currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларСиз талабаликка тавсия этилдингиз. Энди нима қилиш керак? Биринчи курсларга 10 та ҳуқуқий маслаҳат

Сиз талабаликка тавсия этилдингиз. Энди нима қилиш керак? Биринчи курсларга 10 та ҳуқуқий маслаҳат

Ўзбекистон

calendar

23.08.2023

eye

18 474

Сиз талабаликка тавсия этилдингиз. Энди нима қилиш керак? Биринчи курсларга 10 та ҳуқуқий маслаҳат

Контракт тўлашда қандай енгилликлар бор? Ётоқхона кимларга берилади? Уй-жой қандай ижарага олинади? “Прописка”га кириш шартми? Ижара пулига кимларга компенсация берилади? Талабалар қонунан ишлаши мумкинми? Талабалар учун яна қандай имтиёзлар бор? Олий таълимга илк қадамларини ташлаётган ҳеч бир талаба йўқки, хаёлидан шу сингари саволлар ўтмаса. Hudud24.uz нашри колумнисти Муроджон Нажмиддинов биринчи курс талабалари учун ушбу масалалар бўйича энг муҳим 10 та ҳуқуқий маслаҳатни тақдим этади. Биринчи маслаҳат. Тўлов шартномасини онлайн олинг Эндиликда тўлов-шартномаларини олиш учун олий таълим муассасаси маркетинг ёки бухгалтерия бўлимлари остонасида турнақатор тизилишнинг ҳожати йўқ. Барча, шу жумладан, биринчи курсга тавсия этилган талабалар ҳам янги ўқув йилининг биринчи кунидан бошлаб шартномаларни электрон шаклда ортиқча оворагарчиликларсиз онлайн олишлари мумкин. Бунинг учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус электрон порталида (https://kontrakt.edu.uz/) рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Шунингдек, ушбу портал орқали “супер-контракт” учун ҳам ариза қолдириш ва шартнома расмийлаштириш мумкин. Порталдан фойдаланишга қийналяпсизми? Унда ушбу видео қўлланма сиз учун. Иккинчи маслаҳат. Таълим кредити олинг Контракт тўлашга қийналяпсизми? Унда таълим кредити олинг. Ўзбекистондаги барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари (жумладан, нодавлат ва хорижий таълим муассасаларининг филиаллари) ва қўшма таълим дастурларига ҳам бакалавр, ҳам магистратура талабаларига таълим кредити берилади. Бунда ўқиш кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида бўлиши керак. Супер-контракт учун кредит ажратилмайди. Таълим кредити Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича (ҳозирда 14 фоиз) берилади (хотин-қизлар учун эса фоизсиз). Агар асосий ставка тушса, кредит фоиз ставкаси ҳам тушади, агар кўтарилса, ўзгаришсиз қолади. Яъни таълим кредити фоиз ставкаси ошмайди. Кредит фоизи контракт ўтказилган кундан, асосий қарз эса талаба ўқишни тугатгандан еттинчи ойдан бошлаб етти йил давомида тўланади. Таълим кредити Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий веб-сайтида рўйхати эълон қилинадиган банклар томонидан берилади. Кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни топшириш керак:

  • кредит олиш учун ариза;
  • контракт ва ҳисоб варақаси/фактураси;
  • кредит таъминоти бўйича ҳужжат (масалан, гаров);
  • банкнинг ички ҳужжатида белгиланган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан, биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот ва ҳужжатлар.
Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига кирган оилаларнинг фарзандлари учун гаров ва кафиллик талаб этилмайди. Бунда банкка ушбу реестр киритилганлиги бўйича маълумотнома топширилиши керак. Учинчи маслаҳат. Контрактни бўлиб-бўлиб тўланг Контрактни тўлашда таълим кредитидан ташқари яна бир енгиллик – уни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам мавжуд. Талабалар контрактни қуйидаги муддатларда бўлиб тўлашлари мумкин:
  • контрактнинг камида 25 фоизини I курслар 15 сентябргача (ёки Давлат қабул комиссияси белгилаган муддатгача) ҳамда II ва ундан кейинги курслар 1 октябргача (ёки ОТМ раҳбарияти узайтирган муддатгача);
  • контрактнинг камида 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 апрелгача ва 100 фоизи 1 июлгача (ёки ОТМ раҳбарияти узайтирган муддатларгача);
  • хорижий фуқаролар ОТМ раҳбарияти белгилаган муддатларгача;
  • супер-контрактни тўлаш муддати ва миқдорлари Давлат қабул комиссияси томонидан (ўқув йилининг биринчи ярми учун), қолган қисми ОТМ раҳбарияти томонидан белгиланади. Тўловларни шу муддатларгача амалга оширишингиз керак.
Тўртинчи маслаҳат. Контракт бўйича солиқ имтиёзини олинг Таълим контрактини иш ҳақи ёки бошқа даромадлардан тўлаган кишиларга солиқ имтиёзлари берилади. Яъни таълим учун сарфланган маблағлардан солиқ олинмайди. Масалан, шахс 6 млн сўм иш ҳақи олади. Шундан ҳар ой иш ҳақидан 2 млн сўмни контракт учун ўтказади. Бунда ушбу 2 млн сўмдан олиниши керак бўлган 240 минг сўм даромад солиғи ундирилмайди. Ёки 15 млн сўм миқдоридаги контракт пулини бирдан тўладингиз. Бунда 1,8 млн сўм тежаб қолинади. Имтиёздан қуйидаги кишилар фойдалана олади:
  • фарзанди шартнома асосида таҳсил оладиган ота-оналар (бунда фарзанд 26 ёшга тўлмаган бўлиши зарур);
  • турмуш ўртоғи шартнома асосида ўқийдиган шахслар (таҳсил олаётган шахс 26 ёшга тўлмаган бўлиши зарур);
  • ёшидан қатъи назар талабалар.
Имтиёз бошқа яқин қариндошлар, жумладан, ака-ука ва опа-сингиллар, хола, амаки ва бошқаларнинг шартномаларини тўлаш учун берилмайди. Шунингдек, ушбу имтиёздан агар таълим кредити олинган бўлса, кредитни (фоизлари билан) қоплаш учун ҳам фойдаланса бўлади. Солиқ имтиёзини қуйидаги йўллар билан олиш мумкин: Биринчи йўл. Ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш Контракт пулини ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш учун иш берувчи ташкилотга қуйидаги ҳужжатларни топшириш керак: – даромадларни ўқиш учун тўловга ўтказиш тўғрисида ариза; – контракт шартномаси нусхаси; – кредит шартномаси (агар кредит олинган бўлса). Иккинчи йўл. Солиқ хизмати органларига жами йиллик даромад тўғрисида декларация топшириш. Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни солиқ органларига шахсан ташриф буюрилганда, почта орқали ёки онлайн электрон шаклда тақдим этилиши мумкин. Декларация солиқ органига шахсан тақдим этилганда давлат солиқ органининг тегишли бўлимига топширилади. Агар почта орқали топшириладиган бўлса, буюртма хат шаклида жўнатилади. Онлайн топшириш учун эса қуйидагилар амалга оширилади: Биринчи босқичда махсус портал (https://my.soliq.uz/main/)га кириб, интерактив хизматлар орасидан “Солиқ декларациясини юбориш” хизмати танланади. Ушбу хизматдан фойдаланиш учун электрон рақамли имзо талаб қилинади. Иккинчи босқичда ҳосил бўлган ойнада керакли маълумотлар босқичма-босқич киритилади ва натижада электрон декларация топширилади. Солиқ имтиёзидан фойдаланиш учун 1 апрелгача хужжатларни топшириш зарур. Масалан, 2023 йил учун 2024 йил 1 апрелгача барча ҳужжатлар солиқ хизмати органларига топширилади. Ҳужжатлар солиқ органига топширилгач, камчиликлар ёки бошқа солиқ туридан қарздорлик бўлмаса, белгиланган даромад солиғи суммаси 15 кун ичида аризада кўрсатилган банк картасига қайтарилади. Агар онлайн равишда декларация юборишга қийналаётган бўлсангиз, ушбу видео қўлланмани кўринг. Агар жами йиллик даромад суммаси таълим олиш учун ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасидан кам бўлса, унинг қолдиғи кейинги солиқ даврларига кўчирилмайди. Масалан, ота боласининг супер-контракти учун 500 млн сўм тўлади. Бироқ, унинг декларация бўйича жами йиллик даромади 150 млн сўм. Бу ҳолатда солиқ имтиёзи 150 млн сўмдан келиб чиқиб берилади. Бешинчи маслаҳатЁтоқхонага ариза топширинг Бошқа ҳудуддан келиб ўқиётган ва ўқиш жойида ўзининг ёки ота-онасининг уйи бўлмаган талабалар ётоқхона билан таъминланади. Аммо ҳамма таълим муассасаси ҳам талабаларни турар-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондира олмайди. Бундай ҳолларда Ётоқхонага талаб ва эҳтиёж юқори бўлганида талабалар қуйидаги мезонлар асосида кетма-кет жойлаштирилади:
  • чин етим талабалар;
  • Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари;
  • ногиронлиги бўлган талабалар;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар (шунингдек, турли ижтимоий дафтарга киритилган оилаларнинг фарзандлари, 2 ёки ундан кўп контрактда ўқиётган оилаларнинг фарзандлари);
  • чет-эллик талабалар;
  • 1-2 курс талабалари;
  • талаба қизлар;
  • ёшлар иттифоқининг фаоллари;
  • халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари ғолиблари;
  • ётоқхонада талабалар кенгаши раиси, қават сардори ва бошқа жиҳатлари билан доимий фаоллик кўрсатган талабалар.
Шунингдек, ётоқхона тўлови бўйича ҳам қатор имтиёзлар берилиши мумкин. Аммо қонунчиликда бундай имтиёзлар тўғридан тўғри ўрнатилмаган, ҳар бир таълим муассасаси ўз кенгашида мустақил белгилайди. Масалан, бу имтиёз қуйидаги тоифадаги талабаларга берилиши мумкин:
  • кўз касалликлари бўйича 1-2-гуруҳ ногиронлари, етим ва чин етимлар, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар – ётоқхона тўловларидан бутунлай озод этиш тарзида;
  • умумий касалликлар бўйича 2-гуруҳ ногиронлари, вазифасини намунали бажараётган талабалар Кенгаши раиси, қават сардори ҳамда ётоқхона кутубхонаси учун масъул талабалар – умумий тўловдан 50 фоиз чегирма тарзида.
Талабаларни ётоқхона билан таъминлаш бўйича бошқа масалалар билан ушбу ҳавола орқали танишинг.  Олтинчи маслаҳат. Ижара шартномасини расмийлаштиринг Уй-жойни ижарага олганда унинг расмийлаштирилмаслиги аксарият ҳолатда турли муаммоларга сабаб бўлади. Масалан, уйнинг эгаси муддатидан олдин ижарачиларни уйдан чиқариб юборади ёки ижара нархини оширади. Ижара муддатида уй-жойга зарар етса, уни ким тўлаши кераклиги тўғрисида келишмовчиликлар келиб чиқади. Шу боис, ижара шартномаси ёзма тузилиши керак. Аммо ёзма тузилмаган тақдирда ҳам шартнома ҳақиқий ҳисобланади. Бироқ, муаммо шундаки, шартнома ёзма тузилмаса, шартнома шартлари бўйича низо чиққанда бошқа кишиларнинг гувоҳлиги ҳисобга олинмайди. Ижара шартномаларини онлайн равишда (https://yurxizmat.uz/ru) ҳам шакллантириш мумкин. Бундай шартномалар солиқ органларида ҳисобга қўйилиши керак. Шартномаларни бевосита солиқ органларига ташриф буюрган ҳолда ёки махсус портал (https://ijara.soliq.uz/) орқали онлайн ҳисобга қўйиш мумкин. Бунинг учун электрон рақамли имзо керак бўлади (имзони ушбу ҳавола орқали олинг). Шартномани онлайн равишда ҳисобга қўйишга қийналяпсизми? Унда ушбу видео қўлланмани кўринг. Шартномани давлат ҳисобига қўйиш ижарага берувчининг мажбурияти ҳисобланади ва бу шартнома тузилган кундан 3 кундан кечиктирмай амалга оширилиши керак. Шу ўринда айтиш лозимки, уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлар солиққа тортилмайди. Аксинча, ижара шартномасини солиқ органларига ҳисобга қўймаслик (уй эгаси учун) базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Уй-жойни ижара олиш бўйича бошқа масалалар билан ушбу ҳавола орқали танишинг. Еттинчи маслаҳат. Ижара пули учун компенсация олинг Ётоқхона берилмаган ва ижарада яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига ижара пули компенсация қилиб берилади. Ижара пулининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда ярим бараваридан ошмаслиги керак. Бунинг учун ижара шартномаси солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим. Битта уйда 2 ва ундан кўп талаба ижарада бирга яшаганда уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилиши керак. Бунда ижара учун тўлов уйда ижарада турган барча талабалар ўртасида тенг бўлинади ҳамда ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ҳар бир талабага тўғри келадиган ижара суммасидан келиб чиқиб амалга оширилади. Масалан, битта квартирада 4 та талаба биргаликда яшайди ва ижара тўлови 4 млн сўм деб белгиланган. Бунда 4 млн сўм 4 та талаба ўртасида тенг тақсимланади яъни ҳар бирига 1 млн сўмдан тўғри келади, уларнинг ҳар бирига 330 минг сўмдан компенсация берилади. Ижара учун тўловни олиш учун талабалар факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари ёки талабаларни турар жой билан таъминлаш бўлимига икки