур тизим Ўзбекистонда босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Дастлаб у қуйидаги икки тоифадаги жиноят ишларига нисбатан қўлланилади:
- ўта оғир жиноятлар – қонунчиликда белгиланган энг оғир жиноятлар;
- жамоатчиликда кенг муҳокамага сабаб бўлган ишлар – ижтимоий аҳамиятга эга, оммавий эътиборни қозонган жиноятлар.
Бу ёндашув суд жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва суд қарорларига ишончни оширишга хизмат қилади.
Халқ вакиллари ҳайъати тизими дунёнинг қуйидаги ривожланган мамлакатларида муваффақиятли амал қилмоқда:
— Британия – тизимнинг ватани, асрлар давомида такомиллашган;
— АҚШ – Конституциянинг 6 ва 7-тузатишлари jury ҳуқуқини кафолатлайди;
— Канада – жиноят ва фуқаролик ишларида кенг қўлланилади;
— Австралия ва Янги Зеландия – англо-саксон ҳуқуқ анъаналарини сақлаб қолган.
Бу тажрибалар шуни кўрсатадики, халқ вакиллари иштироки суд тизимига ишончни мустаҳкамлайди ва адолат туйғусини оширади.
Халқ вакиллари ҳайъати институти қуйидаги афзалликларга эга: оддий фуқароларнинг иштироки суд қарорларини жамият қадриятларига яқинлаштиради;
суд жараёнлари очиқ ва тушунарли бўлади; суд қарорининг кўп сонли мустақил фуқаролар иштирок этган ҳолда қарор қабул қилиниши манипуляция, коррупция эҳтимолини камайтиради; ҳайъат аъзолари турли ижтимоий қатламлар вакили ўлароқ, халқ нуқтаи назарини акс эттиради.
Шавкат Ёдгоров
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Топ-100 хорижий олийгоҳлар битирувчиларига ипотека имтиёзи: кимларга берилади ва қандай ишлайди?
Қарорга мувофиқ, мазкур давлат дастурининг субъектлари доираси қатъий белгиланган бўлиб, номзод бир вақтнинг ўзида айрим юридик фактлар (шартлар)га мувофиқ келиши талаб этилади.
Никоҳ шартномаси — оилавий барқарорлик ва ўзаро ишонч кафолати
Замонавий жамиятда ҳаёт суръати тезлашиб, инсонларнинг турмуш тарзи ҳам сезиларли даражада ўзгармоқда.