currencies image

11 820,40 UZS

36,95

usd

currencies image

13 684,48 UZS

61,75

eur

currencies image

139,05 UZS

0,27

ru



АсосийЯнгиликларТергов судьяси институти: «хабеас корпус» ва «prima facie» стандартлари асосида суд назоратини трансформация қилиш

Тергов судьяси институти: «хабеас корпус» ва «prima facie» стандартлари асосида суд назоратини трансформация қилиш

Суд очерклари

calendar

19.08.2026

eye

35

Тергов судьяси институти: «хабеас корпус» ва «prima facie» стандартлари асосида суд назоратини трансформация қилиш

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсади — инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва одил судловга бўлган ишончни янада оширишдир. Зеро, ҳуқуқий давлатнинг куч-қудрати фақат қонунларнинг мавжудлиги билан эмас, балки ушбу қонунлар инсон манфаатларини амалда қай даражада ҳимоя қилаётгани билан белгиланади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида»ги ПФ-160-сон Фармони мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур Стратегияда белгиланган устувор вазифалар орасида суд назоратини кучайтириш, шахснинг судга қадар босқичдаги ҳуқуқларини ишончли кафолатлаш ва тергов судьяси институтининг процессуал мақомини янада мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутади.

Стратегиянинг иккинчи устувор йўналиши «Адолат қўрғони» деб номлангани ҳам бежиз эмас. Чунки ҳақиқий адолат қўрғони, аввало, инсонни давлат органларининг асоссиз аралашувидан ҳимоя қила оладиган, ҳар қандай процессуал қарорни қонунийлик, адолатлилик ва асослилик мезонлари асосида баҳолайдиган мустақил суд ҳокимиятидир.

«Санкция берувчи суд» дан ҳақиқий суд назоратига

Жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ қарорлар энг жиддий процессуал қарорлар сирасига киради. Айниқса, қамоққа олиш, уй қамоғи, тинтув, телефон сўзлашувларини эшитиш каби чоралар шахснинг конституциявий ҳуқуқларига бевосита дахл қилади.

Шу боис бундай қарорлар устидан суд назорати формал хусусият касб этмаслиги, балки мазмунан чуқур ва мустақил бўлиши талаб этилади. ПФ-160-сон Фармон билан назарда тутилган ўзгаришларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳам шундаки, 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьясига “асосли гумон” (prima facie) стандарти асосида баҳолаш ваколатларининг берилиши суд назоратининг мазмунини сезиларли даражада ўзгартиради. Бу ёндашувда судья тергов органининг илтимосномасини шунчаки процессуал ҳужжат сифатида қабул қилиб, унга санкция бериш билан чекланмайди. Аксинча, судьянинг олдига муайян савол қўйилади: шахсга нисбатан ҳуқуқни чекловчи чорани қўллаш учун етарли, ишончли ва текширилиши мумкин бўлган асослар мавжудми?

Демак, суд назоратининг марказига процессуал мажбурлов чорасини қўллаш эмас, балки унинг мазмуни ва ундаги далилларнинг асослилиги биринчи навбатга чиқади. Бу эса тергов судьясининг процессуал мақомида жиддий сифат ўзгариши юз бераётганини англатади.

Prima facie стандарти нимани англатади?

«Prima facie» лотинча ибора бўлиб, умумий маънода «бир қарашда» ёки «дастлабки асослар мавжудлиги»ни англатади. Жиноят процессида бу стандарт шахснинг айбдорлигини якуний тарзда белгилашни эмас, балки муайян процессуал мажбурлов чорасини қўллаш учун дастлабки даражада етарли асослар бор-йўқлигини баҳолашни назарда тутади.

Бу ерда жуда муҳим бир чегарани белгилаш лозим: тергов судьяси ишни моҳиятан ҳал қилмайди ва шахснинг айбдорлиги ҳақида якуний хулоса чиқармайди. Унинг вазифаси — судга қадар босқичда давлатнинг мажбурлов ваколати қонун доирасида амалга оширилаётганини текшириш. Шу маънода тергов судьяси жиноят иши бўйича тергов органи ва шахснинг ҳуқуқлари ўртасидаги муҳим процессуал мувозанатни таъминловчи институтдир. Фармонда назарда тутилган ёндашувга кўра, илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асосларнинг етарлилиги синчиклаб баҳоланиши лозим.

Агар тақдим этилган материалларда шубҳали ҳолатлар мавжуд бўлса, тергов судьясининг тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб олиш ваколати суд назоратининг амалий самарадорлигини оширади.

Хабеас корпус: суд назоратининг янги чегаралари

Инсоннинг шахсий ҳаёти, уй-жойи ва алоқа сирларига аралашув давлатнинг энг жиддий мажбурлов чораларидан ҳисобланади. Шу сабабли замонавий ҳуқуқий давлатда процессуал мажбурлов чоралари устидан самарали суд назорати бўлиши муҳим кафолатдир.

Президентининг ПФ-160-сон Фармонида «хабеас корпус» институти доирасини кенгайтириш билан боғлиқ вазифаларнинг белгиланиши ана шу нуқтаи назардан алоҳида аҳамиятга эга.

Хусусан, шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бевосита чеклаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбирларига суд томонидан санкция бериш механизмини кучайтириш кўзда тутилмоқда. Бунинг аҳамияти нимада?

Энг аввало, шахснинг конституциявий ҳуқуқларини чеклашга қаратилган илтимосномани киритган орган ва унинг қонунийлигини баҳоловчи орган ўртасидаги институционал масофа таъминланади.

Иккинчидан, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятида «давлат манфаати» тушунчаси шахснинг конституциявий ҳуқуқларидан устун қўйилишига йўл қўйилмайди.

Учинчидан, суд назорати тергов ҳаракатларининг қонунийлиги билан чекланиб қолмасдан, инсоннинг шахсий ҳаёти ва дахлсизлигига аралашувнинг зарурлиги ҳамда мутаносиблигини баҳолашга хизмат қилади.

Шу маънода хабеас корпус институтининг ривожланиши — инсон ҳуқуқларини декларатив эмас, балки амалий механизмлар орқали ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадамдир.

Қамоққа олиш —асослантирилиши лозим бўлган процессуал эҳтиёт чораси

Жиноят процессида энг кўп муҳокама қилинадиган масалалардан бири — шахсни қамоққа олиш учун асосларнинг етарлилигидир.

Амалиётда баъзан «етказилган бартараф этилмаган», «шахс яшириниши мумкин», «далилларни йўқ қилиши мумкин» каби умумий важлар келтирилиши мумкин. Бироқ ҳуқуқий давлат нуқтаи назаридан бундай тахминларнинг ўзи етарли эмас.

Савол бошқача қўйилиши керак: шахснинг айнан шу ҳолатда яшириниши мумкинлигини кўрсатувчи қандай аниқ фактлар бор? У гувоҳларга таъсир ўтказганми? Терговдан қочишга ҳаракат қилганми? Далилларни йўқ қилиш ёки сохталаштиришга уриниш бўлганми?

Ана шу саволларга далилларга асосланган жавоб берилгандагина қамоққа олиш каби энг оғир процессуал чорани қўллаш масаласи жиддий асосга эга бўлади.

Казус: А.Ж.га нисбатан қамоққа олиш масаласи

Масалан, фуқаро А.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, дейлик. Тергов органи етказилган зарар қопланмагани ва жиноят оғирлигини асос қилиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллашни сўради.

Эски ёндашувда масала асосан тергов органи тақдим этган материаллар доирасида ҳал қилиниши мумкин эди.

Янги ёндашувда эса тергов судьяси бир қатор муҳим ҳолатларни комплекс баҳолайди: шахснинг доимий яшаш жойи борми, оилавий ҳолати қандай, унинг терговдан яширинишга уринишлари мавжудми, гувоҳларга ёки бошқа иштирокчиларга таъсир ўтказиш эҳтимоли ҳақида аниқ далиллар борми?

Агар тергов органи «А.Ж. яшириниши мумкин» деган тахминни конкрет фактлар билан асослай олмаса, қамоққа олиш чорасининг зарурлиги шубҳа остида қолади.

Бундай вазиятда судья шахснинг ҳуқуқларини энг кам даражада чеклайдиган муқобил чораларни, жумладан уй қамоғи ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа эҳтиёт чораларини қўллаш масаласини баҳолайди.

Бу ерда принципиал жиҳат шундаки, қамоққа олиш жазо эмас, балки процессуал эҳтиёт чорасидир. Шунинг учун уни қўллашда шахснинг айбдорлиги ҳақидаги тахмин эмас, балки процессуал мақсадга эришиш учун унинг зарурлиги асосий мезон бўлиши керак.

Германия ва Франция тажрибаси: суд ва тергов ўртасидаги мувозанат

Тергов судьяси институтининг ривожланишида хорижий давлатлар тажрибаси ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Германияда Ermittlungsrichter институти тергов босқичида муайян суд ваколатларини амалга ошириб, инсон ҳуқуқларини чекловчи процессуал чоралар устидан суд назоратини таъминлайди.

Францияда эса Juge des libertés et de la détention — эркинликлар ва ҳибсда сақлаш масалалари бўйича судья институти шахсни қамоққа олиш ва унинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ қарорларда муҳим кафолат вазифасини бажаради.

Бу моделларнинг умумий жиҳати — тергов органининг ваколатлари устидан мустақил суд назоратини таъминлашдир.

Ўзбекистонда шаклланаётган янги модель ҳам шу умумий ҳуқуқий тенденцияга уйғун. Бироқ унинг ўзига хос томони шундаки, тергов судьясига судга қадар иш юритишнинг турли босқичларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенгроқ процессуал воситалар берилиши кўзда тутилмоқда.

Ваколат билан бирга масъулият ҳам ортади

Тергов судьясининг ваколатлари кенгайиши табиий равишда унинг касбий ва шахсий масъулиятига қўйиладиган талабларни ҳам оширади.

Чунки тергов судьяси бир томондан жиноятчиликка қарши самарали курашиш учун зарур бўлган процессуал чораларни асоссиз равишда тўсиб қўймаслиги, иккинчи томондан эса давлат мажбурловининг инсон ҳуқуқларига нисбатан ортиқча ва асоссиз аралашувга айланишига йўл қўймаслиги керак.

Шу сабабли тергов судьяси фақат жиноят-процессуал қонунчиликни яхши биладиган мутахассис эмас, балки далилларни холис баҳолай оладиган, босимларга бардошли, мустақил фикрлайдиган ва юксак ахлоқий мезонларга эга судья бўлиши талаб этилади.

Стратегияда касбий компетенциялар профилини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам ана шу зарурат билан боғлиқ. Интеллектуал салоҳият, эмоционал барқарорлик, стрессга чидамлилик, танқидий фикрлаш ва коррупцияга нисбатан муросасизлик каби сифатлар тергов судьяси фаолиятининг ажралмас мезонларига айланиши лозим. Зеро, судьянинг мустақиллиги фақат қонун билан берилган кафолат эмас. У, аввало, судьянинг ички ҳуқуқий эътиқоди ва профессионал позициясида намоён бўлади.

Ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси нимада кўринади?

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини баҳолашда қабул қилинган қонунлар ва фармонлар сонидан кўра, уларнинг инсон ҳаёти ва ҳуқуқларига қандай таъсир кўрсатаётгани муҳимроқдир.

Тергов судьяси институтининг янги босқичи ҳам айнан шу нуқтаи назардан баҳоланиши керак.

Суд назорати формал жараёндан ҳақиқий ҳуқуқий кафолатга айланганда бу фақат гумонланувчи ва айбланувчининг эмас, балки бутун жамиятнинг манфаатига хизмат қилади. Чунки биринчи босқичда қонун бузилишларининг олдини олиш кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган асоссиз таъқиблар ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши хавфини камайтиради.

Хулоса

«Одил судлов — 2030» стратегияси доирасида тергов судьяси институтига берилаётган янги ваколатлар Ўзбекистонда суд назоратини кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир.

Prima facie стандарти, хабеас корпус доирасининг кенгайиши, тезкор-қидирув тадбирлари устидан суд назоратининг кучайтирилиши, эҳтиёт чораларини мустақил кўриб чиқиш механизмларининг ривожланиши — буларнинг барчаси бир мақсадга, яъни инсон ҳуқуқларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жараёнда тергов судьяси тергов органининг қарорларини расман тасдиқловчи эмас, балки қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг мустақил кафили сифатида шаклланиши лозим.

Шунда «Адолат қўрғони» ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқлари бузилганда мурожаат қилиши мумкин бўлган реал ҳуқуқий ҳимоя тизимига айланади. Зеро, демократик ва ҳуқуқий давлатнинг ҳақиқий қудрати жазонинг оғирлигида эмас, балки ҳатто жиноят содир этишда гумон қилинган шахснинг ҳам ҳуқуқлари қонун билан ишончли ҳимоя қилинаётганида намоён бўлади.

Янги Ўзбекистоннинг одил судлов тизими учун энг муҳим мезон ҳам шу: инсон қадри — олий қадрият, суд эса унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ишончли қўрғондир.

Алижон Қарамонов,
Тошкент шаҳар
жиноят ишлари бўйича
Миробод туман суди тергов судьяси

 

Улашиш: