Содда талқин
19.05.2026
611

Меҳнат кодексининг 306-моддасига кўра, ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётган ходим бир қатор муҳим ҳуқуқларга эга. Мазкур норма хизмат текширувининг адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлашга хизмат қилади.
Аввало, ходим хизмат текшируви нима сабабдан ўтказилаётганини билиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, у комиссия аъзоларини рад этиш ҳақида арз қилиши, хизмат текшируви юзасидан ёзма тушунтириш бериши ҳам мумкин. Ходим текширув давомида илтимосномалар киритиш, ўз фойдасига хизмат қиладиган ҳужжатлар ва ашёвий далилларни тақдим этиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланади.
Бундан ташқари, ходим гувоҳларни сўровдан ўтказиш учун тақдим этиши, хизмат текшируви материаллари билан танишиши, улардан кўчирмалар ва нусхалар олиши мумкин. Текширув якунларига кўра тузилган далолатнома билан танишиш ҳам ходимнинг қонуний ҳуқуқларидан бири ҳисобланади.
Агар комиссия қарорлари ёки ҳаракатларидан норози бўлса, ходим якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Қонунчиликка кўра, ходим ўз шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни рад этиш мақсадида ҳам хизмат текшируви ўтказилишини талаб қилиши мумкин. Бундай ариза иш берувчига ёзма шаклда берилади ва у уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши шарт.
Шу билан бирга, хизмат текшируви ўтказилаётган ходим ўз ҳуқуқларидан виждонан фойдаланиши лозим. У текширувга тўсқинлик қилмаслиги, унда иштирок этишдан бўйин товламаслиги, далилларни йўқ қилмаслиги ёки сохталаштирмаслиги керак. Ҳақиқатни аниқлашга халақит берадиган ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар қонун бузилиши ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Меҳнат кодексининг 306-моддаси хизмат текширувлари жараёнида ходим манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, унга ўзини ҳимоя қилиш ва адолатли муносабат талаб қилиш имконини беради.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби: нималарни билиш муҳим
Барча ишлардан сўнг суд ажрими чиқарилади.
Хизмат текшируви ўтказилаётган ходим қандай ҳуқуқларга эга?
Мазкур норма хизмат текширувининг адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлашга хизмат қилади.