Ҳуқуқ
07.08.2026
83

Кўпчилик хусусий клиникага борсангиз, ҳамма хизмат пулли бўлади, деб ўйлайди. Аслида эса айрим хусусий тиббиёт муассасалари қонун талабига кўра аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатиши шарт. Ушбу тартиб амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган.
Хусусий клиникалар қандай асосда бепул хизмат кўрсатади?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон қарори билан давлат хусусий тиббиёт муассасаларига айрим солиқ имтиёзларини берган. Бунинг эвазига эса хусусий клиникалар ўзлари тежаган маблағларнинг бир қисмини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини бепул даволашга сарфлаши белгиланган.
Хусусан, қуйидаги имтиёзлар назарда тутилган:
— қишлоқ жойларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши;
— 2017 йил 1 майдан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимларининг йиллик ўртача чекланган сонини 25 кишидан 100 кишигача кўпайтириш;
—хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашдан озод этилади;
—хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга тузилган меҳнат шартномалари доирасида тўланадиган даромадлар ягона ижтимоий тўловдан озод этилади;
—хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.
Бепул хизмат қанча миқдорда кўрсатилиши керак?
Адлия вазирлигида 2017 йил 12 июльда 2911-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Хусусий тиббиёт ташкилотларига берилган солиқ имтиёзлари эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан, хусусий тиббиёт муассасалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга жорий йилда кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва сарфланадиган маблағлар миқдори олдинги йил якунлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25 фоизидан кам бўлмаган қисмини ташкил этиши лозим.
Мисол:
Агар клиника солиқ имтиёзлари туфайли ўтган йили 100 миллион сўм маблағни тежаган бўлса, жорий йилда камида 25 миллион сўмлик тиббий хизматларни бепул кўрсатиши шарт.
Кимлар бепул даволаниши мумкин?
Юқоридаги низомга асосан, хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатилади:
— ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
— I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар;
— муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;
— ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;
— етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
— 1941 – 1945-йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
— 1941 – 1945-йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;
— қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган бошқа шахслар.
Бепул тиббий хизматлар кўрсатиш учун уларнинг шахсини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларининг мавжудлиги асос бўлади. Бепул тиббий хизмат олиш бўйича мурожаатлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтидаги махсус электрон базага мурожаат қилинган кунда, мурожаат этувчиларнинг навбатини кўрсатган ҳолда онлайн тизимида киритиб борилади. Хусусий тиббиёт муассасалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга кўрсатилиши режалаштирилган бепул тиббий хизматлар йиллик ҳажмининг ойма-ой тақсимоти муассасага кириш ёки мижозлар учун кўринадиган жойда ҳамда маълумотлар пештахтасида жойлаштирилади.
Умуман олганда, хусусий тиббиёт муассасаси дегани ҳар доим барча учун хизматлар пулли дегани эмас. Давлат томонидан берилган солиқ имтиёзлари эвазига айрим хусусий клиникалар зиммасига аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш мажбурияти юклатилган. Бу нафақат ижтимоий масъулият, балки қонунчиликда белгиланган мажбурият ҳамдир.
Бехрўз Жўраев,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Айрим тиббиёт ходимлари фарзандларининг контракт суммаси бир қисми қоплаб берилади
Давлат томонидан тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёз ва кафолатлар белгиланган. Шулардан бири айрим тиббиёт ходимлари фарзандларининг олий таълим муассасасида ўқиш учун тўланадиган контракт маблағининг бир қисмини қоплаб бериш тартибидир
Қандай ҳаракатлар суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади? 5 муҳим факт
Айрим тоифадаги ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюросига тақдим этилгунига қадар уларнинг ижросини таъминламаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.