Ҳуқуқ
17.08.2026
777

2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизматлари соҳасида янги қоидалар амал қила бошлайди. Бу борада “Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–294-сон, 14.08.2026 й.) қабул қилинди.
Қарор билан муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятига қўйиладиган талаблар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва шартнома шартларига оид муҳим қоидалар белгиланди.
Янги тартибга кўра, банклар ва микромолия ташкилотларидан ташқари, муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахслар муддатли тўлов хизмати оператори ҳисобланади.
Бундай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи юридик шахс Марказий банк шакллантирадиган Муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилгандан кейин юзага келади.
Реестрга киритиш тартиби ҳам ташкилот турига қараб фарқ қилади:
▪️банклар ва микромолия ташкилотлари — Марказий банкни хабардор қилиш орқали;
▪️бошқа юридик шахслар — Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали.
Қарорнинг 3-банди «д» кичик бандига кўра, кўчмас мулк оператор кўрсатадиган муддатли тўлов хизматининг объекти бўла олмайди. Яъни воситачи-оператор сизга уйни «рассрочка»га олиб бера олмайди. Аммо бу қурувчи ўзи қурган уйни харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сота олмайди, дегани эмас. Чунки қарорнинг 3-банди «а» кичик бандида сотувчи томонидан истеъмолчига тўғридан-тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган. Демак, сиз аввалгидек қурувчининг ўзидан уй-жойни «рассрочка»га олишингиз мумкин. Қарор қурувчи ва харидор ўртасидаги бевосита савдони тақиқламайди.
Муддатли тўлов хизмати объектининг қиймати БҲМнинг 250 бараваридан юқори бўлиши мумкин эмас.
Бу талаб истеъмолчилар учун муддатли тўлов орқали харид қилишда белгиланган юқори чегарани англатади.
Муддатли тўлов хизмати операторининг комиссияси, устама тўловлари ва товар, иш ёки хизматнинг якуний қийматига киритиладиган бошқа тўловлар шартномада алоҳида кўрсатилиши шарт.
Бу талабнинг асосий мақсади — истеъмолчи товарнинг ҳақиқий якуний нархини олдиндан аниқ билишига шароит яратиш.
Энг муҳим янгиликлардан бири — истеъмолчининг асосий қарзидан ташқари тўлайдиган маблағларига чеклов белгилангани.
Жумладан, воситачилик ҳақи, неустойка, жарима, пеня ва жавобгарликнинг бошқа чоралари бўйича тўловлар йиғиндиси йилига муддатли тўлов миқдорининг ярмидан кўп бўлиши мумкин эмас.
Бошқача айтганда, истеъмолчининг қўшимча тўловлари учун юқори чегара белгиланмоқда.
Истеъмолчи муддатли тўлов бўйича ўз мажбуриятини исталган вақтда тўлиқ ёки қисман муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқига эга.
Бунда ундан қўшимча:
▪️ жарима;
▪️ пеня;
▪️ комиссия
ундирилиши мумкин эмас.
Бу норма истеъмолчига қарзни олдинроқ ёпиш имкониятини чекламасликка қаратилган.
Муддатли тўлов хизмати шартномаси бўйича истеъмолчининг мажбуриятининг энг кўп муддати 12 ой этиб белгиланди.
Демак, шартнома тузилган кундан бошлаб истеъмолчининг муддатли тўлов бўйича мажбурияти бир йилдан ортиқ давом этиши мумкин эмас.
Муддатли тўлов хизмати операторларига:
▪️ молиявий истеъмол кредитларини ажратиш;
▪️жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади.
Шу билан бирга, муддатли тўлов шартномалари бўйича талаб қилиш ҳуқуқини исталган ташкилотга эмас, балки бошқа муддатли тўлов хизмати оператори, микромолия ташкилоти ёки банк фойдасига воз кечишга йўл қўйилади.
2027 йил 1 январдан товар истеъмол кредитини тақдим этувчи ташкилотлар қиймати БҲМнинг 3 бараваригача бўлган товар истеъмол кредити шартномалари ва уларнинг ижро этилиши ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиши талаб этилмайди.
Бу кичик миқдордаги истеъмол кредитлари учун алоҳида тартибни жорий этади.
2027 йил 1 январдан:
— муддатли тўлов хизматлари операторлари фаолияти йўлга қўйилади;
— операторлар Марказий банк реестрига киритилиши керак;
— кўчмас мулк муддатли тўлов объекти бўла олмайди;
— шартнома қиймати БҲМнинг 250 бараваридан ошмаслиги керак;
— комиссия ва бошқа қўшимча тўловлар шартномада очиқ кўрсатилиши шарт;
— асосий қарздан ташқари барча тўловлар йиғиндиси йилига муддатли тўлов миқдорининг 50 фоизидан ошмаслиги керак;
— истеъмолчи муддатли тўловни қўшимча жарима, пеня ва комиссиясиз муддатидан олдин тўлаши мумкин;
— муддатли тўлов бўйича мажбуриятнинг энг кўп муддати — 12 ой;
— операторларга молиявий истеъмол кредитлари бериш ва жисмоний шахслардан маблағ жалб қилиш тақиқланади.
Янги тартибнинг асосий мақсади — муддатли тўлов хизматлари бозорида аниқ ва шаффоф қоидаларни белгилаш, истеъмолчининг молиявий мажбуриятларини чеклаш ҳамда шартнома шартларини очиқлаштиришдир.
Феруз Жўраев
тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Бегона юкни олиб ўтиш — «оддий илтимос» эмас: гиёҳвандлик воситалари айланмасига тасодифан аралашиб қолманг
Ҳушёрлик — қўрқув эмас, балки ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашдир.
Муддатли тўловга оид талаблар: нималар ўзгарди?
Муддатли тўлов хизмати шартномаси бўйича истеъмолчининг мажбуриятининг энг кўп муддати 12 ой этиб белгиланди.
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.