currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларЎзини ўзи банд қилишда нималарни билиш лозим?

Ўзини ўзи банд қилишда нималарни билиш лозим?

Ҳуқуқ

calendar

06.10.2026

eye

60

Ўзини ўзи банд қилишда нималарни билиш лозим?

Ўзини ўзи банд қилган шахс — меҳнат даромади олиш мақсадида ўзининг шахсий меҳнати билан мустақил равишда ишларни бажарадиган ёки жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида алоҳида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахс ҳисобланади. Унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарори билан тасдиқланган Низом асосида тартибга солинади.

 

Қандай қилиб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш мумкин?

Бунинг учун солиқ органига бориш шарт эмас. Фуқаро махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари маркази орқали рўйхатдан ўтиши мумкин. Шунингдек, белгиланган талабларга жавоб берадиган электрон платформалар, жумладан интеграция қилинган маркетплейслар орқали ҳам рўйхатдан ўтиш имконияти мавжуд.

Муҳими рўйхатдан ўтиш учун ҳақ ундирилмайди. Рўйхатдан ўтган шахсга QR-кодга эга бўлган маълумотнома берилади. Ушбу маълумотнома электрон шаклда юклаб олиниши мумкин ва унинг амал қилиш муддати чекланмаган.

 

Фаолият турига эътибор бериш керак

Ўзини ўзи банд қилишнинг муҳим жиҳатларидан бири — фуқаро фақат қонунчиликда белгиланган фаолият турлари доирасида иш юритиши керак. Рўйхатдан ўтиш жараёнида қайси иш ёки хизмат тури билан шуғулланиш кўрсатилади.

Шунинг учун ўзини ўзи банд қилишдан олдин танланган фаолият тури амалдаги рўйхатга киритилганини текшириб олиш муҳим. Агар фаолият тури мазкур тартибга мос келмаса, бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакл, жумладан якка тартибдаги тадбиркорлик ёки юридик шахс ташкил этиш талаб қилиниши мумкин.

 

Ўзини ўзи банд қилган шахс кимлар билан ишлаши мумкин?

Ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиши ҳамда ишлар бажариши мумкин. Ташкилотлар ҳам уларни шартнома асосида хизмат кўрсатиш ёки ишларни бажариш учун жалб қилиши мумкин. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахснинг меҳнатига тўланган ҳақ ижтимоий солиқни ҳисоблаш объекти ҳисобланмайди.

Бироқ ўзини ўзи банд қилиш мақоми корхонадаги оддий меҳнат шартномаси ўрнини босмайди. Шунингдек, амалдаги Низомга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахс ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.

Шу сабабли фаолияти кенгайиб, бошқа шахсларни доимий равишда ишга жалб қилиш зарурати пайдо бўлган шахс учун тадбиркорликнинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклига ўтиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

 

Даромадга қандай солиқ солинади?

Ўзини ўзи банд қилиш тартибида амалга оширилган меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди. Бироқ бу имтиёз фуқаронинг бошқа манбалардан олган барча даромадларига автоматик равишда татбиқ этилмайди. Меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадлар Солиқ кодексида белгиланган умумий тартибда солиққа тортилиши мумкин.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахс учун меҳнат стажи ҳисобланиши масаласи ижтимоий солиқ билан боғлиқ. Низомда меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчиликда белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўланиши назарда тутилган. Тўланган ижтимоий солиқ Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва пенсия ҳисоблашда белгиланган тартибда инобатга олинади.

Шунинг учун “ўзини ўзи банд қилдим — демак, пенсия стажи автоматик равишда ҳисобланаверади” деган тушунчага тўлиқ таяниб қолмаслик керак. Стаж масаласида тегишли ижтимоий солиқни тўлаш талабларига амал қилиш муҳим.

 

Фаолиятни вақтинча тўхтатиш мумкинми?

Агар шахс маълум муддат давомида ўзини ўзи банд қилиш доирасида меҳнат фаолиятини амалга оширмаса, белгиланган тартибда фаолиятини вақтинча тўхтатгани ҳақида хабар бериши мумкин.

Бунда махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тегишли билдиришнома юборилади. Фаолият вақтинча тўхтатилган даврда ижтимоий солиқни тўлашни тўхтатиб туриш учун мазкур билдиришнома асос бўлади.

 

Ҳисоб-китоб ва ҳужжатларга эътибор бериш зарур

Ўзини ўзи банд қилишнинг қулай томонларидан бири — тадбиркорликнинг мураккаб шаклларига нисбатан маъмурий жараёнларнинг соддалигидир. Бироқ бу фаолиятни ҳужжатларсиз ёки оғзаки келишувлар асосида юритиш мумкин дегани эмас.

Айниқса юридик шахсларга хизмат кўрсатилганда шартнома, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизматни тасдиқловчи ҳужжатлар, тўловларни тасдиқловчи маълумотларни сақлаб қўйиш муҳим. Бу нафақат солиқ масалаларида, балки буюртмачи билан низо келиб чиққан ҳолатларда ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

 

Фаолият ривожланса, бошқа шаклга ўтиш мумкин

Ўзини ўзи банд қилиш кўп ҳолларда мустақил меҳнат фаолиятини қонуний бошлаш учун қулай имконият ҳисобланади. Масалан, дизайнер, дастурчи, таржимон, репетитор, фотограф, сартарош, турли маиший хизматларни кўрсатувчи ёки қонунчиликда белгиланган бошқа фаолият билан шуғулланувчи шахс ўз фаолиятини шу тартибда бошлаши мумкин.

Бироқ фаолият ҳажми кенгайиб, ходимларни жалб қилиш, доимий офис ёки ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш, шериклар билан бизнес юритиш ёки қонунчиликда ўзини ўзи банд қилиш учун назарда тутилмаган фаолият билан шуғулланиш зарурати пайдо бўлса, тадбиркорликнинг бошқа шаклини танлаш талаб этилиши мумкин.

Демак, ўзини ўзи банд қилишни “бизнеснинг охирги босқичи” эмас, балки кўп ҳолларда мустақил фаолиятни қонуний ва содда тарзда бошлаш имконияти сифатида кўриш мумкин.

Энг муҳими, ўзини ўзи банд қилган шахс ўз фаолияти тури, солиқ мажбуриятлари, ижтимоий солиқ ва меҳнат стажига оид талабларни яхши билиши ҳамда амалдаги қонунчиликдаги ўзгаришларни кузатиб бориши лозим.

Шу тариқа, ўз меҳнати билан даромад топаётган фуқаро фаолиятини қонунийлаштириб, буюртмачилар билан расмий муносабат ўрнатиши ва ўз меҳнат фаолиятини қонун доирасида амалга ошириши мумкин.

Лобар Розимова,
ҳуқуқшунос

Улашиш: