currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларЎзбек илмида плагиат муаммоси: олиманинг шахсий тажрибасидан

Ўзбек илмида плагиат муаммоси: олиманинг шахсий тажрибасидан

Ўзбекистон

calendar

01.06.2023

eye

1 136

Ўзбек илмида плагиат муаммоси: олиманинг шахсий тажрибасидан

Илм қилиш фарзанд ўстиришга тенгми?  Университетда таълим олаётган пайтларимиз ,бизни сеҳрлаб қўйгандек устозларимизнинг қизиқарли илмий маърузаларини тинглар эдик. Улуғ устозларимиздан бири “Илмнинг нони қаттиқ, илмий иш қилиш бу фарзанд тарбиялаб вояга етказишдек гап” - дея, кўп такрорлар эдилар. У пайтлар биз ёш, орзуларимиз осмон қадар буюк эди. Биз талабалар бу сўзларнинг мағзини чақмаганмиз. Йиллар ўтиб ўзим илмий иш қилишга киришганимда, устознинг айтган гапларини бутун вужудим билан ҳис этдим. Диссертациям, чиндан ҳам тўртинчи “фарзандим”га айланди. Онасининг соатлаб компьютер қаршисида, кутубхонада вақт ўтказишига болаларим ўрганишди ҳам. Асосий ишим тайёр бўлгач, қоғозбозлик босқичи келди. Ақлий меҳнат синдиролмаган иродани, айнан шу ҳужжатбозлик сабаб ташлаб кетган сафдошларим кўп бўлди. Барча босқичларни енгиб, ҳимоя куни ёғдирилган саволлардан омон қолиб, қучоқ-қучоқ гулларни бағримга босишга муяссар бўлдим. Табриклардан маст бўлиб, неча йилдан бери тиниқ уйқуга тўймаган бошим, ёстиққа етмай уйқуга кетдим… Кутилмаган саволлар Эртаси куни эса университетда узоқроқ танишимни учратиб қолдим. Салом аликдан сўнг, эшитган саволларим шулар бўлди: “Бошидан охиригача ҳимоя қилишга неча пул сарфладингиз? Битта машинани пули кетдими?» Миямга қон урилиб, барча қийинчиликларим кўз олдимдан бир зумда ўтди. Гўёки биров юзимга тарсаки туширгандек бўлди. Унга кетган вақт ва илм босқичларини зўр бериб тушунтиришни бошладим. Касбдошим эса пинагини ҳам бузмай давом этарди: “Мен ҳам Ph.D қилмоқчиман. Бир “Спарк”нинг пули кетади дейишдику! Шунча умр асабимни сарфлагандан кўра пулини бераман, домлам тайёр қилиб ёзиб беради. Уч тўрт диссертациядан кўчириб ўзинг ёзсанг ва мен таҳрирласам ярим пулини берасан деди…” Унинг зўр бериб гапиришига тикилганча ҳаёлимдан: “Афсус.. шунча уйқусиз тунларим, беором кунларим шулар сабаб хўлу-қуруқ бирга ёниб, илм қилишга муносабат салбий тус олаяпти” - деган фикр ўтди. Ўзга муаллиф ишини таржима қилиб, мақола чоп этаётган, диплом иши ҳимоя қилаётганларни кузатиб, одамлар бировнинг ақлий меҳнатидан фойдаланиш ҳуқуқий қонунбузарлик эканини ҳам англамайди,деган хулосага келасиз. Плагиат ўзи нима? Плагиат бу – илм-фан соҳасида жиддий муаммолардан бири бўлиб бировнинг асаридан тегишли муаллифлик кўрсатмасдан ёки рухсатисиз фойдаланиш ҳаракати ҳисобланади. Илмий ҳамжамият ривожланаётган Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Жаҳон миқёсида плагиат муаммосининг сабабларига назар солиб, бутун дунё бўйлаб плагиатнинг кўлами кенглиги, йилдан йилга кўплаб ҳолатлар қайд этилишига гувоҳ бўлиш мумкин. Илмий соҳадаги плагиатни асосан тадқиқот ишлари, диссертациялар ва академик иншоларда кузатиш мумкин. Таълимнинг томирига болта урувчи бу муаммо жамиятнинг оғриқли нуқталаридан биридир. Плагиатнинг сабаблари Плагиатнинг сабаблари хилма-хил ва мураккаб. Улардан энг оддийси – интернетдаги маълумот олишнинг енгиллашганидир.  