Ўзбекистон
27.09.2023
880
Шу йилнинг январидан май ойигача Ўзбекистонга 2,6 миллион чет эл фуқароси сайёҳ сифатида келган. Гарчи рақамлар йил сайин ортаётган бўлса-да, буни мутахассислар туризм соҳаси учун етарли эмас, деб ҳисоблайди. Италиянинг Турин университети магистранти Дилдора Юлдошева ҳам шу фикрда. Сайёҳ оқимининг кўпайиши, Ўзбекистон номининг танилиши фақат кўҳна обида, меъморий жозибадорликда эмас, балки ундан-да муҳим омилларга тақалади, дейди у. 27 сентябрь — Халқаро туризм куни баҳона Hudud24.uz туризм ва миграция соҳаси тадқиқотчиси билан Европадаги талаба ҳаёти, ўзбеклар миграцияси, туризм соҳасидаги камчиликлар ҳақида суҳбатлашди. [caption id="attachment_21284" align="aligncenter" width="941"] ФОТО: Дилдора Юлдошеванинг шахсий архивидан[/caption] Дилдора Юлдошева 26 ёш Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида туғилган; Италиянинг Турин университети магистранти; Халқаро муносабатлар бўйича таҳсил олади; Португалиянинг Ковиля шаҳридаги Бейра Интерьер университетида малака оширган; Инглиз, рус, форс ва итальян тилларида сўзлаша олади; Илмий ишини ёзиш учун Бельгиянинг Леж университети грантини ютиб олган. — Нуфузли университетларда ўқиб, тажриба тўплаяпсиз. Табиийки, кузатиш имкони кенгроқ сизда. Нега ўзбек талабаларининг Европадан кўра Америкага интилиши кучлироқ? Гарчи айрим Европа давлатлари грант, стипендиялар таклиф қилса-да, АҚШ, Малайзия, Жанубий Кореяни афзал биладиганлар кўп учрайди? — Бунга етарли сабаб бор. Биринчидан, ўқишни тамомлаб, иш топиш масаласи туради. Европада ишга жойлашиш қийин. Битирувчиям, талабаям бирдек қийналади. Қонунчиликдаги айрим талаблар оғир келса керак. Компаниялар Европа фуқароси бўлмаганларга иш берса, ишчининг виза харажатларини тўлашга мажбур бўлади. Бу эса компания учун ортиқча харажат дегани. Масалан, бир иш ўрнига икки номзод бор: хориж фуқароси ва маҳаллий вакил. Ташкилот ўз навбатида кам харажат ва энг юқори фойдага интилади. Бундан ташқари, тил масаласи ҳам йўқ эмас. Тўғри, инглиз тили дунё тили, аммо иш излаганга кўпинча француз ва немис тилларини билиш талаб этилади. Шу боис жараён кўпга чўзилиши ёки талабгорлар шунчаки тил ўрганишни хоҳламаслиги мумкин. — Европадаги илмий доиралардан бохабар бўлиб боряпсиз. Ҳозир сиз яшаётган ва ўқиётган ўлкада ўзбек олимлари кўпми? Бор бўлса, қайси соҳа ёки йўналишда кўпроқ илмий иш қилмоқда? — Бор, жуда кўп. Фақат уларнинг ижтимоий тармоқларда ҳадеб кўравермаймиз. Интервью беришни хушлашмайди. Яқинда амалиёт пайтим Германиядаги Бонн университетида қилинаётган лойиҳага дуч келдим. Лойиҳа менежери Алишер Мирзабаев деган профессор экан. Кейин у кишини LinkedIN’да қидириб, Zoom орқали суҳбатлашдим. Профессорга ҳурматим ошди. Ўзимга, соҳамга керак маълумотларни олдим. Келажак учун режалар туздим. Хорижда фидойи, ишининг профессионали бўлган олим-олималаримиз анча. Аммо уларнинг маълумот базаси бизда шакллантирилмагани ёмон. Муҳандислик, биология, физика-математика соҳаларида каррасига кўп топилса керак. — Халқаро муносабатларда миграция масалаларини ўрганасиз ва туризм бўйича мутахассисликка эгасиз. Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тўлиқ очилмаган, дейди айрим экспертлар. Буни рақамлар, йиллик ҳисоботлар ҳам даллиллаб туради. Туристик жозибадорликни оширишда биз нималарда кўпроқ хато қиляпмиз? — Шу йилнинг августида “Ватандошлар” жамоат фонди ташкиллаштирган викторинада ғолиб бўлиб, Ўзбекистонга бир ҳафталик саёҳат йўлланмасини ютиб олдим. Саёҳатим давомида инфратузилма кўнгилдагидек ривожланмагани яққол билинди. “Афросиёб” поезди ёки оддий поездлар ҳам мавсумда деярли 50 фоиз сайёҳга хизмат кўрсата олади, холос. Бу кам! Поездлар сиғими ҳам етарли эмас. Қўшимчасига, оддий транспорт ва йўл инфраструктураси ҳам талабга жавоб бермайди. Майли, буларни ҳал этиш, қисқа вақтда яхшилаш мумкиндир. Аммо туристик жозибадорликни янги city’ларга алмашаётганимиз ёмон. Тўғри, ривожланиш керак, янги иморат-иншоот зарур, аммо тарихий экспонат, қадамжони бузиш эвазига бўлмасин. Бундан ташқари иқлим ноқулайлигининг ҳам таъсири катта. Айтишингиз мумкин, об-ҳавони ўзгартириш инсонга боғлиқ эмас, деб. Европада яшаганимдан кейин Ўзбекистонга ёз ва қиш ойлари таътилга келдим. Қиш -20 даража совуқ, ёз +50 га етганди. Бунақа аномал ҳавода саёҳат қилиш жондан кечиш дегани. Аммо биз баланд иморатлардан аввал дарахт эксак, яшил ҳудудларни кўпайтирсак, ўриндиқ ва фаввораларни дид билан жойлаштирсак келадиган топилади. Италия йилига 27 млн сайёҳ ташрифи билан жаҳонда 6-ўринда туради. Чунки саёҳатчига ҳамма қулайлик ҳозирланган. Шаҳар айланиб ичимлик суви сотиб олишга ҳожат йўқ. Мўъжаз жўмраклардан оқадиган сувдан ичиб кетаверасиз. Рим кўҳна шаҳарлигидан ташқари дов-дарахтга сероб пойтахт. Менимча, Европада нимаики яратилмасин, ислоҳ қилинмасин, энг аввал инсон қадри, қулай яшаши, ҳаракатланиши учун қилинади, бизнес учун эмас. [caption id="attachment_21285" align="aligncenter" width="941"] ФОТО: Дилдора Юлдошеванинг шахсий архивидан[/caption] — 2022 йили Францияга 80 млн, Испанияга 71.6 млн сайёҳ ташриф буюрган экан. Ўзбекистонда бу рақам 5,2 млн деб кўрсатилган. Рақамларни таққосламоқчи эмасман, аммо бизнинг ҳам бошқаларга кўрсатгулик жойларимиз кўп-ку! Нима қилсак, Ўзбекистоннинг чекка бир ҳудудидаги (сайёҳларга ҳақиқий экзотика бўлиб туюлади қишлоқларимиз) оила ёки муайян ташкилот туризмдан даромад қилиши, хорижликларни муттасил жалб этиши мумкин? — Гап бошқаларга кўрсатгулик жойларимиз кўплигида бўлса қанийди! Масофа, харажат ва ҳужжатни ҳам унутманг. Ўзбекистонга Италиядан бориш-қайтиш чиптасининг энг арзони 600 евро. Лекин шу пулга тажрибали сайёҳ Парижда 3-4 кун айланади. Ёки дунёнинг бориш-яшаш арзон ўлкасини танлаб, ҳордиқ чиқаради, юрт кезади. Яна бир камчилигимизни тан олайлик: “шахсий бренд”имиз ҳалиям йўқ. Бунинг учун сал ижодкорлик ва ҳафсала бўлса, етади. Чет қишлоқларимизда ҳатто шаҳарликларга номаълум, номи қулоққа чалинмаган удумлар бор. Ўшаларни кўрсатадиган тур-пакетлар қилиш мумкин. Масалан, Бухорода “Саллабандон” деган удум бор. Қиз турмушга чиқиб, фарзанд кўргач, “Бешик тўйи” якунида қилинадиган одат бу. Кайвонилар ёш онани ўртага ўтиргизиб, “Энди ҳақиқий бека, она, хотин бўлди. Уй-рўзғорига боғлансин” деган мазмунда бошига бўйни аралаш оқ мато ўрашади. Бунда аёлнинг жисман ва маънан улғайганига урғу берилади. Араблардан қолган шу одат ҳам ўзимизники бўлиб кетган ва сайёҳларгаям қизиқ бўлиши мумкин. Ёки Европага келадиган аксар сайёҳ ўз ҳисобидан эмас, Wоrkaway дастуридан фойдаланади. Яъни бунда қишлоқларга мавсумий ишчини эмас, сайёҳни жалб этишади. Ташрифчи эса ётоқ ва овқат эвазига бир ой ишлаб беради, ҳам саёҳат қилади. — Миграция масаласи йилдан йилга актуаллашяпти. Ҳатто иқлим мигрантлари деган жумла тез-тез такрорланадиган бўлди. Ўзбеклар миграцияга қанчалик ҳисса қўшяпти, сизнингча? — Бугун “рақамли кўчманчилар” атамаси машҳур. Португалияда ўлка иқтисодиётини ривожлантириш учун Канада ва Америкадан ана шундай мигрантларни жалб этишади. Лиссабон ва Порто шаҳарларида португаллардан кўра инглиз ва француз кўп. Ўзбекистон аҳолиси миграцияси статистикасига қарасак, Россияга кўчиб кетган мигрантлар орасида ўзбеклар етакчи. Умумий ҳисобдан 25 фоизи бизга тегишли экан ва биринчи ўринда ҳам ўзимиз. Албатта, Россияда ҳам талаба, профессор ва бизнесменларимиз бор, дейишингиз мумкин. Рост. Лекин кетганларнинг аксари қора ишчи. Ёки Америкага Мексика орқали ўтаётганлар-чи? Мен миграция дейилса, икки давлат фуқаролари: Ҳиндистон ва Покистон аҳолисини ҳурмат қиламан. Ғарбда машҳур лидерлар, йирик компания эгалари ёки бошқарувчилари ҳиндлар, покистонликлар. Улар билан солиштирганда ўзбекларнинг юқори лавозимда ишлаётган, бошқа давлатнинг интеллектуал ривожига ҳисса қўшаётган ватандошлар ҳозирча кам. Умуман олганда, ўзбеклар ҳам ўқиш, билим олишдан улардан каммас. Шунчаки марра ва мақсадни каттароқ қўйиш керак. Одамлар кўриши, гапириши, мақташи учун эмас, балки дунёни бошқариш, кимлигимизни исботлаш учун иш қилайлик. — Келгусида вазият қандай бўлади? Ўзбек мигрантлари сони ҳозиргиданам ортадими ёки камаяди? Ўзи, умуман, кўчишлар қандай босқичга чиқади? — 1960-2022 йиллар ораси Ўзбекистон аҳолиси 8,53 миллиондан қарийб 36 миллионга ошди. Рақамлар яна ўсиб бораверади. Аҳоли сони кўпайса, ресурсларга ҳам талаб ортади. Мамлакатдаги иқтисод барқарор бўлса-да кескин кўпайиш кишини бунданам кўп ресурс излашга ундайди. Урбанизация ёки миграция ечим кўринади кейин. Аммо тенденция таркиби ўзгариш эҳтимоли жуда юқори. Яқинда Ўзбекистонда бўлганимда ёшларнинг қарийб бари IELTS имтиҳонига тайёрланаётганини кўрдим. 70 яшар отахон-онахон ҳам невараси сабаб халқаро имтиҳон нималигини аллақачон билади. Хулосам шуки, ўқимишли, илмга интилаётган қатлам кенгаймоқда. Айниқса тилларни ўрганиш, ахборот технологиялари борасида анча илғормиз. Назаримда, бир-икки авлоддан кейин Россияга кетадиган ишчи қатлам статистикаси пасая бошлайди. Ўрнини ақллар оқими эгаллайди. Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Инглиз тили: 2 минг соат қоидаси
Нега ёш болага тил ўргатишда эҳтиёт бўлиш шарт? Ўзбекистонда элитар таълим қандай бўлиши керак, сифатли таълимни биз берсагу, ҳузурини чет давлатлар кўрса-чи? Бизда ишламасдан ҳам пул оладиган устозлар кўпми, хориждаги зиёли ватандошларнинг Ўзбекистонга қанчалик фойдаси тегяпти, IELTS ҳақидаги рекламалар сафсатами? Шу ва шу каби саволларга жавоблар Шаҳноза Соатованинг "Қачонгача" подкастида 7 та тилни билса-да, Андижонда ўқитувчилик қилаётган Искандар Саттибоев билан суҳбатда янграйди.
Энди Самарқанддаги 20 та мактабда туризм соатлари жорий этилади
Ўқувчиларнинг Ўзбекистон ва хориждаги туризм ҳамда маданий мерос ҳақидаги билимларини шакллантиришга қаратилган мазкур тажриба кейинчалик Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва бошқа мактаблар ўқув дастурларига киритилади.
Сўнгги 2 йилда Ўзбекистонда туризм инфратузилмасига жами 3 млрд доллар сармоя киритилди
UNWTO Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасидаги биринчи ялпи мажлисида Самарқандда ушбу нуфузли тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида амалга оширилган ҳақида маълумот берилди.
Келгуси йилда Ўзбекистонга 10 млн сайёҳ келиши режалаштирилмоқда
Бу ҳақда Самарқандда ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси очиқ сессиясида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.