currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликларВақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси (больничный) кимга қанча тўланади? Муҳим 7 саволга жавоб

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси (больничный) кимга қанча тўланади? Муҳим 7 саволга жавоб

Ўзбекистон

calendar

21.08.2023

eye

7 771

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси (больничный) кимга қанча тўланади? Муҳим 7 саволга жавоб

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлганда (халқ тилида “больничный”) унга иш ҳақи ўрнига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси берилади. Hudud24.uz қуйида нафақа тўлаш асослари, миқдори ҳақидаги айрим ҳуқуқий нормалар ҳақида маълумот беради.

1. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қачон берилади?

Нафақа қуйидаги ҳолатларда берилади: – вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ касалликда (шикастланишда); – санаторий-курортларда даволанганда; – касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда; – карантинда; – сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда; – меҳнат қобилиятини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

2. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолса нима қилиш керак?

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тайинлаш учун фақат вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (касаллик варақаси) асос бўлади. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолганда, нафақа, унинг дубликати асосида берилади. Нафақа вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган ёки ходимга ногиронлик белгилангунгача бўлган давр учун, ҳатто бу даврда ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам берилади. Ходимнинг меҳнатга қобилиятсизлик вақти унинг йиллик таътил (“отпуск”) даврига тўғри келиб қолса, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлар учун нафақа тўланади.

3. Ходим санаторийда даволанганда қанча вақт учун нафақа берилади?

Санаторий-курортда даволанишда ходимнинг таътиллари санаторийда даволаниши учун етарли бўлмаса, нафақа берилади. Бунда нафақани тўлашда санаторий йўлланмасида кўрсатилган даврдан таътиллар даврини айириб ташлаб қолган вақт учун тўланади. Масалан, санаторийда даволаниш учун 40 кун керак бўлса, ходимнинг йиллик таътил муддати 30 кун бўлса, ходимга нафақа 10 кун учун берилади. Ходим таътилларидан санаторийга боришдан олдин фойдаланган бўлса ҳам нафақа уни чиқариб ташлаган ҳолда берилади. Қолган вақт учун ходимга иш ҳақи сақланмаган таътил берилади. Бунда истисно ҳолати мавжуд, яъни қуйидаги ходимларга санаторийда бўлган барча вақт учун нафақа берилади: 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари; байналминал жангчилар; Чернобил АЭС фалокати оқибатларини тугатишда қатнашган шахслар; ўткир миокард инфаркти билан касалланганлар; жарроҳлик услуби билан юракнинг аортакоронар шунтровкаси ва аневризмлари, ошқозоннинг яралик касаллиги, ўн икки бармоқ ичак касаллигидан даволанганлар; ўт пуфагини олиб ташлашдан кейин бевосита юборилган ходимлар; сил касаллиги билан оғриганлар.

4. Оила аъзолари касал бўлганида ҳам нафақа берилиши мумкинми?

Оиланинг касал бўлган аъзосига қараш бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бемор бировнинг парваришига муҳтож бўлган, лекин 7 календарь кунидан ошмаган давр учун берилади. Ўн тўрт ёшга етмаган бемор болага қараш учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси болага парвариш керак бўлган, аммо 14 календарь кунидан ошмаган давр учун берилади. 16 ёшгача бўлган ногирон болани тарбиялаётган ота-оналардан бирига (ҳомийга ёки васийга), ногирон боланинг санаторийда даволанган барча даври учун (санаторийга бориб-келиш вақтини ҳисобга олиб) унга якка тартибда парвариш зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса мавжуд бўлганда нафақа берилади. 3 ёшгача бўлган болани ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болани парваришлашда банд бўлган она касал бўлиб, болани парваришлашга қурби етмай қолганда, парвариш билан банд бўлган ишлаётган бошқа оила аъзолари ёки қариндошларига (меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан) нафақа берилади. Ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан ишдан четлатилганда нафақа берилади.

5. Ходим бола парвариши таътилида бўлганда нафақа бериладими?

Йўқ, берилмайди. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик қуйидаги даврларга тўғри келганда нафақа тўланмайди: – иш ҳақи сақланмаган таътил; – болани парваришлаш бўйича таътил; – иш вақтинча тўхтатилган; – ходим ишдан (лавозимдан) четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганлиги сабабли ишламаган; – ҳарбий ўқув ёки текширув йиғини; – ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган қўшимча таътил.

6. Қандай ҳолатларда нафақа тўланмайди?

Нафақа қуйидаги ҳолларда берилмайди: ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёхуд ўзини касалликка солганда; гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек, спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш натижасида касалликка чалинганда (жароҳатланганда); жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланганда; суд қарори асосида мажбурий даволанишга юборилганда (руҳий касаллардан ташқари); ҳибсда бўлган даврда; суд-тиббиёт экспертизасидан ўтиш даврида.

7. Нафақа қанча миқдорда берилади?

Нафақа одатда ходимнинг иш стажидан келиб чиқиб ҳисобланади. Қуйидаги ходимларга нафақа иш стажидан қатъи назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилади: ишлаётган 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига; байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга; қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга; Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга; Чернобил АЭСдаги авария натижасида эвакуация қилинган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга; меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар (сил, онкология касалликлари, хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, ОИВ/ОИТС, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга нафақа қуйидаги миқдорларда тўланади: – умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида; – умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида; – умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида. Бошқа ходимларга нафақа қуйидаги миқдорларда тўланади: – умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида; – умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

Дилмурод Ражабоев,

Hudud24.uz колумнисти

 

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 592

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 989

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 471

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 454

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
11-ноябр 2023, 09:54
541

Ўтган 10 ой давомида ўз вақтида тўланмаган 151 млрд. сўм иш ҳақи меҳнаткашларга ундириб берилди

Шу давр мобайнида 156 минг 108 нафар фуқаро ва 65 минг 55 та оилага қарийб 144 млрд сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилган.

cover image
23-октябр 2023, 14:00
2 541

Меҳнат шартномасини ўзгартириш: муҳим 7 саволга жавоб

Ишга кираётганда меҳнат шартномаси тузилади. Кейин уни ўзгартирса бўладими? Ходим буни талаб қила оладими? Иш берувчига-чи, меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартиришга рухсат бериладими? Бошқа ишга ўтказиш шартлари қандай? Hudud24.uz бугун меҳнат қонунчилигидаги шу ва бошқа масалаларга батафсил тўхталади.

cover image
20-сентябр 2023, 14:00
5 170

Кимлар истисносиз ишдан бўшатилади? Кимларни бўшатиш мумкин эмас? 5 та муҳим маълумот

Раҳбар “аризангни ёз” деса бўшаб кетавериш керакми? Иш берувчи ходимни истаган пайтда ишдан олиши мумкинми? Қонунчиликка кўра, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш асосланган бўлиши керак. Hudud24.uz бугун иш берувчи ходимини қандай асосларга кўра бўшатиши мумкинлиги, қайси ҳолларда ишдан бўшатишга ҳақли эмаслиги ҳақида сўз юритади.

cover image
14-сентябр 2022, 05:10
302

Ходимга меҳнатда майибланиш натижасида етказилган зарар қандай қоплаб берилади?