Ўзбекистон
28.05.2023
1 737
Турклар президент сайловини бутун дунё нафас ютиб кузатган муҳташам шоуга айлантирди, аммо кейинги беш йиллик бошқарув масаласини ҳал эта олмади. 28 май куни сайловнинг иккинчи тури бўлиб ўтади. Турколог экспертларнинг аксарияти, шунингдек, сўровлар бу турда амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ғалаба қозонишини башорат қилмоқда. Мухолиф коалиция – Миллат иттифоқининг ягона номзоди бўлмиш Кемаль Киличдароғлунинг натижаларига эса ҳамма ҳар хил баҳо бермоқда. Кимлардир Эрдўғон қатор оғир зарбаларга учраб, обрўини йўқотган чоғи уни енга олмаган мухолифатнинг сайловолди кампаниясини омадсизлик деб баҳоласа, кимлардир, мухолифатнинг олдинги натижаларига қараб, тенденция ўлароқ Эрдўғоннинг тарафдорлари сони камайиб бораётганини, мухолифат тарафдорлари кўпаётганини айтмоқда. Лекин бу сайловни диний консерватизм ва проғарбча либерализм кураши деб кўраётганлар учун кутилмаганда учинчи тараф ўзини ёрқин намоён этиб, ҳамма ҳисоблашиши шарт бўлган жиддий куч эканини кўрсатди. 2013 йилда Эрдўғон “оёқларимиз остига ташладик” дея баёнот берган миллатчи ҳаракат ҳали ҳам тириклигини, мамлакат сиёсатида муҳим ўрин тутишини намойиш этди. Миллатчилар ҳам ҳукмрон Жумҳур иттифоқи, ҳам мухолиф Миллат иттифоқининг энг асосий иштирокчисига, бу икки куч ўртасидаги кичик тафовут у ёки бу томонга оғдириб юборадиган озчиликка айланди. Бу ҳолатга баҳо бераркан, France24 телеканалининг Туркия бўйича эксперти Том Уилдон “Туркияда президент сайловида миллатчилик муҳаққақ ғолибдир” деб таъкидлагани бежизмас. Бундан ташқари, Hürriyet нашри колумнисти Ҳанде Фират, Türkiye Araştırmaları Vakfı’нинг сўровномасига асосланиб, турк жамиятида миллатчилик кайфиятлари ошиб бораётганига эътибор қаратди. Туркча миллатчилик: туркчиликми, фашизмми? Турк миллатчилиги (Türk milliyetçiliği) нималигига тўхталишдан олдин бир нарсани айтиб ўтиш керак. Бугунги антропологияда ва сиёсатда миллатчилик жуда кенг тушунилади; “миллатчилик” деганда этник белгига асосланган, бошқа миллатларни камситадиган ультраўнг идеологияларгина тушунилмайди. Маълум давлат фуқароларини ёки аҳоли қатламини миллат сифатида бирлаштиришга қаратилган жуда кенг спектрдаги идеологиялар борки, улар этник, лисоний, ирқий кўрсаткичлардан жуда узоқлашиб кетган. Зотан, “миллатчиликни оёқ остига ташлаган” Эрдўғон ҳам моҳиятан ўз миллий лойиҳасини қуряпти; унинг лойиҳаси диний бирдамликка, Усмонли салтанатининг меросига (Yeni Osmancılık) ва Яқин Шарқ давлатларини таъсир доирасига олишга, шунингдек, этник фарқлар ва либерал демократияни инкор этишга асосланади. [caption id="attachment_12969" align="aligncenter" width="572"] Мераль Акшенер миллатчилар белгиси бўлмиш Bozkurt işareti кўрсатмоқда[/caption] Ўз навбатида, Туркиянинг пойдевори бўлмиш отатуркчилик француз миллатчилигига асосланган фуқаролик миллатчилиги концепциясидир. Отатурк барча фуқароларни ягона турк миллатига бирлаштириш сиёсатини олиб борган эди. Отатуркчиликнинг мамлакатдаги кучли позицияси у “Туркия” ва “турк” тушунчаларини легитимлаштириб берганидир; шу туфайли ўз вақтида Отатурк ҳақида зиддиятли гаплар айтган (ва ҳатто бунинг учун судга берилган) Эрдўғон ҳам охирги йилларда Отатурк меросига эътибор қаратмоқда, зеро унга қарши бўлиш Туркиянинг мавжудлигини шубҳа остига олишга тенглаштирилади. Туркияда миллатчилик (milliyetçilik) деганда ўтган асрнинг 40-йилларида шаклланган, отатуркчиликни туркчилик ва этник миллатчилик билан бирлаштирган ультраўнг идеология тушунилади. Полковник Тюркеш ва коммунизмга қарши кураш 1944 йил 3 май куни Анқарада минглаб одамлар кўчага чиқди. Коммунизм тарғиботига қарши уюштирилган бу намойишнинг асосий иштирокчилари турончилар эди. Иккинчи жаҳон урушининг охирги йилларида, СССР кучлари билан нацизм мағлуб этилаётган бир паллада коммунизмни танқид остига олиш нафақат Туркияда, бутун дунёда моветон ҳисобланарди. Коммунизмга қарши чиқиш нацизмни қўллаб-қувватлашга тенглаштириларди. Намойиш ортидан 165 киши ҳибсга олинди, туркчилик идеологлари – Аҳмад Закий Валидий Тўғон, Ниҳол Отсиз, Ҳамза Саъди Ўзбек ва бошқалар устидан ирқчилик-турончилик суд даъвоси очилди. Судланганлар ичида полковник Алпарслан Тюркеш ҳам бор эди. Полковник Тюркеш Туркияда афсонавий шахс ҳисобланади. Жуда кўп зиёли шахсий суҳбатларда у ташкил этган тўгаракларда (Ülkü Ocakları Derneği’да) таълим олганини, миллатчилик ва туркчиликни ўрганганини таъкидлайди. Полковник Тюркеш турк зобитларига хос равишда ҳарбий хизмат билан чекланиб қолмай, сиёсий фаолият юритган ва мамлакатнинг бугунги сиёсий ландшафтини белгилаб берган одам ҳисобланади. Отсиз, Тўғон, Тюркешлар тарғиб қилган миллатчилик идеологияси Ёш турклар (жадидлар) ҳаракатининг қарашларига бориб тақалади. Зотан, Аҳмад Закий Валидий Тўғон жадидлар тарихидан бохабар ўзбек ўқувчиларига ҳам таниш ном бўлиши керак. Аммо Алпарслан Тюркешнинг қарашлари 1940-йилларда кескин қаршиликка учрашининг асосий сабаби фашизмга ҳамоҳанглиги эди; фашизм бутун дунёда кенг тарқалиб, глобал ёвузликка айланган, прогрессив инсоният унга қарши курашаётган йиллар эди. [caption id="attachment_12970" align="aligncenter" width="369"] Алпарслан Тюркеш[/caption] Совуқ уруш бошлангач, 1940-йилларнинг энг охирида жаҳонда вазият ўзгарди: энди коммунизм глобал ёвузликка тенглаштирилди, Туркияда ва Шарқий Европада унга қарши курашда миллатчилардан фойдаланишга ҳаракат қилинди. Тюркеш 1949 йилда ҳарбий хизматга қайтди, АҚШда бўлди, НАТО билан ҳамкорликда қатнашди. Тюркеш, шунингдек, 1960 йилда рўй берган ҳарбий тўнтаришда иштирок этди. Аммо тўнтариш бошида турган генерал, Отатуркнинг сафдоши Жемаль Гюрсель ультраўнг миллатчиликка қарши эди, шу боис полковник яна лавозимларидан четлатилиб, Ҳиндистонга сургун қилинди. MHP’нинг дунёга келиши Ҳиндистондан қайтгач, Тюркеш 1963 йилда сиёсий партияга асос солди. Дастлаб Жумҳуриятчи қишлоқли миллат партияси деб аталган бу тузилма 1969 йилда Миллатчи халқ партияси (Milliyetçi Halk Partisi, MHP) деб номланди. 1975-1980 йилларда Туркияда ўзига хос фуқаролик уруши борарди. Миллатчилар ва коммунистлар ўртасида рўй берган бу уруш асосан кичик террористик актлар ва кўча отишмаларидан иборат бўлгани учун у Туркиядан ташқарида яхши маълум эмас, ҳатто ўзимизда ҳам турк мафия сериаллари ишқибозлари уларнинг кўпчилиги ўша воқеаларга асосланишини билмаса керак. MHP партиясининг ҳарбий қаноти (расман “ёшлар қаноти”) бўлган Bozkurtlar (расмий номи Ülkü Ocakları Eğitim ve Kültür Vakfı) ташкилоти бир томондан Туркиянинг Миллий разведка ташкилоти (MİT), бошқа томондан ЦРУ билан (“Гладио” операцияси доирасида) ҳамкорлик қилиб, коммунистик партиялар ва уларнинг ҳарбийлашган гуруҳларига қарши курашди. Кўча отишмалари ва террорчилик актларида 5 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлди. 1980 йилда навбатдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг Кенан Эврен режими ўрнатилгач, икки томоннинг ҳам экстремистик гуруҳлари тор-мор келтирилди, аксарият лидерлар чет элга қочиб кетди. Тюркеш ҳибсга олинди ва фақат 1985 йилда озодликка чиқди. Шунга қарамай, кейинги йилларда MHP тарафдорлари ортиб борди. Миллатчилар қуролли курашдан воз кечди, бунинг ўрнига сиёсий фаолиятга урғу берди; СССР парчаланганидан сўнг коммунизм таҳдиди амалда тугагач, курд айирмачиларига қарши курашга асосий урғуни бера бошлади. 1999 йилда MHP парламент сайловида муваффақиятга эришиб, 18 фоиз овозни қўлга киритди. Қизиғи, ультраўнг миллатчилар Бюлент Эжевит бошчилигидаги Демократик сўл партия билан коалицион ҳукумат тузди. Бундай ғалати иттифоқ вужудга келишига сабаб шу йилларда бош кўтариб келаётган сиёсий ислом эди. 2002 йилдаёқ ўзбек ўқувчисига яхши таниш Adalet ve Kalkınma Partisi (AK Parti) 34,2 фоиз овоз билан парламентда кўпчиликни ташкил қилди ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигида ҳукумат тузди. Эски ҳукуматни тузган икки партия 10 фоизлик чегарадан ўта олмай, ҳукуматдан четда қолди. [caption id="attachment_12971" align="aligncenter" width="482"] Девлет Баҳчели Bozkurt İşareti кўрсатмоқда[/caption] MHP ва AK Parti: рақобатдан иттифоққа 2002 йилдаги сайловдан сўнг Туркияда миллатчи ҳаракатнинг юлдузи сўнгандай туюларди. 1997 йилда полковник Тюркешнинг ўлимидан сўнг MHP тепасига келган Девлет Бахчелини кўплар “турк сиёсатининг келажаги” сифатида кўрарди. Аммо тез орада сиёсий ислом мамлакатдаги етакчи кучга айланди. Кейинги йилларда Бахчели Эрдўғоннинг асосий рақиби бўлди, унинг партияси яна парламентга қайтиб, сайловларда 14-16 фоиз атрофида овоз тўплаб келди. Эрдўғон ўша йилларда миллатчиликка қарши кескин баёнотлар бергани бежиз эмас: ҳам сон, ҳам идеология жиҳатдан айнан миллатчилар унга жиддий рақобат яратаётган эди. Қизиғи, деярли барча масалада бошқа позицияда турган бу икки куч тез орада тил топишиб олди: 2010-йилларда кўпчиликнинг қўлловини йўқота бошлаган Эрдўғон Бахчели билан келишувга борди. Кейинги тўрт сайловнинг учтасида AK Parti парламентда якка ҳолда кўпчилик овоз ололмади; улар MHP кўмаги билангина ҳукумат шакллантира олди. [caption id="attachment_12972" align="aligncenter" width="500"] MHP митингидан[/caption] Айни пайтда, Эрдўғон билан иттифоқ партия ичида Бахчелининг нуфузи тушиши ва ички бўлинишга олиб келди. 2016 йилги референдумда MHP президентлик республикасига ўтишни қўллаб-қувватлаганидан сўнг қатор ёш машҳур сиёсатчи партияни тарк этди. Улар орасида энг муваффақиятлиси Мераль Акшенер қурган İYİ Parti бўлди. Ультраўнг ва консерватив Бахчелидан фарқли, прогрессив, Ғарбга хайрихоҳ бу партия Туркия сиёсатида бўш қолган марказ-ўнг қанотни эгаллади. Яна бир муваффақиятли лойиҳа Умит Ўздағ 2021 йилда ташкил этган Zafer Partisi бўлди. 2023 йилги президентлик сайловида қатнашиб, ўзбек ўқувчисига таниш бўлиб қолган Синан Оған ҳам MHP’нинг собиқ аъзосидир. Миллатчилар икки қанотда Шу тариқа, MHP’нинг ёш лидерлари мустақил сиёсий кучга айланиб, ўз партияларини ташкил қилди. Бугунги кунда турк миллатчилари орасида жиддий идеологик зиддиятлар бор: уларнинг айримлари ирқчилик даражасидаги этник миллатчиликни ва Ғарбга адоватни, ёпиқ сиёсатни тарғиб қилса, бошқалари Европага яқинлашиш ва либерал миллатчилик қуриш тарафдорларидир. Улар ҳам ҳукуматда, ҳам мухолифатда муҳим ўрин тутади. Жумҳур иттифоқида MHP, Миллат иттифоқида İYİ Parti сингари миллатчи партиялар энг асосий ролларда бўлгани, шунингдек, 5 фоиз овоз тўплаб, овозларини “сотиш” орқали президентлик тақдирини ҳал қилиш имтиёзига эга бўлган Синан Оғаннинг муваффақиятлари боис Туркияда миллатчилик ҳаракати қайта жонлангани ҳақида гапира бошладилар. Умуман, сўровлар ҳам миллатчилик зинҳор оёқ остида қолмагани, ёшлар орасида ёши катталарга нисбатан миллатчилик кайфиятлари анча кучлилиги сўровлардан ҳам маълум бўлди. Аслида бу, Тюркешнинг фаолияти бошланган 1940-йиллардаги каби, глобал вазиятни акс эттиради: бутун жаҳонда ўнг кайфиятлар, либерализм ва мультикультурализмга қарши кучлар бош кўтариб бормоқда; Франция сингари йирик давлатда миллатчи сиёсатчи Марин ле Пен улкан электоратга эга; АҚШда бу қатламнинг кайфиятларини акс эттирувчи Дональд Трамп бир муддат президент бўлди; Бразилия, Ҳиндистон, Россия, Хитой каби янги иқтисодий кучларда авторитар ўнг лидерлар ҳокимият тепасида. Бу тенденция Европага ҳам етиб бормоқда: яқингача Венгрия бош вазири Виктор Орбан Эрдўғоннинг “дўсти” ҳисобланган бўлса, 2022 йилда Италияда ўнглар парламент сайловида ғалаба қозонди. Яқиндагина Юнонистонда ҳам ўнг кучлар сайловни ютиб чиқди, мамлакатнинг собиқ молия вазири Янис Варуфакис буни “Юнонистоннинг эрдўғонизацияси” деб баҳолади. Баъзи экспертларнинг фикрича, миллатчи партиялар Туркия сайловчиларининг 20-25 фоизини ўзига қаратиш салоҳиятига эга. Мультимаданий муҳит яратишдаги муваффақиятсизликлар, иқтисодий инқирозлар, Яқин Шарқдан оқиб кела бошлаган миллионлаб муҳожирлар келтириб чиқарган муаммолар ўнг кайфиятларни дунё миқёсида кучайтириб юборди. Миграцион инқироздан энг оғир зарба олган Туркияда нега яна миллатчи партиялар шоҳсупа тепасига келаётганини тушуниш мумкин. Муҳожирлар ўйини Европа сиёсатини кузатувчилар Туркияда парадоксал ҳолатга дуч келади: Ғарбда популист ўнг кучлар одатда муҳожирларни чиқариб юборишни талаб қилса, Туркияда, аксинча, мухолифатдаги партиялар бундай талаблар билан чиқади. Ҳукмрон AK Parti эса муҳожирларни қўллаб-қувватлашга уринади. Бунинг қатор сабаблари бор. Биринчидан, турк мухолифати ҳозир “буюк чодир” концепциясига таяниб, Эрдўғонга қарши ҳар қандай кучларни ўз атрофида бирлаштиришга уринмоқда. Шу боис Ғарбга хайрихоҳ либерал CHP лидери Кемаль Киличдароғлу миллатчи партиялар билан иттифоқдаа муҳожирларни чиқариб юборишни ваъда қилмоқда, айни пайтда сўллар, AK Parti’га мухолиф диний партиялар ва ҳатто дунёвий курдларни ўз электоратига жалб этишга интилмоқда. [caption id="attachment_12973" align="aligncenter" width="547"] Синан Оған сайловчилари билан Bozkurt İşareti кўрсатмоқда[/caption] Эрдўғон эса кўп йиллардан буён муҳожирлардан фойдаланиб келади: муҳожирлар уни қутқарувчи деб билади, унинг диний риторикаси суриялик ва афғонистонлик қочқинларни ўзига тортади; муҳожирларга паспорт тарқатилишидан кўзланган мақсад ҳам бир неча миллион қўшимча овозга эга бўлишдир. Қолаверса, муҳожирлар Эрдўғонга Сурияга таъсир ўтказиб туриш ҳамда Ғарб билан савдолашиш учун ҳам керак. Туркларнинг ўзи кескин иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган пайтда миллионлаб муҳожирга ёрдам кўрсатилиши, паспорт берилиши, меҳнат ҳаққининг тушиши, нархлар кўтарилиши турк жамиятида муҳожирларга қарши кайфият ошиб кетишига сабаб бўлди; миллатчи партиялар бундан унумли фойдаланмоқда. Туркиядан барча муҳожир чиқариб юбориладими? 14 май сайловидан сўнг вужудга келган вазият шундайки, энди қайси томон ғолиб бўлишидан қатъи назар, у ёки бу миллатчи партия қўйган талабларнинг бир қисми амалга ошади. Якка ҳолда ҳокимият тепасига келиш имконияти бўлмаган бу идеология вакиллари ҳам либералларнинг, ҳам консерваторларнинг муҳим иттифоқчисига айланиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалабали позициясида қолишини таъминлай олди. Лекин, шунга қарамай, сайловолди кампаниясида энг кўп муҳокама қилинган “муҳожирларни чиқариб юбориш” талаби амалга оширилишини кутмаса ҳам бўлади. Шу ўринда Туркияда яшовчи ўзбекистонликлар орасида “Киличдароғлу сайланса, бизни чиқариб юборар экан” деган ваҳимали гапларга изоҳ бериб ўтиб, мақолани якунласам. Аввало, кампания иштирокчиларининг ўзи ҳам кўп таъкидлаганидек, гап фақат суриялик ва афғонистонлик қочқинлар ҳақида бормоқда. Ишлашга, ўқишга келган бошқа давлат фуқаролари муҳожир сифатида кўрилмайди, инқирозда айбдор ҳисобланмайди, аксинча, улар давлатни ақлий ва иқтисодий бойитишга хизмат қилаётгани таъкидланади. Қолаверса, муҳожирларга қарши кайфиятларни алангалатаётган миллатчи партиялар туркчилик тарафдорлари бўлиб, Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни яхшилашни қўллаб-қувватлайди, Қорабоғ урушида Озарбайжонга хайрихоҳлигини билдириб келади. Хусусан, учинчи номзод ва аксилмуҳожир сиёсатининг асосий адептларидан бири Синан Оған 1990 йили Озарбайжонни қўллаб-қувватлаб, Таксим майдонида митинг уюштирган эди. Мераль Акшенер эса кучли Турк дунёсини қуриш бўйича тўққиз принципдан иборат ўз концепциясини илгари сурган. Бундай қарашларга эга сиёсатчилар ўзбеклар ёки қозоқларга қарши бирор иш қилади деб ўйлаш хатодир. Ниҳоят, мухолифат ҳокимиятга келган тақдирда, ҳатто суриялик қочқинлар ҳам осонликча чиқариб юборилиши эҳтимолдан узоқ: Европа билан яқинлашиш сиёсатини олиб боришни ваъда қилаётган Киличдароғлу, табиийки, миграцион сиёсатда Европа билан келишиб иш юритади, у ердаги либерал кучларнинг фикри билан ҳисоблашади. Муҳожирлардан Сурия ва Ғарб билан сиёсий савдо объекти сифатида фойдаланилиши ҳам давом этади – Туркия, муаммоларга қарамай, демократия бўлиб қолмоқда, у ерда постсовет давлатларидаги каби ҳокимият алмашиши билан бутун сиёсат 180 даража ўзгариб кетмайди.
Эльдар Асанов, PhD, турколог.
* Муаллиф фикри hudud24 нуқтаи назарини ифодаламайди.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Эрдўған ҳам рафиқаси билан Тошкентга келди
Улар ҳам Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади.
Туркияда Блинкен чироқсиз кутиб олинди
“Туркия биринчи марта америкалик мулозимни ташқи ишлар вазири ёки юқори мартабали расмийсисиз кутиб олди”, – дейилади хабарда.
Туркиялик шифокорлар томонидан Ўзбекистонда болаларга эстетик пластик жарроҳлик амалиёти ўтказилади
Бу дастлабки босқичда 40 дан ошиқ туғма нуқсонлар билан дунёга келган, ёки куйиш ва бошқа сабаблар оқибатида тана жароҳатларига эга болаларга ўтказилади.
Измирдан Самарқандга мунтазам йўловчи қатновлари йўлга қўйилади
Парвозлар жорий йилнинг 12 ноябридан бошлаб, ҳафтада 3 кун амалга оширилади.