Содда талқин
01.12.2023
356
Эртадан бошлаб юртимизга қиличини яланғочлаб қиш кириб келади. Совуқ кунларда иссиққина хонада қайноқ чой ёк қаҳва хўплаб мутолаа қилишдан ортиқроқ завқли иш бўлмаса керак. Hudud24.uz шуни ҳисобга олиб, қишнинг изғиринида илиқ мутолаага тортадиган 10 та энг яхши китобни тавсия қилади.
Тавсиялар букблогер Маҳин Нурсаидова томонидан тақдим этилмоқда.
1. Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз
Абдулҳамид Чўлпон томонидан ёзилган мазкур романга “Ўткан кунлардан ортиқ бўлса борки, кам бўлмаган” дея баҳо берилади. У ўзбек адабиётидаги илк роман — дилогия бўлиб, икки китобдан иборат. “Кеча ва кундуз” романининг фақат “Кеча” қисми мавжуд. Олимларнинг тахминича, Чўлпон “Кундуз” қисмини ҳам режалаштирган ёки ёзган бўлиши ҳам мумкин. Бошқа олимлар эса Чўлпон “Кундуз”ни ҳам ёзган, лекин НКВД уни ҳибсга олганида асар мусодара этилиб, йўқ қилинган деб ҳисоблашади. Асардаги асосий ғоя мавжуд тузумни таг-томири билан ўзгартиришдир. “Кеча ва Кундуз” романида халқ ва жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга молик бўлган барча зиддиятлар, адибнинг бор орзулари ифодаланган.
2. Бернҳард Шлинк. Китоб ўқиб берувчи.
“Китоб ўқиб берувчи” Бернҳард Шлинкнинг романи бош қаҳрамон Михаэль Берг томонидан ҳикоя қилинади. Асар севги, инсоннинг жамиятдаги ўрни ва фашизм мавзуларини қамраб олган, Холокост мавзуси ҳам кўтарилган. Асар 3 қисмдан иборат, қисмларни шундай тушуниш мумкин: 1) ишқий; 2) ижтимоий ёки ижтимоий-тарихий; 3) психологик. Кассетага китоб ўқиб ёзишни бошлаб, 18 йил давомида бу ишни давом эттирган ҳамда тасмаларни севгилисига жўнатган ошиқнинг қизиқарли саргузаштлари сизни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Роман ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган.
3. Эрих Мария Ремарк. Қарзга олинган ҳаёт
Асар жуда самимий, жуда нафис тилда ёзилган. Бош қаҳрамон касалликка чалинган дўсти Холманни кўргани Алп тоғларига келади ва у ерда бир қизга дуч келади. У узоқ йиллардан бери санаторияда даволанар, қиш, тоғдан бошқа нарсани кўрмаганига анча бўлганди. Кунлардан бир кун қиз бош қаҳрамонимиз билан жўнаб кетишга қарор қилади... Асарнинг бош ғояси – инсон ким ва қандай ҳолда (соғлом ёки касал) бўлишидан қатъи назар, ҳаёти қарзга берилган. Ҳеч ким абадий эмас, ҳамма нарса ўткинчи. Умрни мазмунли ўтказишимиз керак. Китобни ўқир экансиз, Алп тоғларининг шабадаси юзингизга урилади. Енгил ўқиладиган мазкур асар қалбингизга ором беради деган умиддамиз.
4. Элизабет Строут. Оливе Киттеридге
Пулицер мукофотини қўлга киритган мазкур асар воқеалари кичик бир шаҳарчада рўй беради. Асар кичкина ҳикоячалардан ташкил топган бўлиб, Оливени оиласи атрофидаги воқеа ва одамларни ҳикоя қилади. Оливени биз асар давомида турли ёшларда кўришимиз мумкин. У бир қарасак 10 яшар ўғилнинг онаси, бир қарасак эса психик муаммоси бор эркакнинг қизи, яна бир қарасак 70 дан ошган бувижон. Жуда кўплаб мавзуларни ўз ичига олгани учун бир нафасда ўқилади, ҳеч қанақа танаффуссиз бир ўтиришда тугатиб қўя оласиз.
5. Ўлмас Умарбеков. Фотима ва Зуҳра
“Фотима ва Зуҳра” ёзувчи Ўлмас Умарбеков томонидан ёзилиб, 1994 йилда нашр этилган детектив йўналишдаги роман ҳисобланади. Асарда мустақилликкача бўлган даврдаги ижтимоий вазият, мафиянинг авж олаётгани ва уларни қўллаб-қувватлаётган раҳбарлар мавзуси бир оиланинг пароканда бўлиб кетиши фонида акс эттирилади. Асарнинг ўткир сюжети, реаллиги китобхоннинг асарга нисбатан қизиқиши ва тушунишини осонлаштиради. Асар бош қаҳрамонларидан бири Зуҳра оиласи учун қасос олиш ниятида дадил ҳаракат қиладиган матонатли қиз сифатида гавдалантирилган. Қаҳрамонлардан бири майор Қодиржон Алиев эса давлат ва қонун ҳимоячиси сифатида ўзига берилган топшириқни виждонан бажаради. Ҳатто оила аъзоларини хавфга қўйиб, Султоновнинг қилмишларини тагига етади. “Фотима ва Зуҳра” романида ўз даврининг долзарб ижтимоий муаммолари ҳам очиқчасига ёритилган. Айни шу жиҳат асарнинг қизиқарлилиги ва ўқишлилигини оширган.
6. Жоанна Роулинг. Гарри Поттер
Фентези жанридаги мазкур асар 500 миллион нусхадан ортиқ сотилган ҳолда анча-мунча рекордларни янгилашга муваффақ бўлган. Тўплам кўринишида сотув бўйича эса дунёда 1-ўринни эгаллайди. Мазкур асарда ўзини сеҳргарлар яширин оламининг бир қисми эканлигини билиб қолган йигитчанинг саргузаштлари баён этилган. Етти китобдан иборат туркум орқали Гарри ва унинг дўстлари душманлари билан жанг қилишлари ҳамда сеҳргарлар дунёсида мувозанатни тиклашларини мароқ билан мутолаа қиласиз. Тўпламнинг муайян китоблари Шокир Долимов томонидан ўзбекчалаштирилган.
7. Ўткир Ҳошимов. Тушда кечган умрлар
“Тушда кечган умрлар” — ўзбек ёзувчиси Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб роман. Роман муаллифнинг энг машҳур асарларидан биридир. Асарда бош қаҳрамон Рустамнинг фожиавий қисмати орқали афғон урушининг маъносиз моҳияти теран ва таъсирчан ифода этилган. Бутун умри давомида тоталитар режим сиёсатининг қалқони ва қиличи сифатида иш кўрган, неча минглаб ҳалол одамлар дилини жароҳатлаган, ёстиғини қуритган Комиссар ҳам ўзига хос фожиавий образдир. Бу кимсанинг фожиаси шундаки, у ўзи қилган мудҳиш ишларни эзгулик деб билади. Шунингдек, асарда Қурбоной хола образи ҳам келтирилади. У бошига тушган шунча қийинчиликларни матонат билан енгган ўзбек аёли тимсолида гавдаланади.
8. Ирвин Ялом. Нитше йиғлаганда
Ирвин Ялом – дунёга машҳур психотерапевт ва ёзувчи. Унинг асарлари дунё китобхонлари қалби ва жавонидан ўз ўрнини аллақачон топган. У “психотерапевтик адабиёт” жанрининг биринчи дарғаси ҳисобланади. “Нитше йиғлаганда” асари ўзига хос таъм ва услубга эга бўлиб, қаҳрамонлар билан яшай бошлаганингизни билмай қоласиз. “Ўлим инсон танлови бўлиши керак. Яъни агар одам касал бўлса, қанча умри қолганидан хабардор бўлиши шарт. Шунда у қолган умрини қандай сарф этишни ўзи ҳал қилади. Ҳеч ким ундан ўлими танловини олиб қўйишга ҳаққи йўқ”. Бу Фридрихнинг гаплари. Табиийки, шифокор сифатида Йозеф Бреер бунга қарши... Ана шундай қизиқарли баҳсларни ўз ичига олган китоб сизга манзур бўлиши аниқ.
9. Девид Никколс. Бир кун
Инсон тақдири нималардан иборат? Ҳаёт йўли қандай бошланиб, қандай тугайди? Шу саволларга жавобни Девид Никколснинг “Бир кун” асаридан олсангиз бўлади. Декстер ва Эмма яқин дўст, бири бой оила фарзанди, иккинчиси эса ўз йўлини топишга мажбур, келажакка қандай умид қилишни билмай қараётган битирувчи. Умуман олганда, асарда шунчаки севги ҳикояси эмас, балки келажак, дўстлик ва кибр, алкоголнинг зарарлари каби мавзулар кўтарилган. Яқиндагина ўзбек тилида чоп этилган мазкур китобни ўқишга шошилинг.
10. Жорж Мартин. Тахтлар ўйини
“Тахтлар ўйини” — америкалик ёзувчи Жорж Мартиннинг “Муз ва олов қўшиғи” фантастик романлари туркумидаги биринчи романи. Илк маротаба 1996 йил 1 августда нашр этилган. Роман 1997 йилда Локус мукофотига,1997 йилги Небула мукофотига ва 1997 йилги Жаҳон Фантазия мукофотига сазовор бўлган. Романда воқеалар турли нуқтаи назардан ҳикоя қилиниб, Мартин Вестерос, Девор ва Таргаренларнинг ҳашаматли ҳаёти қамраб олинади.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.