нусхада анкета-ариза билан мурожаат қилади. Ижара тўлови ўқув йили давомида, яъни ҳар йили 1 сентябрдан 1 июлгача қоплаб берилади. Ариза берилганидан сўнг бир ҳафтада талабанинг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги ўрганилади. Шундан сўнг, ҳужжатлар ижарани қоплаб бериш бўйича махсус комиссияга берилади (комиссиянинг намунавий таркиби ушбу ҳаволада). Комиссия ҳужжатларни ўрганиб чиқиб бир кунда қарор қабул қилади. Зарурат бўлганда, маълумотларга аниқлик киритиш учун талабалар Комиссия йиғилишига суҳбат учун чақирилиши мумкин. Комиссия томонидан ижара тўловини қоплаб бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқарилади ва мазкур қарор асосида ректор буйруғи қабул қилиниб ижара тўлови қоплаб берилади. Ижара пули учун компенсация бериш тартиби бўйича бошқа масалалар билан ушбу ҳавола орқали танишинг. Саккизинчи маслаҳат. Яшаш жойингиз бўйича рўйхатдан ўтинг Агарда яшаш жойингизни ўзгартиришингизга тўғри келса, рўйхатдан ўтинг. Қонунчиликка кўра, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмай, 15 кун яшаш мумкин. Талабалар уй эгасининг аризасида ёки ижара шартномасида кўрсатилган муддатда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинади. Аммо ушбу муддат бир йилдан ошмаслиги керак. Вақтинча рўйхатга олиш, кишиларнинг доимий рўйхатини бекор бўлишига олиб келмайди. Қуйидаги уч йўл орқали вақтинча рўйхатдан ўтиш мумкин:
  • ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари;
  • давлат хизматлари марказлари (ДХМ);
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали
Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишда уй эгасининг розилиги керак. Аммо солиқ органларида ҳисобга олинган ижара шартномаси тақдим бундай розилик талаб қилинмайди. Шуни айтиш керакки, рўйхатдан ўтишнинг энг қулай йўли Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланиш ҳисобланади. Порталдан қуйидаги тартибда фойдаланилади:
  • Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхатдан ўтилади;
  • Вақтинча турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш хизмати (https://my.gov.uz/uz/service/187) танланади;
Хизмат кўрсатиш муддати бир кун бўлиб, ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Хизматдан фойдаланишга қийналяпсизми? Унда ушбу видео қўлланма сиз учун. Шу ўринда айтиш керакки, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаш ёки рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва бунинг учун қуйидагича жавобгарлик белгиланган:
  • ижарага олувчилар учун – доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан беш бараваригача миқдорида жарима;
  • уй эгаси учун – доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйганлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима.
Тўққизинчи маслаҳат. Жамоат транспорти учун имтиёзли карта олинг Шаҳар транспорти, хусусан, пойтахт жамоат транспорти учун талабалар учун маълум имтиёзлар берилган. Шу жумладан, Тошкент шаҳридаги жамоат транспортларида имтиёз асосида транспортда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган йўловчилар – ўқувчилар, талабалар ва нафақахўрлар учун махсус транспорт карталари жорий этилган. Бундай транспорт карталари тариф режасини 50 фоиз чегирма билан – ярим нархда сотиб олиш ҳуқуқини беради. Масалан, автобус ва метро учун 30 кунлик тариф режаси аҳоли учун 166 минг сўм бўлса, талабалар учун 83 минг сўмни ташкил этади. Транспорт карталарини ойлик йўловчи чипталарини сотиб олиш шохобчаларидан харид қилиш мумкин. Шаҳарда 90 га яқин шундай шохобчалар мавжуд.  Имтиёзли транспорт карталари ҳақида ушбу ҳавола орқали тўлиқ маълумот олинг. Ўнинчи маслаҳат. Талабалар ишлаши мумкин Олий таълим тўғрисидаги низомга кўра, кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар ўқишдан бўш вақтида – куннинг иккинчи ярмида меҳнат шартномаси бўйича ишлашга рухсат этилади. Ушбу тартибдан кўриб тургандек, талабалар тўлиқ ставкада ишлолмайди. Талабалар меҳнат фаолиятини ушбу таълим муассасасининг ўзида ёки бошқа ташкилотда олиб бориши мумкин. Эслатма: олий таълим муассасасининг ўқув интизоми, ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидалари билан танишиб чиқинг. Чунки уларни бузиш талабаларни ўқишдан четлаштириш учун асос бўлади.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 756

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 716

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 605

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 592

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: