Ўзбекистон
25.10.2023
3 180
“Дунёда энг бахтли киши ким?” деб сўрашса, ҳеч иккиланмай “ўз меҳнат фаолияти билан жамият учун наф келтирадиган инсон”, десак муболаға бўлмайди. Зеро, у нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам бахтли қилиш учун тер тўкади. Аммо бу йўлдаги туҳмат ва бўҳтонлар, адолатсизлик ва ноҳақликлардан ҳеч ким кафолатланмаган. Адолат деб аталмиш туғни кўтариш учун инсондан нафақат кучли ақл-идрок, балки метиндек ирода ҳам талаб этилади. Ана шундай хислат соҳиби, юртимизда кечган “синовли йиллар” юкини мардонавор босиб ўтиб, Республика Ички ишлар таркибидаги жиноятчиликка қарши курашиш жараёнларида жонкуярлик кўрсата олган инсон Эргаш Ишмуратовдир... 1990-йиллар “воқеалари”, қаҳрамонимизга ёғдирилган туҳмат ва фитналар, “катта ўйин”дан четлаштириш жараёнларини ҳамда унинг оқибатлари ҳақида суҳбатлашишга қарор қилдик... - Эргаш ака Ички ишлар органлари соҳаси шарафли бўлиши билан бир қаторда инсондан катта масъулият, жисмоний меҳнат ва кучли ақл-заковат талаб этади. Нима учун айнан шу йўналишни танлашга қарор қилгансиз? - 10 ёшларда бўлган вақтимда Қарши шаҳрида жойлашган автобус бекатларида “киссавурлар” очиқдан-очиқ ўғирлик қилиб юрганликларини кўриб, олдимда бўлган катта ёшдагилар уларни қўллари билан кўрсатишар эди. Шунда “нима учун ҳамма бу ўғриларни таниса, нимага милиция буларни ушламайди?»,-деган савол мени ўйлантирарди. Шунда кейин катта бўлсам, шу ўғриларни албатта ушлаб жазосини бераман деб хаёлимдан ўтказганман. 1978 йилда ўрта мактабни “олтин медаль” билан тамомлаб, Москва шаҳрига жўнаб кетдим. Ўша вақтда машҳур Москва давлат университетининг юридик факультетига ҳужжат топширганман. Гарчи биринчи имтиҳонда 4 баҳо олган бўлсамда, университетга киролмадим. Агар, биринчи имтиҳондан 5 баҳо олганимда, бошқа имтиҳонларсиз, олтин медалим борлиги учун қабул қилинар эдим. Аммо, ўз мақсадим йўлида курашишдан тўхтамадим. Ҳарбий хизматни тамомлаб, 1982 йилда СССР ички ишлар Вазирлиги ҳузуридаги Тошкент Олий милиция мактабига (ҳозирги ИИВ Академияси) ҳужжат топшириб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтдим ва ўқишга кирдим.1986 йили Милиция Олий мактабини “имтиёзли диплом” билан тамомлаб, Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасига ишга юборилдим. - Фаолиятингизнинг илк йиллари оғир ўтган бўлса керак? - Ёдимда, 1986 йил август ойида мени вазифага тайинлаш ҳал бўлаётган бир пайтда, ўша вақтдаги вилоят ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғи Ким Афанасий Семенович мени шахсий иш жилдим билан танишиб туриб, мени бошқарма жиноят қидирув бўлимида қолдиришди ва шу кундан бошлаб жиноят қидирув бўлимида тезкор вакил сифатида ишлай бошладим. Биринчи устозим ўзи миллати корейс бўлса-да, соф ўзбек тилида равон гапирар эди. У инсон биринчи кундан бошлаб менга жиноят қидирув соҳасининг ўткир қирраларини ўргатишни бошлаган. Асосийси, ундан биринчи ўрганган нарсам шу бўлдики, ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто ашаддий жиноятчига ҳам инсон сифатида қарашни ва у билан тўғри муомала қилишни маслаҳат берар эди. Бутун фаолиятим давомида мен унинг насиҳатларига амал қилиб келдим. - 1980-1990-йиллар юртимиз тарихи хусусан Қашқадарё вилояти тарихида суронли ўтган.Бу вақтда “чечаклаган жиноят олами” билан курашиш қандай кечди? Халқимизни эсида бўлса керак 1980 йилнинг ўрталарида Ўзбекистон ички ишлар органларидаги раҳбарлик лавозимларига Собиқ Иттифоқдан, тўғрироғи Марказдан “десантчилар” юборилган эди. Худди шундай “десантчи”лардан Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари ва бошқа бўлим бошлиқлари лавозимларига тайинланган эди. Мени хизмат фаолиятимни бошланиши айнан шу даврга тўғри келган. Мен Милиция Олий мактабида назарий билимларни олиш бир қаторда, бўш вақтларимда кутубхонада мавжуд бўлган китоблардан жиноятларни фош қилиш юзасидан амалиётдаги тажрибалар билан танишиб чиққанман. Ана шу тажрибаларим менга ўзимни назарий билимларимни амалиётга татбиқ қилишга ўргатган. Шу ва бошқа жиҳатлар мени маҳоратли ходим бўлишимга ўз ҳиссасини қўшган деб ўйлайман. Ҳали иш бошлаганимга бир йил бўлмасада, устозим А.Ким мени раҳбарлик қилиш қобилиятимни сезиб, ўзи меҳнат таътилига чиққан вақтда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбариятини олдида бутун масъулиятни бўйнига олиб, мени вақтинчалик жиноят қидирув бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи қилиб тайинлаган ва ўз хизмат хонасини менга топшириб кетган эди. Бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилган жиноий гуруҳларни фош этиш вақтида жонбозлик кўрсатганим, менга юклатилган вазифаларни моҳирона бажарганлигим инобатга олиниб, ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан 1989 йил апрель ойида Қарши шаҳар ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими бошлиғи лавозимига тавсия қилиндим. Ўша вақтда 28 ёшда бўлишимга қарамасдан билдирилаётган масъулиятли вазифани ҳис қилган ҳолда, бор билимим ва тажрибамни ишга солиб ишга киришдим. Шунинг учун илк ишимни жиноят қидирув бўлимидаги савиясиз ва нопок ходимлардан тозалашни бошладим. Бу ходимларни ўрнига ёш бўлса-да, шижоатли кадрларни танлаб, жиноят қидирув бўлимига ишга олдим. Гарчи вилоят ички ишлар бошқармасида ишлаган вақтимда Қарши шаҳрида фаолият кўрсатган кўплаб жиноий гуруҳларни фош этишда иштирок этган бўлсамда, ҳали ҳам бундай гуруҳлардан бир нечтаси фаолиятини давом эттираётганлиги тўғрисида тезкор маълумотларим мавжуд эди. Шунинг учун мен биринчи навбатда Қарши шаҳри аҳолисига ўзларининг ошкорона жиноий хатти-ҳаракатлари билан таниш бўлган гуруҳларни фош қилишга киришдим. Бу гуруҳларнинг жиноий ҳаракатлари бирин-кетин фош қилиниб, улар қонун йўли билан жазога тортилиши, Қарши шаҳри халқини ички ишлар тизимига бўлган ҳурматини оширди. Айниқса, Қарши шаҳрида товламачилик билан шуғулланиб келган спортчи шахслардан ташкил топган, ҳеч ким уларни танобини тортишга ботина олмаган гуруҳнинг қўлга олиниши ва жавобгарликка тортилиши, шаҳарда аҳолининг тинчлиги таъминлашига катта туртки бўлди. Кўрсатган хизматларим эвазига орадан бир йил ўтиб, 1990 йил май ойида Қарши шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари лавозимига тайинландим. - Бошқарув тизимида ишлаган даврингиз катта бир тарих. Албатта, бу жараёнлар кўпчилик учун қизиқ. Айтингчи, катта лавозимда ишлаш, жиноят олами “ўйинлари”дан қўрқмаганмисиз? - Илгари Қарши шаҳрида ўзларини “Шаҳарни эгаси” деб ҳисоблаган ўзбек миллатига мансуб бўлмаган жиноий гуруҳларнинг жиноий кирдикорлари фош этилгандан сўнг, уларнинг “попуги” анча тушиб қолди. Бунинг оқибатида улар Москвадаги танишлари орқали босим ўтказиш мақсадида ўша вақтдаги Қарши шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ва менинг устимдан гўёки биз уларни миллатчилик қилаётганлигимиз ва уларни камситаётганимиз тўғрисида шикоятлар уюштира бошлашди. Шундай шикоятлардан бири ўша вақтдаги СССР ички ишлар Вазирининг “Красная звезда” газетасида берилган интервьюсида ҳам эълон қилинди. Олиб борилаётган ишлар Қарши шаҳри аҳолиси ўртасида милиция ходимларига нисбатан ҳурмат ва ишонч уйғотгани оқибатида, маҳаллий халқ жиноий гуруҳлар тўғрисида ўзларига маълум ҳолатларни етказа бошлашди. Мени раҳбарлигим остида олиб борилаётган жиноятчиликка қарши кураш борасидаги ишларимиз жиноят олами учун қаттиқ зарба бўлиб бораверди. Бунинг оқибатида Қашқадарё вилоятида танилган Қарши шаҳрида яшовчи “жиноят олами авторитети” ҳисобланган Владимир Головин мени жисмоний равишда йўқ қилиш ҳақида жиноий гуруҳларга кўрсатма берганидан хабардор бўлдим. Бу орада жиноят оламининг йирик вақилларидан бири, Қарши шаҳридаги жиноий гуруҳларга раҳбарлик қилиб келаётган, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мансабдор шахсларига жисмоний йўқ қилиш таҳдидини солиб келган хавфли рецидивист Равшанов Асқарни жиноий фаолиятига чек қўйиш мақсадида уни қамоққа олишга эришдим. Шундан сўнг, у тергов изолятори камерасида оғзига 2 мм.лик сим тикиб олиб, очлик эълон қилиб, шантажлик қила бошлади. Бундан саросимага тушиб қолган вилоят ички ишлар раҳбарияти, унинг жиноят оламидаги обрўсидан хавотирланиб, А.Равшановга танланган эҳтиёт чорасини ўзгартиришга қарор қилишади. Бироқ кейинчалик, унинг жиноят иши судда кўрилаётган вақтда суд залига совуқ қурол билан келган. Ишни кўраётган судья унга ҳукм эълон қилинишини ва қамоққа олинишини билсада, эҳтиётсизлик қилиб, соқчи чақирмасдан уни қамоққа олиш тўғрисида ҳукмни эълон қилган. Бу вазиятда А.Равшанов суд залида соқчи бўлмаганлигини сезиб, суд залида бўлган судья ва участка нозирига пичоқ билан таҳдид қилиб, суд залидан қочиб кетишга муваффақ бўлган. Бироқ, судья ўзининг соқчи чақирмаганлиги учун айбини билиб ҳамда А.Равшановнинг ундан ўч олиши мумкинлигидан қўрқиб, бу ҳақда ариза беришдан бош тортган. Бундан руҳланган А. Равшанов 1990 йилнинг декабрь ойи бошларида мени хизмат хонамга кириб келиб, мендан яқинда биз томонимиздан қамоққа олинган Тошкентдан келган гастролер рецидивист шеригини қамоқдан озод қилишимни талаб қила бошлади. Мен рад жавобини берганимдан сўнг, у мендан ўч олишини айтиб чиқиб кетди. - Ўч олиш... Демак, Қарши шаҳар жиноят олами аъзолари томонидан Сизга нисбатан суиқасд уюштирилган. Шундайми? Афсуски шундай...1990 йилнинг 9-декабрь куни суръатга олинган Қарши шаҳрида жиноятчиликка қарши кураш борасида олиб борилган фаолиятимиз тўғрисидаги интервьюйим Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш қилинди. Кўрсатувда жиноий гуруҳлардан олинган ўқ отар қуроллар, портловчи моддалар, гранаталар намойиш қилинди.Шу куни кеч соат 22-00 ларда буни кўрган “жиноят олами авторитетлари” хавфли рецидивистлар В.Головин ва А.Равшановлар олдиндан тузилган режага асосан мени Қарши шаҳрида жойлашган яшаш жойимга ўқ отар ва совуқ қуроллар, сиртмоқлар билан бостириб кирдилар. Мен бу ҳолатда ўзимни тетик тутиб хизматда фойдаланиш учун бириктирилган табель қуролим “Макаров тўппончаси”дан усталик билан фойдаланиб, уларни иккаласини ҳам яшаш уйимда отиб ташладим. Шу куни мени ҳаракатларим юзасидан хизмат текшируви тайинланиб, прокуратура томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.Эртаси куни жиноят оламининг бошқа вақиллари мендан ўч олишни мақсад қилганликларини билиб, суҳбат ўтказдим. Суҳбатлар жараёнида мендан қасд олиш тўғрисида қасам ичганлар ҳақиқий ҳолатни тушуниб етдилар. Шундай қилиб, хизмат текшируви хулосасига кўра, мени ҳаракатларим қонуний деб топилиб, қўзғатилган жиноий иш тугатилди. Бу воқеа, яъни жиноят олами томонидан ички ишлар ходимига нисбатан уюштирилган қуролли суиқасд фавқулодда вазият сифатида баҳоланганлиги сабабли, ўша вақтдаги Ўзбекистон Республикаси Компартияси секретари Ислом Каримов хабардор қилинган. Ислом Каримов 1988 йилга кадар Қашқадарёда обком секретари бўлиб ишлаганда менга ҳужум қилган В. Головин ва А.Равшановларнинг жиноят оламининг авторитетлари эканлигидан хабардор эди. Шунинг учун унинг топшириғига биноан, мени орденга тақдим қилиш тўғрисида ички ишлар бошқармаси раҳбариятига тавсия берилганлигини раҳбарият менга билдирди. Ислом Каримовнинг бу тавсиясига биноан ички ишлар бошқармаси раҳбарияти 1991йилнинг февраль ойида мени ўша вақтдаги СССР Олий Совети Президиуми раиси номига “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирлаш тўғрисида тақдимнома киритган эди. - Ёш бўлишингизга қарамасдан сиздаги ғайрат ва шижоат, ватанни севишдек олий бахтни аслида, Сиздан ўрганиш керак экан. Албатта, бу ютуқ кейинги фаолиятингизга катта таъсир қилган бўлса керак... 1991 йилнинг июнь ойи бошида Собиқ Иттифоқ миқёсида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш Бош Бошқармаси ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар Вазирлиги қошида эса шу Бош Бошқарманинг 6-бошқармаси, вилоятларда бўлимлари ташкил қилина бошланди. 1991 йилнинг июль ойида мен СССР ички ишлар Вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармасининг Қашқадарё вилояти бўйича бўлим бошлиғи вазифасига тайинландим. Мени ёш бўлишимга қарамасдан катта лавозимга тайинланганим, кўпларда қизиқиш уйғотган бўлса, қайсидир ходимларда ҳасад уйғотди. Чунки бундай лавозимга полковник унвонига эга бўлган ходим тайинланиши лозим эди, менинг унвоним эса бор юги катта лейтенант эди. - Маълумки, сиз ишлаган даврларда юқори лавозимларга кураш зимдан давом этган. Манфаатлар ва қарашлар тўқнашган бир даврда янги ишни ташкил қилиш ва кадр танлай билиш жуда мураккаб кечган бўлса керак? - Албатта, бўлимга юклатилган вазифаларни бажариш учун кадрлар танлашим зарур эди. Ходимларни эса вилоят ички ишлар органлари сафидан танлашим ва бунга вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг розилиги талаб қилинар эди. Бироқ у мен бу вазифага ўтганимдан сўнг гўёки мендан хафа бўлгандай ўзини кўрсатиб, фаолиятимга тўсқинлик қила бошлади. Сабаби мен раҳбарлик қилаётган бўлим вилоят ички ишлар бошқармасига Низом талабларига кура бўйсунмас эди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига эса бу ҳолат ёқмас эди. - Қизиқ... Аслида, ёш ва истеъдодли ходимлар юртимизнинг келажаги. Уларга фақат имкон бериш керак. Сиз ҳам ўта масъулиятли ва оғир ишни уддалай олгансиз деб ўйлайман... Зеро, бевосита бошлиғингиз сизга бўлаётган фитналарга қарамасдан сиз учун курашганликлари таҳсинга сазовор. - Раҳбарлик йилларим бўлим фаолиятига вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан бир қатор тўсқинликлар қилинган бўлсада, бўлимимиз томонидан бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, тезкор қидирув тадбирлари натижасида ҳужжатларда ўлик пахта деб кўрсатилган маҳсулотларни ўрнига пахта толасини бошқа давлатларга экспорт қилиш билан шуғулланиб келган гуруҳга нисбатан жиноят иши қўзғатдик. Бу ишни ўзининг вилоятдаги роҳномалари орқали тинчитишга уриниб, менга йўл топа олмаганларидан сўнг, ишни ИИВ даги танишлари орқали ҳал қилишни мақсад қилдилар. Бироқ уларнинг бу режалари хам амалга ошмади. Яна бир шундай жиноят ишларидан бири Ғузор туманида жиноятлари фош қилинган гуруҳ, ўзларига нисбатан бўлган жиноят ишида енгиллик қилиш эвазига ўзларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги раҳнамолари ва вилоятдаги бошқа мансабдор шахслари орқали ҳаракат қилиб кўришди. Бунга эриша олмаганларидан сўнг, мени жуда кўп миқдордаги пора билан ушлашга ҳаракат қилдилар. Бироқ, уларни мени пора билан ушлаш мақсади амалга ошмасдан, пора берган шахсни ўзини жуда кўп миқдордаги пора билан ушлаб прокуратурага топширдим. Менга аталган пора предмети ўша вақтдаги жуда катта миқдорга эга бўлган 300 000 рубль эди. Бу пулга ўша вақтда 10 дона енгил автомашина сотиб олса бўлар эди. Шу жойда ўша вақтдаги вилоят прокурори, ўта ҳалоллиги, билимли ва адолатли инсон эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Инсондан аслида ҳам яхшилик ва яхши амаллар қолади. Нопоклик билан қилинган ҳар қандай иш ва луқма инсонни нафақат бу дунёсини балки, у дунёсини ҳам куйдириши шубҳасиздир. Зеро, бутун фаолиятим даврида бу мезонни ўзимга шиор қилиб олган эдим. 1994 йилларнинг бошларида Хоразм вилоятида ишлаган вақтимда 2 нафар Туркманистон фуқароси 50 000 000 рубль нақд пулларни чегарадан олиб ўтиб, валютага алмаштирмоқчи бўлиб кириб келганлар. Улар бўлимимиз ходимларига пора таклиф қилиб қутулмоқчи бўлганлар. Лекин улар пора олмаганлар. Кейин уларни мени олдимга олиб киришди. Шунда менга ҳам 25 000 000 рублни олишимни, 10 000 000 рублни расмийлаштиришимни, 15 000 000 рублни эса ўзларига қайтаришимни сўрашди. Бироқ, биз ҳеч қачон сотилмаганмиз. Энг қизиғи, шунча миқдордаги пулларни ушлаб давлатга топширган ходимларнинг хар бирига бор йўғи 5000 рублдан мукофот берилди. Бу эса давлатга топширилган пулларнинг 0.01 фоизини ташкил қилади. Ҳозирда эса, агар бирор бир ходим 1000 000 сўм пора таклиф қилинганда олмаса, унга 10 000 000 сўм пул мукофот тарзида берилиш амалиёти кўзга ташланмоқда. - Ўтган йиллар давомида бевосита раҳбарингиздан ташқари яна кимларнинг шахси ва амалидаги уйғунликлари учун қадрлагансиз? - Ўша вақтда Бошқарма бошлиғи Вазир ўринбосари этиб тайинланганидан сўнг унинг ўрнига илгари Қарши шаҳар ва охирги вақтларда Яккабоғ туман ички ишлар бошлиғи лавозимида ишлаган Маҳмуд ака Бекмуродов тайинландилар. Янги тайинланган бошқарма бошлиғи билан илгари ишлаган эдим. Шу жойда алоҳида таъкидламоқчиманки, у инсон Қашқадарё вилоятида тинчлик ва осойишталикни сақлашга, жиноятчиликни кескин камайтиришга ҳисса қўшган инсонлардан бири эди. У инсон вақтида биз келишиб ишлай бошладик. Бир-биримизни ҳар томонлама қўллаб-қувватладик. Зеро, мақсадимиз бир эди. Яъни ҳудудимиз тинчлиги, аҳолининг хавфсизлиги. Шунинг учун ҳам,бошқарма бошлиғи биринчи навбатда мени ички ишлар бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари лавозимига кадрлар захирасига олди. Бошқарма бошлиғи унинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлашга розилик берганимдан сўнг, мен ҳам ўзимнинг бевосита раҳбарим, ИИВ 6-бошқармаси бошлиғининг розилигини олдим. Шунга кўра, тез орада у мени ўзининг биринчи ўринбосари лавозимига вазирликка тавсия қилди. Вазирлик билан мени лавозимга тайинланишим келишилган сўнг, бунга ўша вақтдаги вилоят ҳокими ҳам розилик бериши лозим эди. Бироқ вилоят ҳокими мени ёш эканлигимни баҳона қилиб, бунга розилик билдирмади. Аслида буни сабаблари умуман бошқача эди. - Туҳмат тоши оғир... Йиллар ўтсада унинг асорати қалбга оғриқ беради. Бу эса ҳар қандай кучли инсон иродасини синдириб қўйиши турган гап. Аммо, ундан ҳам ёмони буни “жиноятчи” эмас, ўзингни сафингда бўлган хизматдошларинг қилишидир... Бу “Дўстнинг орқадан пичоқ уриши” билан тенгдир. - Афсуски, манфаатлар тўқнашган жойда орият ва виждон сукут сақлайди, дейишлари бежизга эмас экан. Зеро, менинг Олий мақсадим шу юрт ва халқ учун манфаати учун эди. Бунинг учун бир неча бор ўзимни қурбон қилишимга ҳам тўғри келган. Лекин билмас эдимки, ҳали кўришим керак бўлган “ўйинлар” олдинда турарди... Шу даврда, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасига янги бошлиқ тайинланди. 1992 йилнинг август ойларида мен фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар Вазирлиги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси тугатилиб, бошқарма жиноят қидирув бошқармасига қўшиб юборилди. Шу боис,мен раҳбарлик қилаётган бўлим ҳам тугатилиб, Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси таркибига қўшилди. Мен жиноят қидирув бошқармаси бўлим бошлиғи — бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинландим. Янги тайинланган бошқарма бошлиғига вилоят ҳокими томонидан мени собиқ бошқарма бошлиғининг “одами” деган тамға билан лавозимимдан четлатиш вазифаси қўйилганлигидан хабар топиб, уни қабулига кирдим. Суҳбат давомида у “Мен ҳақимда яхши фикрда” эканлигини, ҳар хил гап сўзларга ишонмаслигимни ва мен вазифамни давом эттиришимни айтиб “эркак”ча сўз берди. Гарчи, мен унинг бу эркакча сўзига ишонмасамда, унинг ваъдасини шахсан ўзидан эшитиш учун кирган эдим. Бироқ, у менга бир кун олдин берган эркакча сўзида турмай, кадрлар бўлими орқали мени бошқа ишга ўтишим тўғрисида рапорт беришимни сўради. Мен бошқарма бошлиғининг “эркакча” берган сўзида турмаганлиги сабабли, кадрлар бўлимидагиларга ҳеч қандай рапорт ёзмаслигимни, агар мени вазифамдан оладиган бўлса, мени хизмат фаолиятимни таҳлил қилиб аттестация қилишларини сўрадим. Шу сабабли, у мени ақлдан озган деб, мени бошқарма тиббиёт бўлими бошлиғи орқали ички ишлар вазирлиги касалхонасида даволанишим кераклигини уқтирган экан. Мен тиббиёт бўлими раҳбарининг кўрсатмасига биноан, касалхонага боришга рози бўлдим. Мени шифокорлар кўрикдан ўтказиб, руҳий соғлом эканлигим тасдиқланган бўлса-да, қўшимча равишда Тошкент Тиббиёт Академияси психиатрия бўлими профессорига олиб боришди. Профессор томонидан ҳам кўрик қилиндим. Шунда ўша профессор ҳам мени руҳий соғлом эканлигимни тасдиқлади. Бошқарма бошлиғининг мени руҳий соғломлигимни текширганидан жаҳлим чиқиб, ўзимни бевосита раҳбарим Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи орқали Ички ишлар Вазирининг кадрлар бўйича ўринбосари қабулига кирдим. Улар эса, менга Вазирликда қолиб ишлашимни тавсия қилишди. Бироқ, улар мени хавфсизлигимни ўйлашган бўлса-да, ўжарлигимдан келиб чиқиб, Қашқадарёда жуда кўп иш қилганлигимни, бунинг натижалари кимлар томонидан йўққа чиқарилишини уйлаб, ўзимни балога гирифтор қилишимни англасамда, Вазирликда ишлашдан воз кечдим. Лекин вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи мени яна ишга қайтиб келганимни кўриб, мени ҳеч бир асосиз вазифамдан озод қилиб, кадрлар захирасига олиш тўғрисида буюк чиқарган экан. Бир кун утиб эса, ҳеч бир асоссиз, мени ички ишлар органларидан бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Бошқарма бошлиғининг бундай асосиз ва қонунсиз буйруқ чиқаришига сабаб, унинг қудаси нуфузли давлат идораларидан бирининг раҳбари эканлиги эди. Бунинг оқибатида ИИВ томонидан мен ва бошқарма бошлиғининг келишмовчиликлари юзасидан текшириш ўтказилиб, текшириш ўтказган комиссиянинг хулосасига кўра вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 14.01.1993 йилдаги мени вазифадан четлатиш тўғрисидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилди ва мен ҳам унинг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида қизиққонлик қилганлигим тўғрисидаги хулосага келинди. Шундан сўнг, бошқарма бошлиғининг 15 январдаги мени “ички ишлар органларидан бўшатиш тўғрисида«ги буйруғи хам бекор қилинди. Бироқ, комиссия хулосасига кўра, мен Қашқадарё вилоят ИИБ бошқармасида ишламаслигим кўрсатилди ва мен Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси тасарруфига юборилдим. -Ҳар бир жойнинг ўз тошу, тарозиси бор. Туғилиб ўсган маскандан йироқ бўлиш, ишни ташкиллаштириш, янги жойда одамлар билан келишиш машаққатли кечган бўлганлиги аниқ... - 1993 йил февраль ойида мен Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ихтиёрига юборилдим. Хоразмга келганимда бошқарма бошлиғи мени илгаридан яхши таниганлиги ва менинг бевосита раҳбарим бўлганлиги сабабли менга ўзим ишлаган лавозимга тенг лавозимга тайинлашини билдирди. Лекин, мен унга лавозим мен учун муҳим эмаслигини, агар менга ишонч билдириб чақирган экан, мени энг оғир ҳудудга юборишини сўрадим. Шунда у, Хива шаҳар ва туман ички ишлар бўлимида аҳвол жуда оғир эканлигини, содир этилаётган жиноятларни фош этилиши қониқарли аҳволда эмаслигини билдириб, мени Хива туман ва шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи этиб тайинлади. Ишлар билан танишар эканман, ғайриқонуний топшириқлар берилаётгани, содир этилаётган жиноятларни ҳисобдан яшириш билан шуғулланаётганликларини, бунинг оқибатида жиноятларни фош этиш қониқарли эмаслиги асосий сабаб эканлигини аниқладим. Ўша вақтдаги у жойдаги тартибга кура, агарда фуқаролардан бирор бир жиноят ҳақида хабар келиб тушса, тезкор гуруҳ воқеа жойига чиқарилмас, бир ходим бориб, жабрланувчини ариза ёзмасликка кўндирар экан. Бунинг эвазига эса, мисол учун сигири ўғирланган бўлса, пул тўпланиб унга сигир олиб берилар экан. Бўлим раҳбарияти мени ҳам ўзларини йўл-йўриқларига юргизишга ҳаракат қилиб кўришди. Бироқ, мен фаолиятим даврида энг ёқтирмаган нарсам, яъни жиноятларни ҳисобдан яшириш билан шуғулланмаганлигим сабабли, бошқа ходимларни ҳам жиноятларни ҳисобдан яширмасликка ўргата бошладим. Буни истамаган раҳбарият менга фитналар уюштирмоқчи ҳам бўлишди, бироқ салоҳияти паст бўлганлиги учун уддалай олмадилар. Кўп ўтмай, ҳисобдан яширилмаган жиноятлар фош этилиб, вазият ижобий томонга ўзгара бошлади. Бироқ мен 2 ойдан сўнг Қарши шаҳридан оиламни Хива шаҳрига олиб келиш учун кетганимда, раҳбарият яна эски қилиқларини давом эттириб, содир этилган бир ўғирлик жиноятини ҳисобдан яширган экан. Бу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, натижада бўлим бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари ва бир нечта ходимлар вазифасидан озод қилинди.Бу ҳодисалардан сўнг бошқарма бошлиғи мени бўлим бошлиғи вазифасига тайинлашини билдирди. Мен эса маҳаллий кадрлар нотўғри тушунмаслиги учун бунга рози бўлмадим. Шунда у ўзининг вилоятдаги биринчи ўринбосарини бошлиқ этиб тайинлашини, мени эса унга биринчи ўринбосар қилиб тайинлашини, бироқ, тумандаги барча ишларни мендан талаб қилишини билдирди. Бу орада барча туманларда бўлгани каби спортчилардан иборат жиноий гуруҳ ҳаракатлари тўхтатилди. Бу эса маҳаллий аҳолининг милиция ходимларига нисбатан ҳурматини оширди. Кўп вақт ўтмай Хива туман ва шаҳар ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш ҳолати бир мунча яхшиланди. Вилоят миқёсида жиноятлар фош этилиши бўйича юқори ўринларга кўтарилдик.Бу орада вазирнинг кадрлар бўйича ўринбосари Хоразмга келганида, мен билан алоҳида суҳбат қилди ва бошқарма бошлиғидан мени яхши ишлаётганлигим тўғрисидаги гапларни эшитиб хурсанд бўлди. Бироқ орадан кўп вақт утмай, менга нисбатан бўлган илгариги ноқонуний ишлар яна бошланиб кетди. 1994 йилнинг июль ойидаги умумий йиғилишда Хоразм вилояти ИИБ бошқармаси бошлиғи вазифасидан бўшатилганлигини эшитдим. Йиғилишда Хоразм вилояти ИИБга бошқа жойдан келган ходимларни вазифасидан озод қилиниб, кадрлар захирасига олишга кўрсатма берилганлигини ҳам билдим. Ушбу рўйхатда мен ҳам борлигим хабар қилинди.Бу орада мен меҳнат таътилига чиқиш тўғрисида ариза берган эдим.Таътилга чиқишдан олдин янги тайинланган Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи қабулига кирдим. Аммо, бошқарма бошлиғи мени эшитиш у ёқда турсин, ҳатто бошини ҳам кўтаришни ҳам истамади. Мен меҳнат таътилида ўзимни туғилган жойим Қарши шаҳрига жўнаб кетдим. - Менимча, ўшанда Сиз каби жуда кўплаб миллат фидоийларининг боши турли туҳматлар остида қолган. - Ҳаётим давомида турли хилдаги туҳмат тошларидан мардонавор ўтганман. Лекин, буниси ҳеч қандай сабабсиз ва асоссиз эди. 1994 йилнинг август ойида таътильдан қайтиб, Хоразм вилоят ИИБга келсам, мен вазифамдан озод этилганлигимни ва кадрлар захирасига олинганлигимни ва мени шахсий иш жилдим ички ишлар вазирлигига юборилганини айтишди. Шундан сўнг, мен вазирликка бориб учрашсам, шахсий иш жилдим Қашқадарёга кетганлигини, у ерда эса шахсий иш жилдим келмаганлигини айтиш билан чегараланишди. Мен бу орада бир неча марта Тошкент, Қарши ва Урганч шаҳарларига беҳуда қатнаб юравердим. Шундан сўнг, мен то 1995 йилнинг 22 январига кадар “ишсиз” бўлиб юрдим. Бу пайтларда Қашқадарё вилоят ИИБ бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган подполковникнинг қабулига кириб, мени шахсий иш жилдим Қашқадарёга юборилганлиги боис, унинг натижаси билан қизиқдим. У эса менга шахсий иш жилдим келмаганлигини, бироқ у шахсий иш жилдимни Хоразм ИИБ дан чақиргани тўғрисида билдириш билан кифояланди. 1995 йилнинг февраль ойида яна Хоразм вилоят ИИБ га бордим. У ерда кадрлар бўлимидаги ходимлар менга “обходной” тўлдиришимни айтишди. Мен хурсанд бўлиб, охир оқибат менинг иш жойим ҳал бўлибди, деб уйлаб турсам, улар мени қўлимга “22.01.1995 йил”да бошқарма бошлиғининг мени ички ишлар органларидан бўшатилганлигим тўғрисида«ги буйруқни тутқазишди. Буйруқни ўқиб кўрсам, асос сифатида мени узоқ муддат давомида ишга сабабсиз чиқмаганлигим кўрсатилган экан.Мен ходимлар бўлимига: “Мен ишга чиқмаган бўлсам, нима учун менга ҳар ойда Хива туман ва шаҳар ИИБ бошлиғи 1- ўринбосарлиги учун маош тўланди? Мени ишга қўймаган бўлишса, қаерда ишлашим керак эди? Агар мен ишга сабабсиз чиқмаган бўлсам, нима учун хизмат текшируви ўтказишиб, мендан бунинг сабабларини аниқлаш учун тушунтириш хати олишмади?» -деган саволлар билан уларга, кейин ким менга бир парча қоғоз тутқазган бўлса ўшаларга ҳам беравердим. Бу саволларга ҳеч бир инсон жавоб беролмас, фақатгина 3 қатор жавоб хатини қўлимга тутқазишар эди. Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган жавобда: “Мен Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.01.1993 йилдаги №16-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар идораларида хизматни ўташ ҳақидаги муваққат Низом” ининг 69-бандига асосан, ички ишлар органлари ходими шаънига доғ туширганлигим сабабли, ички ишлар органлари сафидан бўшатилганлигим кўрсатилган экан. Мен бир неча бор Ички ишлар вазири қабулига кирмоқчи бўлдим. Бироқ ҳеч ким мени қабул қилмади. Кейинчалик эса, мен “қора рўйхат”га тушганлигимни эшитдим... Мен бу гапларни эшитиб ҳайрон қолдим... Кейин билсам, гўёки мен ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифасидан четлатилган ва қамоққа олинган кадрлар бўйича маслаҳатчисига тегишли одам эканлигим учун “қора рўйхат”га тушган эканман. Ўйланиб қолдим, воажаб... Мен бу инсонни умримда кўрмаган ва танимаган бўлсам, қандай қилиб мен уни одами бўлишим мумкин? Лекин, бу саволларга жавоб берадиган одам топилмади. Хўш, ҳолат бўйича тегишли жойларга мурожаат қилмадингизми? - Ҳолат юзасида адолат қидиришдан тўхтамадим.Урганч шаҳар судининг 13.07.1995 йилдаги ажрими билан менинг даъво аризам кўрмасдан қолдирилди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Судининг раисига мурожаат қилдим. Билмадим, нима учундир Конституциявий суд ҳам бу ҳолатларга эътибор бермади. Сабаби эса менга маълум. Мен “қора рўйхат”да бўлиб, туҳматчи ва чақимчиларни ибораси билан айтганда “исёнкорлар” сафида бўлганман. - Айтингчи, Сизни ички ишлар органларидан ҳеч бир асоссиз равишда бўшатилишингиз сабабини нимада деб уйлайсиз? — Ўша вақтларда ҳам, афсуски ҳозир ҳам айрим ҳолатларда таниш-билишчилик, ошна оғайнигарчиликни учратамиз. Шунинг учун ҳам айрим мансабдорлар иложи борича ҳалол,малакали кадрлар устидан иғво ва фитналарни уюштириб, улардан қутилиш йўлларини ўйлаб топганлар. Улар халқ ва миллат йўлида хизмат қилган, катта раҳбарларнинг назарига тушган ҳар қандай одамни йўқ қилиш йўлига ўтганлар. Шахсан менга келсам, мен ҳар бир ҳолатда ўз фикримга эга бўлганман. Ҳар бир салбий ҳолатларга танқидий фикр билдирганман. Фикрларимни ўрганиш,ундан хулоса чиқариш ўрнига мендан қасд олишга уринганлар. Нимаси қизиқки ва ачинарлики, айнан Сизнинг танқидий фикрларингиз бирор бир “ҳалол ва виждонан ишловчи” мансабдорга бориб етмайди. Энг аламлиси ҳам шундаки, миллат ва ватан тақдири учун жон куйдириб ишлаган бир вақтингизда, сизнинг номингизга доғ туширишади, устига-устак туҳмат ва бўҳтон билан ишдан бўшатишади. Бу фитначилар немис миллатчиси И.Геббелснинг: “Ёлғон қанчалик даҳшатли бўлса, одамлар бунга тез ишонишади”, -деган қабилида иш тутишади. Мен айнан собиқ Президент Ислом Каримов назарига тушган кадрлардан бири эдим. Мендан қасд олмоқчи бўлганлар шундай бўҳтон ва туҳматлар уюштириши лозим эдики, айнан давлат раҳбарига нисбатан нотўғри ишларда иштирок этганлигим тўғрисида маълумот тарқатилиши лозим эди. Бу фитначилар айнан шу вазиятдан фойдаланишди. 1994 йил август ойида собиқ Президент Ислом Каримовнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ишдан бўшатилиб, қамоққа олингандан сўнг, мен ҳам мана шу гуруҳ аъзоси эканлигим тўғрисида маълумот тарқатилган эди. Лекин, уларда мени жавобгарликка тортиш учун бирор бир далил мавжуд эмас эди. Шундан сўнг душманларим томонидан мени яқинда қамоққа олинишим, тезда мамлакатни тарк этишим лозимлиги тўғрисида ўзларининг одамлари орқали гаплар етказилди. Агарда, мен бу гапларга ишониб мамлакатни тарк этган тақдиримда, ҳамма бўҳтонлар ҳақиқатга айланиши лозим бўлар эди. Бироқ, мен мамлакатни тарк этмадим. Ваҳоланки, менга ўша вақтларда Россия ва Украинадан таклифлар бўлган эди. Афсуски, туҳматнинг умри қисқа бўлади. Мана ҳозирда сирлар фош бўлиб, ўша фитначиларнинг ўзлари шармандаи шармисор бўлдилар. - Адолатсизлик ва ноҳақлик қурбони бўлиш оғир. Лекин яшаш учун курашиш керак. Хўш, кейинги фаолиятингиз қандай кечди? - Шундан сўнг мен Қашқадарё вилоят Божхона бошқармаси бошлиғининг таклифига биноан у ерда “Контрабандага қарши курашиш” бўлимига ишга жойлашдим. Сўнг вилоят ҳокимининг тавсияси билан мен Қашқадарё вилоят Солиқ бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи вазифасига тайинландим. Кейинчалик мен Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Қашқадарё вилоят бошқармасида турли лавозимларда ишладим. Мана 11 йилдирки адвокатлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқдаман. Адвокатлик фаолиятим давомида 20 дан ортиқ шахсларни реабилитация қилишга эришдим. Шулардан 10 дан ортиғи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидир. Зеро, ўзим туҳматлар оловидан ўтганим учун ноҳақ айбланган соҳа ходимларига ёрдам бера олсам, бу мен учун ҳаётим давомида энг катта ютуқларимдан бири бўлади. - Қизиқ... Сиз шунча инсонларни ноҳақ айбловлардан қутқарган бўлсангиз, наҳотки ўзингизга нисбатан бўлган ноҳақ айбловлардан қутқара олмасангиз? - Саволингиз ўринли. Менга аслида бирор бир айблов қўйилмаган. Агарда, мен бирор бир жиноят иши бўйича айбланган тақдиримда, мен ҳозирга қадар бу айбловларни суд орқали бекор қилдирган бўлар эдим. Аламлиси шундаки, менга нисбатан қилинган бўҳтонлар “ёзилмаган қонунлар” билан белгиланган. Биласизми, инсон ўзи ўзини ҳеч қачон оқлай олмайди. Шунинг учун ҳам мен шунча йиллар давомида бирор жойга мурожаат қилишга ботинмадим. Ўйлайманки, бир кун адолат қарор топади. Юқорида айтганимдек, мени ички ишлар органларидан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ҳеч бир асоссиз ва қонунсиз чиқарилган. Бунинг исботи сифатида, ҳаммамизга маълумки ҳозирда Шавкат Мирзиёев Президент бўлганларидан сўнг 2017 йилда сирлар очилиб, ўша вақтдаги давлат раҳбарининг кадрлар сиёсати бўйича собиқ маслаҳатчиси бўлган инсонга нисбатан туҳмат ва бўҳтон уюштирилганлиги маълум бўлди. Унга қўйилган айбловлар олиб ташланди ва у суд ҳукми билан бутунлай оқланиб, реабилитация қилинди. - Миллат тақдири ҳақида ўйлаганингизда нималар ҳақида хаёлга бериласиз? Ички ишлар органларидан бўшатилганингизга афсусдамисиз? Аслида фидоий инсон ҳеч қачон фидоийлик ҳақида гапирмайди. У амалда юрт равнақи, халқ манфаати йўлида хизмат қилиши билан ифодалайди. Аслида, инсон ҳаётида “қора кунлар” бошланган бўлса, сабр қилиши керак. Демак, тақдир бизга ниманидир тушунтирмоқчи... Ишдан ноҳақ бўшатилганлигим учун афсусланмайман. Афсусланадиган нарсам шуки, мени устимдан ғийбатлар тарқатган собиқ Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқлари даврида ички ишлар бошқармасида шармандали, халқни эътиборига тушган ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган даҳшатли жиноятлар, бутун соҳага доғ туширган воқеалар содир бўлди. Бунинг оқибатида жиноят қидирув соҳасида фаолият кўрсатган кўплаб ходимлар жиноий жавобгарликка тортилдилар. Бунинг исботи менга нисбатан бўҳтонлар тарқатган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқлари ҳам жавобгарликка тортилганлигидир. Зеро, ҳақиқат қиличи қанчалик ўткир бўлса, унинг оғриғи ҳам дунёга татигуликдир. -Ҳаётингиз давомида қандай хатоларга “йўл қўйдим” деб ўйлайсиз? Инсон борки хато қилади. Лекин хатони тан олиш уят эмас. Шунинг учун мен ҳам инсон сифатида кўплаб хатоларга йўл қўйган бўлишим мумкин. Кимки менга хатоларимни кўрсатган бўлса, улардан ҳеч қачон хафа бўлмаганман. Чунки, тўғри сўз аччиқ бўлади. Уни ҳазм қилиш қийин. Хатоларимдан биттаси шундаки, мен ўзимга мурожаат қилган инсондан ёмонлик қидирмайман ва ёмон гумонларга бормайман. Афсуски, охир-оқибатда бу инсонлар сиз ўйлагандек бўлиб чиқмайди. Мен ўзимни жуда яхши биламан. Гарчи мени ўзбошимча, қайсар деб ўйлашса-да, аслида ундай инсон эмасман. Аллоҳ таоло бизга яхшилик қилишни буюрган. Шунинг учун ҳадисларда биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бериш айтилган. Мазлумгаку ёрдам берилади, золимга қандай ёрдам берилади. Зеро, золимни зулмдан тўхтатиш ва қайтариш буюрилган. Шунинг учун ҳам, умримнинг онгли даврини ҳеч бир кулфат ва хатарга қарамай, ўзимни хотиржам тутишга ва ўз бурчимни адо этишга, иккита ўлим бўлмайди, биттасидан қутулиб бўлмайди деган нақлга амал қилиб, зулм йўлини тутган кимсаларга мойил бўлмадим, уларга яхши гапирмадим, тилёғламалик қилмадим, амалларидан рози бўлмадим ва итоат қилмадим, фақат ўзимнинг фикр – зикрим билан иш тутиб, бошқаларнинг ғам ташвиши билан яшашга ҳаракат қилдим. Камтаринлик мен учун қоида ҳисобланди, бироқ камтаринлигим ортида ғурурим кўриниб турди. Андишали бўлдим. Бироқ андишасизлар олдида ҳеч қачон тилимни тиймадим. Ким менга икки букилиб таъзим қилса, уларга уч букилиб таъзим қилдим, кимки мени олдимда тоғдай гердайиб турса, қаддимни осмон каби тутдим, йўқотганларим бари ўткинчи нарсалар бўлди, бироқ ҳеч қачон виждонимни йўқотмадим. Виждон амри билан иш тутдим. Яъни ҳеч қайси тараф ва ҳеч қайси томонга қарамасдан ўзимга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилдим. Билдимки, адолат учун изчил курашадиган, ҳақиқат йўлида ўзидан кечишга тайёр турадиган, ўзидан ҳам бошқалардан ҳам бирдай муросасизлик билан тўғрилик ва ҳалолликни талаб қиладиган одамлар ҳаётда камдан-кам холларда ҳасадгўй замондошларининг олқишига сазовор бўлар эканлар. - Бошингиздан ўтган адолатсизликлардан қандай хулосаларга келдингиз? — Биласизми, одамлар ҳар хил бўлади. Борингки, мана шундай адолатсизликлар ва ғирром ҳаракатлар билан кимнидир қўрқитиш, йўлидан қайтариш мумкиндир. Лекин, менга ўхшаган баъзи бир одамлар борки, уларни асло ўзгартириб бўлмайди, уларни адолат йўлидаги курашидан қайтариб бўлмайди! Айтишадику, “ҳалол одамни тазйиқ остига олиш мумкин,лекин уни бадном қилиб бўлмайди”. Ҳозирда адвокатлик фаолиятим даврида ҳам бундай адолатсизликларга қарши курашиб келмоқдаман. Юқорида айтганимдек, 20 дан ортиқ, шулардан 10 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сафида хизмат қилган ва менга ўхшаб ноҳақ айбланган шахсларни оқланишига ва уларни реабилитация қилиниб, ўз ишларига қайтишига эришдим. Бир шахсни ноҳақ туҳматлардан ва айбловлардан озод қилиш қанчалик меҳнат талаб қилади. Бу йўлда қанчалик қаршиликлар бўлади. Мен ҳар бир ноҳақ айбланган кишини ишига худди ўзимни ҳимоя қилгандек ёндашаман. - Халқни рози қилиш учун сизнингча қандай ишлаш ва қандай яшаш керак? Айтингчи, сиз ўзингизга нисбатан адолат тикланишини истайсизми? - Мен бирор кун адолат тикланишини жуда кутдим. Биласизми, айбсиз одам, ўзини айбсизлигини исбот қилиш учун ҳеч қачон пасткашликка йўл қўймайди. Шунинг учун, бир ривоят ёдимга тушди: “Қадимда бир подшоҳ тушь кўрибди. Тушини таъбирини билиш мақсадида эртаси куни вазирини олиб, дарвешларча кийинишиб, кўчага чиқишибди. Кўчада тушида кўрган жойини кўриб танибди ва ўша жойда кўп одамларни кўрибди. Ўртада бир жасад ётган экан. Лекин, одамлар жасадга эътибор ҳам бермас эмиш. “Бу кимнинг жасади?» деб сўрашса, одамлар: “Э, сўраманг, бу бир ароқхўр, пиёниста, уятсизни жасади, ўзи зўр одам эди, лекин, ичкиликни кўрса, бор будини сарфлаб сотиб оларди, кўчадаги бузуқ аёлларни уйига олиб борар эди, уни бирор бир жамоатда кўришмаган” -дейишибди. Ҳамма одамлар жасадни уйига олиб бориш ўрнига тарқалиб кетибди. Шунда подшоҳ ва вазир бу жасадни кўмишмоқчи бўлишибди. Уни ювиб, кафанга солишмоқчи бўлишганда, жасаднинг юзида бир маъюсликни сезишибди. Кейин улар: “Бу одамлар айтгандек, ёмон одамга ўхшамайди, буни қариндош уруғларини топайлик”, -дейишибди. Подшоҳ ва вазир жасаднинг уйини топишибди. Уйдан уни хотини чиқиб, подшоҳнинг сўзларини эшитиб, мусибатни мардона қаршиласа-да: “Бизнинг хўжайин бир олам эди, кун бўйи меҳнат қилар, топган пулига ароқ сотиб олиб келар, уни бошқалар ичмасин деб кейин, ҳожатхонага тўкар, баъзан ёмон қизларни уйга етаклаб келар, мен уларга имон, ислом ва эътиқод тўғрисида дарс берардим, у киши одамлар кўрса нотўғри тушунади деб уйлаб, намоз ўқиш учун узоқдаги масжидга қатнарди. Лекин, одамлар у кишини ишларини нотўғри тушунишар эди. Мен эримга бир куни: “Қўшнилар Сиз ҳақингизда ёмон гапларни гапиришяпти, ишқилиб, жанозангиз ўртада қолмаса эди”, -дедим. Шундан сўнг у киши, оғирлигим бировга тушмасин деб, ҳовлидан қабр қазиб қўйган эди. Мен эримга: Иш қабр кавлаш билан тугамайди, Сизни ким ювади? Ким кафанлайди?Ким кўмади?-деб сўрадим.»Хўш, эрингиз нима деди”, — қизиқиб сўрабди подшоҳ. Шунда эрим табассум қилиб: “Аллоҳ буюкдир хотин, одамлар бўлмаса, подшоҳ борку!”, -деб жавоб берди деган экан. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йилда сайловчилар билан учрашганда: “Адолат учун курашадиган инсонлар бизда топилади, лекин биз уларни ёмон одамлар деймиз. Аслида улар ёмон одамлар эмас, улар ҳалол одамлар”, — деб сўзлаганида, бу сўзлар айнан менга ўхшаган инсонлар ҳақидаги сўзлар эканлигини эшитиб кўнглим кўтарилган эди. Аслида, миллатимиз фидоийлари талайгина. Балки уларни ўлганидан кейин эмас, тириклигида қадрига етишимиз керакдир.Ўтган ишларнинг барчаси тарих. Лекин, ёзилмай қолган сатрларни тўлдириш ватанимиз олдидаги муқаддас бурчимиз эмасми?! Эргаш акани таржимаи холи ва ҳаёт йўли билан танишар эканман, шу нарсани аниқладим, вақтида ёш бўлишига қарамасдан юқори лавозимларга кўтарилган, халқ осойишталиги йўлида матонатли хизмат қилган, бирор бир бир ножўя ҳаракат қилмасдан, ички ишлар органларидан бўшатилган экан. Зеро, Эргаш ака Ишмуратовга ўхшаган инсонларни нафақат номини оқлаш балки уларни келажак авлод олдидаги ўрнак бўладиган хислатларини кўрсата олишимиз бугун ҳар биримиз учун қарздир. Бизку майли, лекин биздан кейинги авлод нафақат Юрт фидоийларини эслаши, балки улар билан фахрланиб юришлари даркор!
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ички ишлар вазирлиги терактларга чақириқ бўйича огоҳлантириш билан чиқди
Аҳолидан теракт уюштириш учун пул таклиф этаётганларга ҳеч қандай муносабат билдирмаслик, суҳбатга киришмаслик, хабар юборувчиларни блоклаш ва 102 рақамига хабар бериш сўралмоқда.
Урганчда ота 14 яшар боласини аёвсиз урди
Ҳозирда болага тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган.
Жорий йилда жами 250 та объектда Янги йил байрам тадбирлари ўтказилади
Мазкур тадбирларда тахминан 1 млн нафар фуқаролар иштирок этиши кутилмоқда.
Ички ишлар тизимидаги ислоҳотларнинг амалий натижасини соҳанинг ҳар бир ходими, биринчи навбатда, халқимиз ўз кундалик ҳаётида сезиши шарт – Президент
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади.