Life Style
08.12.2024
957
Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.
* Дунёдаги дастлабки конституция 1600 йил 8 октябрь — Сан-Марино Республикасининг амалдаги Конституцияси бўлган.
* Дунёдаги биринчи ёзма Конституция — 1787 йил АҚШ давлатида қабул қилинган, Конституциясига энг кўп ўзгартиришлар киритилган давлат — Франция ҳисобланиб, 200 йил ичида 16 маротаба Конституция қабул қилинган.
* Дунёдаги энг демократик конституция — Россия Конституция. Энг кўп моддалардан иборат Конституция — Ҳиндистон (395 модда).
* Ўзбекистон Республикаси Конституциясида — 7 550 та сўз қўлланилган бўлиб, у 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат.
АҚШ Конституцияси
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.
Американинг Бош қомуси биринчилардан ва энг қадимгиси ҳисобланиб, у ҳозиргача амалдаги Конституция ҳисобланади. Конституция 1787 йилнинг май-сентябрь ойларида Конституцион конвентда Филадельфияда қабул қилинган. Ўшанда конвентнинг раиси Жорж Вашингтон эди ва икки йилдан сўнг АҚШ президенти бўлди.
АҚШ Конституцияси кириш, 7 модда ва 27 қўшимчадан иборат. Дастлаб ўнта қўшимча 1791 йилдаёқ кучга кирган. Мамлакат Конституциясининг асосий матнига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмайди, балки матн охирига алоҳида илова сифатида қўшимча киритилади. АҚШ Конституциясида 7 минг 762 та сўз ишлатилган.
АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишда белгиланишича: “Конгресс сўз ва матбуот эркинлигини чекловчи бирон-бир қонун чиқариши мумкин эмас”. АҚШ Конституцияси тарихи давомида унга бор йўғи 26 та тузатиш киритилган холос. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу тузатишлар ҳар бирининг ҳажми деярли қонунга тенг бўлиб, ўнлаб моддалардан иборат бўлади. Дастлабки 10 та киритилган тузатишлар “ҳуқуқлар тўғрисида Билл” деб номланади. У машҳур Билл ҳуқуқи сифатида тарихда қолган.
Конституцияга ўзгартиришлар конгрессменларнинг учдан икки қисми овози асосида қабул қилинади. Америка тарихида Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича бир неча минг таклифлар бўлган, аммо уларнинг аксарияти рад этилган.
Польша
Европада энг биринчи ҳисобланган Польшанинг биринчи Конституцияси 1791 йил 3 майда қабул қилинган. Кейинчалик 1952 йил 22 июнда қабул қилинган ва 1989 йил 29 декабрда тузатишлар киритилган, шунингдек, 1992 йил 8 декабрда кучга кирган ва қонун чиқарувчи ҳокимият билан ижрочи ҳокимият ўртасида ўзаро муносабатларни тартибга солган “Кичик конституция” 1997 йилгача амал қилди. 1997 йил 2 апрелда янги Конституция қабул қилинди. Шунинг учун ҳам 1990 йилдан буён 3 май Польшада миллий байрам сифатида нишонланиб келинади
Ҳиндистон
Ҳиндистон Конституцияси АҚШ Конституциясидан фарқли ўлароқ дунёдаги энг катта ва мураккаб Конституция ҳисобланади. У 1950 йилда қабул қилинган бўлиб, уни ёзишда 21 та тилдан фойдаланилган. Ҳинд ва инглиз тиллари улар орасида энг муҳимлари саналади.
Мазкур Конституция ҳамма ҳам тушуна олиши жуда қийин бўлган тилдаги 395 та модда, 12 та илова ва 500 та тузатишдан иборат.
Дунёда энг кўп сўз ишлатилган Конституция ҳам Ҳиндистон Конституциясидир. Унда 146 минг 385 та сўздан фойдаланилган.
Япония
Япониянинг биринчи Конституцияси 1889 йил 11 февралда эълон қилинган ва 1890 йил 29 ноябрда кучга кирган. Бу Конституция — “Эски Конституция” ёки Меи-жи даврида қабул қилингани учун уни “Меи-жи Конституцияси” деб ҳам номланади. У 7 боб, 76 моддадан иборат. Меи-жи Конституцияси Японияда конституцион монархия бошқарув шаклини ўрнатди. Шунингдек, ушбу Конституция император ваколатларининг кенглиги билан характерланади.
Японинг амалдаги Конституцияси — 1946 йил 24 августда қабул қилинган. У 3 ноябрда эълон қилинган ва 1947 йил 3 майда кучга кирган. Японияда ҳақиқий демократик бошқарув шакли шу санадан бошланган. Ҳозирда 3 май “Конституция куни” сифатида нишонланиб келинмоқда. Шу пайтгача янги Конституцияга биронта ҳам ўзгартириш киритилмаган.
Конституция матни асосан ғолиб давлат АҚШ юристлари томонидан япон ҳуқуқшунослар комиссияси тавсияларини эътиборга олган ҳолда тузилган. Эътиборли тарафи ўтган давр мобайнида Парламентда Конституцияни миллий руҳиятда қайта кўриб чиқиш борасида кўп бор таклифлар билдирилган бўлса-да, шу кунга қадар Конституция матнига умуман ўзгартириш киритилмаган.
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий воз кечган бўлса-да, бугунги кунда Япония ҳарбий харажатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради. Ҳарбий кучлар тузиш тақиқланган бўлса-да, ҳозирда фаолият юритаётган Ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари расман полициянинг ихтисослашган қисми ҳисобланади. 2015 йилда Япония Парламенти Конституция шарҳига ўзгартириш киритди ва Япония ҳарбий кучларини мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш учун хорижда ҳарбий операцияларда иштирок этишга ҳуқуқий асос яратилди
Буюк Британия
Буюк Британияда ҳозиргача яхлит ҳужжат сифатида амалда қўлланадиган Конституция мавжуд эмас. Қизиғи шундаки, Британиянинг энг қадимги Конституцион низоми Ўрта асрларда қабул қилинган. Бу ерда гап 215 йилдаги Буюк Озодлик қонуни ҳақида бормоқда. Бу ҳужжатлар Англия ҳуқуқи тизимининг асосий пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Британия конституцион ҳуқуқида инсон эркинлиги индивидуал ҳуқуқлари ҳисобланиб, қуйидаги: “ҳар ким қилиши лозим бўлган иш — қонун тақиқланмаган тарзда амалга оширилади” тамойилига асосланган бўлади.
Россия
Дунёдаги энг демократик конституция — Россия Конституцияси ҳисобланади.
Амалдаги Конституцияси 1993 йил 12 декабрда умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган. Россия Федерацияси Конституциясига мувофиқ Россия республика бошқарув шаклига эга демократик федератив ҳуқуқий давлатдир.
Қонун чиқарувчи органи — 2 палата (Федерация Кенгаши ва Давлат думаси)дан иборат Федерал мажлис (парламент). Ижрочи ҳокимиятни раис бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. Ҳукумат раисини Давлат думаси билан келишган ҳолда президент тайинлайди
Россия давлатининг илгари номи — РСФСР (Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси). 1991 йилнинг 25 декабридаги РСФСР қонунига кўра Р.Ф. (Россия) номи берилган. 1992 йилнинг 21 апрелида бу ном Конституцияга киритилган.
Германия
Германиянинг амалдаги конституцияси — Германия Федератив Республикасининг Асосий қонуни 1949 йил 23 майда Парламент кенгаши томонидан қабул қилинган, унга 1954, 1956, 1990, 1994 йилларда қўшимчалар киритилган. У 146 моддадан иборат.
Германия 16 та федераль ерлардан ташкил топган. Уларнинг ҳар бири ўзининг конституцияси, парламенти ва ҳукуматига эга. Давлат бошлиғи — федерал президент. У махсус чақириладиган федерал мажлис томонидан 5 йил муддатга сайланади ва яна фақат бир марта сайланиши мумкин.
Конституцияга кўра, ҳукумат катта ваколатларга эга, хусусан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга оширади. Айниқса Федерал канцлернинг ваколатлари анча кенг. Жумладан, Канцлер мамлакат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайди ва уни амалга ошиши учун жавобгар бўлади. Ушбу асосий йўналишлар доирасида ҳар бир вазир ўз масъуллиги асосида соҳани бошқаради. Федерал канцлер ўзгарса, ҳукумат истеъфога кетади. Канцлернинг мамлакатни бошқаришдаги фаол ролидан келиб чиқиб, баъзи тадқиқотчилар Германиянинг бошқарув шаклини “канцлер республикаси”, деб ҳам аташади.
Германия Федератив Республикасида суд ҳокимиятини Федерал конституциявий суд, федерал судлар ва ерларнинг судлари амалга оширади. Федерал конституциявий суд икки палата (сенатлар)дан иборат. Судьяларнинг ярми (8 аъзоси)ни Бундестаг, иккинчи ярмини эса — Бундесрат сайлайди. Судьяларнинг ваколат муддати — 12 йил.
Покистон
Амалдаги Конституцияси 1973 йил 14 августда қабул қилинган (1977-1985 йилларда бекор қилиниб, яна татбиқ қилина бошлаган, унга бир неча ўзгариш ва қўшимчалар киритилган).
Парламент икки палата: Сенат ва Миллий мажлисдан иборат. Сенат 87 сенатордан иборат, улар вилоятларнинг қонун чиқарувчи мажлислари томонидан 6 йил муддатга сайланади. Сенатнинг 1/3 қисми ҳар икки йилда янгиланади. Миллий мажлис 237 депутатдан иборат бўлиб, 5 йил муддатга сайланади. Шундан 217 депутат диний эътиқоди бўйича тўғри овоз бериш йўли билан сайланади. 207 та ўрин мусулмонларга 10 ўрин “диний озчиликка” ажратилган. Қолган 20 ўрин хотин-қизларга тегишлидир.
Нигерия
Нигерияда 1989 йил 3 майда янги Конституция қабул қилинди. Аммо социал-демократлар партияси раҳбари М.Абиола ғалаба қозонган 1993 йил 12 июндаги президент сайлови натижалари ҳарбийлар томонидан сайлов якунлари сохталаштирилган, деган баҳонада бекор қилинди ва мамлакатнинг ноҳарбий бошқарув шаклига ўтиши тўхтатиб қўйилди. Аммо, шундан кейин ҳам кетма-кет ҳарбий тўнтаришлар содир бўлиб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётига салбий таъсир кўрсатди.
1993 йилнинг ноябрида ҳокимиятни қўлга олган Муваққат бошқарув кенгаши 1989 йил Конституциясини бекор қилди ва 1979 йил Конституциясини (кўплаб қисқартишлар билан) тиклади. Янги конституцияни ишлаб чиқиш юзасидан Конституциявий конференцияни чақириш тўғрисида эълон қилинди. Конституция 331 модда ва 7 иловадан иборат.
Сан-Марино
Сан-Марино республикасининг конституцияси 1600 йилнинг 8 октябрида давлатнинг тузилиш тизими тўғрисидаги қонунлар мажмуи — “Статут”, яъни Конституция қабул қилиниб, Катта Бош Кенгаш томонидан маъқулланган. 1906 йилнинг 26 мартидаги оила бошлиқларининг умумий йиғини қарори ва Катта Бош Кенгашнинг бир қатор фармонлари билан Конституцияга ўзгартиришлар киритилган. Аҳоли ҳанузгача 1600 йил қабул қилинган конституцияси асосида яшаб келмоқда. Бу аҳолига замонавий демократик республика бўлишда ҳалақит бермайди.
Давлат бошлиғи функциясини Катта Бош Кенгаш аъзолари ичидан олти ой муддатга айланадиган иккита капитан — регент бажаради. Улар ўз лавозимларига мандатлари муддати тамом бўлгандан сўнг, орадан уч йил ўтиб қайта сайланиш ҳуқуқига эга. Капитан — регентлар ўз қарорларини биргаликда қабул қиладилар. Улар бир-бирларини чиқарган қарорларига вето қўйиш ҳуқуқига эга. Яъни, уларнинг ҳаракатлари ўзаро келишилган бўлиши лозим.
Ижроия ҳокимияти ҳукумат, яъни Катта Бош Кенгаш аъзолари ичидан коалицион асосда сайланган Давлат конгресси ҳамда капитан-регентларга тегишли бўлиб, улар парламент ваколат муддати тугагунча ижроия ҳокимиятини амалга оширадилар. Давлат конгресси уч давлат котиби ва етти вазирдан иборат.
Австралия
Австралиянинг амалдаги Конституцияси 1900 йилда қабул қилинган. У 1901 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирган. Қонун чиқарувчи ҳокимият — икки палатали (Вакиллар палатаси ва Сенат) федерал парламент. Вакиллар палатаси (қуйи палата) депутатлари 3 йил муддатга, Сенат (юқори палата) аъзолари ҳар бир штатдан 6 йил муддатга сайланади. Сенат таркибининг ярми ҳар 3 йилда янгиланади. Сенат таркиби 76 аъзодан иборат (ҳар бир штатдан 12 тадан ва ҳудудлардан иккитадан). Вакиллар палатаси таркиби 148 депутатдан иборат. Ҳар бир штатдан сайланадиган депутатлар сони штат аҳолисининг сонига мувофиқ равишда белгиланади, лекин ҳар бир штатдан сайланадиган депутатларнинг сони 5 нафардан кам бўлмаслиги керак. Ҳар икки палата томонидан қўллаб-қувватланган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари тасдиқлаш учун генерал-губернаторга тақдим этилади.
Мамлакатнинг ҳар бир штати ўз конституцияси, парламенти, ҳукумати ва суд органларига эга. Штатларнинг ҳуқуқлари эса чекланган.
Мальта
Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига кирувчи республика Мальтанинг амалдаги Конституция 1964 йилда қабул қилинган. Унга 1974, 1987 йилларда тузатиш ва ўзгартиришлар киритилган. 1974 йилдан давлат бошлиғи Президент бўлиб, 5 йил муддатга сайланади.
Парламент — Вакиллар палатаси — 65 та депутатдан иборат бўлиб, пропорционал асосда 5 йил муддатга сайланади.
Ижро этувчи ҳокимиятни Вазирлар Маҳкамаси амалга оширади. У парламент олдида жавобгардир. Мамлакатда Конституциявий суд амал қилади.
Мадина ҲАМДАМОВА тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.
Эр-хотин бир-бирига алимент тўлаш мажбурияти. Муҳим 5 жиҳат
Эр-хотин ажрашмаган тақдирда ҳам бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, иккинчи томон суд орқали алимент олиши мумкин.
Дунёдаги энг кичик ва энг катта Конституция қаерда?
Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.