#NoComment
13.08.2026
35

Йўлда ҳаракатланаётганда олдингиздан тўсатдан мол чиқиб қолса ва уни машина уриб юборса, «ҳар доим ҳайдовчи айбдор» ёки «мол эгаси айбдор» деган ягона қоида йўқ. Бундай ҳолатда ҳодиса қандай содир бўлгани, ҳайдовчи йўл қоидаларига амал қилган-қилмагани ва молнинг йўлга қандай чиқиб қолгани алоҳида баҳоланади.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандига кўра, ҳайдовчи ҳаракат серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусиятини, йўл ва об-ҳаво шароитини ҳамда кўринишни ҳисобга олган ҳолда хавфсиз тезликда ҳаракатланиши керак.
Муҳими, тезлик ҳайдовчига транспорт воситасини доимий назорат қилиб бориш ва Қоидалар талабларини бажариш имконини бериши лозим. Агар ҳайдовчи олдиндан кўриши мумкин бўлган хавф юзага келса, у тезликни транспорт воситасини тўлиқ тўхтатиш имконини берадиган даражагача камайтириши ёки тўсиқни хавфсиз айланиб ўтиш чораларини кўриши керак.
Шунинг учун, масалан, ҳайдовчи йўлда мол ҳайдаб ўтилаётганини кўриб туриб, тезликни камайтирмаса ва натижада молни уриб юборса, ҳайдовчининг ҳаракатлари ҳам ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланади.
Аммо молни йўлга чиқариб юборган шахс ҳам жавобгар бўлиши мумкин. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддаси иккинчи қисмида йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш учун маъмурий огоҳлантиришга ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима белгиланган.
Бу ерда мол эгасининг ёки молни ҳайдаб бораётган шахснинг ҳаракатлари ҳам муҳим.
Амалдаги қоидаларда ҳайвонларни йўлда асосан сутканинг ёруғ вақтида ҳайдаш, подачилар эса ҳайвонларни имкон қадар йўл ёқасида олиб юриши белгиланган. Шунингдек, йўлга чиқишда кўриниш чекланган жойларда ҳайвонларни назоратсиз қолдирмаслик талаб этилади.
Демак, мол эгаси уни қаровсиз қолдириб, молнинг автомобиль йўлига чиқиб кетишига сабаб бўлган бўлса, унинг ҳаракатлари ҳам текширилади.
Мазкур норма йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш билан боғлиқ қоидабузарлик учун ҳам жавобгарлик белгилайди. Яъни йўл атрофида мол боқиш қоидаларини бузиш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун автомобиль молни уриб юборган вазиятда «мол эгасига ҳеч қандай жавобгарлик йўқ» деб бўлмайди.
Ҳа, мумкин.
Масалан:
1-ҳолат. Мол йўлга қаровсиз чиқиб кетган, ҳайдовчи эса белгиланган тезликда ва эҳтиёткорлик билан ҳаракатланган. Бундай вазиятда мол эгасининг қоидабузарлиги асосий масала бўлиши мумкин.
2-ҳолат. Мол йўлда экани ҳайдовчига олдиндан кўриниб турган, аммо ҳайдовчи тезликни камайтирмаган. Бунда ҳайдовчининг ҳам Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-банди талабларига риоя қилган-қилмагани баҳоланади.
3-ҳолат. Мол эгаси қоидаларни бузган, ҳайдовчи ҳам хавфсизлик талабларига риоя қилмаган. Бундай вазиятда ҳар икки томоннинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши мумкин.
Бу муҳим масала ҳисобланади. Чунки қоидабузарликни содир этган тараф зарарни қоплаши зарур. Юқоридаги ҳолатда агар ҳайдовчи Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандига амал қилмаган бўлса, катта эҳтимол билан айбдор ҳисобланади ва суд томонидан зарарни қоплаши белгиланиши мумкин.
Шунингдек, ҳайдовчининг Йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида транспорт воситаси ёки бошқа мол-мулк шикастланган бўлса, МЖтКнинг 134-моддаси қўлланиши мумкин.
Ушбу модда ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаси ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келган ҳолатларни қамраб олади.
Бироқ маъмурий жавобгарлик масаласи билан етказилган зарарни ким қоплаши масаласини бир-биридан фарқлаш керак. Аввало ҳодисага ким сабаб бўлгани ва ҳар бир иштирокчининг айби аниқланади.
Аксарият ҳолларда йўл ҳаракати ҳодисаси содир бўлганда, иккала тараф жавобгар бўлиши мумкин. Бироқ ҳайдовчилар Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандига амал қилмагани боис суд зарарни қоплашни юклатиши мумкин.
Молни уриб юбориш билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлганда ҳайдовчи воқеа жойини тарк этиб кетмаслиги керак. Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ЙТҲда иштирок этган ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатиши, авария ишораларини ёқиши, зарур ҳолларда авария сабабли тўхташ белгисини ўрнатиши ва ҳодиса ҳақида ички ишлар органларига хабар бериши лозим.
Шунингдек, ҳодиса жойини, транспорт воситасининг ҳолатини, молнинг турган жойини ва бошқа муҳим ҳолатларни фото-видео орқали қайд этиш кейинги ҳуқуқий баҳолаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Автомобиль молни уриб юборган ҳар бир ҳолатда айб автоматик равишда ҳайдовчига юкланмайди. Ҳайдовчининг тезлиги, йўлдаги кўриниш, молнинг йўлга қандай чиққанлиги, мол эгаси уни назорат қилган-қилмагани ва ҳар икки томоннинг Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган-қилмагани аниқланади.
Қисқаси, мол йўлга чиқиб қолган бўлса ҳам, ҳайдовчи хавфни олдиндан кўриб, тўхташ имкониятига эга бўлган бўлса — унинг ҳаракатлари ҳам баҳоланади. Аксинча, мол эгаси уни қаровсиз қолдириб, йўлга чиқишига сабаб бўлган бўлса — мол эгасининг жавобгарлиги масаласи ҳам кўрилади.
Шу сабабли бундай ЙТҲда «ким айбдор?» деган саволга жавоб бериш учун воқеа жойи, далиллар ва ҳар икки томоннинг ҳаракатлари комплекс ўрганилиши керак.
Феруз Жўраев
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Кучли иссиқда меҳнат қоидалари қандай?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, кучли иссиқ шароитида меҳнат қилаётган айрим тоифадаги ходимларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин. Шунингдек, иш берувчилар дам олиш учун қулай шароит яратиши ва зарур ҳолларда ходимларни масофавий ишга ўтказиши мумкин.
Ҳадя шартномасини бекор қилиш мумкинми?
Ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.