Life Style
05.08.2026
43

Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда такроран бузган ҳайдовчилар учун жаримани чегирма билан тўлаш имконияти чекланиши, айрим ҳолатларда эса транспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш таклиф этилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати хавфсизлигини янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Қонун лойиҳасига кўра, айрим қўпол қоидабузарликларни такроран содир этган ҳайдовчилар маълум муддат давомида маъмурий жаримани чегирма билан тўлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Бу чора ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва йўлларда интизомни мустаҳкамлашга қаратилган.
Лойиҳада маъмурий жазонинг янги турини жорий этиш ҳам таклиф қилинмоқда.
Унга мувофиқ, қуйидаги ҳолатларда автомототранспорт воситаси 6 ойдан 1 йилгача муддатга вақтинча олиб қўйилиши мумкин:
— йўл безорилиги;
— ноқонуний пойга ташкил этиш ёки унда иштирок этиш;
— транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш;
— мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш.
Бу чора транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки ушбу ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахсларга нисбатан суд қарори асосида қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида яна бир муҳим янгилик таклиф этилган.
Агар транспорт воситасини вояга етмаган шахсга бошқариш учун бериш оқибатида инсонга ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилса, одам ҳалок бўлса ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқса, автомобилни топширган шахс учун жиноий жавобгарлик белгиланиши режалаштирилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун ҳам алоҳида жавобгарлик назарда тутилган:
— вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш;
— автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ва унда иштирок этиш;
— юк транспорт воситасини тунги вақтда хавфли ҳолатда йўл четида қолдириш;
— транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш;
— белгиланган тезликни 80 км/соатдан ортиқ ошириш.
Депутатлар таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади жазоларни кучайтириш эмас, балки:
— йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш;
— ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш;
— инсон ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш;
— йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Эслатма: Мазкур қонун лойиҳаси ҳозирча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган. Унинг кучга кириши учун қонунчилик жараёнининг кейинги босқичларидан ўтиши, Сенат томонидан маъқулланиши ва Президент томонидан имзоланиши талаб этилади.
Феруз Жўраев
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланди
Lавлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини аниқлаш ва уни минималлаштириш мақсадида коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади
Мастликни аниқлаш учун текширувдан ўтишни рад этса нима бўлади?
Кўпчилик текширувдан ўтишни рад этса, жавобгарликдан қутуламан, деб ўйлайди.