#NoComment
17.08.2026
40

Кўпчилик фуқаролар пенсия ва нафақа тушунчаларини бир хил маънога эга деган фикрга боришади. Бироқ амалдаги қонунчиликка кўра, ушбу икки тушунча ҳуқуқий моҳияти, тайинланиш асослари, молиялаштириш манбалари ҳамда олувчилар доирасига кўра бир-биридан фарқ қилади. Шунингдек, уларни тайинлаш шартлари ва тартибида ҳам муҳим ўзига хос жиҳатлар мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ижтимоий таъминот тизими фақат ёшга доир пенсия ва нафақадан иборат эмас. Қонунчиликда ногиронлик ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиялари, ногиронлик нафақалари, болали оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловлар ҳам назарда тутилган.
Мазкур мақолада эса ижтимоий таъминотнинг айнан ёшга доир пенсия ва ёшга доир нафақа турлари мисолида ушбу икки ҳуқуқий институтнинг ўзига хос хусусиятлари, тайинланиш асослари ва улар ўртасидаги асосий фарқлар таҳлил қилинади.
Пенсия ва нафақа тушунчалари ва ҳуқуқий асоси
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ёшга доир пенсия белгиланган пенсия ёшига етган ва қонунчиликда назарда тутилган иш стажига эга бўлган фуқароларга давлат томонидан ҳар ой тўланадиган пул тўловидир. Мазкур пенсия фуқаронинг меҳнат фаолияти давомида орттирган пенсия ҳуқуқига асосланади.
Ёшга доир нафақанинг ҳуқуқий асослари эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 мартдаги 119-сон қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифадаги шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган. Мазкур Низомга кўра, нафақа қонунчиликда назарда тутилган шартлар асосида айрим тоифадаги фуқароларга давлат томонидан ҳар ой тўланадиган ижтимоий тўлов ҳисобланади.
Пенсия ва нафақаларни тайинлаш тартиби
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига асосан эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда ва аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Ёшга доир нафақа эса Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 мартдаги 119-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 18-бандига асосан қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахслар ва болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга тайинланади.
Юқоридаги нормалардан кўриниб турибдики, ёшга доир пенсия ва ёшга доир нафақа фуқароларнинг кексалик даврида моддий таъминлашга хизмат қилса-да, уларни тайинлашнинг ҳуқуқий асослари ва шартлари бир-биридан фарқ қилади.
1-фарқ. Тайинланиш асосларига кўра
Ёшга доир пенсия тайинлаш учун фуқаролар зарур иш стажига эга бўлиши ва пенсия тайинланадиган ёшга етган бўлиши керак. Ёшга доир нафақа тайинлашда эса фуқаролар етарли иш стажига эга бўлмаган, бироқ нафақа олиш учун назарда тутилган шартларга жавоб берадиган ҳолатлар бўлиши керак.
2-фарқ. Миқдор белгилаш тартибига кўра
Ёшга доир пенсия фуқаронинг иш ҳақи, иш стажи асосида ҳисобланади. Ёшга доир нафақа тайинлаш назарда тутилганда унинг миқдори давлат томонидан кўрсатилган бўлади.
3-фарқ. Пенсия ва нафақа олувчи фуқаролар доирасига кўра
Ёшга доир пенсия қонунчиликда белгиланган пенсия ёши ва зарур иш стажига эга бўлган фуқароларга тайинланади. Ёшга доир нафақани эса иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги шахслар, шунингдек қонунчиликда нафақа тайинлаш назарда тутилган айрим тоифадаги фуқаролар олиши мумкин. Бундай фуқаролар болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналар бўлиши мумкин.
Энг муҳим жиҳат
Пенсия — меҳнат фаолияти ва иш стажи билан боғлиқ ҳуқуқ.
Нафақа — муайян ижтимоий ҳолатга кўра давлат томонидан бериладиган ижтимоий таъминот шакли.
Шунинг учун, масалан, шахс пенсия ёшига етган бўлса-ю, давлат пенсиясини тайинлаш учун талаб қилинадиган иш стажи етарли бўлмаса, у ёшга доир пенсия эмас, балки қонунчиликда назарда тутилган ёшга доир нафақа олиши мумкин.
Пенсия ва нафақалар тайинлаш фуқароларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш воситаси ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу икки тушунчани фарқлай билиш ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқларидан тўғри фойдаланиш ва ваколатли органларга мурожаат қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Адхамжон Фазилов,
“Адолат” МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Ҳадя шартномасини бекор қилиш мумкинми?
Ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.
Уй-жой (квартира)ни ижарага бериш шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Уй-жойни ижарага бериш ёки ижарага олишда энг муҳим ҳужжат бу — ижара шартномасидир.