Штат қисқарганида кимлар ишда қолади? Энди 3 ёшгача боласи бор аёлларни иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкинми? Муддатли меҳнат шарномасини муддати тугаганидан кейин бекор қилмаса нима бўлади? Аризани почта орқали юборса бўладими? Қуйида шу ва бошқа масалар ҳақида маълумот берилади.
- Ишдан бўшашнинг умумий асослари
Янги Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини бекор қилиш, яъни ишдан бўшатишнинг бир қатор асослари санаб ўтилган. Улар қуйидагилардан иборат:
– ходим ва иш берувчи келишуви бўйича;
– меҳнат шартномаси муддати тугаши билан ишдан бўшаш;
– ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшаши;
– иш берувчи томонидан ходимни ишдан бўшатиш;
– ташкилот эгаси алмашганда, у қайта ташкил этилганда, ташкилотнинг бўйсунуви ўзгарганда ходим ишни давом эттиришни рад этиши;
– ходимнинг янги меҳнат шартларида ишлашни давом эттиришни рад этиши;
– ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга ишлаш учун кўчишни рад этиши;
– тиббий хулосага кўра ходим соғлиғига тўғри келадиган бошқа ишга ўтишни рад этиши ёки иш берувчида ходимга мос бошқа иш бўлмаган тақдирда;
– ходим ва иш берувчи ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича;
– янги муддатга сайланмаганлик ёки танловдан ўтмаганлик ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этиш бўйича;
– алоҳида тоифадаги ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида ишдан бўшатиш асослари мустаҳкамланган асослар бўйича.
- Муддатли меҳнат шартномаси муддат тугаши билан бекор қилинмаса, у номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади
Меҳнат шартномаси исталган вақтда иш берувчи ва ходим келишувига кўра улар белгилаган кундан бошлаб бекор қилиниши мумкин.
Бунда иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат шартномасига ёзма шаклда қўшимча келишув тузилади, мазкур келишувда шартнома бекор қилинадиган сана, келишув тузилган сана ҳамда иш берувчи ва ходимга оид маълумотлар кўрсатилади. Келишувда шарнома бекор бўладиган сана сифатида исталган муддат кўсатилиши мумкин, масалан муддат бир неча кун, ой, йил бўлиши мумкин.
Муддатли меҳнат шартномаси эса унда кўрсатилган муддат тугаши билан бекор қилинади.
Меҳнат шартномасидаги муддат тугаганидан кейин шартномани бекор қилиш ниятида бўлган тараф яъни ходим ёки иш берувчи бир-бирини камида 3 кун олдин ёзма огоҳлантириши керак.
Масалан, шартнома муддати 10 июлда тугаши белгиланган бўлса, уни бекор қилишни иш берувчи истаса, иш берувчи ходимни 7 июлгача ёзма хабардор қилиш керак. Аксинча, ходим ишдан бўшашни истаса, иш берувчини 7 июлгача ёзма хабардор қилиш керак.
Бу қоида, ходим иш ўрни, лавозими сақланаётган бошқа ходим ўрнига ишга олинганда қўлланилмайди, бунда меҳнат шартномаси иш жойи сақланаётган ходим ишга чиққан пайтдан бошлаб бекор қилинади.
Масалан, ходим “декрет”га чиққан бошқа ходимнинг ўрнига ишга олинганда, “декрет”даги ходим ишга қайтиши билан шартнома бекор бўлади.
Меҳнат шартномаси муддати тугаганидан кейин 1 ҳафтада иш берувчи ҳам, ходим ҳам шарномани бекор қилишни талаб қилмаса, шартнома номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади. Энди уни “муддати тугаши муносабати билан” деган асос билан бекор қилиб бўлмайди,
Муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда шартномада иш берувчи ёки ходим неустойка тўлаши белгиланиши мумкин.
Неустойка – шартнома шарти бажарилмаганида тўланадиган пул суммаси.
Бунда, шартнома иш берувчи томонидан ходимнинг айбисиз бекор қилинганда, иш берувчи ходимга неустойка тўлайди, аксинча бўлса яъни ходим ташаббуси ёки айби билан шартнома бекор бўлса, ходим неустойка тўлайди.
Эслатма: неустойка фақат шартномада кўрсатилган бўлсагина тўланади.
- Ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини почта орқали юбориши мумкин
Ходим иш берувчини 14 кун олдин ёзма огоҳлантириб ўз ташаббуси билан ишдан бўшашга ҳақли. Яъни аризани камида 14 кун олдин ёзиш керак.
Айрим ходимлар учун огоҳлантириш муддатлари 14 кундан фарқ қилади, улар қуйидагилар:
ташкилот раҳбари учун – 2 ой;
раҳбар ўринбосари, бош бухгалтер, алоҳида бўлинмалар раҳбарлари учун – 1 ой;
Алоҳида бўлинмалар деганда ташкилот филиаллари, ваколатхоналари ёки бошқа алоҳида таркибий бўлинмалари тушунилади.
мавсумий ходимлар учун – 3 кун;
микрофирма ҳамда ЯТТ ходимлари, уй ишчилари учун –7 кун;
Микрофирма – таъсисчиси жисмоний шахс бўлган ҳамда даромади 1 йилда 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар.
Аризани бериш санаси уни иш берувчига
(корхона бошлиғига, унинг муовинига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага ва б.) топширган кун ҳисобланади, огоҳлантириш муддати эса кейинги кундан бошланади.
Ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини почта орқали юбориши мумкин, бунда муддат почта орқали ариза ташкилотга етиб борган кундан ҳисобланади.
Ходим ва иш берувчи келишувига кўра меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугашигача ҳам бекор қилиниши мумкин.
Огоҳлантириш муддати тугаганидан кейин ходим ишни тугатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини, меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани бериши ҳамда у билан ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт.
Ходим огоҳлантириш муддати тугайдиган вақтгача исталган вақтда аризасини қайтариб олиши мумкин.
Масалан, огоҳлантириш муддати 11 июлда тугаса, ходимнинг иш вақти соат 18:00 гача бўлса, ходим шу соатгача аризасини қайтариб олишга ва ишлашни давом эттиришга ҳақли.
Огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим ишдан бўшатилмаса, ходим ишни давом эттираётган бўлса, ходимнинг аризаси ўз кучини йўқотади, кейинчалик ходимни мазкур ариза билан бўшатиш мумкин эмас.
Ходим ўз ишини давом эттириши мумкин бўлмаган ҳолларда
(ўқишга кирганда, пенсияга чиққанда, сайланганда ва бошқаларда) ходимни у илтимос қилаётган муддатда ишдан бўшатиш керак.
- Штат қисқариши натижасида ходимни ишдан бўшатишдан аввал унга бошқа иш таклиф қилиниши керак
Ходим иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатилганда ишдан бўшатиш асосланган бўлиши керак, Янги Меҳнат кодексида қуйидаги сабаблар бўлса ишдан бўшатиш асосли деб топилиши белгиланган:
– корхона тугатилганлиги
(таъсисчилар ёки ваколатли орган қарори асосида);
– технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар ҳажмининг қисқариши оқибатида ходимлар сони ёки штат ўзгарганлиги;
– ходим малакаси етарли бўлмаганлиги учун эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги;
– ходим ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузганлиги;
Меҳнат мажбуриятини мунтазам бузиш деганда ходим аввал интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёки қандайдир бошқа таъсир чора қўлланилгандан кейин 1 йилда яна такроран интизомий ножўя ҳаракат содир этиши тушунилади.
– ходим меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузганлиги.
Меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш ҳолатлари (масалан, ишга 1 соат кеч келиш, спиртли ичимликлар ичиб келиш, корхона мулкига қасддан зарар етказиш ва ҳ.з.) аниқ белгиланган бўлиши керак, мазкур ҳолатлар ички меҳнат тартиби қоидаларида, меҳнат шартномасида интизом тўғрисидаги уставлар ҳамда низомларда белгиланади.
– Меҳнат кодексида ва бошқа қонунларда белгиланган бошқа сабаблар (асослар).
Ходим штат қисқариши ёки малакаси етарли бўлмагани учун ишдан бўшатилаётганда, иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ бошқа ишга ўтказишни, бундай иш бўлмаганда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ҳар қандай ишни таклиф этиши шарт. Ходим таклиф этилган ишни рад этса, иш берувчида бошқа иш бўлмаса шундан сўнг ходим ишдан бўшатилади.
Коллеж, техникум, касб-ҳунар мактаби битирувчилари ҳамда грантда ўқиган ОТМ битирувчилари ўқишни тугатганидан 3 йилда биринчи бор ишга кирганда уларни иш берувчи ташаббуси билан 3 йил ичида ишдан бўшатиш меҳнат органларини хабардор қилиш билан амалга оширилади.
- Ҳомиладор ва 3 ёшгача боласи бор аёлларни штат қисқариши асоси билан ишдан бўшатиш мумкин эмас
Иш берувчи ходимни қуйидаги ҳолатларда ишдан бўшатиши мумкин эмас:
1) Меҳнат кодексида ёки бошқа қонунларда белгиланмаган асослар билан;
2) камситиш тақиқлаш талабини бузадиган ҳолатларда (талаблар
бу ерда);
3) ходим “больничний”да бўлганда (яъни касал бўлганда), ҳар қандай “отпуск” (таътил)га чиққанида;
4) ходим давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарганлиги учун билан ишдан озод этилганда
;
5) ходим хизмат сафарида
(комондировкада) бўлганда;
6) ҳомиладор аёллар ҳомиладорлик даврида.
Шунингдек, 3 ёшгача боласи бор аёллар ёки 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий)ни фақат корхона тугатилганда, улар меҳнат интизомини доимий ёки бир марта қўпол равишда бузганда иш берувчи томонидан бўшатиш мумкин. Штат қисқариши ёки малакаси етарли эмаслиги асоси билан уларни ишдан бўшатиш мумкин эмас.
Корхона тугатилганда эса юқоридаги ҳолатлардаги чекловлар қўлланилмайди, яъни ходим “больничнийда”, таътилда, хизмат сафарида бўлганда ёки ҳомиладор бўлганда ҳам ишдан бўшатилаверади.
- Касаба уюшмаси розилиги талаб қилинадиган ҳолатларда унинг розилигиси ишдан бўшатиш мумкин эмас
Жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида ходимни иш берувчи томонидан ишдан бўшатишда касаба уюшмасининг розилигини олиш белгиланган бўлса, касаба уюшмаси розилигисиз ходимни ишдан бўшатиш мумкин эмас.
Қуйидаги ҳолатларда касаба уюшмаси розилиги талаб қилинмайди:
корхона тугатилганда;
иш берувчи ишдан бўшатиши мумкин бўлган исталган асос билан ташкилот раҳбари, алоҳида таркибий бўлинма раҳбарини ишдан бўшатишда;
ташкилот мулкдори ўзгарганда ташкилот раҳбари, ўринбосарлари, бош бухгалтер ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарини ишдан бўшатишда, бунда мулкор ташкилотни ўзига мулк қилиб олгандан кейин 3 ойда уларни ишдан бўшатишга йўл қўйилади;
Касаба уюшмаси розилигини олиш учун унга тақдимнома киритилади, касаба уюшмаси 10 кунда уни кўриб чиқиб хулоса беради, хулоса 1 ой амал қилади, 1 ойдан кейин мазкур хулоса билан ходимни ишдан бўшатиб бўлмайди. Ўз вақтида хулоса бермаса касаба уюшмаси розилигисиз ишдан бўшатилади.
- Огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш топиши учун ҳафтада камида 1 кун вақт берилади ва бу кунга ҳақ тўланади
Иш берувчи ходимни бир қатор асослар билан ишдан бўшатиши мумкин, мазкур ҳолатларда иш берувчи қуйидаги муддатларда ходимни ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириши шарт:
Огоҳлантириш ёзма шаклда, имзо қўйдириб амалга оширилади.
– ташкилот тугатилганда, ходимлар сони ёки штатлар ўзгарганда – камида 2 ой олдин
(яъни 2 ойдан кўпроқ муддат 3, 4 ой, 2 ой-у 10 кун ва ҳ.з.);
– ташкилот раҳбари, ўринбосарлари, бош бухгалтер ва алоҳида бўлинма раҳбари мулкдор ўзгарганлиги учун ишдан бўшатилганида – камида 2 ой олдин;
– ходим малакаси етарли бўлмаганлиги учун бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги сабабли бўшатилганда – камида 2 ҳафта олдин;
– ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун ишдан бўшатилганда – камида 3 кун олдин.
Айрим тоифадаги ходимлар учун огоҳлантириш муддатининг алоҳида муддати белгиланган:
– мавсумий ишда ишлайдиган ходимни ташкилот тугатилганда, штат ўзгарганда камида 7 кун олдин, малакаси етарли бўлмаганида камида 3 кун олдин, ўзининг айбли ҳаракати билан бўшатилганда 1 кун олдин;
Мавсумий ишлар – иқлим ва бошқа табиий шароитлар туфайли муайян давр (мавсум) давомида бажариладиган иш.
– вақтинчалик ходимлар корхона тугатилганда, штат ўзгарганда ходим малакаси етарли бўлмаганда камида уч кун олдин, ўзининг айбли ҳаракати билан бўшатилганда камида 1 кун олдин;
Икки ойгача бўлган муддатга ишга қабул қилинган шахслар вақтинчалик ишларда банд бўлган шахслардир
Огоҳлантириш муддати пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкин.
Огоҳлантириш муддати ичида ходимга бошқа иш топиш учун ҳафтада камида бир кун вақт берилади, бу кунда ходимнинг иш ҳақи сақланади. Ушбу имтиёз ходим ўзининг айби билан ишдан бўшатилганда берилмайди.
Огоҳлантириш муддатига ходимнинг касал бўлган вақти, давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақти киритилмайди. Корхона тугатилганда эса ҳамма вақт киритилади, истисно йўқ.
Давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақтга сайлов ҳуқуқини амалга ошириш, депутатлик, Сенат аъзоси вазифаларини бажариш, ҳарбий мажбуриятни бажариш ва бошқа бир қатор ишларни бажарган вақт киради, бу ишлар билан батафсил Меҳнат кодекси 282-моддасида танишишингиз мумкин.
- Штат қисқарганда ишда қолишда кимларга устунлик берилади?
Штат қисқариши натижасида ходимлар ишдан бўшатилганда малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ ходимлар ишда қолдирилади.
Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлганда қуйидагиларга афзаллик берилади:
қарамоғида 2 ёки ундан кўп киши бўлган ходимларга;
оиласида мустақил иш ҳақи олувчи бошқа ходим мавжуд бўлмаганларга;
шу иш берувчида узоқ муддат иш стажига эга бўлганларга;
малакасини ошираётган ходимларга ҳамда ўқишни тамомлаган шахсларга;
ушбу ташкилотда меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига учраган шахсларга;
ногиронлиги бўлган шахсларга;
1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
меҳнатдаги ютуқлари учун рағбатлантиришларга эга ва интизомий жазоларга эга бўлмаган ходимларга;
атом объектларидаги авариялар оқибатида зарар кўрган шахсларга.
- Ишга қабул қилиш қоидалари бузилганлиги асоси билан ишдан бўшатишга фақат ўша қоидабузарликни бартараф қилиш иложи бўлмаганда йўл қўйилади
Ишдан бўшатиш иш берувчи ва ходимга боғлиқ бўлмаган асослар билан амалга оширилиши мумкин. Меҳнат кодексида қуйидагилар тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар сифатида кўрсатилган:
1) ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганлиги;
2) шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганлиги
(масалан, ходим ноқонуний ишдан бўшатилса, суд уни қайта тикласа) Бунда ходимни бўшатишдан олдин унга бошқа иш таклиф қилиниши керак;
3) ходим суд ҳукми билан ишлашни чеклайдиган жазога ҳуқм қилинганда
(масалан, озодликдан маҳрум қилинганда);
4) ишга қабул қилиш қоидалари бузилганда, агар қоидабузарликни бартараф этиш имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
5) ишни давом эттиришга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар юзага келганда
(ходим тиббий хулоса асосида тўлиқ меҳнат қилишга қобилиятсиз деб топилганда, лицензия ёки рухсатнома тугатилганда). Бунда ходимни бўшатишдан олдин унга бошқа иш таклиф қилиниши керак;
6) суд қарори асосида ташкилот тугатилганда;
7) ходимни ишга тиклаш ҳақидаги суд қарори ёки Давлат меҳнат инспекциясининг қарори бекор қилинганда;
8) ходим вафот этганда, суд томонидан бедарак йўқолган деб эътироф этилганда ёки вафот этган деб эълон қилинганда;
9) Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзоси ваколати тугаганлиги ёки улар тарқатиб юборилганлиги учун улар аввалги лавозимига (ишига) қайтганлиги. Бунда ходимни бўшатишдан олдин унга бошқа иш таклиф қилиниши керак;
10) қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар.
Сайланадиган ёки танлов асосида тайинланадиган лавозим муддати тугаганидан кейин ходим қайта сайланмаса ёки танловдан ўтмаса у ишдан бўшатилади.
- Ташкилотнинг қайта ташкил қилиниши ходимларни ишдан бўшатиш учун асос бўлмайди
Ташкилот мулкдори ўзгарганда, ташкилот қайта ташкил этилганда
(қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) ходим розилиги билан иш давом этаверади.
Ташкилот раҳбари, ўринбосарлари, бош бухгалтер ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарини эса янги мулкдор ишден бўшатиши мумкин, бу ҳақида батафсил юқорида маълумот берилди.
Ташкилотнинг идоравий бўйсунуви ўзгарганлиги ёки қайта ташкил этилганлиги
(қўшиб юборилганлиги, қўшиб олинганлиги, бўлинганлиги, ажратиб чиқарилганлиги, ўзгартирилганлиги, масалан Президентнинг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ–269-сон Фармони билан 30 та давлат органи қайта ташкил қилинган) ходимларни ишдан бўшатишга асос бўлмайди.
Давлат фуқаролик хизматчилари учун
Давлат фуқаролик хизматчилари учун “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинмаган меҳнат муносабатларида Меҳнат кодекси амал қилади.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунга кўра давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги яъни 1-қисмда санаб ўтилган асосдан бири билан ишдан бўшатилганда;
Ўзбекистон фуқаролиги йўқотилганлиги;
давлат фуқаролик хизматчиси жазога тортилганлигига доир суд ҳукми кучга кирганлиги, унга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганлиги;
давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаши учун аҳамиятга эга ёлғон ахборот тақдим этилганлиги;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги;
давлат фуқаролик хизмати билан боғлиқ риоя этилмаганлиги (масалан, тадбиркорлик қилса).
Кейинги мақоламизда ишдан бўшатишни расмийлаштириш, ходимга берилган кафолатлар ва тўловлар ҳақида маълумот берилади.
Дилмурод Ражабоев
“Hudud24.uz” колумнисти