Тармоқда нима гап?
13.11.2025
721

Бугунги кунда кўплаб фуқаролар ўзларига тегишли бўлган ер участкалари бўйича ҳуқуқий аниқлик киритишни исташади. Айниқса, ҳали бино қурилмаган, лекин амалий жиҳатдан фойдаланиб келинаётган ерлар ҳақида кўп саволлар берилади. “Агар ерда ҳали иморат қурилмаган бўлса, уни кадастрдан ўтказиб, ўз номимизга расмийлаштириш мумкинми?” деган савол шу кунларда жуда долзарб.
Амалдаги қонунчиликка кўра, бу жараён аниқ тартибда йўлга қўйилган. “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида ер участкасини хусусийлаштириш фақат онлайн аукцион орқали амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Демак, фуқаро ерни тўғридан-тўғри номига ўтказа олмайди, аввал уни аукцион орқали сотиб олиши керак. Шу йўл билан мулк ҳуқуқи расмий тарзда қўлга киритилади.
Ерда ҳали иморат қурилмаган бўлиши, уни хусусийлаштиришга тўсиқ бўла олмайди. Қонунчиликда ерни кадастрдан ўтказиш ёки хусусийлаштириш учун албатта бино қуриш талаби қўйилмаган. Асосийси, ер бўш бўлиши, давлат захирасида бўлиши ва унга нисбатан бошқа шахслар ёки ташкилотлар ҳуқуқий даъвога эга бўлмаслиги керак.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ фуқаро туман (шаҳар) ҳокимиятига шу ерни хусусийлаштириш бўйича мурожаат қилиши яъни ҳокимиятдан шу ер участкасини буюртмачи сифатида аукционга қуйишини сўраб ёзма мурожаат қилиши керак бўлади. Ҳокимият ернинг чегараларини белгилайди ва ҳужжатларни давлат кадастр палатасининг маҳаллий филиалига юбориб, ушбу ернинг бўш ёки тақиқланган ҳолатда эканлигини аниқлатади. Агар ер бўш бўлса, кадастр палатаси бу ҳақда хулоса бериб, ҳокимиятга қайта жўнатади.
Шундан сўнг ҳокимият ҳужжатларни давлат кадастр палатасининг вилоят бошқармасига йўллайди. Бошқарма ер участкаси ҳақидаги маълумотларни “Ерэлектрон” ахборот тизимига киритади. Кейинчалик ушбу маълумотлар асосида ер участкаси электрон аукцион орқали савдога қўйилади.
Аукцион жараёнида иштирок этган фуқаролардан ким ғолиб бўлса, у ерни мулк ҳуқуқи асосида расмий тарзда қўлга киритади. Шу тариқа ер участкасини расмийлаштириш, кейинчалик кадастр ҳужжатларини олиш ва мулкдор сифатида давлат рўйхатига киритиш мумкин бўлади.
Бу жараённинг асосий мақсади ер муносабатларини шаффоф қилиш, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига барҳам бериш ва ҳар бир мулкдорнинг ҳуқуқини аниқ белгилашдан иборат. Шу боис иморат қурилмаган бўлса ҳам, ерни ҳуқуқий асосда расмийлаштириш имконияти бор.
Фуқаро фақат белгиланган қонунчилик тартибига риоя қилган ҳолда, ҳокимият орқали аукцион жараёнини бошлаши ва ерни ўз номига қонун йўли билан расмийлаштириши лозим. Бу нафақат ҳуқуқий кафолат яратади, балки келгусида қурилиш ишларини амалга ошириш, ерни бошқа мақсадда фойдаланиш ёки мерос қилиб қолдиришда ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Шундай қилиб, бино қурилмаган бўш ерни ҳам қонун доирасида хусусийлаштириш мумкин. Асосийси, тўғри тартибни билиш ва амалий қадамларни тўғри йўлга қўйишдир. Шу орқали ер участкасини мулк ҳуқуқи билан қўлга киритиш ҳамда унинг ҳуқуқий мақомини тўлиқ тарзда аниқлаш имконияти яратилади.
Пайзиев Ихтиёр,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Меҳнат кодексида таътилга оид нормаларнинг мазмуни: 5 муҳим саволга жавоб
Ҳар йилги меҳнат таътили иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда берилади.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.