Ўзбекистон
31.08.2023
499
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади. “Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар! Муҳтарам отахон ва онахонлар! Юртимиз келажаги бўлган ёшлар! Ҳурматли меҳмонлар! Бундан роппа-роса ўттиз икки йил муқаддам Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилди. Ўтган даврда биз қанча синовларни бошимиздан ўтказдик, кўплаб қийинчилик ва машаққатларни биргаликда енгдик. Ўттиз икки йил аввал туғилган гўдак бугун ўзининг мустақил фикри, дунёқараши, орзу-истаклари ва мақсадларига эга шахс сифатида вояга етди. Худди шу сингари, бугунги Ўзбекистон ҳам, ўтган даврда турли синовларда тобланиб, тажриба орттириб, ўзининг аниқ мақсади ва йўли, позициясига эга бўлган катта давлат сифатида шаклланди. Бу – бутун халқимизнинг тарихий ютуғи. Унда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор! Сиз, азизларнинг Ватанга меҳр ва садоқат билан қилаётган ҳар кунлик меҳнатингиз Ўзбекистон мустақиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу маънода, Истиқлол байрами – барчамизнинг байрамимиз, мустақил Ўзбекистон – барчамизнинг фахримиз, ифтихоримиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Мана шу шукуҳли дамларда ҳар қандай шароитда ҳам ўз касбига содиқ қолиб, ёш авлодимизга илм-фан асосларини ўргатиб келаётган ҳурматли муаллим ва мураббийларни, халқ саломатлиги йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган жонкуяр шифокорларни, эл-юрт дастурхонини янада тўкин қилиш учун далаларимизда фидокорона меҳнат қилаётган миришкор деҳқон ва фермерларимизни, она юртимиз қалқонлари бўлган жасур ҳарбийларимизни, иқтисодиётимиз ривожи, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида жонбозлик кўрсатаётган тадбиркорларимизни, ўзининг дастлабки ютуқлари билан барчамизни хурсанд қилаётган азму шижоатли ёшларимизни, қалб тўла меҳри, улуғ фазилатлари билан хонадонларимиз устуни бўлиб келаётган ҳурматли опа-сингилларимизни, ҳар бир ишда дуогўй бўлиб, бизга Яратгандан куч ва мадад тилаб турган муҳтарам отахон ва онахонларимизни, дунёнинг қайси ўлкасида бўлса ҳам, Ўзбекистон соғинчи билан яшаётган азиз ватандошларимизни, бир сўз билан айтганда, 36 миллионлик бутун халқимизни бугунги улуғ байрам билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Истиқлол айёми барчамизга муборак бўлсин! Қадрли дўстлар! Албатта, Ўзбекистон ўз суверенитети, давлат мустақиллигига осонлик билан эришгани йўқ. Бу йўлда аждодларимизнинг сиёсий ва маърифий интилишлари сўнгги бир ярим аср давомида деярли тўхтамади. Ҳуррият учун курашган кўплаб Ватан фидойилари қатағон этилди, истиқлолга интилган миллат қаҳрамонлари зулм ва зўравонлик қурбони бўлди. Биз юрт озодлиги йўлида курашган, ноҳақ айбланиб, бу дунёдан армон билан кетган ватандошларимизнинг пок номларини тиклашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Сўнгги уч йилда уларнинг 856 нафари Олий суд томонидан оқланди. Биз бундай эзгу ишларни албатта давом эттирамиз. Зеро, бу масалада адолат қарор топиши шарт. Ўтмишга назар ташлар эканмиз, аччиқ бир ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз: “ўзбек” деганда, фақат эртаю кеч пахта даласида меҳнат қиладиган заҳматкаш инсонлар тасаввур қилинар эди. Афсуски, шу даражага тушиб қолган эдик. Пахта ҳукмронлиги ўзбекнинг пешонасига ёзилган бало бўлди. Пахта сиёсати Оролни қуритди, экологиямизни инқирозга олиб келди, иқтисодиётимизни, таълим тизимини издан чиқарди. Оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етди. Биз бунинг асоратлари билан ҳалигача курашяпмиз. Бугун пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасини топди. Натижада ўқитувчи мактабга, шифокор шифохонага қайтди, тадбиркорлар пахта “ўлпони”дан озод бўлди, мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди. Ўзбекистон халқаро “қора рўйхатлар”дан чиқарилди. Барчамизнинг фидокорона меҳнатимиз, ғайрату шижоатимиз билан Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Халқаро майдонда Ватанимизга нисбатан ҳурмат ва эътибор тобора ортиб бормоқда. Президент сифатида дастлабки ишларимдан бири қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ўрнатиш бўлди. Йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар ҳал этилди. Бунинг натижасида Марказий Осиё давлатлари билан барча соҳалардаги алоқаларимиз янги босқичга чиқди. Қадрли юртдошлар! Сиёсий мустақиллик замирида энг аввало иқтисодий мустақиллик ётиши ҳеч кимга сир эмас. Охирги йилларда амалга оширган ишларимиз, эришган натижаларимиз бу йўлда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги 6 йилда юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 мартадан зиёд, тадбиркорлик субъектлари сони 2 карра кўпайгани, саноатдаги ўсиш 40 фоиздан ошгани буни яққол тасдиқлайди. Қисқа муддатда камбағалликни 2 баробардан зиёд қисқартиришга эришдик. Лекин биз бугун билан кечаги кунни эмас, бугун билан эртанги кунни таққослашимиз, ишимизни шу асосда ташкил этишимиз керак. Чунки, келажак бугун биз ташлаётган қадамлардан бошланади. Азиз дўстлар! Биз мутафаккир зотларнинг: “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли-саодатли қилишдир. Бу мақсадга эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида эришилади”, деган ҳикматли сўзларини ўзимиз учун дастур деб биламиз. Маълумки, биз бир йил аввал тараққиётимизнинг 5 та асосий йўналишини белгилаб олган эдик. Унда таълим соҳасини ривожлантириш биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қайд этилган. Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир. 2022 йили мамлакатимизда 72 та янги мактаб қурилди, 279 таси капитал таъмирдан чиқарилди, 514 та мактаб эса реконструкция қилинди. Мактаблар учун 30 мингдан ортиқ компьютер харид қилинди. Янги ўқув йилидан республикамиз мактабларида хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари болаларимизга дарс беради. Бошланғич синф ўқувчилари илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган янги дастур ва дарсликлар бўйича ўқий бошлайдилар. Худди шу каби, соғлиқни сақлаш, бизнесни ривожлантириш, суд тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ва ёқилғи-энергетика муаммоларини ҳал этиш юзасидан катта лойиҳалар бошланган. Яна бир бор таъкидлайман: ушбу белгиланган устувор йўналишлар бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлади. Ҳурматли байрам иштирокчилари! Агар 3 минг йиллик тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз асрлар мобайнида дунё тамаддунига нафақат жисмоний, балки интеллектуал меҳнати билан улкан ҳисса қўшганига гувоҳ бўламиз. Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда. Мен ишонаман, биз бу тарихий йўлни муносиб давом эттиришга ҳар томонлама қодирмиз. Бугунги кунда дунё харитасида тутган ўрнимиз, ўз олдимизга қўяётган жуда улкан мақсад ва марраларимиз ҳам айнан шуни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз транспорт-логистика тизими билан бирга, бугун замоннинг ўзи талаб қилаётган илм-фан, инновация, IT ва ақлий меҳнатга асосланган бошқа соҳаларни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратяпмиз. Айнан шу йўналишлар Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин келажакдаги асосий локомотивларига айланади. Муҳтарам дўстлар! Бугун бизнинг олдимизда турган яна бир муҳим масала – экологик муаммолар ва сув танқислигидир. Тарозининг бир палласида ўсиб бораётган қурилишлар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги турган бўлса, иккинчи палласида ҳар биримиз учун энг зарур бўлган сувни тежаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи турибди. Бизнинг вазифамиз – ҳар икки йўналишда ҳам мувозанатни сақлашдан иборат. Ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимки, табиий ресурслар – бу келажак авлодларимизга ҳам тегишли бўлган бойликдир. Шу боис, улардан нафақат бугунги, балки эртанги кунимизни ҳам ўйлаб, оқилона фойдаланишимиз зарур. Бу борада сувни, энергия ва бошқа табиий ресурсларни тежайдиган иқтисодиётга тезроқ ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Биз учун “яшил” ва рақамли технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш вазифаси ҳам долзарб бўлиб турибди. Қадрли юртдошлар! Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистоннинг дунёвий давлат ва турли маданиятларни бирлаштирган макон экани аниқ белгилаб қўйилди. Бизнинг куч-қудратимиз – мана шунда, биз бу бойликни кўз қорачиғидек асрашимиз керак. Тарихга қарайдиган бўлсак, асрлар давомида юртимизда турли хил эътиқод ва қарашлар, динлар, маданиятлар бағрикенглик билан қабул қилинганини кўрамиз. Биз – низоларни уруш билан эмас, тинчлик билан ҳал этиш йўлини танлайдиган халқмиз. Биз барча халқлар билан ҳамиша муросаи мадора, дўстлик ва ҳамкорликда яшаб келганмиз. Бугунги тараққиёт йўлимизда ҳам айнан шу тамойилларга таянамиз. Бизга, биринчи навбатда, кучли фуқаролик жамияти зарур, чунки ҳар қандай ислоҳот ҳар биримизнинг юрагимиздан, онгимиздан бошланиши лозим. Адолатли қонунлар бўйича виждонан яшашга тайёр бўлишимиз, мамлакат келажаги учун бир ёқадан бош чиқариб, олға қадам босмоғимиз керак. Бугун ривожланган фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳақида гап борар экан, буни сўз ва матбуот эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бутун дунёда журналистлар ўзлари ва жамиятни ўйлантираётган, хавотирга солаётган мавзулар ҳақида гапириш ва ёзиш ҳуқуқи учун, ҳақиқат учун курашганлар ва бундан кейин ҳам курашадилар. Аммо, ишонч билан айта оламанки, мен эркин фикрли журналистлар тарафида бўлганман ва доимо шу позицияда бўламан. Айни вақтда ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон бўлиши керак. Ҳурматли байрам қатнашчилари! Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, “хотин-қизлар – бу миллат оналаридир”. Улар миллатнинг янги насли – фарзандларини тарбиялаш учун ўзлари ҳам юксак билимли бўлишлари зарур. Шундай экан, олдимизда турган яна бир муҳим вазифа – жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратишдир. Ҳурматли хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, касб соҳаси бўйича ўсишини таъминлаш борасида ўтган даврда кўп ишларни амалга оширдик. Шу билан бирга, бу йўналишда қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас. Маълумки, муҳтарама аёлларимиз зиммасида хизмат соҳасидаги вазифасидан ташқари, фарзандлар тарбияси, оилада соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ахлоқий-маънавий анъаналарни давом эттиришдек мураккаб вазифалар ҳам бор. Шундай экан, меҳрибон опа-сингилларимизни ҳар қанча қўллаб-қувватласак, арзийди. Мана, бу йил оиладаги зўравонликка қарши қонунни қабул қилдик. Бундан кўзланган асосий мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг бахти ва ҳимоясини таъминлашдир. Биз бу йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз. Азиз юртдошлар! Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимизнинг бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билмоғи керак! Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз! Ҳурматли юртдошлар! Инсоният охирги беш-олти йил мобайнида сўнгги юз йил давомида ўз бошидан ўтказиши мумкин бўлган барча синовлар билан юзма-юз келгани сизларга маълум. Бу пандемия бўладими, табиий офатлар, зилзилалар бўладими, қуролли тўқнашувлар, глобал исиш ҳамда қурғоқчилик бўладими – барчаси башариятни қаттиқ синовдан ўтказди ва ўтказмоқда. Мазкур мураккаб вазиятни, таъбир жоиз бўлса, кучли ва қаттиқ тўфонга қиёслаш мумкин. Бундай офатлар оқибатида “манаман” деган дарахтларнинг ҳам барглари узилиши, шохлари синиши, куртаклари тўкилиши, ҳатто мевалари нобуд бўлиши мумкин. Лекин илдизи мустаҳкам ва чуқур бўлган дарахтлар йиқилмайди. Аксинча, ерга ўша томирлари билан янада маҳкам боғланади. Қайта куртак ёзади, мевалар тугаверади. Бу – ҳаёт қонуни. Бизнинг қадимий ва мустаҳкам илдизларимиз бор. Бу – бизнинг тарихимиз, қадрият ва анъаналаримиз, урф-одатларимиз, миллий ўзлигимиздир. Мен ана шу теран илдизларимизда юртни, миллатни бирлаштирадиган буюк бир ғояни кўраман. Биз Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз тинчлигини таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз салоҳиятини оширишга, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун янада муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратамиз. Дунёнинг олис ва яқин мамлакатлари, айниқса, қўшни давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқамиз. Бу борада мамлакатимиз ва хорижий давлатлар дипломатларининг хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим. Мана шу имкониятдан фойдаланиб, бугунги тантанали маросимда хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этаётганидан мамнун эканимни билдириб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик ва равнақ тилайман. Азиз ва муҳтарам ватандошлар! Барчангиз бир ҳақиқатни билишингизни истардим. Бизнинг жамики саъй-ҳаракатларимиз мамлакатимиз равнақи учун, ўз Ватанига садоқатли халқимиз учун, сизлар учун, азиз юртдошлар! Бугун олдимизда турган вазифалар қанчалик улкан ва мураккаб бўлмасин, уларни биргаликда ҳал этишга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади. Биз энди кечаги одамлар эмасмиз. Халқимиз ҳам кечаги халқ эмас. Тарихдан маълум: вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир. Бугун меҳнаткаш, мард ва олижаноб, меҳр-оқибатли элимиз айни шундай халқ бўлиб майдонга чиқмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда фидокорона меҳнат қилиб келаётган барча юртдошларимизга, она халқимга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман. Сиз, азизларни, каттаю кичик барча ватандошларимни бугунги улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман. Барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимиз ҳамиша омон бўлсин! Гўзал юртимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлсин! Жонажон Ватанимизга кўз тегмасин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!”
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини узайтириш бўйтча тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажми 2 баробарга оширилади
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига байрам табриги йўллади.
Шавкат Мирзиёев Эрон Президенти билан учрашди
Президентлар икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлларини муҳокама қилдилар.
Шавкат Мирзиёев ИҲТнинг 15-саммитида билдирган таклифларнинг қанчаси бажарилди?
ИҲТ доирасида Ўзбекистон томонидан иқтисодиёт, савдо, транспорт, туризм ва бошқа қатор соҳаларда муҳим ташаббуслар илгари сурилган эди.
Шавкат Мирзиёев ТДТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида таклиф ва ташаббусларни илгари сурди?
Амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.