Ҳуқуқ
29.10.2026
84

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати унинг жамиятдаги ўрни, шахс сифатидаги ҳурмати ва обрў-эътиборини белгиловчи энг муҳим қадриятлардан бири бўлиб, уларни ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқий демократик давлат ҳамда адолатли жамиятнинг асосий тамойилларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматива бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Шунингдек, Конституциянинг 26-моддасига мувофиқ инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги алоҳида таъкидланган.
Асосий қонунимизнинг 31-моддасида ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Кундалик ҳаётда жаҳл устида айтилган сўз, ижтимоий тармоқлардаги киноя ёки таниш-билиш ҳақида ёзилган изоҳ кўпинча “арзимас нарса” деб қабул қилинади, лекин қонунчилигимизда ҳақорат қилиш учун маъмурий жаримадан жиноий жазогача жавобгарлик белгиланган.
Ҳақорат нима ва у туҳматдан нимаси билан фарқ қилади?
Қонунчиликка кўра, ҳақорат қилиш — шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш ҳисобланади. Бунда ҳақоратаниқ бир шахсга қаратилган, одоб-ахлоқ меъёрларига зид шаклда ифодаланган ҳамда қасддан содир этилган бўлиши лозим.
Ҳақорат оғзаки, ёзма ёки турли хатти-ҳаракатлар орқали содир этилиши мумкин. Жумладан, шахсни сўкиш, унга нисбатан таҳқирловчи ибораларни қўллаш, камситувчи лақаблар билан аташ ёки ҳақоратли имо-ишоралар қилиш бунга мисол бўлади.
Биринчи марта содир этилса: маъмурий жавобгарлик
Шахс биринчи марта ҳақорат қилса, одатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 41-моддаси қўлланади. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача жарима белгиланган.
2026 йил 1 сентябрдан БҲМ 440 000 сўм бўлгани учун бу сумма 8 миллион 800 минг сўмдан 17 миллион 600 минг сўмгача етади.
Муҳим жиҳат. Иш юритиш жабрланувчининг аризасига кўра бошланади. “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига (2025-йил 10-июль, ЎРҚ-1075-сон) мувофиқ, ҳақорат ва туҳмат бўйича маъмурий ишлар жабрланувчининг аризаси асосида қўзғатилади. Яъни ҳақоратланган шахс ўзи мурожаат қилмаса, айбдор жавобгарликка тортилмаслиги ҳам мумкин.
Истисно этувчи ҳолат мавжуд: жабрланувчи ночор аҳволда бўлганлиги, вояга етмаганлиги, ҳуқуқбузарга қарам бўлганлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда ваколатли органнинг мансабдор шахси жабрланувчининг аризасисиз ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни бошлаши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддасида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлаш, яъни ҳақорат қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур модда уч қисмдан иборат бўлиб, содир этилган қилмишнинг хусусияти ва ҳолатларига қараб турли жазо чоралари назарда тутилган.
Биринчидан, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран ҳақорат қилиш.
Агар шахс ҳақорат қилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг яна шундай ҳаракатни содир этса, Жиноят кодексининг 140-моддаси биринчи қисмига мувофиқ жиноий жавобгарлик юзага келади.
Бундай ҳолатда айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 200 бараваригача, яъни 88 миллион сўмгача жарима, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишларижазоси тайинланиши мумкин.
Иккинчидан, интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиб, Жиноят кодекси 140-моддасининг 2-қисми билан жавобгарликка олиб келиши мумкин.
Бундай ҳаракатлар учун БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача, яъни 88 миллион сўмдан 176 миллион сўмгача жарима, 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланган.
Муҳим жиҳати шундаки, модданинг ушбу қисми бўйича жиноий жавобгарлик юзага келиши учун шахс илгари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши талаб этилмайди.
Яъни Телеграм, Инстаграм, Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган ҳақоратли пост, изоҳ ёки хабар, ҳатто биринчи марта содир этилган тақдирда ҳам, тегишли жиноят таркиби мавжуд бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Нима учун интернет орқали ҳақорат қилиш учун оғирроқ жавобгарлик белгиланган?
Аудитория нисбатан кенг.Кўчадаги сўзни бир неча киши эшитади, интернетдаги постни минглаб одам кўриши мумкин, бу ҳолат шахснинг обрўйига салбий таъсир қилади.
Доимийлик эҳтимоли мавжуд. Ёзилган матн, скриншот ва қайта улашишлар йиллаб сақланади, жабрланувчининг обрўсига зарар узоқ давом этиши мумкин.
Хабар тез тарқалади. Битта хабар бир неча дақиқада ўнлаб гуруҳ ва каналларга тарқаб кетиши мумкин. Бу ҳолат тарқатилган хабар билан кўплаб фуқароларнинг танишишига олиб келади.
Сохта профиль орқали ҳақорат қилиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Тахаллус ёки сохта профиль орқали ёзилган ҳақоратнинг муаллифи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланиши мумкин. “Анонимлик” жавобгарликдан қутқармайди.
Интернетдаги гуруҳ чатларида ҳақорат қилиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Маҳалла, синф ёки иш жамоаси чатидаги ҳақорат ҳам телекоммуникация тармоғи орқали содир этилган ҳисобланади.
Ҳақоратли хабарларни қайта тарқатиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бировнинг ҳақоратли постини ўз саҳифангизда тарқатиш ёки унга қўшимча таҳқирли изоҳ ёзиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Ёзишдан ва улашишдан олдин ўйланг: бу хабарни нима учун тарқатишим керак? Жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинми ёки аксинчами?
Учинчидан, оғирлаштирувчи ҳолатларда ҳақорат қилиш.
Жиноят кодексининг 140-моддаси учинчи қисмида айрим ҳолатларда содир этилган ҳақорат учун янада оғирроқ жазо белгиланган.
Жумладан, шахсни хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан ҳақорат қилиш, шунингдек, ушбу ҳаракатни хавфли ретсидивцист ёки илгари туҳмат қилганлиги учун судланган шахс томонидан содир этиш шундай ҳолатлар жумласига киради.
Масалан, ўқитувчи, шифокор ёки давлат хизматчисини ўз хизмат вазифасини бажариши билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш мазкур қисм бўйича баҳоланиши мумкин.
Бундай ҳаракатлар учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача, яъни 176 миллион сўмдан 264 миллион сўмгачажарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлариёкибир йилгача озодликни чеклаш жазосиназарда тутилган.
Шу ўринда, мазкур қисмни қўллашда жабрланувчининг касби ёки лавозимининг ўзи эмас, балки ҳақорат унинг хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши билан боғлиқ ҳолда содир этилганлиги муҳим аҳамиятга эга.
Жаримадан ташқари: маънавий зарарни ундиришингиз мумкин.
Ҳақоратга учраган шахс айбдорни маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмаслиги мумкин. Фуқаролик кодекси унга судга даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқини беради.
Шаън ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш (ФК 100-модда). Фуқаро унинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотларни рад этишни талаб қилиши мумкин. Бундай маълумот интернетда тарқатилган бўлса, уни ўчириш ва рад жавобини эълон қилиш талаб қилинади.
Маънавий зарарни қоплаш (ФК 1021–1022-моддалар). Жабрланувчи чеккан руҳий азоб учун пул шаклида компенсация ундирилиши мумкин. Миқдорни суд жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, айбдорнинг айби даражаси ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олиб белгилайди.
Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ҳақорат қилиш, жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали содир этилган бундай ҳаракатлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, ҳар бир фуқаро ўз фикрини билдиришда мулоқот маданиятига риоя этиши ва бошқаларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳурмат қилиши лозим.
Шуҳрат Сулаймонов,
Адлия вазирлиги
Ҳуқуқий ахборот бошқармаси
бош масалаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар оширилади
Янги қоидаларнинг асосий мақсади — инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни ўз вақтида аниқлаш ва муомаладан чиқариш.