currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликларЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти” форматидаги учрашувдаги нутқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти” форматидаги учрашувдаги нутқи

Ўзбекистон

calendar

18.09.2021

eye

255

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти” форматидаги учрашувдаги нутқи

Ҳурматли ҳамкасблар! Афғонистондаги барчамизни ташвишлантираётган вазият мени ҳам хавотирга солмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, бугун ушбу мамлакатда мутлақо янги воқелик қарор топди – жуда қисқа вақтда “Толибон” ҳаракати деярли бутун ҳокимиятни ўз қўлида жамлади. Янги ҳокимият олдида жамиятни жипслаштиришдан тортиб барча этносиёсий гуруҳларни ўз ичига олган лаёқатли ҳукуматни шакллантиришгача босиб ўтилиши керак бўлган мураккаб йўл турибди. Моҳиятан, вазиятни барқарорлаштириш истиқболлари, афғон давлатчилигининг тикланиши ва, умуман, халқаро ҳамжамият билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши шунга боғлиқ бўлади. Ҳозирги шароитда мамлакат фуқаролик уруши ва гуманитар инқироз домида қолиб кетган, халқаро ҳамжамиятдан яккаланиб қолган, унинг ҳудуди эса халқаро террорчилик ва наркотиклар ишлаб чиқариш “хаби”га айланган давр – тўқсонинчи йиллардаги ҳолатига яна қайтиб қолмаслигига қатъий кафолатлар йўқ. Энг яқин қўшни сифатида биз ўша йиллардаги шундай хавф-хатар ва таҳдидларга бевосита дуч келганмиз ҳамда Афғонистондаги вазият шу сценарий асосида ривожланиши эҳтимолининг барча салбий оқибатларини аниқ-равшан англаб турибмиз. Шу муносабат билан Афғонистон бўйича ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари борасидаги нуқтаи назаримиз билан бўлишмоқчиман. Биринчи. Афғонистон ҳудуди хавфсизлигимизга таҳдид ва хатарлар манбаи бўлиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу борада сўз юритганда, энг аввало, экстремизмнинг ортиши ва радикал мафкуранинг экспортини, Афғонистон ҳудудидан мамлакатларимизга қарши қўпорувчи ҳаракатлар учун фойдаланишни, жангариларнинг чегараларни бузиб ўтиш хавфини назарда тутяпман. Умумий саъй-ҳаракатлар билан, қатъий чоралар кўрган ҳолда, биргаликда террорчиларни “қайноқ нуқталар”дан Афғонистонга кўчириш каналларини кесиш муҳимдир. Шу муносабат билан ШҲТ МАТТ Ижроқўми ва КХШТ Котибияти, шунингдек, давлатларимиз махсус хизматлари йўналишида амалий ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоримиз. Иккинчи. Янги ҳокимиятни тан олиш жараёнига кириш учун шароитлар яратиш мақсадида Афғонистон ва унинг атрофидаги вазиятнинг ривожланишига нисбатан ШҲТ ва КХШТнинг умумий стратегик ёндашувини ишлаб чиқиш ғоятда муҳимдир. Учинчи. Янги ҳукумат билан мулоқот у ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишига яраша амалга оширилиши лозим. Булар қаторида – халқаро террорчилик ташкилотларига раҳнамолик қилмаслик; Афғонистон ҳудудидан учинчи мамлакатларга қарши фойдаланишига йўл қўймаслик; инсон, шу жумладан хотин-қизлар ва миллий озчиликларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишини таъминлаш. Тўртинчи. Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга. Мураккаб вазиятга қарамасдан, биз Ўзбекистон-Афғонистон транспорт узели – ушбу мамлакатга озиқ-овқат ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш учун энг муҳим йўл фаолиятини, шунингдек, электр энергиясининг узлуксиз таъминотини тўхтатмадик. Шуни алоҳида таъкиламоқчиманки, ёрдамнинг тўхтатилиши жафокаш афғон халқининг шундоқ ҳам оғир аҳволини янада қийинлаштиради. Айни пайтда янги ҳокимият қўшма лойиҳаларни амалга оширишда хавфсизликни кафолатлаши шарт. Бешинчи. Афғонистоннинг яккалаб қўйилиши ва унинг назардан қолиб кетган мамлакатга айланишига йўл қўймаслик муҳим. Шу нуқтаи назардан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонга кўмаклашиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш ва мувофиқлаштириш учун янада кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин бўларди, деб ҳисоблаймиз. Ҳурматли ҳамкасблар! Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда барча манфаатдор томонлар билан яқин ва самарали ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттириш ниятида. Эътиборингиз учун раҳмат.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 480

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 976

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 470

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 449

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.