Бугун интернетга кириш тугмасини бос ва исталган соҳада керакли ҳужжатлар, китоблар кўз олдингда муҳайё. Бунинг нимаси ёмон? - деган савол туғилади. Албатта, маълумотлар кўплиги бу ижобий ҳолат аммо, улар билан ишлаб кераклисини танлаб олиш, иқтибослар қўйиш каби оддий билимлардан бехабар талаба ёки ёш олим учун бу кўп ҳолда зарарга ишлайди. Тўғри иқтибос бериш усуллари ва ахлоқий ёзиш тамойилларини тушунмаслик ҳам кўчирмачиликка йўлдир.  Яна бир жиддий сабаб сифатида илмий иш яратиш учун босим билан биргаликда жуда чегараланган вақт чекловларини ҳам келтириб ўтиш мумкин. Илмий иш натижаларни тезда нашр этиш босими, ресурсларнинг етишмаслиги плагиат васвасасини келтириб чиқариши мумкин. Юртимиздаги баъзи таълим даргоҳларида Scopusда индексланган етакчи журналларда мақола чиқариш талаби авж олган. Ўз ўрнини сақлаб қолишни истаган ўқитувчи бир неча юз соат ўқув юкламасини бажаришдан ташқари, тинимсиз мақола ёзиши ва уларни яхшигина нархга чоп қилишига тўғри келади. Дунёнинг етакчи журналларида мақола чоп этишга бир-икки ой тугул, йиллаб вақт кетиши ҳақида бу талабни қўяётганларнинг хабари ҳам йўқдек. гўё. Университетларнинг талабидан унумли фойдаланиб, жаҳон журналларида қисқа муддатда мақола чоп қилишни ваъда қилаётган фирибгарлар эса алоҳида мавзу бўлади. Байденга қимматга тушган плагиат нутқ Жаҳонда ҳам плагиат сабаб машҳур олимларнинг бутун умрлик иш фаолиятига чек қўйилган ҳолатлар минглаб. Кўчирмакашлик фақат илм-фанга хос эмас, ҳатто президентлар ҳам бошқа лидерлар фикрини ўғирлаган ҳолатлар тарихда мавжуд. Кўпчилик АҚШнинг жорий президенти Байденнинг 1988 йилдаёқ президентлик сайловида номзодини қўйганидан хабари бўлмаса керак. 1987 йил сентябрь ойида Демократик партиядан яна бир номзод Майкл Дукакиснинг матбуот хизмати Байден ва Буюк Британия Меҳнат партиясининг амалдаги раҳбари Нил Киннок билан нутқларини таққослайдиган видеони тарқатди: Маълум бўлишича, Байден Британия Лейбористлар партиясининг кўплаб ибораларини кўчириб олган. Иқтидорли маърузачи Киннок ўзининг нутқини 1987 йил май ойида Уэлс меҳнат партияси конференциясида консерватив бош вазир Маргарет Тетчерга қарши умумий сайлов кампаниясида сўзлаган эди. Муаллиф ўзининг бир кечада ёзган ўта таъсирли нутқини шундай таърифлаган: “Мен нутқни сўзлагач, тингловчиларни маҳлиё этишимни билардим. Бу халқ учун эркинлик моҳиятини англатувчи нутқ эди”. Аслида Байден, сайловолди ташвиқоти чоғида ҳар доим Киннокни ҳурмат қилган ҳолда, фойдаланган ибораларига иқтибос берган. Бироқ, Аёва штатида бўлиб ўтган мунозара чоғидаги якуний баёнотида Киннок нутқидан парча ўқиб, унинг манбасини номлашни унутган эди холос. Ушбу жанжаллардан сўнг, 1987 йил 23 сентябрда Байден ўз номзодини сайловдан олишга мажбур бўлган. Плагиат муаммосига қарши курашиш учун бир нечта ечимлар Ушбу муаммога курашишдаги илк қадам сифатида бўлажак олимларнинг ахлоқий ёзиш тамойиллари ва тўғри иқтибос усуллари ҳақидаги билимларни ошириш лозим. Оддий иқтибос беришни тушунтириш орқали ҳам яхши натижага эришиш мумкин. Маълумки, иқтибоснинг иккита асосий тури мавжуд: тўғридан-тўғри ва билвосита. Тўғридан-тўғри иқтибос – матндан сўзма-сўз кўчирма бўлиб, унда сиз муаллифнинг фикрини ўз фикрингизга боғлаб ўзгартирмайсиз. Билвосита иқтибос – бошқа муаллиф матнини мазмунини ўзгартирмасдан, сўз ва ибораларни алмаштириш билан ифодалашдан иборатдир. Яъни бу ҳолатда ўзингиз қилаётган тадқиқот соҳасида сиздан аввал қандайдир янгиликлар киритган олимлар асарлари сизнинг илмий ишингизни янада кенгроқ ва чуқурроқ жиҳатларини намоён қилгани ёрдам беради. Ҳар икки ҳолатда ҳам сиз муаллиф асарига иқтибос беришингиз зарур. Яна бир самарадор бўлиши мумкин бўлган усул бу ёзувчилар, журналистлар ва талабалар учун таълим дастурлари, семинарлар ва тренинглар орқали тушунча беришдир. Юртимизда мавжуд илмий ишлар ҳимоясининг плагиатга текширишда қўлланиладиган воситаларни янгилаш ва хориж тажрибасидан фойдаланиш яхши натижа бериши мумкин. Илғор дастурий таъминот ва бошқа воситаларни ишлаб чиқиш орқали плагиатни кузатиш ва аниқлашни кучайтириш бунга ёрдам беради. Бугунги кунда плагиат учун қатъий жазо чораларига эҳтиёж мавжуд Бу муаллифлик ҳуқуқини бузиб ўзга инсон меҳнатидан фойдаланишни ўйлайдиган ҳар бир киши учун “стоп” белгиси вазифасини ўтайди. Юртимиз қонунчилигида жиноят кодексининг 149-моддасига кўра, тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш ҳаракатларига жазо чоралари қонунда назарда тутилган. Хулоса ўрнида Плагиатнинг сабаблари ва оқибатларини тушуниш ва англаб этиш унга қарши самарали курашишнинг муҳим омилидир. Шунингдек, ахлоқий ёзиш тамойиллари ҳақида хабардорликни ошириш, илғор мониторинг ва аниқлаш воситаларини ишлаб чиқиш, ҳамда плагиат учун қаттиқ жазо қўллаш – буларнинг барчаси плагиат ҳолатларини камайтиришга ёрдам беради. Илмда кўчирмачиликка йўл қўйиш оқибатида олимлар мисқоллаб тўпланган ишончни йўқотиши, ўз обрўсига путур етказиш билан биргаликда, ҳуқуқий оқибатларга йўлиқиши ҳам мумкин. Бу эса фақат ташқи таъсирлар холос. Шу билан биргаликда ҳар биримиз ички ахлоқий қоидаларга эга инсонлармиз. Ҳаром ва ҳалол тушунчалари болаликдан бизга сингдирилиб келинади. Шундай экан, плагиат орқали, ўзга бир инсоннинг умри, билими, кўз нури кетган манбалардан иқтибоссиз фойдаланиб ҳимоя қилинган диссертация орқали нон топиб фарзандларимизга едиришимиздан аввал, бу қанчалик ҳалоллик мезонларига тўғри келишини ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқдир.

Лайло Исмаилова, Тошкент давлат Иқтисодиёт университети доценти, Ph.D

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 804

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 729

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


27-октябр 2024, 04:36
1 629

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.


13-ноябр 2024, 12:35
1 617

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.

Мавзуга доир янгиликлар: