Ҳуқуқшунослик – масъулиятли касб. Ўткир Ҳошимов таъкидлаганидек, шифокор ва ҳуқуқшуноснинг хатосини умуман кечириб бўлмайди. Инсон тақдирини ҳал қиладиган бу касб вакиллари қатор хусусиятларни ўзида жамлаши учун бир нечта бадиий асарларни ўқиши муҳим. hudud24.uz ҳуқуқшунослар учун фойдали бўлган 10 та сара китобни тавсия этади.
Тавсиялар букблогер Маҳин Нурсаидова томонидан тақдим этилмоқда.
- Агата Кристи. “Ўнта негр боласи”
“Ўнта негр боласи” — Агата Кристи қаламига мансуб детектив роман ҳисобланиб, 1939 йилда чоп этилган. Ҳозирги кунда сиёсий сабабларга кўра “Улар ўнта эди” номи остида нашр этилаётган мазкур асарни ёзувчи “яратиш энг қийин бўлгани” дея эътироф этган. Жами саккиз маротаба экранлаштирилган роман барча замонларнинг 100 та энг яхши детектив романлари рейтингида карвонбошилик қилиб келмоқда. Асар 1930 йилларнинг охирларида Девон қирғоқлари яқинидаги қора танлилар яшайдиган оролда бўлиб ўтган воқеаларни ўзида жамлаган.
- Франц Кафка. “Жараён”
Франц Кафканинг фалсафий романи ҳисобланган “Жараён” ёзувчининг вафотидан кейин (1925 йил) чоп этилган. “Жараён” бир нечта нуфузли нашрлар томонидан тузилган рейтингларда асрнинг энг сара 100 та китоби рўйхатига киритилган. Асарнинг ёзилиш тарихи Кафканинг шахсий ҳаётидаги кутилмаган бурилишлар билан бевосита боғлиқ. У ҳаётида юз берган оғриқли жараёнлардан кўп ўтмай асарга қўл урилади. Айни асар туғилаётган пайтда биринчи жаҳон урушининг бошланиб қолиши туфайли роман ёзилишидаги изчиллик йўқолган. Баъзи манбаларга кўра дастлаб романнинг биринчи ва охирги боблари ёзилган, қолганлари устида ишлаш эса вазиятга қараб давом этган.
- Тоҳир Малик. “Алвидо, болалик”
“Шайтанат”, “Сўнгги ўқ” каби ўлмас асарлар яратган Тоҳир Маликнинг болалар орасидаги жиноятчиликнинг сабаблари ва оқибатлари бўйича мулоҳаза юритилган “Алвидо, болалик” асари ёш жиноятчи Қамариддин ва эндигина жиноят оламига кириб келган Асрорнинг, шунингдек, умрини жиноятчиликка қарши курашиб ўтказган Мақсуд Солиевнинг тақдири тўғрисида ҳикоя қилади. Айниқса, майёр Солиевнинг калаванинг учини топиш, жиноятни очишда қилган мулоҳазалари адлия соҳасидагилар учун ажойиб “шпаргалка” вазифасини ўтайди. Неча йиллардан бери ўз аҳамиятини йўқотмай келаётган бу асарни ўқишни тавсия қиламиз.
- Садриддин Айний. “Судхўрнинг ўлими”
Ўзбек ҳамда тожик адабиётининг ёрқин намоёндаси Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” асарида турли хил образлар тасвирланган: судхўрлар, камбағал деҳқонлар, мадраса муллаваччалари, савдо-сотиқ қилувчи савдогарлар. Асар қаҳрамони Қори Ишкамба ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган, бир тийин устида тик туриб, зиқналиги билан дунёга донғи кетган инсон сифатида тасвирланади. Асар нафақат сюжети ва қаҳрамонларининг оригиналлиги, балки ўзига хос тили билан ҳам бошқа асарлардан ажралиб туради. Мазкур асарни ўқиб чиққанингиздан сўнг нафақат бадиий дидингиз, балки сўз бойлигингиз ҳам ўсишига кафолат берамиз.
- Неъмат Аминов. “Ёлғончи фаришталар”
ХХ аср ўзбек ҳажвий ёзувчилигининг энг ёрқин намоёндаларидан бири Неъмат Аминовнинг майдакаш ва муттаҳамлар тўғрисида ёзилган “Ёлғончи фаришталар” асари ўз даврида ўқувчилар томонидан жуда илиқ кутиб олинган. Асарнинг бош қаҳрамони Баширжон бир нечта давлат идораларида ишлаб, майда ўғирликлар қилади, шу сабабли ҳар доим юрагида ҳадик билан яшайди. Яна бир қаҳрамон Шамси Тўраевич эса амалдан тушмаслик учун ҳар қандай пасткашликка боришга тайёр одам ҳисобланади. Ҳавж орқали майда ўғриларнинг кирдикорлари фош этилган мазкур асар ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотмаган.
- Дэниел Гоулман. “Ҳиссий интеллект”
1995 йилда чоп этилган “Ҳиссий интеллект” асарида ҳиссий интеллект инсон ҳаётининг академик, профессионал, ижтимоий ва шахслараро муносабатларида муваффақиятга эришиш учун муҳим эканлиги таъкидланади. Муаллиф асарда ҳиссий интеллект ўргатиш ва ривожлантириш мумкин бўлган маҳорат эканлигини уқтиради ва ҳиссий кўникмаларни мактаб ўқув дастурига киритиш зарур дея иддао қилади. Aсар бир неча йил давомида “The New York Times” нашрининг бестселлерлари рўйхатида бўлган ҳамда дунё бўйлаб 40 та тилда чоп этилган.
- Роберт Грин. “Ҳокимиятнинг 48 қонуни”
Машҳур Роберт Грин томонидан ёзилган мазкур асар 1998 йилда чоп этилган ҳамда ўша вақтдан бери турли рейтингларда юқори ўринларни ҳеч кимга бермай келмоқда. Aсарда бугунги кун элитасининг тарихдаги кучли шахслар билан ўхшаш хусусиятлари солиштирилган. Муаллиф ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлган мазкур китоб 24 та тилга таржима қилинган, Aмериканинг баъзи коллежларида ўқув дарсликларига киритилган, қамоқхоналардаги маҳбусларни қайта тарбиялашда самара келтирадиган китоб дея эътироф этилган.
- Марк Aврелий. “Медитациялар”
Рим императори Марк Aврелийнинг фалсафасидан келиб чиқиб ёзилган “Медитациялар” асари эрамизнинг 161-180 йилларида ёзилган. Маркус Aврелий ҳеч қачон ўз ёзувларини нашр қилдиришни ният қилмаган. Шу боис асарнинг расмий номи ҳам йўқ – кейинчалик "Медитациялар" дея шартли ном берилган. Ушбу асар бир жумладан тортиб то узун абзацгача ҳажми ўзгариб турадиган иқтибослардан ташкил топган. Ҳуқуқ, давлат бошқаруви ва ҳаётий фалсафалардан ташкил топган китоб сизга манзур бўлиши аниқ.
- Фёдор Достоевский. “Жиноят ва жазо”
1865-1866 йилларда Фёдор Михайлович Достоевский томонидан ёзилган “Жиноят ва жазо” асари ижтимоий-психологик ва ижтимоий-фалсафий роман ҳисобланади. Китоб яқинларини қутқариш учун судхўр аёлни ўлдирган талаба Родион Расколниковнинг жинояти асосига қурилган. “Жиноят ва жазо”нинг нашр этилиши жаҳон адабий жараёнларига катта таъсир кўрсатди: француз, итальян, немис адабиётида Достоевский томонидан олға сурилган мавзуни давом эттирган ўхшаш романлар пайдо бўлди. 1880 йилгача асар француз, немис, швед, инглиз, поляк, венгер, итальян, дат, норвег, фин тилларига таржима қилинди. Ўзбек тилида биринчи марта 1977 йилда нашр этилган, атоқли таржимон Иброҳим Ғофуров томонидан ўзбек тилига ўгирилган.
- Чарлз Диккенс. “Хира уй”
1852 йил мартидан 1853 йил сентябргача бўлган даврда 20 қисмли серия сифатида нашр этилган “Хира уй” асари атоқли адиб Чарлз Диккенс қаламига мансуб. Романда кўплаб персонажлар ва бир нечта сюжетлар мавжуд бўлиб, қисман роман қаҳрамони Эстер Суммерсон ва қисман ҳамма нарсани билувчи инсон томонидан ҳикоя қилинган. “Хира уй” марказида васият қилувчининг бир нечта қарама-қарши васиятномаларни ёзганлиги сабабли пайдо бўлган конфликт ва чалкаш суд жараёнлари ётади. Гарчи кўпчилик адвокатлар Диккенснинг сатирасини бўрттирилган деб танқид қилган бўлсалар-да, “Хира уй” суд соҳасида ислоҳот ўтказилишига катта туртки берди. 1870 йилларда ўтказилган ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалга оширилиши айнан ёзувчининг асари таъсирида бўлгани эътироф этилади.