currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларТадбиркорлар давлат хизматларини кўрсатиши мумкин, Аҳоли ягона реестри жорий этилади, бепул юридик ёрдам доираси кенгайтирилади – Президент фармони

Тадбиркорлар давлат хизматларини кўрсатиши мумкин, Аҳоли ягона реестри жорий этилади, бепул юридик ёрдам доираси кенгайтирилади – Президент фармони

Ҳуқуқ

calendar

25.05.2024

eye

845

Тадбиркорлар давлат хизматларини кўрсатиши мумкин, Аҳоли ягона реестри жорий этилади, бепул юридик ёрдам доираси кенгайтирилади – Президент фармони

«Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан:

1. Аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммолари аниқланади ва бартараф этилади

Қуйидагилар адлия органларининг қўшимча фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриб бориш;

жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш;

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.

2. Туман (шаҳар) адлия бўлимларига қўшимча вазифалар юклатилди

Адлия органлари фаолиятини ҳудудларда самарали ташкил этиш ҳамда ҳуқуқий хизматлар қамровини янада ошириш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда «Адлия куни» тадбирларини ўтказиш.

Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш;

уйма-уй юриш ва «Ҳуқуқий кўмак» акцияларини ўтказиш орқали фуқаролар кундалик ҳаётида аниқланадиган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

«маҳалла еттилиги»га қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини оддий ва халқчил тилда етказиш, шунингдек улар томонидан «Online-mahalla» платформасига киритилган аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб бориш;

аҳолига, авваламбор «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

ёшлар, хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни, шунингдек тадбиркорлик субъектларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, преференциялар, субсидиялар, грантлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ҳақида хабардор қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.

3. Фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилади

2024 йил 1 июлдан фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:

Адлия вазирлиги томонидан «Мадад» ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;

ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.

4. «Маҳалла ҳуқуқшуноси» лойиҳаси амалга оширилади

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида «Маҳалла ҳуқуқшуноси» лойиҳаси амалга оширилиб, лойиҳа доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб боришга қаратилган қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилади;

мактабларда 2024/2025 ўқув йилидан:

Адлия вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизими йўлга қўйилади;

ўқувчилар ўртасида «Ҳуқуқ билимдони» фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида «Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказиб борилади;

мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларни мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалари, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобил иловалар яратилади.

5. Қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишнинг янги тартиби жорий қилинади

2024 йил 1 июндан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишнинг янги тартиби жорий қилинади.

Бунда:

Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг фаолият йўналишларидан келиб чиқиб ҳуқуқий тарғибот материаллари тайёрланади ҳамда уларнинг энг қуйи бўғинигача Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали юборилади;

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий ахборотни етказишга оид фаолияти рақамлаштирилади ва ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усуллари кенг татбиқ этилади;

давлат органлари ва ташкилотларида ўз фаолияти соҳасига оид ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш фаолиятини ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштиришга масъул бўлинмалар белгиланади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш даражаси ва сифати улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

6. Маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ҳуқуқий тарғибот ишлари ўтказилади

Маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ҳуқуқий тарғибот куни этиб белгиланди.

Ҳуқуқий тарғибот кунида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

«Online-mahalla» платформасига киритилган ва жойларда аниқланган муаммоларнинг ҳуқуқий ечимларига қаратилган манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш;

аҳоли учун энг долзарб масалаларни аниқлаш орқали улар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун имтиёзлар ва моддий ёрдам бериш, нафақа тайинлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, вақтинчалик иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам олиш тартиби бўйича тизимли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказиш;

кундалик ҳаётда энг кўп зарур бўладиган давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ҳамда улардан ЯИДХП (my.gov.uz) ва бошқа электрон ресурслар орқали фойдаланишнинг афзалликлари тўғрисида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш.

7. Ёшларда ҳуқуқий иммунитет шакллантирилади

Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга қаратилган «Мамлакат келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан» ғояси асосида адлия органлари ва муассасалари, шу жумладан Тошкент давлат юридик университети ва юридик техникумлар қуйидагиларга масъул ҳисобланади:

ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларда қонунларга ҳурмат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳамда ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган комплекс ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилишга;

адлия органлари ва муассасаларига ёшларнинг ташрифини ташкил қилиш орқали «Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам» тадбирларини ўтказиб боришга;

ҳуқуқшунослик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш, ёшларда ушбу касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини шакллантириш, уларни ҳуқуқий билим олишга қизиқтириш бўйича амалий тадбирларни ташкил қилишга;

ёшларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга қаратилган онлайн ҳуқуқий саводхонлик мактабини ташкил этиш ва у орқали бепул ҳуқуқий ўқув курсларини жорий этишга;

таълим муассасаларида «Ҳуқуқий билимлар ойлиги»ни ўтказиб бориш ва ёшларнинг ҳуқуқий билим олишларини рағбатлантиришга қаратилган турли ҳуқуқий мавзулардаги семинар-тренинглар ва танловларни ташкил қилишга.

8. Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва методик таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади

Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқни қўллашни методик таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Ҳар йили ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва методик таъминлаш бўйича манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишлар дастури ишлаб чиқилади ҳамда амалга оширилади.

Бунда:

2024 йил 1 сентябргача Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокимлиги ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида намунали ҳуқуқни қўллаш тизими йўлга қўйилади. Кейинчалик, ҳар йили камида 10 та вазирлик ва идораларнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти таҳлил қилиниб, такомиллаштириб борилади;

ҳуқуқни қўллаш амалиётида учраётган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси (Lex.uz)га жойлаштириб борилади.

9. Давлат хизматларини кўрсатишда қўшимча қулайликлар яратилади

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайлик яратиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

2024 йил 1 июлдан:

Mobile-ID тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;

аввал давлат рўйхатидан ўтказилган (давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилган ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланган) ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва бу ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул амалга оширилади;

нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади;

2024 йил якунига қадар:

давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилинади;

Бунда, фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмайди.

фуқаролар томонидан давлат хизматлари марказлари ҳамда нотариал идоралар орқали Mobile-ID тизимида идентификация ва қайта идентификациядан ўтиш бепул асосда амалга оширилади.

10. Юридик кадрлар тайёрлашда «мактаб – лицей – техникум – университет» тизими жорий этилади

Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги ишлар амалга оширилади:

мактабларда «Ҳуқуқ синфи» ва ҳуқуқ фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини ташкил этиш орқали юридик кадрларни тайёрлашда «мактаб – лицей – техникум – университет» тизимини жорий этиш;

Наманган ва Самарқанд вилоятлари юридик техникумлари негизида Тошкент давлат юридик университетининг академик лицейларини ташкил қилиш ҳамда уларнинг иқтидорли битирувчиларини «юриспруденция» йўналишидаги олий таълим муассасаларига суҳбат асосида тест синовларисиз қабул қилиш.

Қуйидаги институтлар ташкил этилади:

Адлия вазирлиги ҳузурида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти;

Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти.

11. Электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари орқали топшириш имконияти яратилади

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:

2024 йил 1 июлдан:

электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП (my.gov.uz) орқали топшириш имконияти яратилади;

интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, Адлия вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда хулоса бериш;

контрафакт маҳсулотларни яширин ишлаб чиқариш ҳолатларини аниқлаш бўйича махсус ваколатли органлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш ва аниқланган контрафакт маҳсулотларни олиб қўйиш ва йўқ қилиш;

интеллектуал мулк соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларни ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш.

12. Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади

2025 йил 1 январдан жисмоний шахсларнинг фуқаролик ҳолати ҳамда уларнинг шахсига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади.

Аҳолининг ягона электрон реестри:

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ягона электрон базаси ҳисобланади;

тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда ушбу реестрдан фойдаланилади;

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги томонидан юритилади.

13. Айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади

2024 йил 1 июлдан 2026 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.

Ҳуқуқий эксперимент доирасида:

Адлия вазирлиги ҳузурида Олий апелляция кенгаши ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида Апелляция кенгаши ташкил қилинади;

апелляция кенгашлари маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини судгача кўриб чиқиш натижасида ушбу ҳужжатларни ўзгартириш, қисман ёки тўлиқ бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, бундан қонунчиликка мувофиқ фақат суд тартибида бекор қилинадиган ёки ўзгартириладиган ҳужжатлар мустасно;

маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини апелляция кенгашлари томонидан кўриб чиқиш манфаатдор шахсларнинг шикоятлари ҳамда давлат хизматларини кўрсатишни мониторинг қилиш натижаларига кўра амалга оширилади;

апелляция кенгашларининг қарорлари «E-qaror» электрон тизимида эълон қилиб борилади, шунингдек, маъмурий шикоят бўйича маъмурий иш юритуви иштирокчиларига белгиланган тартибда маълум қилинади ва маъмурий органлар томонидан уларнинг бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

апелляция кенгашларининг қарорлари юзасидан манфаатдор шахс томонидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин, маъмурий органлар учун мазкур қарорлар қатъий ҳисобланади ва уларнинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 764

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 717

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 607

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 601

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар: