currencies image

11 789,33 UZS

4,03

usd

currencies image

13 702,74 UZS

7,04

eur

currencies image

136,48 UZS

0,35

ru



АсосийЯнгиликларБошпанасиз шахсларга ёрдам беришнинг янги тизими: бошпана, касб ва иш — бир марказда

Бошпанасиз шахсларга ёрдам беришнинг янги тизими: бошпана, касб ва иш — бир марказда

#NoComment

calendar

08.09.2026

eye

37

Бошпанасиз шахсларга ёрдам беришнинг янги тизими: бошпана, касб ва иш — бир марказда

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишда янги тартиблар жорий этилди. Улар энди суд қарори асосида эмас, ўз розилиги билан ижтимоий марказларга жойлаштирилади. Бошпана билан бирга озиқ-овқат, гигиена воситалари, тиббий ва ижтимоий ёрдам, касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлашиш имкониятлари яратилади.

 

Бошпанасиз шахсларни қўллаб-қувватлашда янги ёндашув

Жамиятда ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Айниқса, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни вақтинча бошпана билан таъминлаш ва жамиятга қайта мослаштириш масаласи долзарб аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда бу борада ҳуқуқий ва институционал асослар шакллантирилди. Энди эса тизимни янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматларнинг қамрови ва самарадорлигини оширишга қаратилган янги механизмлар белгиланмоқда.

 

Реабилитация марказлари — ижтимоий марказларга айлантирилади

Янги тартибга кўра, ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тиклаш марказлари — Ижтимоий марказлар деб қайта номланади.

Бу ўзгариш муассасалар фаолиятини фақат бошпана бериш билан чеклаб қолмасдан, шахсларни ижтимоий ҳаётга қайтаришга йўналтиришни назарда тутади.

 

Суд қарори асосида жойлаштириш амалиёти бекор қилинади

Муҳим янгиликлардан бири — бошпанасиз шахсларни Ижтимоий марказларга суд қарори асосида жойлаштириш амалиёти бекор қилинади.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб шахслар Ижтимоий марказларга ўз розилиги билан жойлаштирилади.

Уларга вақтинчалик бошпана билан бирга озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари ҳам берилади.

 

Ҳар бир шахс учун алоҳида тикланиш режаси тузилади

Ижтимоий марказга жойлаштириш билан ёрдам жараёни якунланмайди.

Ҳар бир шахс учун индивидуал режа ишлаб чиқилади. Унда унинг ҳаётини қайта тиклашга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгиланади.

Жумладан:

шахсини тасдиқловчи ва бошқа зарур ҳужжатларни тиклаш;

тиббий хизматлардан фойдаланиш;

ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

психологик ва бошқа зарур ёрдамларни ташкил этиш;

касбга ўқитиш;

ишга жойлаштириш;

жамиятга қайта мослашишини таъминлаш.

 

Бошпанадан кейин — касб ва иш

Янги тизимнинг асосий мақсадларидан бири — бошпанасиз шахсларни иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳаётга қайтариш.

Шу мақсадда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича янги тартиб жорий этилди.

 

Ободонлаштириш ишларига ишга жойлаштириш имконияти

Туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаларининг ишчи-мутахассис, муҳандис-техник ҳамда ишлаб чиқариш ходимлари таркиби, аввало, Ижтимоий марказларга жойлаштирилган шахслар ҳисобидан шакллантирилади.

Бунда шахснинг розилиги талаб этилади.

Яъни, Ижтимоий марказга жойлаштирилган фуқаро меҳнат қилиш орқали даромад топиш ва мустақил ҳаётга қайтиш имкониятига эга бўлади.

 

Ижтимоий марказларнинг ўзида касб ўргатилади

Ижтимоий марказлар ҳудудида тадбиркорлик субъектлари томонидан бандликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

Уларда қисқа муддатда ўзлаштириш мумкин бўлган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш йўлга қўйилади.

Бу эса шахснинг касб эгаллаши ва кейинчалик доимий ишга жойлашишига хизмат қилади.

 

Тадбиркорларга давлат мулкини имтиёзли ижарага бериш

Ижтимоий марказлар ҳудудидаги бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари бандлик марказларини ташкил этиш истагини билдирган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга берилади.

Бундай объектлар тасарруф этиш ҳуқуқисиз, 5 йилгача бўлган муддатга, муддатни узайтириш ҳуқуқи билан тўғридан-тўғри ижарага берилади.

Тошкент шаҳрида ижара тўловининг энг кам миқдорига 0,25 коэффициент қўлланилади. Бошқа ҳудудларда эса ижара тўловининг энг кам миқдори белгиланади.

 

1 октябрдан бошпанасиз шахслар ишсиз деб эътироф этилади

Яна бир муҳим янгилик — 2026 йил 1 октябрдан Ижтимоий марказларга жойлаштирилган бошпанасиз шахслар ишсиз деб эътироф этилади.

Бу уларга меҳнат бозорига кириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Хусусан, уларга касбга ўқитиш учун ваучерлар ажратилади.

Вақтинча турган жой бўйича давлат божисиз рўйхатга олинади

Ижтимоий марказда бўлган даврида бошпанасиз шахс ушбу муассасага вақтинча турган жойи бўйича давлат божи тўламасдан рўйхатга олинади.

Бу механизм шахснинг ҳужжатлаштирилиши ва давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини енгиллаштиришга қаратилган.

 

Нодавлат ташкилотлар ҳам тизимга жалб этилади

Бошпанасиз шахсларни ижтимоий тиклаш фақат давлат муассасалари зиммасига юкланмайди.

Ижтимоий хизматлар кўрсатишга нодавлат ташкилотларни кенг жалб этиш механизмлари ҳам назарда тутилмоқда.

Бу эса хизматлар турини кенгайтириш ва уларнинг сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Тизимнинг асосий мақсади — шахсни жамиятга қайтариш

Янги ёндашувда бошпанасиз шахсга фақат вақтинча бошпана бериш эмас, балки унинг кейинги ҳаётини тиклаш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.

Яъни, бошпана → ҳужжат → тиббий ва ижтимоий ёрдам → касб → иш → мустақил ҳаёт занжири асосида комплекс ёрдам кўрсатиш мақсад қилинган.

 

Янги тизим орқали:

биринчидан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини такомиллаштириш;

иккинчидан, бошпанасиз шахсларни ижтимоий ва бошқа хизматлар билан қамраб олиш;

учинчидан, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий реинтеграциясини таъминлаш;

тўртинчидан, меҳнат бозорига қайтиши учун касбий кўникмалар ва иш имкониятларини яратиш;

бешинчидан, уларни жамиятга тўлиқ интеграция қилиш назарда тутилмоқда.

Янги тизим нимани ўзгартиради?

Шу тариқа, бошпанасиз шахсларга муносабатда «вақтинча жойлаштириш»дан «мустақил ҳаётга қайтариш»гача бўлган комплекс ёндашув шакллантирилмоқда.

Ижтимоий марказлар нафақат бошпана бериладиган жой, балки шахснинг ҳужжатларини тиклаш, соғлиғини тиклаш, касб эгаллаши ва иш топишига кўмаклашадиган ижтимоий реинтеграция марказларига айланиши кўзда тутилмоқда.

Ҳужжат билан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирлари дастури ҳам тасдиқланган.

Бекжон Исмоилов,
журналист

Улашиш: