currencies image

11 833,37 UZS

35,91

usd

currencies image

13 577,61 UZS

30,76

eur

currencies image

139,79 UZS

0,02

ru



АсосийЯнгиликларИжтимоий ходимларга малака сертификати қандай берилади?

Ижтимоий ходимларга малака сертификати қандай берилади?

Ҳуқуқ

calendar

18.09.2026

eye

36

Ижтимоий ходимларга малака сертификати қандай берилади?

Ижтимоий ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда уларнинг малакасини тасдиқлашнинг янги тартиби белгиланди.

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган янги тизим жорий этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 461-сон қарори билан ижтимоий ходимларга малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Қарор 2026 йил 5 сентябрдан кучга кирган.

Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий иш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида юқори малакали мутахассислар корпусини шакллантириш мақсадида жорий этилган.


Малака сертификати нима беради?

Малака сертификати — ижтимоий ходимга муайян тоифа берилганини тасдиқловчи, тоифа даражаси кўрсатилган ва QR-кодга эга электрон ҳужжат ҳисобланади.

Ижтимоий ходимлар лавозими қуйидаги тоифаларга ажратилади:

— тоифасиз;

— III тоифа;

— II тоифа;

— I тоифа.

III, II ва I тоифалар малака сертификатига эга бўлган ижтимоий ходимларга берилади. Сертификат 5 йил муддатга берилади.


Қайси тоифа учун қанча иш стажи керак?

Малака сертификати тоифалар бўйича босқичма-босқич берилади.

Махсус иш стажи Бериладиган тоифа
1 йил III тоифа
2 йил II тоифа
3 йил I тоифа

Бунда юқори тоифага тўғридан-тўғри ўтиб бўлмайди. Яъни, талабгор тегишли қуйи тоифа сертификатига эга бўлмасдан туриб, юқори тоифани ола олмайди.

Масалан, уч йиллик махсус иш стажига эга ходим ҳам аввал III тоифани, кейин II тоифани, шундан сўнг I тоифани олиши керак.


Таълимга қандай талаблар қўйилган?

III тоифали малака сертификатини олиш учун олий маълумот талаб этилади.

II ва I тоифалар учун эса тор доирадаги олий маълумот талаб қилинади. Бундай маълумот талаб этиладиган олий таълим йўналишлари рўйхати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан белгиланади.


Сертификат олиш учун ўқиш керакми?

Назорат синовида иштирок этиш учун талабгор ваколатли орган томонидан ташкил этиладиган камида 36 академик соатлик малака ошириш ўқув курсини ўташи лозим.

Ўқув машғулотлари онлайн, офлайн, гибрид шаклларда ташкил этилиши мумкин.

Малака ошириш БҲМнинг икки баравари миқдоридаги тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.


Аризани қандай бериш мумкин?

Талабгор малака сертификатини олиш учун қуйидагиларга мурожаат қилиши мумкин:

— «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига бевосита;

— «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали;

— Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқалимурожаат қилиши мумкин.

Ариза электрон шаклда тўлдирилади ва талабгор ўз маълумотларининг тўғрилигини тегишли идентификация воситалари орқали тасдиқлайди.

Шу билан бирга, диплом, иш стажи ва бошқа зарур маълумотлар ваколатли орган томонидан тегишли давлат органларидан, жумладан, электрон ҳукумат тизими орқали мустақил равишда олинади.


Сертификат қачон берилади?

Назорат синовидан ўтган талабгорга синов якунланганидан кейин бир ой муддатда электрон шаклда малака сертификати ва тегишли тоифа берилади.

Сертификат талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади ва уни «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали юклаб олиш мумкин.

Сертификат ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади ҳамда QR-код билан расмийлаштирилади.


Сертификат 5 йилдан кейин нима бўлади?

Малака сертификати 5 йил амал қилади.

Агар унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин 6 ой ичида ижтимоий ходим қайта малака сертификатини олмаса, унинг лавозими сақланган ҳолда бир поғона қуйи тоифага туширилади.

Шу сабабли сертификат муддатини кузатиб бориш ижтимоий ходимнинг ўзи учун ҳам муҳим.


Кимларга сертификат имтиҳонсиз берилади?

Айрим ҳолатларда III тоифали малака сертификати назорат синовисиз ва махсус иш стажи талаб қилинмаган ҳолда берилиши мумкин.

Жумладан:

— «Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларига;

— ижтимоий иш соҳасида тан олинадиган хорижий сертификатга эга шахсларга.

Бунда тан олинадиган хорижий сертификатлар рўйхати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тасдиқланади.


Янги тизим қачон тўлиқ жорий этилади?

Ижтимоий ходимларга тоифа бериш ва сертификатлаш тизими босқичма-босқич жорий этилади.

2026 йил 1 октябрдан — Хоразм ва Тошкент вилоятларидаги «Инсон» марказлари ҳамда Агентлик тизимидаги бошқа муассасаларда;

2027 йил 1 январдан — Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида;

2027 йил 1 апрелдан — республиканинг барча ҳудудларидаги «Инсон» марказлари ва муассасаларда;

2027 йил 1 июндан — Ички ишлар вазирлиги ва «SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасида жорий этилади.

Шунингдек, 2027 йил 1 апрелдан «Инсон» марказларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар билан ишлаш бўйича ихтисослаштирилган ижтимоий ходим лавозимлари жорий этилиши белгиланган. Бу лавозимларда II ва ундан юқори тоифага эга ижтимоий ходимлар фаолият юритиши мумкин.

Янги тартиб ижтимоий ходимларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини ягона мезонлар асосида баҳолаш, уларнинг малакасини тасдиқлаш ва ижтимоий хизматлар сифатини оширишга қаратилган.

Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: