Ҳуқуқ
13.10.2026
53

Кўпчилигимиз банкомат орқали пластик картадан пул ечмоқчи бўлганимизда нақд пул чиқмаган ҳолатга дуч келганмиз. Банкка мурожаат қилинганда эса муаммони ўрганиш учун 3-5 иш куни кераклиги айтилади. Техник носозлик сабаб юзага келган бундай ҳолатда мижоз ўз пулини қайтариш учун нега кутиши керак? Банклар бундай вазиятда қандай йўл тутиши лозим ва фуқаро ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиши мумкин?
Албатта, ҳар бир операцияни текшириш, банкоматдаги нақд пул қолдиғини ҳисоб-китоб қилиш ва электрон маълумотларни солиштириш талаб этилиши мумкин. Бироқ техник текширув зарурати мижоз учун юзага келган муаммонинг аҳамиятини камайтирмайди.
Банкоматлар орқали амалга ошириладиган операциялар бир нечта техник жараёнлар билан боғлиқ.
Айрим ҳолларда тизимдаги узилиш, қурилманинг техник носозлиги, нақд пул тарқатиш механизмидаги муаммо ёки бошқа сабаблар туфайли операция тўлиқ бажарилмаслиги мумкин. Натижада ҳисобдан маблағ ечилган бўлса-да, мижоз пулни ололмайди.
Бундай вазиятда банкоматга хизмат кўрсатувчи банк операциянинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаши, тегишли маълумотларни текшириши ва муаммони ҳал қилиш чораларини кўриши зарур. Агар операция муваффақиятсиз якунлангани тасдиқланса, мижоз маблағининг қайтарилиши таъминланиши керак.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор: банкоматга бир банк, карта эса бошқа банкка тегишли бўлиши мумкин. Шу сабабли муаммони ҳал қилиш жараёнида карта эмитенти ва банкоматга хизмат кўрсатувчи банк ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги қарори билан тасдиқланган, Адлия вазирлигида 3028-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш ва банкоматларни нақд пул билан таъминлаш тартибини белгилайди.
Йўриқноманинг 10-бобига мувофиқ, банк раҳбари банкоматларни ўз вақтида нақд пул билан таъминлашни назорат қилиши лозим. Шунингдек, банкоматлардаги нақд пул операциялари алоҳида ҳисобварақда акс эттирилади. Бу талаблар банкда банкоматлар фаолияти ва нақд пул ҳаракатини назорат қилиш механизмлари мавжуд бўлиши кераклигини англатади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги 3294-сонли низом ҳам банкоматлар фаолиятига оид талабларни белгилайди. Хусусан, низомнинг 44-бандида банкоматда эквайер банк номи, мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази телефон рақами ва тегишли тўлов тизими логотипи бўлиши кераклиги кўрсатилган. Банкомат картани қайтармаган ҳолатда эса мурожаат келиб тушган кундан кейинги банк иш кунидан кечиктирмасдан қайтариб бериш белгиланган.
Бироқ картанинг банкоматда қолиб кетиши ва ҳисобдан пул ечилиб, нақд пул берилмаслиги — умуман бошқа ҳолат. Нақд пулни қайтариш муддати юқоридаги техник ҳолатлар,операция тури ёки банклараро ҳисоб-китоб жараёни, ички тизимлар билан боғлиқлиги сабабли бу муддат банкнинг ички тартиби билан белгиланади.
Банкомат пулни бермаган, бироқ ҳисобдан маблағ ечилган бўлса, қуйидаги ҳаракатлар тавсия этилади.
Биринчидан, операцияни тасдиқловчи маълумотларни сақлаб қўйинг. Банкдан келган SMS-хабар, мобил илова орқали кўринган операция маълумоти, ҳисобварақ кўчирмаси ва банкомат чекини йўқотманг. Чек берилмаган бўлса ҳам, мурожаат қилиш мумкин.
Иккинчидан, банкоматга хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилинг. Қурилмада кўрсатилган банк номи, манзили ва банкомат рақамини қайд этинг. Мурожаатда операция санаси, вақти ва ечилган маблағ миқдорини кўрсатинг.
Учинчидан, ёзма ёки электрон ариза қолдиринг. Аризада маблағ ҳисобдан ечилгани, аммо нақд пул берилмаганини баён қилинг. Операцияни текшириш, маблағни қайтариш ва, агар ушлаб қолинган бўлса, асоссиз ечилган комиссияни ҳам қайтаришни сўранг. Мурожаат рақами ёки қабул қилинганини тасдиқловчи маълумотни сақлаб қўйинг.
Тўртинчидан, натижани кузатиб боринг. Банк белгилаган муддатда жавоб бермаса ёки муаммони ҳал қилмаса, аввалги мурожаат нусхаси ва операцияни тасдиқловчи ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига шикоят қилиш мумкин.
Марказий банк 2026 йил 15 майда эълон қилган расмий ахборотида банкомат орқали пул ечилгани ҳолда нақд пул берилмаслиги, маблағларнинг узоқ вақт қайтарилмаслиги, муваффақиятсиз операциялар учун комиссия ушлаб қолиниши ва мижозларни турли банклар ўртасида ортиқча йўналтириш каби муаммоларга алоҳида эътибор қаратган.
Бу эса банкомат билан боғлиқ муаммолар фақат алоҳида мижознинг шикояти эмас, балки банк хизматлари сифати ва истеъмолчиларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масала эканини кўрсатади.
Агар банк мурожаатни ҳал қилмаса, Марказий банкка шикоятда банк номи, операция санаси, сумма, мурожаат рақами ва банкнинг берган жавобини кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Регулятордан вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш ва ваколати доирасида чора кўришни сўраш мумкин.
Банк операциясини текшириш техник жиҳатдан мураккаб бўлиши мумкин. Банкомат журнали, электрон транзакция маълумотлари, қурилмадаги нақд пул қолдиғи ва банклараро ҳисоб-китоблар ўзаро солиштирилиши талаб этилади. Бироқ бу жараёнлар мижознинг ўз маблағидан фойдалана олмай қолишига олиб келади.
Шу сабабли банклар бундай мурожаатларни кўриб чиқишда фақат ички жараёнлар билан чекланиб қолмасдан, мижозга муаммонинг сабаби, текширув босқичлари ва натижаси ҳақида аниқ маълумот бериши керак. Агар операция муваффақиятсиз бўлгани тасдиқланса, маблағни имкон қадар тез қайтаришга устувор аҳамият берилиши лозим.
Беш иш куни мижоз учун оддий рақам эмас: кимдир шу пулга дори-дармон олиши, йўл ҳақини тўлаши ёки кундалик харажатларини қоплаши керак бўлиши мумкин. Банк хизматларининг ишончлилиги эса муаммо умуман юз бермаслиги билангина эмас, балки у юз берганда қанчалик тез ва адолатли ҳал қилиниши билан ҳам ўлчанади.
Хулоса шуки, банкомат пулни бермаган бўлса-да, ҳисобдан маблағ ечилган вазиятда мижоз ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун етарли далилларни сақлаши ва банкка расмий мурожаат қилиши керак. Банк эса текширув муддатини аниқ ҳуқуқий асос билан тушунтириши, операция натижасини маълум қилиши ва маблағни қайтариш масаласини асоссиз чўзмаслиги лозим.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Ҳуқуқий билимлар сари етакловчи лойиҳа
Марказ томонидан ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган инновацион лойиҳа - 14 турдаги ҳуқуқий ўйинлар ишлаб чиқилди.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.